Home / Ахлоқ ва исломий тарбия / Бадхоҳ кишилар бенасибдирлар

Бадхоҳ кишилар бенасибдирлар

Баъзи бир қилиқлар, номақбул одатлар муҳаббат ришталарини кучсизлантиради ва ана шуларнинг натижасида гўзал муносабатлар узилади. Ғазабланувчи, асабийлашувчи жаҳл қилувчи кишилар, бошқаларнинг муҳаббатини асрай олмайдиганлар ўзлари билан жамият ўртасида мустаҳкам девор ўрнатадилар. Бу эса уларнинг муҳаббат шуълаларини англашларига тўсқинлик қилади. Шундай қилиб бадхоҳлик бахтнинг ўзагини емиради ва инсоннинг яхши хислатларини қадрсизлантиради.

Шубҳа йўқки, тарбиясизлик одамларни бир-биридан узоқлаштиради, инсон ўзи нафрат билан қараган ёки ўзи билан ҳамкорлик қилмайдиган кишиларга такаллуф қилишдан ранжу алам кўради. Шундай қилиб тарбиясизлик инсонларнинг ҳаёт йўлларида  жуда фойдали бўлиши мумкин бўлган имкониятлардан воз кечишга мажбур қилади.

Ўз жамиятида бошқалар билан ўзаро муносабатда бўлишни  ҳоҳлайдиган кишилар энг аввало ўзаро муомала  санъатини эгаллашлари лозим, шундан кейин эса, ундан жамоатчилик ўртасида қабул қилинган тартибларга мувофиқ фойдаланишлари мумкин. Ушбу жараёнсиз шахслараро муносабатлар такомиллашиш йўлида  ҳаракат қила олмаганидек, шахс ҳам жамият билан уйғун яшай олмайди. Яхши хулқ шунинг учун ҳам одамлар ўртасидаги бахтнинг асосий ўзагидир. Шунингдек, у алоҳида шахснинг яхши томонга ўзгаришида муҳим омилдир.

Ҳақиқатан ҳам яхши хулқ инсонга ўзининг қобилиятидан фойдаланиш имконини беради  ва жамиятни бошқаришда фойдали бўла олади.  Муҳаббатга эришмоқ ва бошқаларни ўзига боғлаш ҳамда ҳаётда учрайдиган азоб-уқубатларни юмшатиш учун яхши хулққа тенг фазилат йўқдир.

Бундай яхши фазилатга эга бўлган кишилар ўзларининг сир-асрорларига бировнинг қўшилиб қолишига  йўл қўймаслик билан ўзларининг ярамас томонларини бировларга кўрсатмайдилар. Бундай шахслар ўзлари билан ҳамкорлик қилувчилар ўзларининг бахтсизликларини унутишлари ва осойишталик ҳиссиётига эга бўлишлари учун ўз  бахт камалагини яратиш ва ўз атрофидагиларни ўзларига боғлаш учун курашадилар.  Улар қанчаки ҳаяжонланмасинлар ютуқлар ва ғалабага бўлган  ишончларини ошира бориб, ўзларининг дадилликларини намоён этадилар.

Кўпгина шахслар учун омадли бўлишнинг муҳим шартларидан бири яхши хулқдир. Айтиш жоизки, тижорат муассасаларининг ютуғи уларда хизмат қилувчиларнинг яхши хулқ-атворига боғлиқдир. Компания бошқарувчиси агар яхши хулққа эга  бўлса, одатда фаол бўлади ва бир қанча ўзи учун  зарур бўлган  алоқаларни ўрнатади.  Мансабидан қатъи назар, одамлар қўпол кишилар билан келиша олмайдилар. Шахсий таассуротлар баъзи бир кишиларнинг  бошқаларга нисбатан мойилликларининг сабабларини очиб ташлайди. Бир ғарб олими ўзининг бу соҳадаги тажрибаси ҳақида шундай дейди:

“Мен бир куни ўзимнинг илтифотли ва очиқ кўнгилли турмуш ўртоғимга қандай таъсир этишни синаб кўрмоқчи бўлдим. Ўша пайтда сўлғин ва эзилган эдим; шу куни қувноқ бўлиш ниятида уйдан чиқдим. Мен бир неча марта бошқаларнинг хушчақчақлиги ва ҳурмат-эҳтиромлари менга куч бағишлашига эътибор қаратишимни ўйладим. Ўзим ҳам бошқаларга шу тарзда таъсир қила олишимни текшириб кўрмоқчи бўлдим.  Йўлда ўзимни хушчақчақ ва ҳурмат-эътиборга лойиқ чеҳрага эга бўлиш ниятимни яна такрорладим; мен яна ўзимни шунга ишонтирдимки, мен омадли одамман. Натижада танам қандайдир ором  олганини, роҳатланганини ҳис қилдим. Ўзимни гўёки буғга айланаётгандек сездим.  Атрофимдагиларга юзимда табассум билан боқдим, баъзи чеҳраларда ғамгинлик ифодаларини ҳам кўрдим. Қалбим шу одамлар учун куюнди ва мен ўз қалбимдаги равшанликдан уларни баҳраманд қилмоқчи бўлдим.

Ўша куни эрталаб мен ўз муассасамга кирдим ва ҳисобчи билан у кўникмаган оҳангда саломлашдим. Шу пайтгача мен камдан-кам кулардим ва кутилмаган ҳолатларда ҳам у билан бу тарзда саломлашмагандим. Ҳисобчи мен билан меҳр ва ҳаяжон ила саломлашмай иложи йўқ эди. Шу вақтда сездимки, менинг бахтиёрлигим ҳақиқатда ҳам уни тўлқинлантириб юборди.

Мен ишлайдиган кампаниянинг президенти одамлар билан гаплашганда ҳеч бошини кўтармайдиганлар сирасига киради, у жуда ёқимсиздир. Ўша куни у мени бошқа кунлардагига нисбатан қаттиқроқ урушди. Мен бунга чидай олмадим, аммо ҳар қандай жанжал ҳам менинг ҳаяжонланмаслик ҳақидаги қароримга таъсир этишига йўл қўймаслик учун мен унга шундай жавоб қилиб,унинг юзидаги тўнглик ажинларининг тарқалишига мажбур   қилдим.   Шундан   сўнг   ўша   куни   мен    ўзимнинг   хушчақчақ   ва ҳурмат-эътибор акс этиб турган қиёфамни сақлаб қолишга ва уни бошқа мен билан ишловчи ходимларга ҳам ўтказишга ҳаракат қилдим.

Ушбу услубимни оиламга нисбатан ҳам ишлатдим ва бу менга ижобий натижалар келтирди. Охир-оқибатда фаол бўла олишимни ва атрофимдаги бошқаларни ҳам шундай қилдира олишимни ўзимга кашф этдим.

Эҳтимол, Сизга ҳам шундай қилиш мумкиндир. Одамлар билан шундай муносабатда бўлинг, юзингизни хушчақчақ қилинг ва шунда очилган баҳор атиргулларидай ҳаётингизнинг бахт гуллари ҳам гуллайди ва Сизга тинчлик ҳамда роҳат бағишловчи кўплаб дўстлар орттирасиз”.

Бундай фазилатнинг душман қалбини юмшата олишига таъсир этишини ҳеч ким инкор эта олмайди. Ҳурмат ва одоблилик турли мафкураларга берилиб кетган мухолифларни ишонтириш ва ўз хатоларини тан олишларида муҳим роль ўйнайди.

Шу муносабат билан бошқа бир ғарб олими шундай деган:

“Очиқ юзли ва ҳатти-ҳаракатлари яхши бўлган одамлар учун ҳамма эшиклар очиқдир, шу билан бир вақтда баджаҳл одамлар босқинчилар тўдаси аъзолари – гангстерларга ўхшаб ёпиқ эшикларга ўзларини урадилар. Яхши ишлар – очиқ кўнгил,  яхши хулқ ва хушмуомалаликлар билан боғлиқ ишлардир”.

Шу билан бирга қўшиб ўтмоқчимизки,  яхши хулқ албатта бахтга эриштиради ва кўнгли очиқ одамларни камолотга етказади. Бунда албатта хулқ ва фазилатлар иккиюзламачилик ва ўзига бино қўйишдан эмас, қалбдан бўлиши керак. Бошқа сўзлар билан  айтганда, муҳаббат туйғуси қалбдаги бор нарсани акс эттириши лозим.  Ташқи белгилар қалбда яширин бўлган нарсани намоён қилавермайди. Инсоннинг яхши фазилатлари унинг адашган, ўксик, парчаланган қалбига  қарама-қарши бўлиши мумкин.  Кўплаб алвасти шайтонлар  ўзларининг бадбашара юзларини гўзаллик ниқоби остида фаришта кийими билан яширадилар.

Share

Check Also

Ҳаётингиз давомида ризқ ва барака кўпайишини хоҳлайсизми?!

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ушбу суҳбатимизда эътиборингизни ўта теран маъноли бўлган уч сўзга қаратмоқчимиз: Неъмат сўзи, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.