Home / Қурони Карим / Қуръон ва Аҳли-Байт / Аҳли-Байт ўзгаларни ўзларидан устун қўйишлари ҳақида

Аҳли-Байт ўзгаларни ўзларидан устун қўйишлари ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

اَلسَّلامُ عَلَيْكَ يا أَمِيرَ الْمُؤْمِنِينَ، وَسَيِّدَ الْوَصِيِّينَ، وَأَوَّلَ الْعَابِدِينَ، وَأَزْهَدَ الزَّاهِدِينَ، وَرَحْمَةُ اللَّهِ وَبَرَكَاتُهُ وَصَلَوَاتُهُ وَتَحِيَّاتُهُ، أَنْتَ مُطْعِمُ الطَّعَامِ عَلَىٰ حُبِّهِ مِسْكِينًا وَيَتِيمًا وَأَسِيرًا لِوَجْهِ اللَّهِ، لَا نُرِيدُ مِنْهُمْ جَزآءً وَلَا شُكُورًا، وَفِيكَ أَنْزَلَ اللَّهُ تَعَالَىٰ: ﴿وَيُؤْثِروُنَ عَلَىٰ أَنْفُسِهِمْ وَلَوْ كانَ بِهِمْ خَصَاصَةٌ وَمَن يُّوقَ شُحَّ نَفْسِهِ فَأُوْلَـٰئِكَ هُمُ الْمُفْلِحُونَ﴾

«Салом бўлсин сизга эй мўъминлар амири ва васийлар сарвари ва ибодат қилувчиларнинг аввали ва дунёга рағбатсиз бўлган зоҳидларнинг бошлиғи! Аллоҳнинг раҳмати ва Унинг баракоти ва салавот-у саломлари сизга бўлсин.

Сиз эҳтиёжингиз бўла туриб, фақатгина Аллоҳнинг ризолиги учун ўз таомингизни мискин, етим ва асирга едирган, ҳамда улардан мукофот ва миннатдорчилик истамаган кишидирсиз. Ва Аллоҳ таоло сиз [ва хонадонингиз] ҳақида ушбу ояти каримани нозил қилди:

«Ва агарчи уларнинг ўзларида бирор нарсага эҳтиёж бўлсада, бошқаларни ўзларидан устун қўюрлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақланса, бас ана ўшалар нажот топгувчи кишилардир» (Ҳашр сураси, 9-оят).

Изоҳ: Зиёратноманинг юқорида зикр қилинган ибораси Аҳли-Байтнинг буюк фазилатларидан бири бўлиб, бу ҳақда Аллоҳ таоло Ўзининг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда қуйидагича марҳамат қилган:

﴿وَيُطْعِمُونَ الطَّعَامَ عَلَىٰ حُبِّهِ مِسْكِينًا وَيتِيمًا وَأَسِيرًا. إِنَّمَا نُطْعِمُكُمْ لِوَجْهِ اللَّهِ لَا نُرِيدُ مِنكُمْ جَزَاءً وَلَا شُكُورًا. إِنَّا نَخَافُ مِن رَّبِّنَا يوْمًا عَبُوسًا قَمْطَرِيرًا. فَوَقَاهُمُ اللَّهُ شَرَّ ذَلِكَ الْيَوْمِ وَلَقَّاهُمْ نَضْرَةً وَسُرُورًا﴾

«Ўзлари таомни суйиб – хоҳлаб турсалар-да, уни мискин, етим ва асирга берурлар. «Шубҳасиз, биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг розилиги учун таомлантирурмиз. Бу иш эвазига сизлардан бирор мукофот ва миннатдорчилик истамаймиз. Дарҳақиқат, биз қўрқинчли ва шиддатли бир кунда Парвардигоримиздан қўрқурмиз», дерлар. Демак, Аллоҳ уларни ўша куннинг [Қиёмат кунининг] ёмонлигидан сақлади ва уларнинг юзларига тароват, дилларига эса сурур бахш этди». (Инсон сураси, 8-оятдан 11-оятларгача)

Юқорида зикр қилинган оятларнинг нозил бўлиши борасида Ибн Аббос шундай ривоят қилади:

Кунлардан бирида Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом) бемор бўлиб қолдилар. Шу боис, Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобалари билан бирга ўз набираларини куришга келганларида ҳазрати Али (алайҳис салом)га шундай марҳамат қилдилар: Эй Абул Ҳасан, фарзандларингиз шифо топиши учун назр қилсангиз, яхши бўларди. Шунда ҳазрати Али (алайҳис салом), Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ва уларнинг Физза номли ходималари, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом) соғайиб кетсалар уч кун рўза тутамиз, деб назр қилдилар.

Айрим ривоятларга кўра, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом) биз ҳам рўза тутамиз деб назр қиладилар.

Орадан ҳеч нима ўтмай, ҳар иккаласи ҳам шифо топишди. Аммо қилган назрларини адо қилмоқлик учун рўза тутишга уйларида таом топилмас эди. Шу боис, ҳазрати Али (алайҳис салом) уч соъ [ўша замоннинг ўлчов бирлиги] миқдорида арпа қарз олиб келдилар. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) арпанинг учдан бир қисмини янчиб ун қилиб уйдагиларга яраша беш нон пиширдилар. Ифтор пайти ушбу нонларни тановул қилмоқчи бўлганларида бир муҳтож-мискин шахс уйларининг эшигини қоқиб шундай деди:

السَّلامُ عَلَيْکُمْ أهْلَ بَيْتِ مُحَمَّدٍ «Эй Муҳаммаднинг хонадони аҳли, сизларга салом бўлсин!» Мусулмон мискинларидан бўлган бир мискинман. Менга таом берингиз, Аллоҳ бунинг эвазига жаннат таомларидан сизларга ато этсин. Шунда уларнинг барчаси ўша мискин – бечорани ўзларидан устун қўйиб, ўз улушларини унга бердилар ва ўзлари эса фақатгина қуруқ сув билан ифтор қилдилар.

Шунингдек, иккинчи кун ҳам мазкур назрни адо этиш мақсадида барча хонадон аҳли рўза тутишди. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) иккинчи марта ҳам арпанинг яна бир қисмини янчиб ун қилиб уйдагилар сони миқдорича нон пиширдилар. Ифтор вақти ушбу нонларни тановул қилиш учун дастурхонга қўйганларида, бир етим эшикни қоқиб улардан таом сўраб шундай деди:

السَّلامُ علَيْکُمْ أهْلَ بَيْتِ مُحَمَّدٍ «Эй Муҳаммаднинг Аҳли-Байти, сизларга салом бўлсин!» Мен муҳожирларнинг етим қолган болалариданман, менга таом берингиз. Аллоҳ сизларни Ўзининг жаннатдаги неъматларидан баҳраманд этсин. Шу пайт улар ўша етимни ўзларидан устун кўриб, ўз таомларини унга бердилар ва ўзлари эса яна бир бора фақатгина қуруқ сув билан ифтор қилдилар.

Учунчи кун ҳам ҳеч нарса емай рўза тутдилар. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ифтор қилиш учун қолган арпани янчиб ун қилиб нон пиширдилар. Ифтор вақти ўша нонларни тановул қилмоқчи бўлиб турганларида бир асир эшикни қоқиб, шундай деди:

 السَّلامُ علَيْکُمْ أهْلَ بَيْتِ مُحَمَّدٍ »Эй Муҳаммаднинг хонадони аҳли, сизларга салом бўлсин». Мен мусулмонларга тушган бир асирман, мени таомлантирингиз. Аллоҳ сизларни таомлантирсин. Шунда улар ўша асирни ўзларидан устун қўйиб ўз таомларини унга бердилар ва ўзлари эса фақатгина қуруқ сув билан ифтор қилдилар.

Тўртинчи куни тонг отгач, ҳазрати Али (алайҳис салом) Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом)нинг қўлидан тутиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларига бордилар. Уларнинг қаттиқ очликдан титраётганларини кўрган Пайғамбар ўксинган ҳолда: «Сизларни бу ҳолда кўриш мен учун жуда оғирдир», дедилар ва ул ҳазрат улар билан биргаликда ҳазрати Али (алайҳис салом) уйлари томон йўл олдилар. Уйга киргач, нури дийдалари бўлмиш ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)ни меҳробда Аллоҳга ибодат қилаётган ҳолда кўрдилар. Ҳолбуки, аёллар сарварининг қаттиқ очликдан қорни орқасига ёпишган ва кўзлари эса ичига чўкиб кетган эди. Ўз жигарбандларини бу ҳолда кўрган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қаттиқ қайғурдилар.

Шу пайт ҳазрати Жаброил Аллоҳ таоло томонидан ваҳий келтириб: «Эй Муҳаммад, Аллоҳ шундай хонадонингиз борлиги учун сизга табрик айтди», дея «Инсон» сурасини Расулуллоҳга ўқиди:

﴿إِنَّ الْأَبْرَارَ يَشْرَبُونَ مِن كَأْسٍ كَانَ مِزَاجُهَا كَافُورًا

оятидан

﴿إِنَّ هَذَا كَانَ لَكُمْ جَزَاءً وَكَانَ سَعْيُكُم مَّشْكُورًا

оятигача бўлган ўн саккиз оят шу вақт нозил бўлди.

Ушбу ояти карима асосида маълум бўладики, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари аҳли бўлмиш ҳазрати Али (алайҳис салом), ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо), Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом) фақат Аллоҳнинг ризолиги учунгина ўзлари таомни суюб-истаб, унга эҳтиёжлари бўлса-да, бироқ мискин, етим ва асирларни таомлантирганлар ва ўзлари эса очлик ҳолатида уч кун рўза тутганлар. Улар бажарган бу улкан ишлари эвазига ўша муҳтож-мискин, етим ва асирлардан ҳеч бир ажр-мукофот ва ҳатто миннатдорчилик ҳам истамаганлар. Чунки, улар қўрқинчли ва шиддатли бир кунда, яъни Қиёмат кунида ўз Парвардигорларидан қўрқадилар. Ўз Парвардигорлари билан қилган ушбу муомалалари сабабли, Аллоҳ таоло уларни Қиёмат кунининг ёмонлигидан сақлаб, уларнинг юзларига тароват, дилларига эса сурур бахш этди.

Шуни айтмоқ лозимки, мазкур ҳадис Аҳли суннат уламоларининг ўртасида машҳур ва саҳиҳ деб тан олинган ҳадис бўлиб, ушбу ҳадис бутун асрлар давомида мутавотир[1] ҳисобланган.[2]

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Агар бирор ҳадис бутун асрлар давомида ишончли ровийлар томонидан шу даражада кўп ривоят қилинган бўлсаки, ўша ҳадис Пайғамбаримиз томонларидан айтилганига ҳеч қандай шак-шубҳа қолмаса, ҳадисчи олимлар бундай ҳадисни «мутавотир» деб аташади.

[2]. Аҳли-Байтнинг юқорида зикр қилинган беназир фазилатини Аҳли суннатнинг кўпгина олимлари ўз китобларида келтирганлар, жумладан:

  1. Аз-Замахшарий, «Ал-Кашшоф», 4-жилд, 505-бет, ушбу оятлар тафсида
  2. Фахриддин ар-Розий, «Ат-Тафсирул Кабир», 30-жилд, 244 ва 245-бетлар, ушбу оятлар тафсида
  3. Муҳаммад ибн Аҳмад Ал-Қуртубий, «Ал-Жомиъу лиаҳкомил Қуръон», 19-жилд, 130-бетдан 134-бетларгача, ушбу оятлар тафсида
  4. Шаҳобуддин Олусий, «Руҳул маъоний», 29-жилд, 242-бетдан 244-бетларгача, ушбу оятлар тафсирида
  5. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 8-жилд, 371-бет, ушбу оятлар тафсида
  6. Ибн Ҳайён Андулусий, «Тафсийрул баҳрил муҳийт», 8-жилд, 388-бет, ушбу оятлар тафсида
  7. Аллома Қозий Шавконий, «Фатҳул қодийр», 5-жилд, 375 ва 376-бетлар, ушбу оятлар тафсида
  8. Муҳиббуддин Табарий, «Захоирул-уқбо», 1-жилд, 431 ва 432-бетлар.
  9. Аллома Алмир Муҳаммад Солиҳ ал-Кашфий ат-Термизий, «Маноқибу Муртазавий», 64 ва 65-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.