Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Аллоҳни Танишнинг Иккинчи Йўли

Аллоҳни Танишнинг Иккинчи Йўли

   Ташқи йўл
  Атроф-муҳитга оддий назар солишимиз билан дунёдаги бор нарсалар шунчаки тартибсиз ҳолда эмас, балки маълум низом асосида қурилганлигига амин бўламиз. Гўёки, яратилган олам тизими тартиб-қоидага бўйинсунган ҳарбий қўшинлар каби гуруҳларга бўлиниб, муайян мақсад сари кетаётгандек туюлади.

   Қуйидаги масалалар бу хусусидаги ноаниқликни бартараф қилиб, мазкур муддаомизни исбот қилиш учун ёрдам беради:
  1. Ҳар бир тирик мавжудотнинг яшаб қолиши учун маълум шарт-шароит муҳайё бўлмоғи лозим. Масалан: Бир дарахтнинг ўсиб-униши учун тупроқ, сув, муносиб ҳаво, керакли иссиқлик ва ёруғлик керак бўлади, токи, уруғни экканимизда экин яхши озиқланиб, яхши нафас ололса, кўкариб ўсиши мумкин бўлади.
  Агар юқоридаги шароитлар бўлмаса, экин ўсиб, уна олмаслиги аниқдир. Бу шароитларни муҳайё қилиш эса фақат илм ва ақл-идрок соҳибининг қўлидангина келиши шубҳасиздир.
  2. Ҳар бир мавжудотнинг ўзига хос хусусияти бордир. Олов ва сувнинг ҳам ўзига хос хусусияти бор бўлиб, бу хусусиятларни бу моддалардан асло ажратиб бўлмай, улар доим муайян бир ўзгармас қонунга эргашадилар.
  3. Дунёдаги барча мавжудотлар ўзаро чамбарчас боғлиқдирлар. Мисол тариқасида, одам организмини олишимиз мумкин. Инсон баданининг ўзи бутун бошли бир олам ҳисобланади. Юқори аниқликда ишловчи бадан аъзолари ўзаро ҳамоҳанг ҳолда ишлайди. Масалан: Хавфли вазиятда инсон баданининг аъзолари ўзаро бирикиб, мудофаа учун курашади. Бу кичик оламдаги тартиб-қоида гўёки, улкан оламдаги тартиб-интизомнинг кичрайтирилган модели бўлиб, бутун оламнинг ягона низомга бўйсунишининг яққол далилидир.
  4. Бутун оламга ташлайдиган назаримиз шуни бизга маълум қиладики, тартиб-қоида фақат бир организм миқёсидагина эмас, балки кенг бу оламнинг хилма-хил бўлмиш барча мавжудотларида ҳам мавжуддир. Масалан: Тирик мавжудотларнинг парвариш топиши учун қуёш ёруғлик ва иссиқлик беради, булут ёмғирга айланади, шабада эсади, ердаги табиий ва маъданли уғитлар уни озиқлантиради ва ҳоказо… буларнинг ҳаммаси борлиқ оламнинг яхлит бир тизимга бўйинсунушидан далолат беради.

Тартиб-қоида ва ақл ўртасидаги робита

  Ҳар бир оқил одам учун шу нарса маълумки, қайерда тартиб-интизомга асосланган бирор дастгоҳ бўлса, бу дастгоҳни яратувчи ақл-идрок соҳиби борлигидан нишонадир. Зеро ҳар бир инсон қаердаки тартиб-интизом ва ўзгармас қонун-қоидани кўрмасин, ўша ерда илм ва қудрат эгаси борлигини тушуниб етади ва бу виждоний идрокида далил ва исбот келтиришга эҳтиёжи йўқдир.
  Масалан: Бир кўр ва бесавод одам ҳеч вақт чоп қилувчи машина билан яхши бир иншо ёки илмий мақола ёза олмаслиги аниқдир. Ёки икки яшар гўдак қаламни қўлига ушлаб, ўзича хатлар чизиб чиройли бир санъат асарини ярата олмайди. Аксинча, агар бирон-бир қадриятли мақолани ўқиб қолсак, уни яхши бир саводли ва ақл-заковатли муаллиф ёзганлигини тушунишимиз аниқ. Ёхуд бирон музейда чиройли санъат асарини кўриб қолсак, моҳир ва ҳунарманд рассомнинг қўли билан яратилганига шак қилолмаймиз. Гарчанд мақола муаллифи ёки рассомни танимасак ҳам, асарларини кўришимиз натижасида бу хулосага келишимиз шубҳасиздир.
  Бинобарин, бирор дастгоҳнинг назму интизоми қанчалик чуқур ва аниқ бўлса, бу дастгоҳ яратувчиси бўлмиш муҳандиснинг юқори малакаси ва ақл-заковатидан дарак беради.
  Ҳар бир назму интизом асосида қурилган дастгоҳда илм ва ақл-заковат соҳибига таянилганини исботлаш учун, олий математикада қўлланадиган эҳтимоллар назариясидан фойдаланишимиз мумкин. Масалан: Бир саводи йўқ одамнинг чоп машинаси олдига ўтириб олиб, истаган тугмаларни босиши йўли билан тасодифан шеър ёки мақола ёза олиши мумкинлиги тўғрисида эҳтимоллар назарияси бўйича, милиардлаб йил талаб қилинадики, бунинг учун бутун бошли курраи заминнинг умри ҳам етмайди!
  Қуръони Карим бу борада шундай дейди:

(سَنُرِيهِمْ آيَاتِنَا فِي الْآفَاقِ وَفِي أَنفُسِهِمْ حَتَّى يَتَبَيَّنَ لَهُمْ أَنَّهُ الْحَقُّ أَوَلَمْ يَكْفِ بِرَبِّكَ أَنَّهُ عَلَى كُلِّ شَيْءٍ شَهِيدٌ)

  У (Аллоҳ)нинг ҳақлиги ошкор бўлсин, деб Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз жонларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Сенинг Парвардигоринг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги (Унинг борлигига) кифоя эмасмиди?! (Фуссилат сураси; 53-оят)

 

{mp3}6-nutq{/mp3}

fayl o`lchami: 3.25 MB

yuklab oling

Share

Check Also

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар: Ушбу масалада мезон ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.