Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Имом Али (алайҳис салом) шаҳодатлари

Имом Али (алайҳис салом) шаҳодатлари

  Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

 

  Рамазон ойининг ўн саккизинчи куни эди. Ўша куни эрта тонгдан Али (алайҳис салом)нинг кўнгли буюк бир ҳодиса бўлишидан гувоҳлик берарди. Тез-тез уйдан чиқиб самога кўз тикардилар ва ўз ўзларига қуйдагиларни айтардилар:

    «Бу кеча ўша ваъда этилган кечадир»

   У киши Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) гапларини эслардиларки Рамазон ойида унга шундай марҳамат қилгандилар:

  «Мана шу ойда Сени бошингга аянчли ҳодиса тушади. Сени намоз ўқиётганингда энг ёвуз бир шахс, бошингга зарба беради ва тананг бошингдан оққан қон билан беланишини кўраяпман». (Уюну ахбор ал-Ризо, 1-жилд, 297-бет)

   Ўша тунни эрта тонгида Али (алайҳис салом) бошлари масжид меҳробидан заҳарга беланган ибни Мулжимнинг қиличидан зарб еди. Қон Али (алайҳис салом)нинг юзларини белади, аммо Ул Ҳазратнинг муборак тилларидан қуйдаги сўзлар чиқди:

  «Каъбанинг Парвардигорига қасамки, қутулдим».

  Ушбу жароҳатни олганларидан уч кун ўтиб, ҳижрий қамарий 40 йил Рамазон ойининг 21 куни эрта тонгда, адолатнинг буюк байроқдори Парвардигор дийдорига шошилди.

 Ўша тундан кейин унинг қадам товушлари бошқа бирон етимнинг кўнглини қувонч билан тўлдирмади. Кўзлари йўлга тикилган мўҳтожлар, кечалари уларга хурмо келтириб турган нотаниш кишини, энди фақат тушларида кўришларини англаб етдилар. Бошқа бирон етим ўйнаб кулиб унинг елкасида ўтиролмасди. Куфа шаҳри болалари Али (алайҳис салом) учун келтирган сут косалари унинг дардига малҳам бўлолмаслигини кўрдилар.Унинг ифори хурмозорларни тарк этди. Шундан кейин хурмо дарахтлари Али (алайҳис салом) билан бирга Парвардигор зикрини айтганликларини эслаб юрадиган бўлдилар.

 Сийрати ҳақиқат тимсоли ва сўзлари инсоният йўлини ёритган ушбу буюк Имомнинг шаҳодат айёми муносабати билан, Сиз азизларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.

  Айрим шахсиятлар тумушининг нишонлари узоқ вақтларгача сақланиб қолади, аммо тарихда барча замонларга тегишли бўлган шахслар саноқлидирлар. Замон пардаси бундай шахсиятлар чеҳрасини ёполмайди. Али бин Абу Толиб айнан мана шунақанги шахсиятдир. Ливанлик ёзувчи Жуброн Халил Жуброн насроний бўлишига қарамасдан, Али (алайҳис салом)нинг шайдоларидандир. У Али (алайҳис салом) тўғрисида қуйдагиларни ёзади:

   «Мен бир сирни тушунмайман. Нима учун айрим инсонлар ўзлари яшаган замондан анча илгарида юрадилар. Менимча, Али бин Абу Толиб фақат ўз замонасининг фарзанди эмасди. У ҳамиша борлиққа ҳукмронлик қиладиган руҳдаги шахсиятдир».

   Али (алайҳис салом) вужудидаги қобилиятлар ва ул зотнинг пок фитрати, ул ҳазратни барча инсоний жиҳатларда мумтоз қилганди ва бунинг натижасида, ул зот барча замонлар ҳамда барча авлодлар учун ўрнакка айланган улуғ ва буюк инсонлардандир. Ҳазрати Али (алайҳис салом) сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га ўхшаган шахсият ёнида тарбияланди ва мардлик, адолат ҳамда тақводорликда энг юқори чўққига чиқди. Донишманд, философ Аллома шаҳид Муртазо Мутаҳарий «Жозиба ва дофиъаи Али (алайҳис салом)» (Али (а)нинг жозиба ва дофиъаси) номли асарида, шундай ёзади:

  «Али (а) мўътадил  шахс эди. Инсоний камолотни ўзида жамлаганди. Ҳам чуқур андишага эга эди ва ҳам нозик туйғуларни…. Кунлари одамлар унинг фидокорликларини кўрардилар қулоқлари унинг ҳакимларча пандларини эшитарди ва кечалари юлдузлар унинг обидларча тўккан кўз ёшларини кўриб осмон ошиқларча муножотларини эшитарди. У ҳаким ва ориф эди, ҳам ижтимоий раҳбар ва ҳам аскар, ҳам ишчи ва ҳам хатиб ва ёзувчи эди. Бир сўз билан айтганда том маънодаги комил инсон эди».

  Дарвоқе, асрлар ўтганлигига қарамасдан Али (алайҳис салом)нинг шахсияти ҳали ҳам кўнгилларни мафтун қилишда давом этаётганлигининг сири нимада? Ушбу мангуликнинг сир-асрори Яратгувчи Парвардигори олам билан мустаҳкам боғланганлигидадир Бу алоқа, ул зотни замон ва макон қолипидан чиқарган. Кўнгиллар ул зотга ошиқ бўладилар, чунки ул ҳазрат ҳақиқат билан мустаҳкам алоқа боғлагандилар. Шунинг учун ҳақиқатни севадиган пок вужудлар Али (алайҳис салом)ни мақтайди ва уни севади. Али (алайҳис салом) тўғри йўлдаги соликларнинг ёрқин намунасидир. Ул зотнинг сўзлари ва амаллари тўғрилик ва ростгўйликдан иборат эди.

  Шу жиҳатдан қудрат эгаси бўлганида ҳам ундан фақат ҳақни тиклаш ва инсон фазилати ўсиши ҳамда адолатни ўрнатилиши учун фойдаланди. Гоҳида уни пулпарстлар ва дунё истовчилар билан кураш ҳолида кўрамиз. Гоҳида иккиюзламачи сиёсатчилар билан курашаётганини кўрамиз ва гоҳида уни ўзларини муқаддас билган жоҳиллар ва адашганлар қаршисида топамиз. Али (алайҳис салом) тарихда халқчил ва мисли топилмайдиган ҳукуматни ташкил этди. Бу ҳукуматнинг хусусияти адолатли бўлгани эди. Бирон нарса, ҳатто қариндошлик ришталари ҳам унинг адолатпарварлигига халақт беролмасди.

   Ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг яшаш услуби ул зотнинг ҳаёт тўғрисидаги қарашларидан илдиз оларди. Али (алайҳис салом) дунёга мантиқ кўзи билан қарайдилар ва ул ҳазратнинг дунёга бўлган муносабати ўзига хосдир. Дунё ва ундаги гўзал табиат Парвардигор томонидан яратилган. Осмонлар Ер, тоғлар, денгизлар, булутлар, шомоллар… буларнинг барчаси Парвардигори каримнинг оятларидир.

  Мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) жаҳон ва табиатга ошиқ эдилар ва Парвардигорнинг барча оятларини севардилар ва уларни гўзалликларини мақтардилар. Ул ҳазрат булоқлар, хурмозорлар ва экинзорларни севардилар. Хурмо уруғи тўла қопни елкаларига олардилар. Уларни экар, қудуқлардан ўз қўллари билан сув тортар ва дарахтзорларни барпо этардилар. Имом Али (алайҳис салом) дунё тўғрисида ёмон гапирган инсонларни ёқтирмай, уларни кояр ва дунё тўғрисида шундай марҳамат қилардилар:

  «Дунё ўғриликни севадиганлар учун тўғрилик саройидир, дунёни танийдиганлар учун соғломлик уйидир ва ундан ризқ олган инсонлар учун эҳтиёжни таъминловчи уйдир…. Дунё Парвардигор дўстлари сиғинадиган жойдир ва аллоҳ фаришталари маконидир… Дунё Парвардигор дўстлари манфаат топадиган бозордир. Улар ундан Аллоҳ раҳматига эришадилар ва мангу жаннатни қўлга киритадилар». (Наҳжул Балоға, 131-ҳикмат.)

  Бинобарин, Али (алайҳис салом) нигоҳидан дунё охиратнинг дебочасидир. Бу дунёда интилмасак, бошқа саройда манфаат топмаймиз. Бу дунё синов саройидир ва камолот чўқиси томон парвоз қилиш майдонидир. Дунё иймонли савдогарлар унда ўзларини моддий ва маънавий қудратларидан фойдаланиб, инсоният камолоти чўққиларини қўлга киритадиган бозордир. Улар халқпарварлик, хизматкорлик ва адолат ҳамда кароматни ёйиш билан жамиятни саодатга етказадилар ва унда одамлар учун покиза яшаш имконияти туғилади.

   Дунё Али (алайҳис салом)нинг кўзида халққа хизмат қилиш, адолатни таъминлаш, тенглик ва тинчлик асосларини мустаҳкамлаш воситаси бўлиб хизмат қилгунича азиздир. Дунёга бўлган ушбу қараш Али (алайҳис салом)нинг зулм ва адолатсизлик майдонларида мазлумлар ҳаққини олиш учун ўз жонини аямасдан жиҳод қилишларига сабаб бўлган. Шунингдек, чидам бўлмас исиқларда, дарахтзорларни обод қилишга киришади ва ундан тушадиган даромадни мўҳтожларга улашади.

  Аммо агар дунё мақсадга айланиб охират қаршисида жой олса, инсон камолоти йўлидаги катта тўсиқга айланади. Агар бу дунёда инсоний олий мақсадлар бостирилса, Аллоҳ бандалари асир қилинса ва ғорат қилинса, агар адолатхоҳлик ва бошқа олий хислатлар жоҳталаблик ва дунёталаблик йўлида қурбон бўлса, бундай дунёни севиб бўлмайди.

   Али (алайҳис салом) бундай дунёга қарши исён қилади ва уни ёмон кўради. Гоҳида бундай дунёни турли ранглар билан товланадиган ва оғзида қаттол заҳар бўлган илонга ўхшатади. Гоҳида дунё мени кўзимда мохов инсон қўлидаги чўчқа суягидан ва чигиртки оғзидаги барг бўлагидан ҳам арзимасроқдир дейди. Шу ердан Алининг дунёга қарши омонсизкураши бошланади. Намрудлар ва фиръавнлар дунёси, бундай дунё Али (алайҳис салом) нигоҳидан қабул қилиб бўлмайдиган дунёдир. Бундай дунё тўғрисида ул зотнинг ўзлари шундай марҳамат қиладилар:

   «Эй дунё мендан узоқ бўл, мен сени абзорингни бўйнингга осиб қўйиб юбордим…. Қаерда қолдилар сен ўйнатган инсонлар, қаердалар йилтироқ нарсаларинг билан алдаган умматлар?… Сени тойишларингга қадам қўйган иҳар бир инсон, йиқилиб тушди ва тўлқинларингга дучор бўлган кимса, чўкиб кетди, аммо сени қопқонларингдан қутулган инсон ғалаба қозонди. Аллоҳга қасамки мени хор қилишинг учун, сенга таслим бўлмайман, менга лажом уришинг учун сенга ром бўлмайман». (Наҳжул Балоға, 45-мактуб.)

  Бинобарин, Имомнинг айтишларича, дунё сирпанчиқ жой каби инсонни камолот йўлидан ва Аллоҳ йўлидан чалғитиб, гўзалликлари инсонни ўзига банд қилиб қўйиши мумкин. Шундай экан, хирад аҳли ва ақл эгалари дунё тўғрисида чуқур ўйлашади ва дунё йўлларида эҳтиёт бўлиб юрадилар. Шу боис, улар этакларини дунё тузоғига илинишига йўл қўймайдилар. Шунинг учун Имом яна бир жойда шундай тавсия қиладилар:

  «Парвардигор дунё тўғрисида ўйлаган, ибрат олган ва кўзи очилган инсонни ўз раҳматига олади. Чунки дунёдаги барча нарсалар нобуд бўлажак ва охиратдаги нарсалар мангудир». (Наҳжул Балоға, 103-хутба)

 Шунинг учун Али (алайҳис салом) дунё ва охиратда муваффақият топиш сирини, инсон дин ва илоҳий таълимотларни биринчи даражада ва юксак ўринда, дунёни эса кейинги даражада кўришда деб ҳисоблайдилар. Ул Ҳазрат бу борада шундай тавсия берганлар:

  «Агар дунёни ўз динингга эргаштирсанг, ҳам дин ва ҳам дунёнгни сақладинг ва охиратда ҳам қутулувчилардан бўласан». (Ғурарул Ҳикам, 3-жилд, 24-бет.)

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.