Home / Ислом тарихи / Аббос (р. а) нинг Абу Бакр халифалигини инкор этиши

Аббос (р. а) нинг Абу Бакр халифалигини инкор этиши

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг буюк саҳобалари; Миқдод, Салмон, Абу Зар, Убодаҳ ибн Сомит, Абу Ҳайсам ибн Тайҳон, Ҳузайфа ва Аммор ибн Ёсир (разияллоҳу анҳум) хилофат амалини муҳожирлар ўртасида ташкил этиладиган кенгашга қайтаришни истадилар. Ушбу хабар Абу Бакр ва Умарга етиб борди. У иккаласи Абу Убайда ва Муғайраҳ ибн Шуъбани чақириб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини улардан исташди.

 Шунда Муғайра деди: Менинг райъ-фикрим шундан иборатки, Аббос (Пайғамбаримизнинг амакилари) билан учрашиб, у учун хилофат мансабидан улуш ва ўрин тайин этингиз, шунда сизлар, Али ва Бани Ҳошимга қарши ҳужжатга эга бўласиз. Ушбу ҳолда Аббос сизлар билан бўлгай. Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ва Муғайра билан биргаликда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) вафот этган иккинчи кечаси Аббос (разияллоҳу анҳу)нинг ҳузурига келиб, Абу Бакр Аллоҳга ҳамду сано айтиб, шундай деди: Дарҳақиқат, Аллоҳ Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни пайғамбар ва мўъминлар учун пешво қилиб юборди.

Аллоҳ Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни мўъминларга, уларнинг орасида бўлганликлари билан инъом қилди. Оқибатда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ўзлари учун ихтиёр қилиб, инсонларни пешвосиз тарк этдилар. Токи, улар ўз манфаатларини назарга олган ҳолда, ихтилоф қилмасдан бирдамликда, ўзлари учун пешво ва йўлбошчи танласинлар. Улар мени ўзларига бошлиқ ва ишларини кузатувчи этиб, танладилар. Мен ҳам уларга бошлиқ ва йўлбошчи бўлишни қабул этдим. Аллоҳнинг мадади ва Унинг ҳидояти билан сустлик қилишдан ва ҳайратда қолишдан қўрқмайман.

 Менинг ютуғим фақат Юксак ва Буюк Аллоҳнинг ёрдами билангина амалга ошур ва Унгагина таваккул қилурман. Бутун мусулмонлар ўзлари таниб олган нарсага қарши айрим кимсалар танқид қилиб, норозиликларини билдираётганликлари, узлуксиз менга етказилмоқда. Ўша айрим кимсалар сизни ўзларига паноҳгоҳ қилиб олганлар ва сиз эса уларнинг мустаҳкам қалъаси бўлибсиз. Демак, сиз барча мусулмонлар қабул этган нарсани қабул қилиб олинг, ёки ўша айрим кимсаларни бораётган йўлларидан қайтаринг. Биз сизнинг ҳузурингизга келишимиздан мақсад, халифалик мансабидан сиз учун ва сиздан сўнг келадиган зурриётларингиз учун улуш ажратмоқчимиз. Зероки, сиз Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг амакисидирсиз. Агарчи мусулмонлар сизнинг ўрнингизни ва тарафдорларингизнинг ўрнини билсаларда, лекин халифалик амалини сизлардан ўгирдилар.

Эй Абдул Муталлиб фарзанлари! Тинчланингиз. Чунки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳам бизлардан ва ҳам сизлардандир. Абу Бакрдан сўнг Умар қўполлик билан бундай сўз очди: Ҳа, Аллоҳга қасамки, биз сизларга муҳтож бўлганимиз туфайли олдингизга келганимиз йўқ, лекин мусулмонлар бирлашган ҳолда қабул этган нарсага қарши чиқишингизни ёқтирмаймиз. Акс ҳолда ҳам сизларга қарши ва ҳам уларга қарши оғир вазият рўй бергай.

Шу боис, қиладиган ишингизга ва бутун мусулмонларга назар солингиз. Аббос (разияллоҳу анҳу) Аллоҳга ҳамду сано айтиб, уларга шундай жавоб берди: Айтганингиздек, Аллоҳ Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни пайғамбар қилиб юборди ва мўъминлар учун бошлиқ ва йўлбошчи этиб танлади. Аллоҳ у зот туфайли у ҳазратнинг умматига инъом қилди. Токи, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Аллоҳнинг ҳузуридаги нарсани ихтиёр  қилдилар, (яъни: Бу дунёдан кўз юмиб, Аллоҳнинг ҳузурига қайтишни ихтиёр қилдилар). Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) инсонларни халифа танлаб олишликлари учун ўз ҳолига қўйдилар. Токи, улар ҳақдан тониб, ҳавойи нафсга эргашмасинлар. Агар сиз халифаликни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг номлари билан қўлга киритган бўлсангиз, демак, бизнинг ҳақ-ҳуқуқимизни тортиб олибсиз. Агар мўъминларнинг номи билан хилофатга эргашган бўлсангиз, биз ҳам мўъминларданмиз, балки улардан илғордирмиз.

Сизларнинг ишларингизда олдинга ўтмай, аралашмадик ва бу ишдан узоқлашдик ва унга рози эмасмиз. Агар халифалик амали мўъминлар орқали сизнинг зиммангизга қўйилган бўлса, ушбу мансаб сиз учун вожиб бўлмайди, зероки, биз рози эмасмиз. Сизнинг сўзингиз қандай ҳам бир-бирига зид ва қарама-қаршидир. Бир томондан, «инсонлар бизга таъна қилдилар», дейсиз ва бошқа томондан эса «инсонлар бизни танлаб, бизга овоз бердилар», деб даъво қилмоқдасиз. Аммо халифалик мансабидан бизга бермоқчи бўлган улушинг, ўз ҳақ-ҳуқуқинг бўла туриб, бизга берадиган бўлсангиз, уни ўзингиз учун сақлаб қўйингиз, ва биз унга муҳтож эмасмиз. Агар халифалик амали мўъминларнинг ҳақ-ҳуқуқи бўладиган бўлса, сиз уни эгаллаб олиш ҳуқуқига эга эмасдирсиз. Ва агар хилофат бизнинг ҳақ-ҳуқуқимиз бўлса, биз ҳақимизнинг биз қисмини ўзимизга олиб, бошқа қисмини сизга беришга рози эмасмиз.

Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳам биздан ва ҳам сиздандирлар, деган сўзингизга жавобан, шуни айтишим лозимки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бир дарахт бўлсалар, биз унинг шохлари ва сизлар эса унинг қўшнисидирсиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг амакилари Аббос ибн Абдул Муталлибнинг баён қилган ушбу далил ва ҳужжатларидан маълум бўладики, хилофат мансаби Ҳошим зурриётларига тегишли бўлиб, Абу Бакр ва унинг тарафдорлари, уни ўз эгаларидан тортиб олишган.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.