Home / Ислом тарихи / Умарнинг Аллоҳ фармонидан бош тортиши

Умарнинг Аллоҳ фармонидан бош тортиши

Афсус ва минг афсус бўлсинки, Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)вафотларидан сўнг Аллоҳнинг Қуръони Каримида нозил қилган ушбу фармонидан бош тортиб, уни оёқ-ости қилишди ва Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳақ халифаларини ҳавои нафсга эргашиб, ноҳақлик юзасидан маккорликни ишга солиб, четга чиқаришди

ва имом Али(алайҳис салом)ни мажбурлаган ҳолда уйидан олиб чиқиб, хилофат ва пешволикка нолойиқ бўлган кимсага байъат-қасамёд қилишга ундашди.

  Шу боис, Қуръоннинг қуйидаги ояти билан қораланурлар:

﴿وَإِذْ أَخَذَاللهُ مِيثَاقَ الَّذِينَ أَتُوا الْكِتَابَ لَتُبَيِّنَنَّهُ لِلنَّاسِ وَلا تَكْتُمُونَهُ فَنَبَذُوهُ وَرَاءَ ظُهُورِهِم وَاشْتَرَوْا بِهِ ثَمَنًا قَلِيلاً فَبِئْسَ مَا يَشْتَرُونَ﴾

 «Эсланг (эй пайғамбар) Аллоҳ китоб берган кимсалардан «Албатта у (китоб)ни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» деб, аҳду паймон олган эди. Сўнг улар бу аҳду паймонни ортларига ташлашди ва уни озгина қийматга сотдилар. Уларнинг бу олди-бердилари нақадар ёмондир».( Оли Имрон187-оят).

   Аллоҳ таоло имом Али(алайҳис салом)ни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифа ва вориси ҳамда барча мусулмонларга раҳбар, бошлиқ ва йўлбошчи этиб танлаганидан сўнг, саҳобаларнинг ҳаммаси ушбу ҳақиқатни тан олиб, унга иқрор бўлдилар. Аммо нима учун Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг вафотларидан кейин, ушбу ҳақ йўлдан юз ўгириб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳақ халифа ва вориси бўлмиш имом Али(алайҳис салом)га эргашиш ўрнига, у зотни четга чиқариб, ёлғиз қўйишди ва халифаликка лойиқ бўлмаган кимсани ўзлари учун халифа қилиб олишди? Бунинг сабаби нима?

   Аҳли суннатнинг буюк олими Абу Ҳомид Ғаззолий ушбу саволга қуйидагича жавоб берган:

ذكر ابو حامد الغزالى فى كتابه »سِرُّ الْعَالَمِينَ وَ كَشْفُ مَا فِى الدّارَيْنِ « الفاظًا تُشْبِهُ هَذَا فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ لِعَلِىٍّ يَوْمَ غَدِيرِ خُمٍّ: »مَنْ كُنْتُ مَوْلاهُ، فَعَلِىٌّ مَوْلاهُ« فَقَالَ عُمَرُبْنُ خَطَّابٍ لِعَلِىٍّ: بَخٍّ بَخٍّ، يا اَبَا الْحَسَنِ، اَصْبَحْتَ مَوْلاىَ و مَوْلَى كُلِّ مَوْلَي. قال ابو حامد: و هذا تَسْلِيمٌ و رِضًا وتَحْکِيمٌ. ثُمَّ بَعْدَ هَذَا غَلَبَ عَلَيْهِ الْهَوَى لِحُبِّ الرِّيَاسَةِ، وحَمْلِ عَمُودِ الْخِلافَةِ وعُقُودِ الْنُبُوةِ، وَخَفَقَانِ الْهَوَی فِي قَعْقَعَةِ الرَّايَاتِ وَاشْتِباک ازْدِحَامِ الْخُيوُلِ وَ فَتْحِ الأَمْصَارِ، وسقاهم کَأس الْهَوَی فَعَادُو إِلَي الْخِلافِ الأوّلِ، فَنَبَذُوهُ وَرَاءَ ظُهُورِهِمْ وَ اشْتَرَوْا بِهِ ثَمَنًا قَلِيلاً، فَبِئْسَ مَا يَشْتَرُونَ. وَ لَمَّا مَاتَ رَسَولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ قَالَ قَبْلَ وَفَاتِهِ: «ائْتُو بِدَوَاةٍ وَ بَيْضَاءَ لأُزِيلَ لَكُمْ إِشْکَالَ الأَمْرِ وَأَذْکُرَ لَکُمْ مَنِ الْمُسْتَحِقُّ لَهَا بَعْدِی» فَقَالَ عُمَرُ رضي الله عنه دَعُوا الرَّجُلَ فَإِنَّهُ لَيَهْجُرُ.

   Абу Ҳомид Ғаззолий «Сиррул оламийн ва Кашфу мо фид-дорайн» номли китобларида «Ғадир» кунида бўлиб ўтган воқеа хусусида шундай деганлар: «Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)«Ғадир-Хум» куни Али(алайҳис салом)га хитоб қилиб,  шундай марҳамат қилдилар: «Мен ҳар кимнинг мавлоси ва хожаси бўлсам, бас Али унинг мавлоси ва хожасидир». Шунда Умар ибн Хаттоб имом Али(алайҳис салом)га қарата шундай деди: «Муборак бўлсин муборак бўлсин! Эй Абул Ҳасан! Менинг хожам ва барча хожаларнинг хожаси ва сарвари бўлдингиз».

  Умарнинг ушбу сўзи, имом Али(алайҳис салом)нинг пешво, валий ва йўлбошчи эканликларига таслим бўлиб, ўз ризолигини изҳор қилганини англатади. Сўнгра ушбу сўзидан кейин, бошлиқлик ва раҳбарлик мансабини эгаллашни яхши кўргани, халифалик устунини ва пайғамбарлик аҳдини ўзига юклаб олгани, халифалик байроғини елпиратишни ҳамда шаҳарларни босиб олиш учун от чопиб жанг қилишни истагани сабабли, ҳовойи нафси унга ғалаба қилди ва улар ҳою-ҳавас қадаҳидаги сувга қондирилдилар ва оқибат, аввалги ихтилоф ва келишмовчиликка қайтишди.

  Шу боис, халифа ва пешволик хусусида имом Али(алайҳис салом)га қарши чиқиб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)фармонларини ортларига ташлашди ва уни озгина қийматга сотишди. Уларнинг бу олди-сотдилари нақадар ёмон иш бўлди. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)вафотларидан бир оз олдин шундай марҳамат қилдилар:

  «Менга сиёҳдон ва қоғоз келтирингиз, токи (сизларга бир мактуб ёзиш билан) халифалик хусусидаги шак-шубҳаларингизни бартараф қилиб, мендан сўнг халифалик мансабига ким ҳақли ва сазовор эканини сизларга баён қилай». Шунда Умар деди: Бу кишини ўз ҳолига қўйингиз. Зероки, у алаҳсирамоқда».[1]

  Саҳобалар нима сабабдан имом Алидан юз ўгирганликларини тўлиқ билиб олиш учун, ушбу масаланинг турли хил қирраларини таҳлил қилмоқ лозим. Шу боис, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)саҳобаларини чуқурроқ таниб, улар имом Али(алайҳис салом)нинг халифа ва пешволигидан юз ўгирганларининг боисини билиш мақсадида қисқача тушунча бериб ўтамиз:

  Расуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳаётларининг сўнгги йилларида Мадина мусулмонларининг аксарияти Ансор гуруҳидан ташкил топган бўлиб, бу шаҳрнинг маҳаллий аҳолиси ҳисобланардилар. Оз гуруҳдан ташкил топган, аммо нуфузли мусулмонлар муҳожирлардан иборат бўлиб, уларнинг айримлари Макка шаҳридан ва қолганлари эса, бошқа ерлардан Мадинага келган эдилар. Макка фатҳи-ғалабасидан олдин (Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабадан олдин) мусулмонлар кофир мушрикларга қарши курашганлари сабабли, муҳожир ва ансор гуруҳлари бир бирлари билан бирлашган эдилар. Аммо Макка фатҳи-ғалабасидан сўнг ислом турли қабилалар ўртасида тарқалгач, мусулмонлар ўзларининг ички масалаларига эътибор бериб, ўзаро рақобатлашиб тортиша бошлашди.

   Умуман олганда, ансор ва муҳожирлар ўртасидаги тортишув ва рақобатда ютуқ муҳожирларники эди, негаки улар пайғамбар қавмидан бўлиб, исломдан илгари ҳам араблар ўртасида мақбул ўринга эга эдилар. Бироқ, ансор гуруҳи эса ушбу имтиёздан ҳеч бирига эга эмасдилар. Шу боис, ансор гуруҳи, Расулуллоҳ дунёдан кўз юмганларидан сўнг, ўзларининг келажакдаги вазиятларидан хавотирланардилар. Бу ҳақиқат, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) учун ҳам маълум эди. Шу сабабли, у зот муҳожирларга ансор гуруҳи билан яхши муомалада бўлишни буюрардилар. Шунингдек, бу ихтилоф ва келишмовчилик «Ҳунайн» жангининг ғаниматларини тақсимлаш вақти, ғоятда ошкор бўлган эди.[1]

  Бунга қўшимча, ансор гуруҳининг ўртасида ҳам, Авс ва Хазраж қабилалари орасида қадимий тортишув мавжуд бўлиб, бу масала Пайғамбардан сўнг, қудрат устида тортишишни янада шиддатлантирарди. Бошқа томондан эса, Қурайш қабиласидаги шахслар уч тоифага бўлингандилар; Биринчи тоифа, Бани Ҳошим (Пайғамбаримизнинг буюк боболари бўлмиш Ҳошим фарзандлари) бўлиб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га ҳаммадан кўра яқинроқ эдилар ва шу боис, у ҳазратнинг йўлларини давом эттирувчи халифа ва пешво улар орасидан танланган эди.

  Бани Ҳошим қабиласининг шахслари Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) пайғамбар бўлиб танланиши биланоқ, у зотни ҳимоя қилардилар. Аммо Макка фатҳидан сўнг Бани Ҳошим барча Қурайш қабилаларининг ғазабига дучор бўлишди. Уларнинг Исломдан олдинги қабилавий тортишув ва рақобатлашишнинг асорати Пайғамбар умрларининг сўнгги лаҳзаларига қадар давом этиб келган эди. Муҳожирларнинг Бани Ҳошимга қарши чиққанларининг энг муҳим омили, имом Али(алайҳис салом) ва шаҳидлар сарвари бўлмиш ҳазрати Ҳамза орқали Қурайшлик мушрикларнинг кўпчилиги ҳалокатга учраши эди. Бу масала гина-гудурат ниҳолини Қурайшликлар дилида ўтқазган эди. Ва шу боис улар имом Али(алайҳис салом)нинг халифалигини қабул қила олмасдилар. Бунга далил, Усмоннинг халифалик даврида имом Алига қарата айтган бу сўзидир:

  «Агар Қурайш қабиласи сени ёмон кўришса, менинг гуноҳим нима? Сен улардан юқори даражали машҳур бўлган шахсларни ўлдиргансан.» Бундан ташқари, Пайғамбар қизлари Фотимаи Заҳро(саломуллоҳи алайҳо) ҳам арабларнинг имом Али(алайҳис салом)га нисбатан бўлган душманчиликлари сабабини у ҳазратнинг қиличи деб айтганлар. Шунингдек, Аббос ибн Абдул Муталлиб ҳам арабларнинг Бани Ҳошимга нисбатан бўлган душманчилигини тасдиқлаган. (Ибн Абдул Барр, Насруд-дурар, 2-ж, 68-бет ва 4-ж, 14-бет)

   Иккинчи тоифа; бу тоифанинг машҳур шахслари, жумладан Абу Суфён, Ислом мухолифларидан бўлиб, умрининг охирги лаҳзаларига қадар, Исломга қарши душманчилик қилиб келишган. Охир оқибат, Макка мушриклари устидан қозонилган ғалабада ўз жонини сақлаб қолиш учун Исломни қабул қилишга мажбур бўлишади. Бу тоифадагилар «Тулақо» озод қилинганлар деб танилган бўлиб, мусулмонлар орасида ҳеч бир обрў-эътиборга эга эмас эдилар.

  Шу боис, Пайғамбарнинг ўринларини эгаллаб халифа бўлишга даъвогар бўла олмасдилар.

  Учунчи тоифа; Қурайш қабиласининг ўртача шахслари бўлиб, икки қабила «Бани Тайм ва Бани Удай қабиласи»дан ташкил топгандилар. Уларнинг таниқлиси Абу Бакр ва Умар эди. Бундан ташқари, Усмон ибн Афвон, Абдурраҳмон ибн Авф ва Саъд ибн Аби Ваққос ҳам шу тоифадан эдилар. Бу тоифадаги шахслар, жумладан уларнинг бошлиқларидан бири бўлмиш Умар ибн Хаттоб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)буйруқларини бажаришни вожиб деб билмасдилар. Шу боис, кўп ерларда Пайғамбар буйруқларига қарши чиқишар ёки ўз манфаатларини мазкур буйруққа итоат қилишдан устун қўйишарди. Масалан: Умар ибн Хаттоб, Пайғамбарнинг имом Алини ўзларидан сўнг, мусулмонлар учун халифа ва пешво деб танлашларига қарши чиққанининг далилини мусулмонлар манфаатини назарда тутганман деб, эълон қилган эди.

  Шуни унутмаслик лозимки, у ўзини мусулмонлар манфаатини аниқлаб билишда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан ҳам устун деб билар эди.[2]

  Умум мусулмонлар Ғадири Хум кунидан Сақифаи Бани Соида воқеасигача бўлган оралиқда, ҳукуматга эришиш учун қабилавий тортишув ва низолар сабабли ғафлатга дучор бўлдилар. Бундай вазият, уларни Пайғамбарнинг кўрсатган йўлларидан бориш ўрнига, ҳукуматдан ўзлари учун ўрин эгаллашга олиб келди. Фақат Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг озгина холис саҳобалари у ҳазратнинг буйруқларини вожиб деб билиб, ўзларининг шахсий ёки қабилавий манфаатларини Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)буйруқларидан устун қўймасдилар.

  Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) бу дунёдан кўз юмганларидан сўнг ансор гуруҳи, муҳожирлар ҳукуматни эгаллаб олишларидан қўрққанликлари сабабли, шошма-шошарлик билан Сақифаи Бани Соида деган маконда кенгаш тузиб халифаликни ўз гуруҳларидан бўлган Авс ва Хазраж қабиласи ўртасида тақсимламоқчи бўлишди. Бироқ, улар муҳожирларга нисбатан кучсиз ва заиф бўлганликлари сабабли, халифалик мансабидан ўрин эгаллай олишмади. Юқорида зикр этилганидек, Қурайшнинг барча гуруҳи Бани Ҳошим халифалигига мувофиқ эмасди. Бу орада тулақо (озод қилинган) гуруҳи ҳам халифаликни эгаллашга лойиқ эмас эди. Шу боис, Қурайшнинг ўртача шахслар гуруҳи, юзага келган ўзаро келишмовчиликлар, тортишув ва низолардан фойдаланиб, кечаю-кундуз саъй-ҳаракат қилиб халифалик мансабини қўлга киритишди. Бу орада ғафлатда қолиш сабабли чеккага суриб қўйилган ягона нарса, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг имом Али(алайҳис салом)ни халифа ва пешво этиб танлаш хусусидаги очиқ-ойдин буйруқлари эди.

  Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) муборак умрларининг сўнгги лаҳзаларида бемор бўлиб қолдилар. Муҳожир ва ансордан бўлган буюк саҳобалар у зотни кўриш учун уйларига келишди. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) айрим саҳобаларнинг имом Али(алайҳис салом) халифа ва пешволигига қарши чиқишларини ва келажакда нима ҳодисалар юз беришини билганлари сабабли, уйларида тўпланган саҳобаларга хитоб қилиб шундай марҳамат қилдилар:

[ 5345 ] حدثنا إبراهيم بن موسى حدثنا هشام عن معمر وحدثني عبد الله بن محمد حدثنا عبد الرزاق أخبرنا معمر عن الزهري عن عبيد الله بن عبد الله عن بن عباس رضى الله تعالى عنهما قال: «لَمَّا حَضَرَ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ الوَفَاةُ، قَالَ: هَلُمَّ أَكْتُبْ لَكُمْ كِتَاباً لا تَضِلُّوا بَعْدَهُ؛ وَ فِي الْبَيْتِ رِجَالٌ فِيهِمْ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ فَقَالَ عُمَرُ: إِنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ قَدْ غَلَبَ عَلَيْهِ الْوَجَعُ وَ عِنْدَكُمُ الْقُرْآنُ حَسْبُنَا كِتَابُ اللهِ، قَالَ: فَاخْتَلَفَ أَهْلُ الْبَيْتِ فَاخْتَصَمُوا فَمِنْهُمْ مَن يَقُولُ قَرِّبُوا يَكْتُبْ لَكُمْ رَسُولُ اللهِ(ص) كِتَاباً لَنْ تَضِلُّوا بَعْدَهُ وَ مِنْهُمْ مَن يَقُولُ مَا قَالَ عُمَرُ. فَلَمَّا أَكْثَرُوا اللَّغَطَ وَالْإِخْتِلاَفَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ قال رَسُولُ الله صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ: قُومُوا عَنِّي، فَكَانَ ابْنُ عَبَّاسٍ يَقُولُ: إِنَّ الرَّزِيَّةَ كُلَّ الرَّزِيَّةِ مَا حَالَ بَيْنَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ وَ بَيْنَ أَنْ يَكْتُبَ لَهُمْ ذَلِكَ الْكِتَابَ مِنِ اخْتِلَافِهِمْ وَ لَغَطِهِمْ».

  «Менга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирайки, оқибатда ушбу мактуб сабабли зинҳор йўлдан озмагайсиз.» Ўша ерда тўпланганлар орасидан Умар, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг бу сўзларига қаршилик кўрсатиб: «Шубҳасиз, дард Пайғамбарга ғолиб келган ва у алаҳсирамоқда, сизларнинг ёнингизда Қуръон бор, Аллоҳнинг китоби биз учун етарлидир», деди.

   Уйда тўпланганлар ўзаро ихтилоф қилиб тортиша бошлашди, уларнинг айримлари; Расулуллоҳга қоғоз ва қалам келтирингиз, токи сизларга шундай бир мактуб ёзиб қолдирсинларки, оқибатда у зотдан кейин ҳаргиз йўлдан озмагайсиз, дейишарди ва баъзилар эса Умар айтган сўзни такрорлашарди. Улар пайғамбар ҳузурларида шовқин-сурон ва ихтилофни авжига чиқаргач, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) менинг ҳузуримдан туриб кетингиз, деб буюрдилар.

  Ушбу ҳодисадан афсусланган Ибн Аббос(разияллоҳу анҳу) доимо шундай дер эди:

  Бутун мусибат, саҳобаларнинг қилган ўзаро ихтилофлари ва шовқин-суронлари оқибатида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) уларнинг ҳидояти учун мактуб ёзиб қолдиришларига тўсқинлик қилинганидан буён юзага келди.[3]

  Юз берган ушбу ҳодиса хусусида муҳим  бир савол туғилади; Нима учун Умар ва унинг тарафдорлари Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ҳидоят йўлини кўрсатиш мақсадида уларга мактуб ёзиб қолдирмоқчи бўлганларида, бу ишга қаршилик кўрсатиб, у зотга нисбатан қупол муомалада бўлишди, ҳатто у муқаддас зотга беадаблик қилиб,  «Пайғамбарга касаллик ғалаба қилган ва у алаҳсирамоқда» дейишди?

  Ушбу муҳим саволга Умарнинг ўзи қуйидагича жавоб беради:

وَ لَقَدْ أَرَادَ فِي مَرَضِهِ أَن يُصَرِّحَ بِاسمِهِ فَمَنَعْتُ مِنْ ذَلِکَ إِشْفَاقاً وَ حِيطَةً عَلَي الإِسلَامِ، لا وَ رَبِّ هَذِهِ الْبَنِيَّةِ لا تَجْتَمِعُ عَلَيْهِ قُرَيْش أَبَداً وَ لَوْ وَلِيَهَا لَانْتَقَضَتْ عَلَيْهِ الْعَرَبُ مِنْ أَقْطَارِهَا، فَعَلِمَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ أَنِّي عَلِمْتُ مَا فِي نَفْسِهِ، فَأَمْسَکَ.

  «Пайғамбар беморлик ҳолатида Алининг номини очиқ-ойдин тилга олиб, ўзларидан сўнг Али бутун мусулмонларга халифа ва пешво эканлигини очиқ-ойдин баён қилмоқчи эдилар, лекин мен ислом фойдаси учун бу иш амалга ошишига тўсқинлик қилдим. Негаки, Қурайш Алининг атрофига тўпланмасдилар. Агар у халифалик мансабини эгаллаганида эди, бутун минтақа араблари унга қарши чиқишарди. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) менинг нимани етказмоқчи эканларини пайқаб қолганимдан огоҳ бўлиб, бу ишдан ортга чекиндилар.»[4]

   Шуни айтмоқ лозимки, ҳар бир имонли инсон Аллоҳ ва унинг Пайғамбари ҳукми ва фармони баробарида бўйин эгиб таслим бўлмоғи зарур. Зероки, Аллоҳ таоло бу хусусида Ўз китоби бўлмиш Қуръони Каримда шундай буюрган:

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ اسْتَجِيبُواْ لِلّهِ وَلِلرَّسُولِ إِذَا دَعَاكُم لِمَا يُحْيِيكُمْ﴾

   «Эй имон келтирганлар, Аллоҳ ва Унинг Расули сизларга абадий ҳаёт бахш этадиган нарса (ҳақ дин)га даъват қилганларида, уларни ижобат қилингиз.» (Анфол сураси, 24-оят)

﴿و َرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ مَا كَانَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ سُبْحَانَ اللَّهِ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ﴾

   «Парвардигорингиз ўзи хоҳлаган нарсани яратади ва (истаган ишни) танлайди. Улар (бандалар) Аллоҳ ва унинг Расули баробарида танлаш ҳуқуқига эга эмаслар.» (Қасас сураси, 68-оят)

﴿وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ وَلَا مُؤْمِنَةٍ إِذَا قَضَى اللَّهُ وَرَسُولُهُ أَمْرًا أَن يَكُونَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ مِنْ أَمْرِهِمْ وَمَن يَعْصِ اللَّهَ وَرَسُولَهُ فَقَدْ ضَلَّ ضَلَالًا مُّبِينًا﴾

  «Ҳеч бир имонли эркак ва имонли аёл учун Аллоҳ ва Унинг Расули бирор ишга ҳукм қилганида-буюрганида, (Аллоҳ ва Расулининг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини танлай олмаслар. Кимки, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоатсизлик қилса, демак, очиқ залолат ва гумроҳлик-ла йўлдан озибди.» (Аҳзоб сураси, 36-оят)

   Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг имом Али(алайҳис салом)нинг халифа, пешво, валий ва йўлбошчи этиб танланиши Аллоҳ томонидан Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га юборилган ваҳий ва фармон бўлиб, барча имонли инсонлар ушбу фармонга таслим бўлган ҳолда итоат йўлини тутишлари зарур, акс ҳолда, имон келтирганлар гуруҳидан четга чиққан ҳисобланадилар.

   Шу боис, Умар ва унинг тарафдорлари ҳавои-нафсга берилиб, халифалик мансабини эгаллаш мақсадида Аллоҳ ва Унинг Расули фармонидан бош тортиб итоатсизлик қилишгани, уларнинг Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтирмагани ёхуд имони заиф эканидан далолат беради. Зероки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) мусулмонлар ҳидояти учун неники етказган бўлсалар, Аллоҳ томонидан юборилган ваҳий-фармон бўлиб, ўзларидан сўнг йўлларини давом эттирувчи халифа ва пешвони тайин этишлари ҳам ҳаргиз ўз томонларидан эмас эди.


[1]. Ушбу сўзларнинг манбаи:
  1. Абу Ҳомид Ғаззолий, «Мажмуъату расааил, рисаалату Сиррул оламийн ва кашфу маа фид-даарайн», 453-б.
  2. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Сияру аълаамин-нубалааи», 19-ж, 328-б.
  3. Сибт ибн Жавзий, «Тазкиратул Хаваас», 64 ва 65-бетлар.

[1]. Мазкур ихтилоф ва келишмовчиликни ўз китобида келтирган Аҳли суннатнинг тарихчи ва муҳаддис олимлари қуйидагилардан иборат:

  1. Ибн Ҳишом, «Ас-сийратун набавийяҳ», 4-ж, 139-бетдан 143-бетларгача ва айрим нашрида эса 4-ж, 119-бетдан 122-бетларгача.
  2. Аҳмад ибн Ҳанбал, «Муснади Аҳмад», 3-ж, 492-бет ва айрим нашрида эса 3-ж, 76 ва 77-бетлар, 11322-ҳадис.
  3. Ҳайсамий, «Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид», бобу фазлил ансор, 10-ж, 29 ва 30-бетлар ва айрим нашрида эса 10-ж, 31 бетдан 33-бетларгача.

[2]. 1. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил балоға», 12-ж, 21-бет.

2. Абул Ҳасан Ирбилий, «Кашфул ғуммаҳ фий маърифатил аиммаҳ», 2-ж, 46-бет.

[3]. Ушбу дардли ҳодисани ўз китобида келтирган аҳл суннатнинг буюк олимлари қуйидагилардан иборат:

  1.  Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Саҳийҳул Бухорий», Китобул марзо, бобу қовлил марийз қувмуу анний, 5669-ҳадис ва шунингдек, Китобул иътисом бил-китоби вас-суннаҳ, 26-бобу кироҳийятил хилоф, 7366-ҳадис.
  2. Муслим, «Саҳиҳу Муслим», Китобул-васийяҳ, бобу таркил-васийяти лиман лайса лаҳу шайъун юсий фийҳи, 4123, 4124, ва 4125-ҳадислар.
  3. Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, «Муснаду Аҳмад», 1-ж, 534-бет ва айрим нашрларда 325-бет, 2983-ҳадис.
  4. Ибн Касир, «Ал-бидаяту ван-ниҳаяҳ», 5-ж, 214-бет ва айрим нашрларда 248-бет.
  5. Абу Зайд Аҳмад ибн Саҳл Ал-Балхий, «Китобул бадъи ват-тарих», 2-ж, 136-бет.

[4]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу наҳжил балоға», 12-ж, 21-бет.

Ушбу мақола «Ғадирнома» китобидан олинди.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.