Home / Ислом тарихи / САҚИФАИ БАНИ СОИДА ВОҚЕАСИ 1

САҚИФАИ БАНИ СОИДА ВОҚЕАСИ 1

  Аҳли суннатнинг буюк тарихшунос олими Ибн Қутайба Дийнаварий ўзининг «Ал-имомату вас-сиёсаҳ» номли китобининг 1-жилди, 21 дан 31 гача бўлган бетларида, Сақифада бўлиб ўтган воқеа хусусида шундай ривоят қилган:

 Ибн Афир, Абу Авндан ва у эса Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмондан ривоят қилиб дедики, Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дунёдан кўз юмган вақтларида, Ансор[i] Саъд ибн Убоданинг ёнига тўпланиб, унга дедилар: Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дунёдан кўз юмдилар. Саъд ўз ўғли Қайсга дедики: Мен касаллигим туфайли сўзимни халққа етказа олмайман. Сўзимга қулоқ тутиб, уни уларга эшиттиргин. Шунда Саъд суҳбат қилар ва ўғли эса унинг сўзини халққа эшиттириш учун балан товуш билан такрорлар эди. Унинг айрим сўзлари шундан иборат эди: Аллоҳ таолога ҳамду сано айтиб шундай деди: Эй Ансор гуруҳи! Сизлар Ислом динида ўтмиш ва устунликка эгадирсизки, ҳеч бир араб қабиласи учун бундай ўтмиш ва фазилат йўқ. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи )ўз қавми орасида ўн йилдан ортиқ ҳаёт кечириб, уларни меҳрибон Аллоҳга ибодат қилишга ва бутлардан қўл тортишга даъват қиларди, лекин унинг қавмидан оз кишилардан бошқа ҳеч ким унга имон келтирмади.

  Аллоҳ таоло сизлар учун фазилат ва устунликни истаб ва улуғворликни сизлар томон йўллаб, сизларни ушбу неъматга сазовор қилиб танлаган экан, Аллоҳга қасамки, ўша мушриклар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га тўсқинлик қилишга ва унинг динини тан олинишига ҳамда у зотни ўзларидан узоқлаштиришга қодир эмасдилар. Аллоҳ ва Унинг Расулига имон келтиришни ҳамда Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) ва у зотнинг саҳобалари ва дини учун юксакликни ва у ҳазратнинг душманларига қарши жиҳод қилишни сизларга ризқ қилиб берди.

  Сизлар инсонлар орасида ўз ихтиёрлари билан ёки ночор қолганликлари сабабли Аллоҳнинг фармонига бўйин эгиб, Ислом динига киргунларига қадар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га қарши чиққан кимсаларнинг ашаддий душмани эдингиз ва ўзгалардан кўра ўз душманингизга қаттиққўл эдингиз.

  Сизлар сабабли улар хор-залил бўлган ҳолда бўйин эгдилар. Аллоҳ таоло сизларнинг мададингиз билан Пайғамбарни ер юзида ғолиб қилди. Араблар сизларнинг қиличингиз ёрдамида Пайғамбар олдида хор ва паст бўлишди. Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) сизлардан рози-хушнуд бўлган ҳолда боқий оламга сафар қилдилар. Демак, хилофат мансабини қўлларингиз билан мустаҳкам тутингиз, зеро сизлар халифалик мансабига эга, сазовор ва лойиқ кишилардирсиз.

  Мажлисда ҳозир бўлган кишилар Саъд ибн Убоданинг ушбу сўзларга жавоб қайтариб, шундай дедилар: Билдирган фикр-мулоҳазангизда омадлисиз, тўғри ва рост сўзни дедингиз, биз сиз билан хилофат мансабини эгаллаш борасидаги фикр-мулоҳазангизга ҳаргиз қарши душманлик қилмагаймиз. Сиз мўъминларни қониқтирувчи ва уларга нисбатан хайрихоҳдирсиз.

  Сақифадаги ҳодиса Абу Бакрга етиб боргач, қаттиқ чўчиди ва Умар билан биргаликда тезлик билан Сақифаи бани Соида томон йўл олишди. Йўлда Абу Убайдаҳ ибн Жарроҳни учратишди ва уч киши бўлиб, ўша манзилга етиб боришди. У ерда таниқли буюк кишилар бор эди, улардан бири Саъд ибн Убода эди. Шунда Умар сўзлашни ирода қилиб, шундай деди: Абу Бакр айрим сўзларни айтмаслигидан қўрқаман. Шунга биноан, Абу Бакр нутқ сўзлашга муҳайё бўлиб, шундай деди: Аллоҳ таоло Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни инсонларни ҳидоят қилиш учун ҳақ дин билан юборди. У ҳазрат инсонларни Ислом динига даъват этди. Аллоҳ таоло бизнинг онгимиз ва дилларимизни у зот даъват қиладиган Ислом дини томон етаклади. Биз муҳожирлар[ii] тоифаси Исломга бўйин эгишда инсонларнинг илк кишилари эдик. Ҳолбуки, инсонлар мусулмон бўлишда бизга эргашувчи эдилар. Биз Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) нинг қавм-қариндошимиз. Шунга қарамай, биз насл-насаб ва ирқ жиҳатидан арабларнинг ўртасимиз. Барча араб қабилаларида шубҳасиз, Қурайш учун фарзанд бордир ва шунингдек, сизлар Ансор гуруҳи, Аллоҳга қасамки, Пайғамбарга паноҳ берган ва у зотга ёрдам қилган кишилар эдингиз. Сизлар динда  бизларга вазир ва мададкор эдингиз ва сизлар Аллоҳ таолонинг китобида бизнинг биродаримиз ва Буюк Аллоҳнинг динида бизнинг шерикларимиздирсизлар. Қийинчилик ва осойишталикда ёр-биродаримиз эдингиз. Аллоҳга қасамки, ҳар бир хайрли ишда биз билан бирга эдингиз.

  Демак, сизлар биз учун энг севимли инсонлар ва бизга насбатан энг улуғвор кишилар эдингиз. Аллоҳнинг қазо-қадарига рози бўлишда ҳамда Буюк Аллоҳнинг фармонига таслим бўлишда энг сазовор инсонлардирсиз. Аммо Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ворислари хусусида биродарингиз муҳожирларга қарши кина-ҳасад қилмангиз ва сизлар эҳтиёжингиз бўла туриб, биродарларингиз муҳожирларни ўзларингиздан устун қўйиб, уларга фидокорлик қилардингиз. Сизлар хилофат мансаби борасида ихтилоф қилмасликда энг лойиқ инсонлардирсиз. Аллоҳ таоло биродарларингиз муҳожирларга бахшида этган хайрли иш (халифалик мансаби) хусусида ҳасад қилиш сизларга ярашмайди. Зероки, халифалик борасида сизлар ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуққа эга эмасдирсиз. Мен сизларни Абу Убайда ёки Умарни халифа этиб танлашингизга чорлайман ва мен бу иккаласи сизлар учун халифа бўлишига розидирман. Бу иккаласи ҳам халифалик мансабига лойиқ кишилардир.

  Умар ва Абу Убайда ушбу сўзнинг жавобида шундай дейишди: Эй Абу Бакр! Ҳеч бир кимса сиздан устун ва юқори бўла олмас. Сиз ғорда Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) билан бирга бўлгансиз ва Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) сизни халқ учун намоз ўқишга амр қилдилар. Демак, сиз хилофат мансабига энг лойиқ кишидирсиз.

  Ансор гуруҳи дейишди: Аллоҳга қасамки, биз хилофат устида сизлар билан тортишмагаймиз ва эй Абу Бакр, бизлар сиз учундирмиз. Аллоҳнинг яратган халқидан ҳеч ким бизнинг наздимизда сизлардан кўра севимлироқ бўлмай, бизнинг ҳузуримизда ҳеч қандай ўринга эга эмас. Бироқ, биз эртага рўй берадиган воқеадан хавотирдамиз ва ушбу хилофат мансабини биз ва сизлардан бўлмаган кимса эгаллаб олишидан хавфсираб турибмиз. Демак, агар бир кишини биздан ва бир кишини ўзларингиздан хилофат мансабига тайин этсаларингиз, биз уларга байъат-қасамёд қилиб, бундай халифалик тузумига таслим бўлурмиз. Ҳар вақт у иккаласидан бири бу дунёдан кўз юмса, иккинчисини халифаликка танлаймиз. Бу уммат Ер юзида бор бўлгунига қадар, бир киши сиз муҳожирлардан ва бир киши биз Ансор тоифасидан хилофат мансабига тайин этилгай. Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг умматида халифалик мансаби адолат юзасидан давом этиши лозимдир, шунда баъзиларимиз, айримларимизга эргашгайдир. Демак, Қурайшлик киши йўлдан оғмоқчи бўлса, Ансор гуруҳи уни тутиб, унга тўсқинлик қилурлар ва шунингдек, Ансор тоифасидан бўлган киши йўлдан бурилмоқчи бўлса, Қурайшлик киши унинг олдини олгай.

  Абу Бакр ушбу сўзларни эшитгандан сўнг ўрнидан туриб, шундай деди: Аллоҳ Ёлғиз Зот эканлигига эътиқод қилиб, Ўзигагина ибодат қилсинлар деган мақсадда Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни бандаларига Пайғамбар қилиб юборди ва у зотни уммат устидан гувоҳ қилди. Ҳолбуки, ўша ҳалқ турли хил илоҳларга ибодат қилардилар. Ўша илоҳларни ўзлари учун шафоат қилгувчи ва кўп манфаат келтирувчи деб, гумон қилар эдилар. Шубҳасиз, ўша илоҳлар йўниб олинган тошлар ва рандаланган ёғочлар эди. Агар истасаларинг, ушбу оятларни ўқингиз:

﴿إِنَّكُمْ وَمَا تَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللَّهِ حَصَبُ جَهَنَّمَ

«Шубҳасиз, сизлар ва Аллоҳдан ўзгага ибодат қилаётган нарсаларингиз (бутларингиз) жаҳаннам ўтинларидир». (Анбиё сураси 98-оят.)

﴿وَيَعْبُدُونَ مِن دُونِ اللّهِ مَا لاَ يَضُرُّهُمْ وَلاَ يَنفَعُهُمْ وَيَقُولُونَ هَؤُلاء شُفَعَاؤُنَا عِندَ اللّهِ

«Улар Аллоҳни қўйиб, ўзларига зиёни ҳам фойдаси ҳам тегмайдиган нарсалар (бутлар)га ибодат қиладилар ва: Ана ўша (бут)лар бизнинг Аллоҳ ҳузуридаги шафоатчиларимиздир», дерлар… (Юнус сураси 18-оят.)

﴿وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مِن دُونِهِ أَوْلِيَاء مَا نَعْبُدُهُمْ إِلَّا لِيُقَرِّبُونَا إِلَى اللَّهِ زُلْفَى

Ўша мушриклар Пайғамбарларга хитоб қилиб, шундай дердилар: «Биз ўша бутларга бизни фақат Аллоҳга яқинлаштиришлари учунгина ибодат қилурмиз…» (Зумар сураси3-оят).

  Ўз оталарининг динини тарк этиш, арабларга оғир ва қийин иш эди. Шу боис, Аллоҳ таоло илк муҳожирларни Ўз динини тасдиқлаб, унга имон келтириб, унга мадад бериш учун хос этиб танлади ва Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни ўз қавми ёлғончига чиқариб, у зотга қарши қўпол муомала қилганида, муҳожирлар у ҳазратнинг ёнларида бўлиб, сабр қилардилар. Ҳолбуки, барча инсонлар уларга қарши чиққан эдилар ва уларга азият-озор етказардилар. Муҳожирлар сонининг озлиги ва инсонлар уларни хўрлаб, камситишлари ҳамда қавм-қариндошлари уларга қарши тўпланиб олганликларидан қўрқувга тушмасдилар. Демак, муҳожирлар ер юзида Аллоҳга ибодат қилган Аллоҳ ва Унинг Элчисига имон келтирган илк кишилардир ва улар Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг дўстлари ва қавм-қариндошларидирлар.Муҳожирлар Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, халифалик мансабини эгаллашга энг лойиқ инсонлардир. Хилофат мансаби хусусида золим кимсадан бошқа ҳеч ким муҳожирлар билан тортишмас.

  Эй Ансор гуруҳи! Сизлар Муҳожирларнинг афзаллиги ва устунлигини ва уларнинг Исломдаги улкан ўрнини инкор эта олмассиз. Аллоҳ таоло, сизлар Унинг дини ва элчисининг мададкори бўлишингизга рози бўлди. Ўз Пайғамбарининг ҳижратини сизлар томонга йўллади. Демак, илк муҳожирлардан кейин ҳеч ким бизнинг ҳузуримизда сизларнинг мартабангизга эга эмас экан, биз халифа ва сизлар вазирдирсиз. Сизлар билан маслаҳат қилмасдан ҳеч бир иш борасида ҳукм қилмагаймиз ва сизларсиз ҳеч бир иш амалга ошмагай.

  Ҳабоб ибн Мунзир ибн Зайд ўрнидан туриб, шундай деди: Эй Ансор гуруҳи! Хилофат мансабини мустаҳкам тутиб олингиз. Дарҳақиқат, одамлар сизларнинг паноҳингиз ва соянгиз остидадирлар. Ҳеч бир золим сизларга қарши иш тута олмас. Ҳаргиз одамлар сизларнинг раъй-фикрингиздан бош торта олмаслар. Сизлар юксаклик, бойлик ва куч-қудрат ҳамда шижоатга эга бўлган сон-саноғи кўп кишилардирсиз. Албатта, одамлар сиз бажарадиган ишга қарайдилар. Демак, ўзаро ихтилоф қилмангизки, оқибат фикр-мулоҳазангиз фасод ва бузғунликка йўлиқгай ва ишларингиз поёнига етмагайдир.

  Сизлар Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)гава мужоҳирларга паноҳгоҳ ва мадад берган кишилардирсиз. Муҳожирларнинг ҳижрати сизлар томонга бўлган эди, имон келтирган илгариги кишилар (муҳожирлар)даги бўлган фазилатга сизлар ҳам, эгадирсиз. Сизлар муҳожирлардан илгари, уй ва имон эгаси эдингиз. Аллоҳга қасамки, фақат сизларнинг юртингиздагина Аллоҳга ошкор ибодат қилдилар. Фақат сизларнинг масжидингиздагина намоз жамоат билан ташкил этилди. Араблар сизларнинг қиличингиз билангина Исломга бўйин эгишди. Демак, халифалик мансабини эгаллаб олишда сизларнинг насибангиз барчадан ортиқроқдир, агарчи муҳожирлар бу ҳақиқатдан бош тортсалар-да, хилофат мансаби сизларникидир. Демак, бир амир ва халифа биздан, ва бир амир ва халифа сиздан бўлсин.

  Умар ушбу сўзларни тинглаганидан сўнг, ўрнидан туриб, шундай деди: Ҳаргиз икки қилич бир қинга сиғмас (яъни: Икки халифа бир сарзаминда ҳукмронлик қила олмас). Аллоҳга қасамки, сизлар Ансор гуруҳи, арабларга ҳукмронлик қилишингизга улар рози бўлмаслар. Ҳолбуки, Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)сизлардан эмас. Бироқ араблар Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)улардан бўлмаган кишилар, халифалик мансабини эгаллаб олишларини хуш кўрмаслар. Шу боис, Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)улардан бўлган араб қабиласи, халифа ва бошлиқ бўлиши лозим. Шу боис, бизга мухолиф бўлган араб қабиласига қарши ошкор ҳужжат ва далилга эгадирмиз. Ким Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг подшоҳлиги ва мероси хусусида биз билан тортишади? Ҳолбуки, биз у зотнинг дўстлари ва қавм-қариндошларимиз. Хилофат мансаби хусусида фақат ноҳақ далил келтирадиган, ёки гуноҳ томонга оғган, ёхуд ҳалокатга йўлиқмоқчи бўлган кишигина биз билан жанг-низо қилади.

  Хабоб ибн Мунзир яна ўрнидан туриб, шундай деди: Эй Ансор гуруҳи! Хилофат мансабини мустаҳкам тутиб олингиз. Умар ва унинг тарафдорларининг сўзларига қулоқ бермангиз. Акс ҳолда сизларнинг хилофатдан бўлган насибангизни олиб қўйгайлар. Агар сизлар истаган нарсадан бўйин товлаб, сизларга қарши чиқишса, ўз юртингиз (Мадинаи мунаввара)дан уларни қувиб чиқарингиз. Халифаликни Маккадан келган муҳожирлардан тортиб олингиз. Аллоҳга қасамки, сизлар халифаликка муҳожирлардан кўра лойиқроқ ва сазоворроқдирсиз. Кимки хилофат мансаби баробарида ортга чекинмаса, қиличларимиз билан у кимсани нобуд этгаймиз. Огоҳ бўлингиз! Аллоҳга қасамки, агар истасаларингиз, халифаликни дастлабки давридан ўз томонингизга қайтара оласиз. Аллоҳга қасамки, кимки менга қарши сўз очса, қилич билан бурнини синдираман.

  Умар ибн Хаттоб ушбу сўзнинг жавобида шундай деди: Агарчи, Ҳабоб менинг сўзимга жавоб қайтарар экан, мен у билан сўзлашмагайман. Зероки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳаётлик чоғларида мен ва унинг ўртасида жанг-низо бўлиб ўтган эди ва Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)мени  Ҳабоб билан юзма-юз бўлишдан қайтаргандилар. Шу боис, Ҳабобга ёқмаган сўзни айтмасликка онт ичган эдим.

  Табарий ва ибн Асир ривоят қилишича, Умар Ҳабобнинг сўзларига қарама-қарши ўлароқ: «Аллоҳ сенинг жонингни олсин», деди. Ҳабоб ҳам Умарнинг мазкур сўзига, балки Аллоҳ сенинг жонингни олсин, дея жавоб қайтарди.

  Умар ва Ҳабобнинг ўртасида қўпол ва дағал муомала бўлиб ўтгач, Умар Ҳабобни тутиб, унинг қорнига тепди ва унинг оғзини тупроққа белади.

  Сўнгра Абу Убайда ўрнидан туриб, деди: Эй Ансор гуруҳи! Сизлар Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ва муҳожирларга ёрдам ва паноҳ берган илк кишилардирсиз. Демак, динда ўзгартириш киритадиган биринчи кишилар бўлмангиз.


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[i] Яъни Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ни Мадинаи мунавварага даъват қилиб, у ҳазратга мадад берган мусулмонлар. Ансор гуруҳи Авс ва Хазраж қабиласидан ташкил топган инсонлар бўлиб, мусулмон бўлишларидан олдин ўзаро келиша олмай, доим жанг қилар эдилар. Ислом нури Мадинаи мунавварага кириб келиши баракоти туфайли, бир-бирлари билан биродар бўлиб, уларнинг ўртасидаги келишмовчиликлар ўртадан кўтарилди.

[ii] Маккадан Ясриб (Мадина)га ҳижрат қилган биринчи мусалмонларга муҳожир дейилади.

Share

Check Also

Ислом тариxининг қора саҳифалардан бири-1

Бисмиллоҳир Раҳмонир Раҳим Ўттиз иккинчи ҳижрий сана. Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри. Ўша …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.