Home / Ислом тарихи / Ҳазрати Фотима (с.а)нинг уйларига қилинган ҳужум (1)

Ҳазрати Фотима (с.а)нинг уйларига қилинган ҳужум (1)

Умар бир гуруҳ кишилар билан ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг уйлари томон йўл олишди. Уларнинг орасида Асид ибн Ҳазир ва Саламат ибн Аслам ҳам бор эди. Улар имом Али(алайҳис салом) ва у ҳазратнинг уйларида тўпланиб олган Бани Ҳошимга хитоб қилиб, шундай дейишди:

Чиқинглар ва Абу Бакрга байъат-қасамёд қилинглар. Лекин улар байъат қилишдан бўйин товлашди. Шунда Зубайр ибн Авом қилич билан чиқди. Умар бу кишини ушланглар, деди. Саламат ибн Аслам унга ҳужум қилиб, қилични унинг қўлидан олиб, деворга урди.

Аҳли суннат олими Масъудий, ўзининг «Мураввижуз-заҳаб» номли китобида Бани Ҳошим Абу Бакрга байъат-қасамёд қилишлари борасида шундай дейди: Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) дунёдан кўз юмганларига қадар, Бани Ҳошимдан ҳеч ким Абу Бакрга байъат қилмади.

  Аҳли суннатнинг буюк алломаларидан бири бўлмиш Ибн Абил Ҳадид ўзининг «Шарҳи Наҳжул балоға» номли китобида ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига ҳужум қилиб келганликлари хусусида шундай ривоят қилган: Умар, ансор ва бир оз муҳожирлардан ташкил топган гуруҳ билан ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига келиб, шундай деди: Менинг жоним Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, Абу Бакрга байъат-қасамёд қилиш учун уйдан чиқгайсиз ёки мен уйни ёқиб юбораман. Зубайр қиличини қинидан чиқариб, уларнинг қаршисида турди. Зиёд ибн Лабид Ансорий билан бир киши Зубайрнинг бўйнини маҳкам тутиб, қисишди. Шунда қилич Зубайрнинг қўлидан тушди ва Умар у қилични тошга уриб синдирди. Сўнгра уларни уйдан чиқариш мақсадида бўйинларидан ушлаб тортиб чиқаришди ва Абу Бакрга байъат қилишлари учун ҳурматсизлик юзасидан уларни қаттиқ итариб, ҳайдаган ҳолда олиб боришар эди.

  Абу Бакр деди: Эй Умар! Холид ибн Валид қаерда? Бориб, Али ва Зубайрни менга олиб келинглар.

   Умар ва Холид ибн Валид имом Али(алайҳис салом)нинг уйларига боришди.

  Умар уйга кирди ва Холид эса ташқарида эшикнинг ёнида тўхтаб турди. Умар Зубайрга деди: Бу қилич нима? Зубайр деди: Имом Али(алайҳис салом)га байъат қилиш учун тайёрлаб қўйганман. Уйда кўп кишилар бор эди. Шу жумладан: Миқдод ибн Асвад(разияллоҳу анҳу) ва барча Бани Ҳошим уйга йиғилишгандилар. Шунда Умар Зубайрнинг қиличини тортиб олди ва уйдаги тошга уриб синдирди. Кейин эса Зубайрнинг қўлини тутиб, уйдан итариб чиқарди ва Холидга буни ушлаб тургин, деди. Холид уни ташқарида сақлаб турди. Ҳолбуки, уйнинг ташқарисида Холид билан бирга кўп кишилар бор эди, Абу Бакр уларни Умар ва Холидга мададкор бўлсинлар деб, юборган эди. Сўнгра Умар уйга кириб, имом Али(алайҳис салом)га шундай деди: Ўрнингиздан туриб, Абу Бакрга байъат қилинг. Умар бир оз қараб турди. Сўнгра имом Али(алайҳис салом)нинг қўлларини тортиб, ўрнингиздан туринг, деди. Имом Али(алайҳис салом)ўринларидан туришдан бош тортдилар. Умар эса у ҳазратга ташланиб, Зубайрни уйдан итариб чиқарганидек, у зотни ҳам итариб чиқарди.

  Сўнгра Холид у иккалаларини ташқарида сақлаб турди ва Умар имом Али(алайҳис салом)ва Зубайрни ва у ҳазратнинг уйида бўлган барча кишиларни ҳурматсизлик қилиб, орқадан итариб, қувиб олиб борарди. Халқ эса тўпланиб олиб, томоша қилардилар. Мадина кўчалари одамлардан тўлиб тошган эди. Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) Умарнинг имом Али(алайҳис салом)га ҳурматсизлигини кўрганларида, фарёд қилиб, йиғлардилар ва у ҳазрат билан бирга Ҳошимий ва бошқа аёллар тўпланишганди. Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)уйларининг масжид томонига бўлган эшигидан чиқиб, шундай нидо қилдилар: Эй Абу Бакр! Қандай ҳам тез Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг хонадонларига қарши макру ҳийла қилдингизлар. Аллоҳ билан учрашгунимча Умар билан сўзлашмагайман.[1]

  Аҳли суннатнинг тарихчи олими Ибн Қутайбаҳ ўзининг «Ал-имомату вас-сиёсаҳ» номли китобида имом Али(алайҳис салом)ни Абу Бакрга байъат қилишга мажбур этганликлари борасида шундай дейди: Имом Али(алайҳис салом)ни Абу Бакрга байъат қилиш учун келтирганларида, у ҳазрат шундай дердилар:

«أَنَا عَبْدُاللهِ وَ أَخُو رَسُولِهِ»

  «Мен Аллоҳнинг бандаси ва Унинг Расулининг биродаридирман».

Имом Али(алайҳис салом)га Абу Бакрга байъат қилинг, дейишди. Шунда имом Али(алайҳис салом) уларга  дедилар:

أنَا أحَقُّ بهذا الأمْرِ مِنْکُمْ، لا أُبَايِعُکُمْ و أنْتُمْ أوْلَي بِالْبَيْعَةِ لِي، أَخَذْتُمْ هَذَا الأَمْرَ مِنَ الأنصار، وَاحْتَجَجْتُمْ عَلَيْهِمْ بِالْقِرَابَةِ مِنَ النَّبِيِّ1، و تَأْخُذُونَهُ مِنَّا أَهْلَ الْبَيْتِ غَصْباً ؟ أَلَسْتُمْ زَعَمْتُمْ لِلْأنصارِ أَنَّکُمْ أَوْلَي بهذا الأمْرِ مِنْهُمْ لِمَا کَانَ مُحَمَّدٌ1 مِنْکُمْ، فَأَعْطَوْکُمْ الْمَقَادَةَ، وَ سَلَّمُوا إِلَيْکُمْ الإِمَارَةَ، وَ أَنَا أَحْتَجُّ عَلَيْکُمْ بِمِثْلِ مَا احْتَجَجْتُمْ بِهِ عَلَي الأنصارِ نَحْنُ أَوْلَي بِرَسُولِ اللهِ (ص) حَيًّا و ميِّتاً، فَأَنْصِفُونَا إِنْ کُنْتُمْ تُؤْمِنُونَ، وَ إلا فَبُوءُوا بِالظُّلْمِ وَ أَنْتُمْ تُعْلَمُونَ.

  «Мен халифаликка сизлардан кўра ҳақлироқдирман, мен сизларга эмас, балки сизлар менга байъат-қасамёд қилишингиз лозим. Сизлар хилофат мансабини ансор тоифасидан олиб, Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га яқин кишилар эканингизни уларга қарши ҳужжат ва далил қилиб олдингиз. Ҳолбуки, халифалик мансабини биз Аҳли байтдан ноҳақ тортиб олдингиз. Сизлар ансор гуруҳига, «Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)биздан бўлгани учун, биз халифаликка лойиқдирмиз», демагандингизми? Шунда улар халифалик амалини сизларга бериб, пешволикни сизларга топширишди. Сизлар ансор гуруҳига келтирган ҳужжатларингиз каби, мен ҳам сизларга ўша ҳужжатларни келтиргайман. Биз Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га ҳаёт ва мамот чоғларида сизлардан кўра сазовордирмиз. Агар Аллоҳдан қўрқиб, Унга имон келтирган бўлсаларингиз, бизга нисбатан инсофли бўлингиз, акс ҳолда билиб туриб, зулмга қўл урган бўлурсиз».[2]

Умар имом Али(алайҳис салом)га шундай деди: байъат қилмагунингизгача сизни қўйиб юбормаймиз.

Имом Али(алайҳис салом) унинг ушбу сўзининг жавобида шундай дедилар:

إِحْلِبْ حَلَباً لَکَ شَطْرُهُ، وَ اشْدُدْ لَهُ الْيَوْمَ أمْرَهُ يَرْدُدْهُ عَلَيْکَ غَداً. ثُمَّ قَالَ: وَاللهِ يَا عُمَرُ لا أَقْبَلُ قَوْلَکَ وَ لا أَبَايِعُهُ.

  «Шундай бир сутни соғгинки, унинг бир қисми сеники бўлсин. Бугун Абу Бакрнинг халифалик амалини мустаҳкам қилгинки, эртага уни сенга қайтариб бергай». Сўнгра имом Али(алайҳис салом) шундай дедилар: Эй Умар! Аллоҳга қасамки, сенинг сўзингни қабул қилмай, Абу Бакрга байъат қилмагайман.[3]

  Абу Бакр имом Али(алайҳис салом)га деди: Агар байъат қилмасангиз, сизни мажбур қилмаймиз.

  Абу Убайда имом Али(алайҳис салом)га деди: Эй амаким ўғли! Сиз ёшсиз ва улар (Абу Бакр ва Умар) эса қавмингизнинг кекса кишиларидир. Сиз улар каби тажрибали ва ишбилармон эмассиз. Абу Бакр сизга қараганда халифалик амалини бошқаришга кучлироқ бўлиб, бу ишни яхши бошқара олади. Шу боис, халифалик мансабини унга топширинг. Зероки, агар сиз тирик қолиб, узоқ умр кўрсангиз, халифалик амали учун яралгансиз ва халифалик мансабини қўлга киритишга сазовор бўлган кишидирсиз. Ва шунингдек, сиз Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг куёвлари бўлиш каби мақом-манзилатга эга бўлганингиз сабабли ҳаммадан устун ва афзалдирсиз.

  Имом Али(алайҳис салом) дедилар:

اللهَ اللهَ يا مَعْشَرَ الْمُهَاجِرِينَ، لا تُخْرِجُوا سُلْطَانَ مُحَمَّدٍ6 فِي الْعَرَبِ عَنْ دَارِهِ وَ قَعْرِ بَيْتِهِ إِلَي دُوَرِکُمْ وَ قُعُورِ بُيُوتِکُمْ، و لا تَدْفَعُوا أَهْلَهُ عَنْ مَقَامِهِ فِي النَّاسِ و حَقِّهِ، فَوَاللهِ يا مَعْشَرَ الْمُهَاجِرِينَ، لَنَحْنُ أَحَقُّ النَّاسِ بِهِ، لِأنَّا أَهْلُ الْبَيْتِ، وَ نَحْنُ أَحَقُّ بِهَذَا الأَمْرِ مِنْکُمْ مَا کَانَ فِينَا الْقَارِيءُ لِکِتَابِ اللهِ، الْفَقِيهُ فِي دِينِ اللهِ، الْعَالِمُ بِسُنُنِ رَسُولِ اللهِ، الْمُضْطَلِعُ بِأَمْرِ الرَّعِيَّةِ، الْمُدَافِعُ عَنْهُمُ الأُمُورَ السَّيِّئَةَ، الْقَاسِمُ بَيْنَهُمْ بِالسَّوِيَّةِ، وَاللهِ إنَّه لَفِينَا، فَلا تَتَّبِعُوا الْهَوَی فَتَضِلُّوا عَنْ سَبِيلِ اللهِ، فَتَزْدَادُوا مِنَ الْحَقِّ بُعْداً.

  Эй муҳожирлар гуруҳи! Аллоҳни ёдга олингиз, Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифалик ва ворислигини у ҳазратнинг уйидан олиб чиқиб, ўз уйларингизга ўрнатиб қўймангиз. У зотнинг хонадони аҳлини инсонлар орасидаги мансабидан ва ҳақ-ҳуқуқларига эришишдан четлаштирмангиз. Эй муҳожирлар гуруҳи! Аллоҳга қасамки, биз барча инсонлардан кўра халифаликка энг лойиқ ва ҳақли кишилардирмиз. Зероки, биз Расулуллоҳнинг хонадони аҳлидирмиз. Модомики, Аллоҳнинг Китобини англаб туриб ўқийдиган, Аллоҳнинг динини тушуниб етган, Расулуллоҳнинг суннатларига огоҳ бўлган, халқнинг ишини бошқара оладиган билимдон киши, инсонларни ёмон ишлардан қайтара оладиган ва халқ ўртасида байтул молни тенг тақсим қила оладиган шахс бизнинг орамизда бор экан, биз сизларга қараганда хилофат амалига энг ҳақли ва лойиқ кишилардирмиз. Аллоҳга қасамки, хилофат бизнинг орамиздадир (халифалик мансабини биздан олиб бўлмас). Демак, ҳавойи нафсга эргашмангиз, оқибат Аллоҳнинг йўлидан озгайсиз ва ҳақ йўлдан ҳаддан ортиқ узоқлашурсиз.[4]

  Башир ибн Саъд Ансорий ушбу сўзларни эшитгандан сўнг, шундай деди: Эй Али! Агар ансор гуруҳи ушбу сўзларингизни Абу Бакрга байъат қилишдан олдин эшитганларида эди, икки киши ҳам сизга қарши чиқмаган бўлар эди.

  Имом Али(алайҳис салом) оқшом чоғи Расулуллоҳнинг қизлари ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо)ни отга миндириб, ансор гуруҳининг мажлисига бориб, улардан ёрдам сўрардилар. Улар эса, эй Расулуллоҳнинг қизи! Бу киши (Абу Бакр)га қилган байъатимиз ниҳоясига етди. Агар умр йўлдошингиз ва амаки ўғлингиз Абу Бакрдан олдин бизнинг ёнимизга келганида эди, Абу Бакрнинг байъатидан бош тортиб, имом Алига байъат-қасамёд қилган бўлардик, деб жавоб беришди.

  Имом Али(алайҳис салом) уларнинг ушбу сўзига жавобан шундай дедилар:

أَفَکُنْتُ أَدَعُ رَسُولُ اللهِ فِي بَيْتِهِ لَمْ أَدْفَنْهُ، وَ أَخْرُجُ أُنَازِعُ النَّاسَ سُلْطَانَهُ؟

  Дунёдан кўз юмган Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг муборак жасадларини ўз ҳолига қўйиб, у зотни дафн этмай туриб, инсонлар билан халифалик мансаби устида тортишармидим?

Ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) ансор гуруҳи ҳақида шундай дедилар:

مَا صَنَعَ أَبُو الْحَسَنِ إلا مَا کَانَ يَنْبَغِي لَهُ، وَ لَقَدْ صَنَعُوا مَا اللهُ حَسِيبُهُمْ و طَالِبُهُمْ.

  Абул Ҳасан (имом Али) сазовор бўлган ишнигина бажардилар ва ансор гуруҳи шундай бир ишга қўл урдиларки, Аллоҳ улар билан ҳисоб-китоб қилгай ва уларни жавобгарликка тортгайдир.[5]

  Абу Бакр имом Али(алайҳис салом)нинг атрофларига тўпланиб олиб, унга байъат қилишдан бош тортган кишиларни бирма-бир кўздан кечирди, сўнгра эса Умарни улар томон юборди. Умар имом Али(алайҳис салом)нинг уйларига келиб, Абу Бакрга байъат қилишларини улардан талаб қилди. Бироқ, улар ушбу байъатдан бўйин товлаб, ўзларининг норизоликларини билдиришди. Шунда Умар ўтин истаб, шундай деди: Умарнинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, байъат қилиш учун уйдан чиқингиз, акс ҳолда уйни ва унда бўлган кишиларни ёқиб юборгайман. Шунда Умарга, эй Хафснинг отаси! Уйда Фотима(саломуллоҳи алайҳо) бор, дейишди. Умар деди: Ҳатто агар Фотима ҳам уйда бўлса-да.

  Имом Али(алайҳис салом)нинг уйида бўлган кишилар ташқарига чиқиб, Абу Бакрга байъат қилишди, фақат имом Али(алайҳис салом)гина унга байъат қилмадилар. Бу борада шундай айтилган; имом Али(алайҳис салом) онт ичдиларки, Қуръонни тўпламагунга қадар уйдан чиқмай, кийимларини елкаларига қўймагайлар.

  Шу вақт ҳазрати Фотима(саломуллоҳи алайҳо) эшикнинг ёнида туриб, дедилар: Сизлар каби энг ёмон ўринга эга бўлган қавм билан менинг аҳду паймоним йўқ.



Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Ибн Абул Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 6-ж, 48 ва 49-бетлар.

[2]. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-ж, 11-бет.

[3]. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-ж, 11-бет.

[4]. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-ж, 12-бет.

[5]. Ибн Қутайбаҳ, Ад-Дийнаварий, «Ал-имомату вас-сиёсаҳ», 1-ж, 12-бет.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.