Home / Ислом тарихи / (Ҳазрати Фотима (с.а)нинг уйларига қилинган ҳужум (2

(Ҳазрати Фотима (с.а)нинг уйларига қилинган ҳужум (2

Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг муборак жасадларини бизнинг ёнимизга қўйиб, хилофат мансабини ўз ўртангизда бўлиб олдингиз ва бу борада биз билан маслаҳатлашмадингиз ва Аллоҳ томонидан тайин этилган ҳақ (халифалик ва ворислик)ни бизга қайтариб бермадингиз.

  Умар Абу Бакрнинг ёнига келиб, унга шундай деди: Сендан бўйин товлаган кишилардан байъат олишни истамайсанми?

  Абу Бакр ўзининг Қунфуз номли хизматкорига деди: Бориб Алини чақириб келгин.

  Қунфуз имом Али(алайҳис салом)нинг ёнларига келиб, у зотга шундай деди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифаси сизни чақирмоқда. Имом Али(алайҳис салом) дедилар: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га қандай ҳам тез ёлғон тўқиб чиқардиларинг. Қунфуз орқасига қайтиб, ушбу сўзни Абу Бакрга етказди. Абу Бакр имом Али(алайҳис салом)нинг ушбу сўзларини эшитгандан сўнг, кўп йиғлади. Умар иккинчи марта деди: Сенга байъат қилишдан бош тортган кишига муҳлат бермагин.

  Абу Бакр яна бир карра Қунфузга шундай деди: Алининг ёнига қайтиб бориб, унга «мўъминлар амири байъат қилишингиз учун сизни чақирмоқда», дегин. Қунфуз имом Али(алайҳис салом)нинг ёнларига келиб, маъмур этилган сўзни у зотга етказди. Имом Али(алайҳис салом) ушбу сўзнинг жавобида баланд товуш билан шундай дедилар: Субҳоналлоҳ (Аллоҳ пок Зот) дарҳақиқат, Абу Бакр ўзиники бўлмаган нарсани даъво қилибди. Шунда Қунфуз орқасига қайтиб, имом Али(алайҳис салом)нинг сўзларини Абу Бакрга етказди. Абу Бакр яна узоқ йиғлади.

  Сўнгра Умар ўрнидан туриб, бир гуруҳ билан ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг уйларига келиб, эшикни қоқишди.

  Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) уларнинг товушини эшитгач, баланд товуш билан шундай нидо қилдилар: Эй отам! Эй Расулуллоҳ! Сиздан сўнг, Хаттоб ўғли ва Абу Қўҳофаҳ ўғли (Абу Бакр)дан нималарни ҳам кўрмадик. Ўша кишилар ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)ни йиғлаган товушларини эшитган пайтларида, йиғлаган ҳолда орқага қайтиб кетишди. Шу вақт, уларнинг юраклари ёрилиб, жигарлари парчаланишига оз қолди. Умар билан бир неча киши қолиб, улар имом Али(алайҳис салом)ни уйдан чиқариб, у зотни Абу Бакрнинг ёнига олиб боришди.

  Имом Али(алайҳис салом)га Абу Бакрга байъат қилинг, дейишди. Имом Али(алайҳис салом) дедилар: Агар байъат қилмасам, нима қила оласиз? У зотга шундай жавоб қайртаришди: Шу ҳолда, Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Зотга қасамки, бўйинингизга қилич қўйгаймиз.

  Имом Али(алайҳис салом) дедилар: Бу ишни қилсангиз, Аллоҳнинг бандаси ва Унинг Пайғамбарининг биродарини ўлдирган бўлурсиз.

Умар деди: Аммо, Аллоҳнинг бандасини ўлдирган бўлурмиз. Лекин Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг биродарини эмас.[1] Абу Бакр эса индамай туриб, гапирмасди.

  Умар деди: Сизга байъат қилиши учун, унга амр қилмайсизми?

  Абу Бакр деди: Модомики, Фотима Алининг ёнида экан, уни бу ишга мажбур қилмагайман.

  Сўнгра имом Али(алайҳис салом) Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг қабрлари ёнига келиб, фарёд қилган ҳолда йиғлаб, шундай нидо қилардилар:

﴿يَا ابْنَ أُمِّ إِنَّ الْقَوْمَ اسْتَضعَفُونِى وَ كَادُوا يَقْتُلُونَنِى﴾

   «Эй онамнинг фарзанди-биродарим! Бу қавм мени хўрлаб қўйишди ва мени ўлдиришларига оз қолди» Аъроф 150-оят.

  Умар Абу Бакрга деди: Фотима ҳузурига борайлик. Зероки, биз Фотимани дарғазаб этдик.

  Иккаласи ҳазрати Фотиманинг уйларига келиб, киришга изн сўрашди. Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) уларга кириш учун изн бермадилар. Абу Бакр ва Умар имом Али(алайҳис салом)нинг ҳузурларига келиб, уйларига кириш учун изн сўраш борасида сўзлашдилар. Имом Али(алайҳис салом) у иккаласини Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг ҳузурларига киритдилар.

  Абу Бакр ва Умар ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) ҳузурларида ўтирган вақтда, ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) у иккаласидан юз ўгириб, девор томонга қарадилар. У иккаласи ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)га салом беришди. Лекин у ҳазрат уларнинг саломларига жавоб бермадилар.

  Абу Бакр сўз очиб, шундай деди: Эй Расулуллоҳнинг ҳабибаси (севикли қизи)! Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳнинг уруғ-аймоғлари, менинг ҳузуримда ўзимнинг қавм-қариндошларимдан кўра азиз ва севимлидирлар. Сиз менга ўз қизим Оишадан ҳам севимлироқдирсиз. Отангиз дунёдан кўз юмган кун, мен ҳам ўлишни ва у зотдан сўнг тирик қолмасликни истардим. Сиз бизни фазилатингиз ва юксаклигингизни танимай туриб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан қолган ҳаққингиз ва меросингизни ман қиладиган кишилар деб, ўйлайсизми? Аммо мен отангиз Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан эшитдимки, шундай марҳамат қилардилар: Биз мерос қолдирмаймиз, биз қолдирган нарса, садақадир.

  Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) дедилар: Агар мен сизларга Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан ҳадис нақл қилсам, уни тан олиб, унга амал қиласизларми? Улар ҳа, дея жавоб беришди.

  Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) дедилар: Аллоҳни назарга олингиз! Ушбу ҳадисни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан эшитмаганмисиз? Ул ҳазрат марҳамат қилганларки:

رِضَا فَاطِمَةَ مِنْ رِضَاىَ وَ سَخَطُ فَاطِمَةَ مِنْ سَخَطِى فَمَنْ أَحَبَّ فاطِمَةَ ابْنِ اتِى فَقَدْ أَحَبَّنِى، وَمَنْ أَرْضَى فَاطِمَةَ فَقَدْ أَرْضَانِى، وَمَنْ أَسْخَطَ فَاطِمَةَ فَقَدْ أَسْخَطَنِى.

  «Фотиманинг ризоси, менинг ризолигим ва Фотиманинг ғазаби менинг ғазабимдир. Демак, кимки, қизим Фотимани дўст тутса, дарҳақиқат, мени дўст тутган бўлур ва кимки Фотимани рози қилса, дарҳақиқат, мени рози-хушнуд қилган бўлур ва кимки, Фотимани дарғазаб этса, дарҳақиқат, мени ғазаблантирган бўлур».[2]

  Абу Бакр ва Умар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан ушбу ҳадисни эшитганмиз, дея жавоб беришди.

  Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) дедилар: Мен Аллоҳни ва Унинг малоикаларини шоҳид қиламанки, сиз иккалангиз менинг ризолигимни қўлга киритмай, мени дарғазаб қилдингиз. Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)билан учрашганимда, сиз иккалангиздан у ҳазратга шикоят қилгайман.

  Абу Бакр деди: Аллоҳнинг ғазаби ва сизнинг ғазабингиздан Унинг Ўзидан паноҳ сурайман! Шундан сўнг, Абу Бакр баланд товуш билан йиғлай бошлади ва руҳи баданидан чиқишига оз қолди. Ҳолбуки, ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) бундай деяр эдилар: Аллоҳга қасамки, ўқийдиган ҳар бир намозимда Аллоҳнинг даргоҳига сени қарғайман.

  Абу Бакр йиғлаган ҳолда ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг уйларидан чиқиб, ўзининг атрофига тўпланган халққа шундай деяр эди: Сизлардан ҳар бир киши ўз оиласи билан тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда, аммо мени балога қўйдингиз. Мен сизларнинг байъатингизга муҳтож эмасман. Мени ўз ҳолимга қўйиб, менга қилган байъат-қасамёдингиздан қўл тортингиз.

  Имом Али(алайҳис салом) ҳазрати Фотима ҳаётлик чоғларида Абу Бакрга байъат қилмадилар.

  Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) оталаридан сўнг, фақатгина 75 кун яшадилар ва айрим ривоятларга кўра ул ҳазрат оталаридан сўнг, олти ой ҳаёт кечирдилар.


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Умар бу сўзи билан, имом Али(алайҳис салом) Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг биродари эканликларини инкор қилди. Ҳолбуки, аҳли суннатнинг буюк олими Ибн Ҳажар Ҳайтамий ўзининг «Ас-савоиқул муҳриқаҳ» номли китобининг 122-бети ва 7-ҳадисида бу борада шундай дейди: Пайғамбар ўз саҳобалари ўртасида биродарлик алоқасини тузардилар. Шунда имом Али(алайҳис салом) кўзлари ёшга тўлган ҳолда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳузурларига келиб, шундай дейдилар: Эй Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)! Саҳобаларингиз ўртасида биродарлик алоқасини ўрнатдингиз, аммо мен билан ҳеч қимнинг ўртасида биродарлик алоқасини боғламадингиз. Шунда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) марҳамат қилдилар:

أَنْتَ اَخِى فِى الدُّنْيَا وَ الْآخِرَةِ  «Сиз бу дунё ва охиратда менинг биродаримдирсиз». Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) фақатгина ўзлари ва имом Али (алайҳис салом) ўртасида биродарлик алоқасини ўрнатдилар.

[2]. Ушбу ҳадисни аҳли суннатнинг буюк муҳаддис ва олимлари ўз китобларида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан турли хил иборалар билан нақл қилганлар, шу жумладан; Бухорий ўзининг «Саҳиҳул Бухорий» номли китобининг «Китобу фазоили асҳобин-Набийй, бобу маноқиби қиробати Расулиллаҳ», 3714-ҳадис ва «Бобу маноқиби Фотима(саломуллоҳи алайҳо)» 3767-ҳадисда ушбу ҳадисни қуйидагича ривоят қилган:

فَاطِمَةُ بِضْعَةٌ مِنِّى فَمَنْ أَغْضَبَهَا أَغْضَبَنِى  

  «Фотима танимнинг бир бўлагидир. Кимки уни ғазаблантирса, мени дарғазаб этган бўлур».

  Муслим ўзининг «Саҳиҳи Муслим» номли китобининг «Китобу фазоилус-саҳобаҳ, бобу фазоили Фотима бинтин-Набийй», 6201 ва 6202-ҳадисларда ушбу ҳадисни қуйидагича нақл қилган:

فَإِنَّمَا ابْنَتِى بِضْعَةٌ مِنِّى يَرِيبُنِى مارَابَهَا وَ يُؤْذِينِى مَا آذَاهَا

  «Дарҳақиқат, қизим Фотима танимнинг бир бўлагидир. Уни қайғуга соладиган нарса, мени қайғуга солур ва унга азият-озор берган нарса, менга азият-озор берган бўлур.»

Термизий ўзининг «Саҳиҳут-Тирмизий» номли кимобининг 60-боб, «Китобул маноқиб, фазлу Фотима бинти Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)», 3876 ва 3878-ҳадисларида ушбу ҳадисни шундай нақл қилган:

إِنَّمَا فَطِمَةُ بِضْعَةٌ مِنِّى يُؤْذِينِى مَا آذَاهَا وَ يُنْصِبُنِى مَا أَنْصَبَهَا

  «Дарҳақиқат, Фотима танимнинг бир бўлагидир. Унга азият-озор етказган нарса, менга азият-озор етказган бўлур ва уни ражитган нарса, мени ранжитган бўлур».

 

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.