Home / Аҳли-Байт / Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтлари Кимлардан Иборат?

Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтлари Кимлардан Иборат?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Аҳзоб сурасининг 33-оятида Аҳли-Байт «أَهْلَ الْبَيْت» сўзи борасида барча ислом олимларининг эътирофларига кўра, пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари назарда тутилган. Агарчи, ушбу оятдаги «بَيْت» сўзи қайд-шартсиз зикр қилинган бўлса-да, лекин олдинги ва кейинги оятлар ёрдамида бу сўз пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари ҳақида эканлиги маълум бўлади.

Бироқ, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари кимлардан иборат эканлиги хусусида муфассирлар ўртасида турли хил назариялар баён қилинган. Айрим муфассирлар пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг хонадонлари, ул ҳазратнинг аёлларидир ва бунга далил, ул ҳазратнинг аёллари тўғрисида келтирилган олдинги ва кейинги оятлардир, дея ўз назарларини билдирганлар.

Шуни айтиш лозимки, юқорида зикр қилинган ояти кариманинг олдинги ва кейинги оятларига диққат билан назар солсак, шуни англаб етамизки, ушбу оятларда «аёлларнинг кўплик» шаклига оид бўлган олмош келтирилган. Ҳолбуки, қуйидаги оятнинг бу қисмидаги олмошлар эса:

﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ البَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

Эркакларнинг кўплик шаклига оид бўлиб, ушбу ояти карима пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг аёлларига умуман тегишли эмаслиги аён бўлади. Зеро, юқорида айтиб ўтганимиздек, ул ҳазратнинг аёллари хусусида келтирилган олдинги ва кейинги оятлардаги олмош, аёлларнинг кўплик шаклида айтилган, лекин мазкур ояти кариманинг ўша қисмида эса, барча олмошлар эркакларнинг кўплик шаклида зикр қилингани ва олмошлар аёлларнинг кўплик шаклидаги ҳолатдан, эркакларнинг кўплик шаклига ўзгартирилгани, ояти кариманинг шу қисми ул ҳазратнинг аёлларига ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлади.

Айрим муфассирлар эса бунга кифояланмай, ушбу ояти каримани кенг доирада билиб, бу оят эркак ва аёллардан ташкил топган Пайғамбаримизнинг барча хонадонлари аҳлини ўз ичига олади деб, ўз фикрларини баён қилганлар.

Лекин Аҳли суннат ва Аҳли-Байт олимлари пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилган кўп ҳадислар асосида билдирилган иккинчи фикр-мулоҳаза ҳам нотўғри эканлиги ошкор бўлиб, ушбу ҳадисларда ўша ояти каримадаги назарда тутилган инсонлар фақатгина беш киши эканлиги уқтирилиб, улар пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), ҳазрати Али, ҳазрати Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳимус салом)лардан иборат эканлиги ошкора тилга олинган.

Мазкур ҳадислар ушбу ояти кариманинг мазмунини тафсир қилиб, юқорида зикр қилинган икки тафсир ноўрин ва нодуруст эканлигини ошкор этади ва шунинг билан ояти каримада фақатгина «Хамсаи Таййиба», яъни покиза бўлган беш киши назарда тутилгани ва ана ўшалар билангина чекланиб қолингани муқаррар.

Аммо пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари, яъни хонадонлари фақатгина беш киши эканлигини баён қилган ҳадислардан айримларини шу ерда келтирамиз:

عَنْ أُمِّ سَلَمَةَ قالَتْ: نَزَلَتْ هَذِهِ الآيَةُ فِي بَيْتِي ﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾  وَفِي الْبَيْتِ سَبْعَةٌ، جَبْرَئِيلُ وَمِيكَائِيلُ وَعَلِيٌّ وَفَاطِمَةُ وَالْحَسَنُ وَالْحُسَينُ وَأَنَا عَلَىٰ بَابِ الْبَيْتِ، قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَلَسْتُ مِنْ أَهْلِ الْبَيْتِ؟ فقَالَ: إِنَّكِ عَلَىٰ خَيْرٍ، إِنَّكِ مِنْ أَزْوَاجِ النَّبِيِّ.

«Пайғамбаримизнинг аёллари онамиз Умми Салама (разияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинган ҳадисда шундай дедилар: «Эй Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадони аҳли, Аллоҳ фақатгина сизлардан нопокликни кетказишни ва сизларни буткул покиза қилишни истайди, холос» ояти менинг уйимда нозил бўлди, оят нозил бўлган пайт уйда етти киши бор эди; Жаброил, Микоил, Пайғамбар, Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн. Мен эса эшикнинг ёнида эдим, шунда дедим: Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), Мен Аҳли-Байтингиз, яъни Хонадонингиз Аҳлидан эмасманми? Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилдилар: Сен яхши инсонсан, ҳамда сен Пайғамбарнинг аёлларидан бирисан, [аммо Аҳли-Байтдан эмассан]».[1]

Аҳли суннатнинг йирик тафсирчи олимларидан бири бўлмиш Саълабий ўз тафсир китобида онамиз Умму Салама (разияллоҳу анҳо)дан ушбу ривоятни қуйидагича ривоят қилган:

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз уйларида эдилар, шунда Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ипакли матони ул ҳазратнинг ҳузурларига келтирганларида, Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар: Умр йўлдошинг ва икки фарзандинг Ҳасан ва Ҳусайнни чақириб келгин! Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) уларни хабардор қилганларидан сўнг, ҳаммалари жамланиб таом тановул қилдилар.

Сўнгра Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир яктакни уларнинг, яъни ҳазрати Али (алайҳис салом), ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо), Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом)ларнинг устларига ташлаб, шундай марҳамат қилдилар:

«أَللَّهُمَّ هَؤُلأَءِ أَهْلُ بَيْتِي وَعِتْرَتِي فَأَذْهِبْ عَنْهُمُ الرِّجْسَ وَطَهِّرْهُمْ تَطْهِيرًا».

«Эй Аллоҳим, булар менинг Аҳли-Байтим ва Хонадоним Аҳлидирлар. Демак, улардан нопоклик ва гуноҳни кетказгин ва уларни буткул покиза қилгин».

Шу вақт ушбу ояти карима «إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ…» нозил бўлди. Мен дедим: Эй Расулуллоҳ, Мен ҳам сизлар билан биргаманми? Ул ҳазрат менга шундай деб марҳамат қилдилар: «إِنَّكِ عَلَىٰ خَيرٍ» «Сен эзгуликдасан, аммо хонадоним аҳлидан эмассан».

Бошқа кўпгина ҳадислар ушбу мавзу хусусида қуйидагича ривоят қилинган:

Юқорида зикр қилинган ояти карима нозил қилингач, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) олти ой давомида эрталабки Бомдод намозини ўқиш учун масжид томон бораётганларида, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйлари ёнидан ўтиб, шундай деб марҳамат қилардилар:

الصَّلَوةُ يَا أَهْلَ الْبَيْتِ ﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾

«Эй Аҳли-Байтим, хонадоним аҳли, намозга шошилинг, Аллоҳ фақатгина сизлардан, яъни: Пайғамбарнинг хонадони аҳлидан нопокликни кетказишни ва сизларни бутунлай покиза қилишни истайди, холос».

Ушбу ҳадисни Аҳли суннат олими Ҳоким Ҳасконий, Анас бин Моликдан ривоят қилган. Абу Саид Худрийдан эса ушбу мавзу хусусида қуйидагича ривоят қилинган:

«Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу ояти каримани саккиз ёки тўққиз ой давомида, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг уйлари ёнидан ўтаётганларида тиловат қилар эдилар».

Шуни назарга олиш керакки, пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) олти ой ёки саккиз ой, ёхуд тўққиз ой давомида ҳар куни Бомдод намозини ўқиш учун масжидга бораётганларида ушбу ояти каримани тиловат қилишлари билан, бу ояти карима кимлар ҳақида нозил бўлганини барча мусулмонларга билдирмоқчи эдилар, токи ҳеч ким учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари кимлардан иборат эканлиги хусусида шак-шубҳага ўрин қолмай, ул ҳазратнинг хонадонлари аҳли бўлган ҳазрати Али, ҳазрати Фотима, имом Ҳасан ва имом Ҳусайн (алайҳимус салом)ларни пешво, валий ва йўлбошчи деб тан олиб, уларга эргашиш лозим ва зарурий эканлиги Қуръони Карим ояти билан асосланган ҳолда маълум бўлсин.

Ажабланарли жойи шундаки, айрим муфассирлар ушбу ояти кариманинг маъно-мазмунини кенг доирада деб билиб, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг аёлларини ҳам, ул ҳазратнинг Аҳли-Байтлари қаторига киргазишда оёқ тираб олганлар. Ҳолбуки, Аҳли суннат ва Аҳли-Байт олимлари юқорида келтирилган ҳадислар асосида ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларини фақатгина мана шу беш нафар деб билиб, ушбу ҳақиқатни тан олганлар.

Диққатга сазовор бўлган масала шундан иборатки, пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг аёллари «Оиша»дан ҳазрати Али (алайҳис салом) борасида сўралганида, у шундай деб жавоб берарди:

تَسْأَلُنِي عَنْ أَحَبِّ النَّاسِ كَانَ إِلَىٰ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ  وَزَوْجِ أَحَبِّ النَّاسِ كَانَ إِلَىٰ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ لَقَدْ رَأَيتُ عَلِيًّا وَفَاطِمَةَ وَحَسَنًا وَحُسَينًا عَلَيْهِمُ السَّلَامُ وَجَمَعَ رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ  بِثَوْبٍ عَلَيْهِمْ ثُمَّ قَالَ: «أللَّهُمَّ هَؤُلآءِ أَهْلُ بَيْتِي وَحَآمَّتِي فَأَذْهِبْ عَنْهُمُ الرِّجْسَ وَطَهِّرْهُمْ تَطْهِيرًا» قَالَتْ: فَقُلْتُ يَا رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَآلِهِ وَسَلَّمَ ! أَنَا مِنْ أَهْلِكَ؟ قالَ: تَنَحِّي فَإِنَّكِ إِلَىٰ خَيْرٍ.

«Мендан Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га энг севимли бўлган инсон ҳақида ҳамда Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га энг севимли бўлган инсоннинг умр юлдоши ҳақида сўраяпсиз! Дарҳақиқат, мен Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни шундай ҳолда кўрдимки, Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уларни бир либоснинг остига тўплаб, сўнгра улар ҳақида шундай деб марҳамат қилдилар: «Эй Аллоҳим, булар менинг Аҳли-Байтим, хонадоним аҳли ва менинг ҳимоячимдирлар. Шундай экан, улардан нопокликни кетгазгин ва уларни буткул покиза қилгин!» Шунда мен дедим: Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), мен ҳам сизнинг Аҳли-Байтингизданманми?! Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар: Узоқроқ тургин! Яъни: Аҳли-Байтимдан эмассан, лекин яхшиликдасан».

Буюк муфассир Аминул ислом Табарсий ўзининг «Мажмаъул Баён» номли тафсир китобида юқорида зикр қилинган ояти кариманинг тафсирида мазкур ҳадисни ривоят қилган.[2]

Буюк ҳадисчи олим Муслим бин Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳул Муслим» китобида «Сақалайн» ҳадисини ривоят қилганидан кейин айтади:

Язид ибн Ҳайён саҳобий бўлмиш Зайд бин Арқам (разияллоҳу анҳу)дан: «Пайғамбаримиз Аҳли-Байтлари кимлар? Улар ул зотнинг завжаларими?», – деб сўради. Шунда Зайд бин Арқам унга жавобан деди:

«لَا وَايْمُ اللهِ إِنَّ الْمَرْأَةَ تَکُونُ مَعَ الرَّجَلِ الْعَصْرَ مِنَ الدَّهْرِ ثُمَّ يُطَلِّقُهَا فَتَرْجِعُ إِلَىٰ أَبِيهَا وَقَوْمِهَا. أَهْلُ بَيْتِهِ أَصْلُهُ وَعُصْبَتُهُ الَّذِينَ حُرِمُوا الصَّدَقَةَ بَعْدَهُ».

«Йўқ, ундай эмас. Аллоҳга онт бўлсинки, аёл киши маълум бир муддат эрининг ёнида бўлади. Кейин мабодо эри уни талоқ қиладиган бўлса, бу аёл ўзининг отаси ва қариндошлари ёнига қайтиб кетади. Аҳли-Байт деганда, Пайғамбаримизнинг асл ва негизлари, яъни ул зотнинг наслу насабларидан бўлган энг яқин қариндошлари назарда тутилади. Улар ул зотдан кейин садақа олишдан маҳрум бўлган кишилардир».[3]

Ҳатто сарвари олам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтларини севмаган Ибн Таймиядан ҳазрати Али (разияллоҳу анҳу) Аҳли-Байтдан бўлмагани сабабли унга салавот айтмоқлик жоиз бўлмай, бидъат ҳисобланмайдими? деб сўралганда, у қуйидагича жавоб берган:

Али ибн Аби Толиб Аҳли-Байтдан эканлиги мусулмонлар орасида ихтилофий бўлмаган ойдин бир масала бўлиб, бу борада далил келтиришга ҳеч қандай ҳожат йўқ. Балки, у зот Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг Аҳли-Байтнинг энг афзали ва Ҳошим зурриётининг энг устунидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинишича, ул ҳазрат ўз яктакларини Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларнинг устига ташлаб, яктак билан уларни ураб олдилар-да, сўнгра шундай марҳамат қилдилар:

«Эй Аллоҳим, булар менинг Аҳли-Байтим ва хонадоним аҳлидирлар. Демак, улардан нопокликни кеткизгин ва уларни бутунлай покиза қилгин».[4]

Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари ҳар қандай нопоклик ва гуноҳдан йироқ бўлган покиза ва маъсум инсонлар эканлиги хусусидаги мазкур ояти кариманинг тафсирида келган ушбу мазмундаги ҳадисларни кўпгина Аҳли суннат уламолари ўз китобларида ривоят қилганлар.[5]

Юқорида келтирилган ҳадислар ушбу ҳақиқатга ошкора гувоҳлик берадики, Қуръони Каримга итоат этмоқлик зарур бўлгани каби уларга бўйсуниш ва эргашиш зарур бўлган Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари ул ҳазратнинг аёллари эмас, балки Сарвари оламнинг Аҳли-Байтлари ул зотга насл-насаб жиҳатидан мансуб ва боғлиқ бўлиши билан биргаликда, у ҳазратга маънавий боғлиқ бўлган юқори салоҳиятли кишилардир. Шу боис, Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Аҳли-Байтлари Аллоҳнинг китоби билан ёнма-ён мусулмонларнинг йўлбошчиси ва раҳнамоси ҳисобланадилар.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ушбу ҳадиси шарифни Аҳли суннатнинг кўп уламолари ўз китобларида келтирганлар, жумладан:

  • Абу Исо Тирмизий, «Сунани Тирмизий», Китаабу тафсийрил Қуръон ан Расулиллааҳ(с.а.о), 34/7-боб, ҳадис рақами: 3216 ва шунингдек, «Сунани Тирмизий», Китаабул манаақиб ан Расулиллааҳ (с.а.о), 105/31-манаақибу аҳлибайтин-Набийй (с.а.о), ҳадис рақами: 3712 ва шунингдек, «Сунани Тирмизий», 135/60-боб фазли Фотима разияллоҳу анҳо, ҳадис рақами: 3797. Тирмизий мазкур ҳадис борасида шундай дейди:

هذا حديث حسن صحيح، وهو أحسن شيء روي في هذا الباب.

«Бу ҳадис ҳасан ва саҳиҳдир ва бу ҳадис ушбу бобда ривоят қилинган ҳадисларнинг энг яхшисидир».

  • Ҳоким Нисобурий, «Ал-Мустадраку алас-саҳийҳайн», 4-жилд, ҳадис рақамлари: 4759, 4760, 4761, 4762 ва 4763. Янги нашри эса 3-жилд, 146 ва 147-бетлар. Ҳоким Нисобурий ушбу ҳадис ҳақида шундай дейди:

هذا حديث صحيح علي شرط الشيخين و لم يخرجاه

«Бу ҳадис Имом Бухорий ва Имом Муслим шарти бўйича саҳиҳ саналади, гарчи у иккаласи ушбу ҳадисни ривоят қилмаган бўлсалар-да».

  • Абул Уло Ал-Муборакфурий, «Туҳфатул аҳвазий бишарҳи жаамиъит-Тирмизий», 32-манаақибу аҳлибайтин-Набийй (с.а.о), ҳадис рақами: 3796, 10-жилд, 218-бет.
  • Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-истийъоб фий маърифатил асҳоб», 3-жилд, 1100-бет, Дорул жайл нашрида, Дорул кутубил илмийяҳ, нашрида эса 3-жилд, 204-бет.
  • Ибн Асийр Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», 4-жилд, 29-бет, дору иҳёит-туросил арабий нашрида, дорул фикр нашрида эса 3-жилд, 606-бет.
  • Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 2-жилд, 56-боб, 269 дан 271-бетларгача.
  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 11-жилд, ҳадис рақами: 32884, 599-бет.

[2]. Аминул Ислом Табарсий, «Мажмаъул Баён фий тафсийрил Қуръон», 8-жилд, 156 ва 157-бетлар.

[3]. Муслим бин Ҳажжож, «Сaҳиҳул Муслим», 7-жилд, «Фaзoилу Aли ибн Aбу Тoлиб» бoби, Миср чопи, 123-бeт.

[4]. Аҳмад ибн Таймия Ал-Ҳарроний, «Ал-Фатаавал Кубро», 1-жилд, 55-бет. Ибн Таймиядан сўралган савол ва унинг жавоби муҳим бўлгани учун арабча матнини ҳам келтирамиз:

5 –  مَسْأَلَةٌ: فِي رَجُلٍ قَالَ فِي عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ إنَّهُ لَيْسَ مِنْ أَهْلِ الْبَيْتِ وَلَا تَجُوزُ الصَّلَاةُ عَلَيْهِ، وَالصَّلَاةُ عَلَيْهِ بِدْعَةٌ؟

الْجَوَابُ: أَمَّا كَوْنُ عَلِيِّ بْنِ أَبِي طَالِبٍ مِنْ أَهْلِ الْبَيْتِ، فَهَذَا مِمَّا لَا خِلَافَ بَيْنَ الْمُسْلِمِينَ فِيهِ، وَهُوَ أَظْهَرُ عِنْدَ الْمُسْلِمِينَ مِنْ أَنْ يَحْتَاجَ إلَي دَلِيلٍ، بَلْ هُوَ أَفْضَلُ أَهْلِ الْبَيْتِ، وَأَفْضَلُ بَنِي هَاشِمٍ بَعْدَ النَّبِيِّ صَلَّي اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَدْ ثَبَتَ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّي اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ {أَنَّهُ أَدَارَ كَسَاهُ عَلَي عَلِيٍّ وَفَاطِمَةَ وَحَسَنٍ وَحُسَيْنٍ، فَقَالَ: اللَّهُمَّ هَؤُلَاءِ أَهْلُ بَيْتِي فَأَذْهِبْ الرِّجْسَ عَنْهُمْ وَطَهِّرْهُمْ تَطْهِيرًا}

[5]. Ушбу маъно-мазмундаги ҳадисларни ўз китобида ривоят қилиб келтирган Аҳли суннат олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзийл», 2-жилд, 56-бет, ва 2-жилд, 31-бет.
  2. Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», 9-жилд, 169 ва 119-бет.
  3. Ибн Мағозилий, «Маноқибу Амирил муъминийн», 301-бет, 345-ҳадис.
  4. Ганжий Шофеий, «Кифааятут-толиб», 62-боб, 242-бет ва 100-боб, 372-бет.
  5. Ҳоким Нишобурий, «А-Мустадраку алас-саҳиҳайн», 3-жилд, 133, 146, 172-бетлар ва 2-жилд, 416-бет.
  6. Жоруллоҳ, Замахшарий, «Тафсирул Кашшоф», 1-жилд, 369-бет.
  7. Ибн Касир, «Ал-Бидояту ван-Ниҳояҳ», Бобу фазоилу Алиййин, 7-жилд, 339-бет.
  8. Ибн Касир, «Тафсиру Ибн Касир», 3-жилд, 483-бет, ушбу оят тафсирида.
  9. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 33-боб, 124 ва 271-бет.
  10. Фахри Розий, «Ат-тафсирул Кабийр ав Мафаатийҳул ғайб», 25-жилд, 209-бет, ушбу оят тафсирида.
  11. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 5-жилд, 215-бет, ушбу оят тафсирида.
  12. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Тарихул ислом ва вафаётил машоҳийр вал-аълом», 61-йилдан 80-йилларгача бўлган ҳодисаларда келтирган.
  13. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 13-жилд, 67-бет, 98-ҳадис, ушбу оятнинг тафсирида.
  14. Ибн Жарийр Табарий, «Тафсири табарий», 22-жилд, 6 ва 7-бетлар, ушбу оятнинг тафсирида.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Аҳли-Байт ғояси ҳақида қисқача маълумот

Бизни энг сўнгги ҳақ ва комил дин бўлган Исломга бўйин эгиб, ҳидоят сари юзланиб, ҳақ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.