Home / Ақоид ва Калом / Адл / Ҳидоят Ва Залолат Аллоҳнинг Қўлида

Ҳидоят Ва Залолат Аллоҳнинг Қўлида

 

1. Ҳидоят ва залолат турлари;

 Агар бирор мусофир сизнинг олдингизга келиб бир уй манзилини сиздан сўраса, у ҳолда сиз икки йўлдан бирини танлаб унга ёрдам беришингиз мумкин:

1- Уни то истаган манзилигача олиб бориб қўясиз ва хайрхоҳлик вазифасини олий даражада ўтайсиз.
2- Ёки унга йўлни турган жойингиздан турли хил белгиларни айтиш билан истаган манзили сари йўллайсиз.
 Шубҳасиз, ҳар иккала ҳолатда ҳам сиз унга йўлбошчилик қилган бўласиз, фақат фарқи шундаки, иккинчи ҳолатда сиз фақат йўл кўрсатиб берган бўласиз. Бу ҳолатга «ироъатут-тарийқ», яъни йўл кўсатиш дейилади. Бироқ биринчи ҳолатда ўша мусофирни истаган манзилига етказиб қўясиз. Бу ҳолатга «ийсолун илал матлуб», яъни мақсадга етказиб қўйиш дейилади.
 Қуръони Карим ва ҳадис шарифларда ҳидоят сўзи ҳар икки маънода келгандир. Бошқа тарафдан қараганда, баъзан ҳидоят фақат ташриий, яъни маълум қонун-қоидалар дастури асосида бўлса, баъзан эса ҳидоят таквинийдир. Бунинг маъноси- яратилишга оид бўлган ҳидоят, масалан нутфанинг тўлиқ инсон бўлгунга қадар ҳаракатланишига ўхшаш ҳолатлар, қуёш ва ернинг ҳаракатлари ва бошқалардир. Ҳидоятнинг турларини кўриб чиққанимиздан кейин асл мақсадга ўтамиз.
 Аслида биз ҳидоят деганда «залолат» қаршисидаги ҳидоятни тушунамиз. Кўп оятларда келишича, ҳидоят ва залолат Худонинг қўлидадир. Албатта бешак, Аллоҳ тўғри йўлга ҳидоят қилувчи пайғамбарларни юбориб ҳидоят бўлишга шароит яратади ва инсонларга тўғри йўлни кўрсатади (келтирган мисолимизнинг биринчи ҳолати).
 Лекин мажбурий ҳолда мақсадга олиб бориб қўйиш эса (келтирган мисолимизнинг биринчи ҳолати) бандаларнинг ирода-ихтиёри озодлигига тўсиқ бўлиш деганидир. Аллоҳ бизга тўғри йўлни кўрсатиб, бандаларнинг ўз ихтиёрлари билан ана шу йўлда юришларини истайди. Аллоҳ ҳидоятининг маъноси, инсонлар тўғри йўл топишлари учун керакли шарт-шароитларни уларга яратиш демакдир.

2. Муҳим бир савол;

 Муҳим бир савол шундан иборатки, Қуръон оятларида «Аллоҳ истаган бандаларини ҳидоят қилади ва истаганларини эса залолатга бошлайди», дейилган. Масалан;

(فَيُضِلُّ اللّهُ مَن يَشَاءُ وَيَهْدِي مَن يَشَاءُ وَهُوَ الْعَزِيزُ الْحَكِيمُ)

 Демак, Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва (Ўзи) хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У қудратли ва ҳикматли зотдир. (Иброҳим сураси; 4-оят)
 Баъзилар бошқа оятларни ва оятлар бир-бирини тафсирлашини назарга олмаган ҳолда мазкур оятни кўришлари биланоқ дарҳол эътироз қила бошлашади. Масалан бундай дейишади: «Агар Худо ўзи истаганини ҳидоят ёки гумроҳ қиладиган бўлса, бизнинг нима гуноҳимиз бор?»
 Бу ўринда шу нарсани таъкидлаб ўтишимиз керакки, Қуръон оятларининг ҳақиқий маъносини қўлга киритиш учун уларни бир-бирига боғлиқ ҳолда кўздан кечиришимиз керак. Биз ҳидоят ва залолат ҳақидаги оятлардан бир неча намуна келтирмоқчимиз. Бу оятларни юқоридаги оят билан таққослаб керакли хулосани ўзингиз чиқаринг:

(وَيُضِلُّ اللّهُ الظَّالِمِينَ وَيَفْعَلُ اللّهُ مَا يَشَاءُ)

 Золимларни эса Аллоҳ (ҳақ) йўлдан оздирур. Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган ишни қилур. (Иброҳим сураси; 27-оят)

(كَذَلِكَ يُضِلُّ اللَّهُ مَنْ هُوَ مُسْرِفٌ مُّرْتَابٌ)

 Ҳаддан ошувчи ва шак келтирувчи кимсаларни Аллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўюр. (Ғофир сураси; 34-оят)

(وَالَّذِينَ جَاهَدُوا فِينَا لَنَهْدِيَنَّهُمْ سُبُلَنَا وَإِنَّ اللَّهَ لَمَعَ الْمُحْسِنِينَ)

 Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилганларни (тиришганларни), албатта, Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Шубҳасиз, Аллоҳ эзгу иш қилувчилар билан биргадир! (Анкабут сураси; 68-оят).
 Кўриб турганимиздек, Аллоҳнинг ҳидоят қилиш иродаси шунчаки эмас, балки одамнинг ўз ирода-ихтиёрига ҳам узвий боғлиқ. Аллоҳ ҳеч кимга ҳисоб-китобсиз ҳидоят бўлишни насиб этмайди ва бирор кимсадан ҳисоб-китобсиз ҳидоят йўлидан боришни олиб қўймайди.
 Аллоҳ йўлида ўз ҳавойи нафсига қарши курашиб, ташқи душманлар баробарида оёққа турувчиларга Тангрининг Ўзи ҳидоят бўлишларини насиб қилади ва бу айни адолатдир.
 Аммо зулму зўравонликка асос солган ва инсонлар қалбида шак-шубҳа туғдириш йўлида саъий-ҳаракат қилган золим ва ситамгарларга Худо ҳидоят бўлиш тавфиқини насиб этмайди. Уларнинг қалблари қилган амаллари туфайли қорайиб зулматга тўлиб тошади. Шундай боис, Аллоҳ уларни гумроҳ қилади, деган сўзнинг маъноси, уларнинг қилган амаллари натижасини руёбга чиқаради, демакдир. Кўриб турганингиздек, бу ҳам айни адолатдир.

3. Аллоҳнинг азалдан билиши итоатсизликка сабаб бўла оладими?

 Жабру ихтиёр масаласида яна айтишимиз лозим бўлган масала- жабрийларнинг баҳонаси бўлмиш Аллоҳнинг азалдан билиши ҳақидадир. Улар бундай дейдилар: Аллоҳ фалончининг фалон вақтда ўзини ўлдиришини ёки шароб ичишини билмайдими? Шунда «билмайди» десангиз, Аллоҳнинг азалдан билишини инкор қилган бўласиз, мабодо «билади» десангиз, «Аллоҳ айтгани албатта бўлиши керак»-дейишади.
 Демак, Аллоҳнинг азалдан билиши натижасида гуноҳкорлар гуноҳ қилишга ва итоаткорлар бўйсунишга мажбурдирлар.
 Улар ўз хато ва гуноҳларини яшириш мақсадида бундай баҳоналарни тўқиб чиқаришади. Шубҳасиз, улар бир ҳақиқатдан ғофилдирлар ва у эса Аллоҳ таоло ўз ирода ва ихтиёримиз билан итоат ёки гуноҳ йўлини танлашимизни азалдан билади. Бунинг маъноси биз ўз ирода ва ихтиёримиз билан амал қилишимиз Аллоҳнинг азалий илмида ёзилгандир. Шу боис, агар биз қиладиган амалимизда мажбур бўлсак, Аллоҳнинг азалий илми ҳақиқатга хилоф бўлиб, жаҳолатга айланади.
 Аниқроқ тушунишингиз учун рухсат беринг бир мисол келтирайлик: Айтайлик ўқитувчи ўз ўқувчисининг ялқов эканлигини билгани учун йил охирида имтиҳондан ўта олмаслигини олдиндан билади. Унинг бу хулосаси кўп йиллик тажрибасидан келиб чиққани учун юз фоиз амалга ошади.
 Агар йил охирида ўқувчи имтиҳонидан чиндан ҳам ўта олмаса устозини «Сен олдиндан ўта олмаслигимни айтганинг учун мен имтиҳондан ўтмадим»- деб устозини маломат қилиши мумкинми?
 Ёки бирор авлиё гуноҳкорга «Агар фалон ишни тарк қилмасанг оқибатда бундай бўласан»- деб олдиндан ёмон оқибатга дучор бўлишини хабар берган бўлса, ўша хатокор авлиёнинг олдига келиб «Сен айтганинг учун шундай бўлди», -дея оладими? Олдиндан огоҳлантириш гуноҳкорнинг ирода-ихтиёрини олиб қўйиш эмас-ку ахир!!
 Турли хил ҳодисаларнинг юз беришидан бир неча соат олдин кўра оладиган янги асбоб ускуналар яратилса ва бирор шахс ўз ирода-ихтиёри билан фалон ишни муаян бир соатда бажариши асбоб ускуналар ёрдамида унга эълон қилинса, ўша шахс мазкур ишни қилишга мажбур бўладими?!
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳнинг азалдан билиши бандадан ихтиёрини олиб қўймайди ва бирор ишга мажбур қилмайди!

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.