Home / Ақоид ва Калом / Адл / Жабр Ва Ихтиёр Масаласи

Жабр Ва Ихтиёр Масаласи

 

Аллоҳнинг адолати билан боғлиқ муҳим масалалардан бири– «жабр ва ихтиёр» масаласидир. Жабрийлар эътоқодича, инсон ўз ёнидан ҳеч ихтиёри соҳиби бўлмай, амали ва юриш-туришида, айтадиган сўзларида, аъзоларининг ҳаракатида ва барча хатти-ҳаракатида машина қитъалари каби жабрий ва мажбурий ҳолда йўналтирилади.

 Шунинг учун, юқоридаги бу масала «Аллоҳнинг адолатига қандай уйғун келади», деган савол туғилади. «Ашоира» гуруҳи олдинги дарсларда улар ҳақида сўз юритганимиздек, «инсон ақли дин таълимотларидан фоидаланмай туриб ҳам айрим яхшилик ва ёмонликни таний олиш ва уларни бир-биридан ажратишга қодир эмас, деган хулосага келгандилар». Улар шу эътиқодга биноан, «жабр назарияси»га ёндашиб, Аллоҳнинг одиллигини инкор қилганлар. Чунки, «жабр назарияси»ни қабул қилиш билан адолат масаласи маъносиз бўлиб қолади.
Ушбу масалани ёритиш учун бир неча мавзуларни кўриб чиқишимиз лозим:

1. «Жабр» эътиқодининг келиб чиқиши

  Ҳар бир инсон ўз вужудида келадиган қарорида эркин эканлигини ҳис этади. Масалан; Бирор дўстига молиявий кўмак бериши ёки бермаслигида озод эканини ёки чанқаган ҳолида олдида турган идишдаги сувни ичиш ёки ичмаслиги ўз ихтиёрида эканини ёхуд уни ранжитиб қўйган кишини кечириш ёки кечирмаслик ўзининг қўлида эканини яққол тушунади.
 Ёки ҳар бир инсон қариганлиги ё  беморлиги сабабли ўзининг ихтиёрисиз қалтираётган одам қўли билан ўз ирода-ихтиёри натижасида ҳаракатланаётган соғлом киши қўли ўртасида фарқ қўяди. Шунга кўра, ирода-ихтиёрнинг озодлиги бутун инсонларга тегишли бўлган умумий бир ҳиссиёт бўлишига қарамай, нимага баъзилар «жабрия» ғоясига эргашиб кетганлар?!
Албатта бу масаланинг бир неча далиллари мавжуд бўлиб, биз бу дарсда бунинг муҳим далилини баён қиламиз, холос. Ушбу далил шундан иборатки, инсонга муҳитнинг таъсир қилишини, қандай тарбияда бўлганининг таъсир кўрсатишини, турли хил чақириқ ва тарғиботлар таъсирини, иқтисодий ва ижтимоий вазиятнинг инсонлар онги, руҳи ва уларнинг хис-туйғусида таъссурот қолдиришини ва ирсият ҳам бир омил сифатида таъсир кўрсатишини инкор қилиб бўлмайди.
 Юқорида зикр этилган бир неча омиллар таъсири тўпламини назарга олсак, гўёки инсондан ирода-ихтиёри тортиб олингандек кўринади. Гўёки ташқи ва ички омиллар инсонни муаян бир ишни қилишга мажбур қилаётгандек туюлади. Гоҳида «агар бу омиллар бўлмаганда эди, инсон бу ишни қилмаган бўлар эди», деб ўйлаймиз. Бу омилларни «муҳит жабри», «иқтисодий шароит жабри», «таълим-тарбия жабри», «ирсият жабри», деб номлаш мумкин.

2. «Жабрий»ларнинг асосий хатоси

 Жабрийлар асосий бир масаладан ғофилдирлар. У ҳам бўлса «ҳис-туйғу» ва «ноқис сабаб»ни «комил сабаб» билан адаштиришларидир. Ҳеч ким «яшаш муҳити», «таълим-тарбия» ва «иқтисодий шароит»нинг инсон тафаккури ва унинг хатти-ҳаракати шакилланишида таъсирга эга эканлигини инкор қила олмайди. Бироқ мазкур омилларнинг ҳеч бири инсон йўналишини тайин этувчи асосий ва комил сабаб бўла олмайди, негаки нима бўлганда ҳам ва ҳар қандай шароитда қайси йўлни танлашимиз бизнинг ирода-ихтиёримизга боғлиқдир.
 Чунки, ҳатто фасод ва гуноҳга ботган ва йўлдан оғиш учун барча шарт-шароит муҳайё бўлган муҳитда ҳам фасод йўлига кирмай, порахўрлик қилмай ва гуноҳ ишларга қўл урмай ҳаёт кечириш мумкин ва шундай шароитда ҳам инсон гуноҳ қилишга мажбур эмас.
 Бинобарин, «шарт-шароит яратувчи омиллар»ни «тайин этувчи асосий ва комил сабаб»дан ажратмоғимиз лозим.
  Шунинг учун баъзи бир ёмон оилаларда парвариш топган ёки ўта тубан муҳит ва маданиятда униб ўсган ёхуд номуносиб ирсга молик бўлган кўпгина инсонлар тўғри йўлни танлаб, жамиятдаги бузғунчилик ва фасодларга бардош бера олмай, ўша муҳит ва маданиятга қарши оёққа туриб инқилоб қилганлар. Агар муҳит ва маданиятни инсон ихтиёрини тортиб олувчи сабаблардан бири, деб ҳисобласак, унда ер юзасидаги ҳеч бир давлатда инқилоб рўй бермаган бўлур эди ва ҳамма ўз муҳит ва маданиятига бўйин эгиб, янги маданият ва муҳит яратмаган бўлар эди.
 Демак, юқорида санаб ўтганимиз омиллар (муҳит-маданият, тарбия, ирс, иқтисод ва сиёсат) ҳеч бири инсон тақдирини белгиламайди, балки маълум миқдорда таъсир кўрсатиб, инсон қайси йўлни танлаши учун шарт-шароит яратади. Инсон тақдирини ўз ирода-ихтиёри билан қайси йўлни танлаб амал қилиши белгилайди ва у бу йўлни танлашда мажбур қилинмаган.
  Ушбу даъвомизга яна бир мисол шундан иборатки, инсон ўз ирода-ихтиёри билан ёзнинг жазирама иссиғида Аллоҳнинг фармонига бўйин эгиб, рўза тутишга қарор қилади. Шунда унинг бутун вужуди чанқагани учун сувни талаб қила бошлайди, аммо у эса Аллоҳ фармонига бўйсуниб бадан талабини қондиришни эътиборга олмай рўза тутишни устун кўради. Ҳолбуки, бошқа бир шахс ушбу талабга таслим бўлиб, рўза тутмай сув ичиши мумкин.
  Хулоса қилиб айтганда, барча омиллардан устун турадиган инсоннинг ирода ва қарори қайси йўлни танлаши билан унинг тақдирини белгилайди.

3. Жабрия назарияси пайдо бўлишининг ижтимоий-сиёсий сабаблари

  Тарих маълумотларига қараганда, жабр ва ихтиёр масаласи кўп ўринларда суиистеъмол қилинган бўлиб, назарга олинмаган бир қатор омиллар жабр эътиқоди кескинлашишига ва инсон ўз ирода-ихтиёрида озод экани инкор қилинишига сабаб бўлган, жумладан:

1. Сиёсий омиллар

  Кўпгина золим, худбин ва сиёсатчи ҳукмдорлар халқнинг оёққа туришининг олдини олиб, уларни бўйин эгган ҳолда сақлаб туриш ва инқилобларнинг алангасини сўндириш ҳамда ўзларининг нопок ҳукуматларини давом эттириш мақсадида биз инсонлар ҳеч қандай ирода-ихтиёрга эмасмиз, балки қазо ва қадар ва тарих зўрлаши оқибатида айримлар ҳукмдор ва бошқалар эса ҳукмдорлар қўл остида бўлмоқлари лозим, деган эътиқод асосида ўзларини оқлашар эди. Уларнинг даъвоси бўйича, Тангрининг қилган тақдири туфайли ҳокимлар ҳукуматга келадилар ва уларга таслим бўлиш- бу тақдирга тан бериш ва тарих зўрлашига таслим бўлиш ҳисобланади.
 Маълумки, бундай эътиқодни халқ орасига киргизиш нақадар уларни ором ҳолда сақлар ва ҳукмдорларнинг мустамлакачилик сиёсатини давом эттиришга ёрдам берар эди. Ҳолбуки, ақл ва дин ҳукми бўйича, биз ўз тақдиримизни ўзимиз танлаган йўл ва қилган амалларимиз билан белгилаймиз ва «қазо ва қадар» масаласида жабр асло йўқдир. Аллоҳнинг қазо ва қадари бизнинг қиладиган саъю-ҳаракатларимиз, ирода, истагимиз ва имонимиз орқали тайин қилинади.

2. Руҳий омиллар

  Баъзи иродаси суст ва ялқов одамлар ҳаётларидаги муваффақиятсизликларини пешонада ёзилганликка йўйиб, ўзларининг айбларини ва ҳаётдаги мағлубиятга учраганликларини ўз зиммаларига олиб, қилган хатолари ва иш ёқмасликларидан деб билиш ўрнига  тақдир тақозосига юклагандек бўладилар. «Нима ҳам қилар эдим пешонамга бахти қаро деб ёзилган бўлса, уни ҳеч нарса билан ўзгартириб бўлмайди, ҳатто Замзам ва Кавсар суви билан ҳам кетказиб бўлмайди»-дейдилар. Шу гаплар билан ўзларини юпантириб, безовталанишдан узоқлашишга уринадилар ва ўзларини хотиржам қилиб кўрсатадилар.

3. Ижтимоий омиллар

  Баъзилар ҳаётда «озод» бўлмоқчи бўлиб шаҳватларини қондириш йўлида қабиҳ гуноҳларга қўл урадилар. Улар қилган ишларида ўзларини бегуноҳ кўрсатмоқчи бўлиб, «Худо бизни шундай яратган»- деб жабрийлар назариясидан фойдаланадилар. Шунинг билан ҳам ўзларини қониқтирадилар ва ҳам инсонлар жамиятига ўзларини гуноҳсиз қилиб кўрсатадилар.
 Улар жабр эътиқодига юзланишлари орқали ўзларининг шаҳватпарастликларини «Биз тутган йўлимизда ирода-ихтиёрга молик эмасмиз», деган сўзлар билан оқлашга ҳаракат қиладилар.
 Лекин биз уларнинг бу даъволари ёлғон эканлигини яхши биламиз. Ҳатто бу гуноҳларга йўл қўйган шахсларнинг ўзи ҳам келтирган узр-баҳоналари асоссиз ва ёлғон эканлигини тушуниб турадилар. Бироқ қисқа муддатли лаззатларидан баҳраманд бўлиш ва ўз моддий манфаатларини қўлга киритиш учун ҳақиқатни ошкор қилмайдилар.
 Шунинг учун инсонлар жамиятини фикрий ва эътиқодий нуқтаи назардан соғломлаштириш учун золим ҳукмдорлар  ўзларининг мустамлакачилик манфаатлари йўлида қурол қилиб олган, фосиқ ва  дангаса шахслар ўзларининг хато ва гуноҳ ишларини оқлаш учун баҳона қилиб олган ва инсонлар жамиятини фасод ва буғанишларга олиб келадиган «жабр» назариясига қарши курашмоқ лозим.

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.