Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Муҳим Бир Саволга Жавоб

Муҳим Бир Саволга Жавоб

  Олдинги мақолада шу масалага келиб етдикки, ҳамиша қалбимиз тубидан тавҳид ва яккахудолик нидосини эшитамиз, айниқса уни оғир дамларда кўпроқ ҳис қилиб, ихтиёрсизлик билан Аллоҳни ёдга оламиз ва Унинг чексиз қудрати ва фазлу марҳаматидан мадад сўраймиз.

  Бу ўринда шундай савол туғилиши мумкинки, биз фитрат нидоси, деб номлаганимиз ушбу руҳий нидо, жамиятнинг яшаш муҳит ва шароити, мактабу мадрасада берилган таълимлар таъсирида ёки ота-онанинг тарбияси натижасида келиб чиққан одат эмасмикан?
    Жавоб:
  Бу саволга жавоб бериш учун қисқагина муқаддимага тўхталиб ўтамиз.
  Одат ва расм-русумлар ўзгарувчан бўлиб, узоқ давом этмайди. Биз ҳеч бир халқни топа олмаймизки, бутун тарих давомида уларнинг расм-русумлари ва миллий анъаналари ўзгармас бўлиб қолган бўлсин. Бугунги кунда одат тусига кирган нарсалар эртага келиб ўзгариши мумкин. Шунинг учун баъзи халқларга одат бўлган удумлар бошқа халқларда учрамаслиги мумкин.
  Бинобарин, агар бутун асрлар давомида барча миллат ва элатлар орасида иснисносиз мавжуд бўлган хусусиятни инсонлар руҳи ва жонининг тубида қарор топган ва фитрий негизга эга, деб ҳисоблаш мумкин.
  Масалан: Онанинг фарзандига бўлган меҳри-муҳаббатини тарғибот ва таълимот ёки одат ва расм-русум орқали юзага келган, дея олмаймиз. Зеро ҳеч бир замонда ва ҳеч бир қавм тарихида онанинг боласига нисбатан бемеҳр бўлгани кузатилмаган.
  Тўғрики, руҳий безовталаниш туфайли ўз боласини ўлдирган оналар ҳам бўлган ёки жоҳилият даврида нотўғри ва хурофотий эътиқод таъсирида ўз қизини тириклайин кўмган оталар ҳам бўлган. Бироқ бундай ҳолатлар ниҳоятда кам учрайдиган ва мустасно вазиятлар бўлиб, у ҳам бўлса зудлик билан орадан кўтарилиб, фарзандга муҳаббат бўлмиш асл ҳолат янада ўз ўрнини тиклаб олган.
  Юқорида айтиб ўтилган муқаддимадан сўнг, художўйлик масаласи хусусида ўтмишда ва бугунги кундаги ҳолатга назар солайлик. (Бу дарс кўпроқ диққат талаб қилади).
  1. Жамиятшунос ва буюк тарихчи олимларнинг берган гувоҳликларига кўра, ҳеч бир давр ва замонни топа олмаймизки, унда башарият бирон-бир диний эътиқодсиз яшаган бўлсин. Балки ҳар бир аср ва замонда ва дунёнинг ҳар бир қитъасида диний эътиқоднинг бирор тури одамларда бўлган. Бу масала- художўйлик ва диндорлик инсон руҳининг тубидан ва унинг фитратидан келиб чиққанига ёрқин далилдир. Зероки, диндорлик расм-русум, одат ва анъана таъсирида юзага келмаган, балки фитрий бир эҳтиёждир. Агар художўйлик ва диндорлик қалбдан чиққан фитрий эҳтиёж бўлмаганида эди, бу қадар давомли ва кенг ёйилган бўлмаган бўлар эди.
  Ҳаттоки, тарихда ҳали ёзиб қолдириш бошланмасдан бурун ҳам диний ақидалар бўлганлиги ҳақида айрим нишона ва асарлар мавжуд. Хат ёзиш ҳали ихтиро қилинмаган ва инсонлар ўзларидан бирор бир мактуб ёзиб қолдира олмаган замонга тарихдан олдинги давр, деб айтишади.
  Албатта ибтидоий тузумда одамлар Худони табиат оламидан юқори бўлган мавжуд сифатида таний олмаганликлари сабабли Худони табиий мавжудотлар орасида қидиришган ва ўзлари учун табиий махлуқотлардан бутлар ясаб, уларга сиғинишган. Аммо инсонлар ҳаёти ва фикрининг тараққиёти орқали одамларнинг фикрлаши кучайганлиги сабабли ҳақиқатни таний бошладилар ва моддий мавжудотлар бўлмиш бутлардан воз кечиб, бу моддий табиатнинг орқасида буюк  ғайри-моддий куч борлигига ишонч ҳосил қила бошладилар.
  2. Айрим руҳшунос олимларнинг айтишларича, инсон руҳида тўрт аслий ҳис мавжуддир:
  Билишга интилиш ҳиссиёти: Бу ҳис инсонни илму маърифат томон етаклайди ва унинг руҳида илму маърифат касб этишга нисбатан чанқоқлик пайдо қилади, хоҳ бу илмлар моддий манфаатлар келтирсин ёки келтирмасин, лекин инсон барибир илм ва изланишда бўлади.
   Яхшилик қилиш ҳиссиёти: Бу ҳис инсонни эзгулик қилишга ундайди ва инсондаги хуш муомалалик хусусиятларининг манбаи саналади.
   Гўзаллик ҳиссиёти: Инсон ҳамиша гўзалликни хушлайди ва унга интилади. Бу ҳис шеър, адабиёт ва ҳунарнинг пайдо бўлишига асосий омилдир.
  Художўйлик ҳиссиёти: Бу ҳис инсонни ўз Тангрини танишга ундайди ва Унга бўлган сиғинишга эҳтиёж яратади. Бу ҳис инсон руҳидаги асосий ва чуқур негизга эга бўлган ҳиссиётлардан бири бўлиб, ҳеч вақт ундан ажрала олмайди.
  3. Келгуси дарсларда, Худони инкор қилувчиларнинг ўзлари ҳам эътиқодга эга эканликларининг, бироқ улар Аллоҳнинг номини бошқача атаганликларининг шоҳиди бўламиз. Улар Худонинг сифатларини табиатга тақайдилар.
  Масалан: Моддиюнларнинг айтишига қараганда, табиат инсонга иккита буйрак ато этганининг сабаби, агар бири ишдан чиқиб қолса, иккинчиси унинг ҳаётини давом эттиришда кунга ярайди, шунинг учун табиат бежиз инсонга иккита буйрак бермаган. Ушбу мавзу шуурсиз ва онгсиз табиатга уйғун келадими? Ёки моддиюнларнинг бу сўзлари чексиз ва бепоён илму қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳга қарата айтилган, агарчи Унга табиат номини қўйган бўлсалар-да.
  Юқорида айтиб ўтилган баҳслардан қуйидаги хулосаларга келишимиз мумкин:
   Аллоҳга бўлган ишқу муҳаббат бутун вужудимизга сингган ва шундай бўлиб қолади. 
  Тангрига бўлган имон шўъласи доимо қалб ва руҳимизни иситиб туради.
  Аллоҳни таниш учун узундан узун йўлларни босиб ўтишга ҳожатимиз йўқдир, балки фақат қалбимиз тубига назар ташласак етарли, Ул Зотни ўша ердан топа оламиз.
  Қуръони Каримда бу хусусида шундай айтилган:

(وَنَحْنُ أَقْرَبُ إِلَيْهِ مِنْ حَبْلِ الْوَرِيدِ)

  Биз инсонга шоҳ томиридан кўра ҳам яқинроқдирмиз. (Қоф сураси; 16-оят)

 

{mp3}4-nutq{/mp3}

fayl o`lchami: 3.55 MB

yuklab oling

Share

Check Also

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар: Ушбу масалада мезон ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.