Home / Ақоид ва Калом / Тавҳид / Олам – Aллоҳнинг Белгиси

Олам – Aллоҳнинг Белгиси

  Қуръони Каримнинг кўпгина оятларида ер ва осмонларнинг яратилиши, кеча ва кундуз алмашиб туришининг ҳикмати баён қилинган. Қуръони Карим инсонларни ушбу оят-мўъжизаларда фикр юритишга чорлайди. Ёмон ва ножўя ҳаракатлар ва кирдикорлардан узоқлашадиган инсонлар, Аллоҳнинг оятларига имон келтирадилар.

  Ёмон амаллардан сақланмайдиган кимсалар эса Аллоҳнинг оятларига имон келтирмай, кофир бўлишади. Бундай тоифадаги кишилар ер ва осмонларнинг яратилишини беҳуда-бемақсад деб уйлаб, фақат дунё ҳаётининг ташқи кўриниши билан кифояланиб қоладилар. Улар дунёда ҳаёт кечиришдан мақсад нима эканлигини тушуниб етолмасдан, охират ҳаётига нисбатан ғофил-бехабар бўлиб гангиб юраверадилар. Оллоҳ таоло бундай кишиларга аламли азобни ваъда берган. Қуръони Карим инсонлардан барча нарсаларни яратган Парвардигорга ибодат қилишларини ва шунинг билан ҳидоят ва тақво йўлидан бориб, саодатга эришишларини истайди.

Тақво ва имон

  Қуръони Карим «Тақволи инсонлар» учун Ҳидоят китоби бўлиб, «Бақара» сурасининг дастлабки оятларида тақво ва унинг асосларини гўзал бир услубда баён қилган. Аллоҳга имон келтириш, кўзимиз ва қулоқларимиздан ғойиб бўлган ҳақиқий нарсаларга имон келтириш, ягона парвардигоримиз Аллоҳ билан доим алоқада бўлиш учун намозни тўкис адо этиш, Аллоҳ таоло бизга бахшида этган ноз-неъматлардан муҳтож-фақир кишиларга инфоқ-эҳсон қилиш ва Аллоҳнинг барча пайғамбарларига имон келтириб, Қиёмат кунига аниқ ишониш нажот ва ҳидоят йўлининг асосий устунларидан ҳисобланади. Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтиришдан бош тортиб, уларнинг даъватини қабул этмаслик инсон ўзига раво кўрадиган энг буюк зулмдир. Юқорида зикр қилинган ҳақиқатдан ғафлатда қолиб, имон келтирмасликнинг оқибати Қиёмат кунида ҳасрат-надомат ва Оллоҳнинг фазл-раҳматидан маҳрум бўлиш каби ҳолатларда намоён бўлгай. Аксинча, имон келтирган ва дунё ҳаётида тақволи бўлган инсонлар охират оламининг бепоён ажр-мукофотларига сазовор бўладилар.

Аллоҳ, Пайғамбарлар ва Охират Куни

  Инсоннинг нажот топиши Аллоҳга имон келтириш, У йўллаган пайғамбарларнинг кўрсатмаларига амал қилиш, Охират Кунининг хисоб-китобига ишониш ва эътиқод қилиш билан амалга ошади.
  Пайғамбарлар инсонларнинг эътиборини Ёлғиз Аллоҳнинг чексиз қудратига ва У яратган оламнинг буюклигига жалб қиладилар. Улардан «Ер ва осмонларнинг Яратгувчиси бўлмиш Аллоҳнинг борлиги ҳақида шаккингиз борми? Борлиқни яратган Зот, ягона Аллоҳдан бошқа бирор кимса бўла оладими?» деб сўрардилар. Улар инсонларга «Сиз ибодат қиладиган Ундан ўзга нарсалар пуч ва ботил (ноҳақ) бўлиб, оламнинг ҳақиқий Парвардигори Оллоҳдир!» деб уқдирар эдилар.
  Ёлғиз Аллоҳ бизларнинг барчамизни яратган бўлиб, вафот этганимиздан сўнг Унинг ҳузурига қайтгаймиз. Шунинг учун фақат Угина ибодат қилинишга сазовор бўлган Зотдир. Шундай экан, Ундан бошқага қандай кўнгил боғлаб ва Ундан ўзгага қандай ибодат қилиб бўлур?! Ҳеч бир нарса Ягона Аллоҳ учун ибодат қилинишига тўсқинлик қила ололмаслиги лозим. Агар бир сарзаминда Аллоҳга ибодат қилиб бўлмайдиган бўлса, бошқа бир ерга ҳижрат қилиш ва Аллоҳга ибодат қилиш имкони бўлган сарзаминда ҳаёт кечириш вожибдир.
  Аллоҳ таоло бизларга юборган пайғамбарларга салом-салавот йўллаб, Аллоҳга ҳамд-санолар айтгаймиз. Зероки, У бутун оламлар Парвардигори ва Эгасидир.

Share

Check Also

Нега шиалар охиратда Аллоҳнинг жамолини кўз билан кўриб бўлмайди дейишади?(7)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Аллоҳ таолони кўз билан кўришни инкор этувчи оятлар: Ушбу масалада мезон ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.