Home / Ақоид ва Калом / Адл / Инсон Ҳаётидаги Мусибатлар Ва Кўнгилсиз Ҳодисаларнинг Ҳикмати

Инсон Ҳаётидаги Мусибатлар Ва Кўнгилсиз Ҳодисаларнинг Ҳикмати

Олдинги мақолада кўриб чиққанимиздек, баъзи танқидчи гуруҳлар ҳаётда содир бўладиган нохуш ва кўнгилсиз ҳодисаларни, офат-балоларни ва қийинчиликларни баҳона қилиб, Аллоҳнинг адолатини  ва гоҳида Аллоҳнинг мавжудлигини ҳам инкор қиладилар!

 Шунингдек, бундай ҳодисаларни таҳлил қилиб уларнинг орқасида яширинган икки ҳикмат ҳақида сўз юритдик. Бу дарсда шу баҳсни давом эттирамиз:

1. Инсон қийинчиликлар оғушида тарбияланади

 Айтиб ўтганимиздек, инсон ўз қўли билан ўзига қийинчилик ва мушкуллик яратиши керак эмас, лекин гоҳида қийинчиликлар, кўнгилсиз ва нохуш ҳодисалар инсон иродасини ва унинг чидамини орттириб мустаҳкамлайди. Ёниб турган иссиқ печкага ташланган пўлат метали қизиб ериши билан бақувват ва чидамли бўлганидек, инсон ҳам қийинчилик ва оғир кунлар бошига тушганда чиниқиб, мустаҳкам ва бақувват бўлади.
 Уруш ёмон бир воқеадир, лекин гоҳида узоқ муддатли ва оғир уруш халқ истеъдодининг гуллаб-яшнашига сабаб бўлиб, ўзаро тафриқаларга барҳам беришга кўмаклашади, уруш орқада қолган тараққиётни жадаллаштиришга ундайди.
 Таниқли тарихчи ғарб олимларидан бирининг айтишича: «Жаҳоннинг бирор бир қитъасида юзага келган ҳар бир порлоқ тамаддун бошқа қудратли давлат билан урушганида ҳамон кучсиз мамлакат ўзида яшириниб ётган куч-қувватидан фойдаланиши туфайли маълум тараққиётга эришган. Бу нарса тарихда исботланган ҳақиқатдир!»
 Албатта одамларга бошига оғир кунлар тушиб, аянчли ва кўнгилсиз ҳодисалар рўй берганида, улар бу қийинчиликларга нисбатан турлича муносабат билдирадилар. Баъзилар маъюсланган ҳолда заиф ва кучсиз бўлиб қолиб, тушкунликка тушадилар ва ушбу ҳодисалардан салбий ва манфий натижа оладилар. Аммо баъзилар эса қийинчиликлар баробарида ҳаракатга тушиб, ўзларида мавжуд бўлган истеъдодни рўёбга чиқариб, тиришқоқлик ва жадал ҳаракат қилиш билан ўзларидаги кучсиз томонларни ва нуқсонларни ислоҳ қилишга киришадилар.
 Бироқ одамлар бундай қийинчилик ва оғир аҳволга тушганларида бир ёнлама ва юзаки ҳукм чиқариб, фақат ҳодисаларнинг ёмон ва иччиқ томонини кўрадилар ва уларнинг мусбат ва самарали таъсирини эътиборга олмайдилар. Инсон ҳаётида юз берадиган нохуш ҳодисаларнинг барчаси мусбат ва самарали таъсирга эгадир, деб даъво қилмаймиз, лекин ҳеч бўлмаганда айрим мусибатлар шундай таъсирга эгадирлар.
 Агар оламнинг етук ва даҳо шахслари ҳаётига назар солиб, уларнинг таржимаи ҳолини мутолаа қилсак, уларнинг аксарияти қийинчиликлар кўриб, оғир кунларни бошидан ўтказганликларининг шоҳиди бўламиз. Ноз-неъматда парвариш топганлар орасида етукли инсон бўлиб, юқори мартабага эришганларни учрата олмаймиз. Юқори даражали ҳарбий қумондонлар ўтмишда оғир ва шиддатли жанг майдонларида ўзларидан довюраклик кўрсатиб, керакли тажрибалар касб этганлар. Шунингдек, иқтисодчи буюк мутафаккирлар инқирозга юз тутган иқтисодий вазиятга дучор бўлганлар. Кучли ва юксак мартабали сиёсатчилар қийинчиликларни ва оғир сиёсий шароитларни бошларидан кечириб, азият-озор чекканлари туфайли бу мартабага эришганлар.
 Қисқа ва лўнда қилиб айтганда: Қийинчилик ва машаққатли кунлар инсонни ўз бағрида тарбиялайди.
 Қуръони Каримда бу борада шундай дейилади:

(فَعَسَى أَن تَكْرَهُواْ شَيْئاً وَيَجْعَلَ اللّهُ فِيهِ خَيْراً كَثِيراً)

 Балким, сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилар. (Нисо сураси;19-оят)

2. Қийинчиликлар одамни Аллоҳ томонига йўналтиради.

 Олдинги мақолаларда кўриб чиққанимиздек, инсоннинг ҳар бир аъзоси маълум мақсад узра яратилгандир; кўзи, юраги, мийя, асаб тизими ва … ҳаммаси маълум мақсад учун яратилган, ҳатто инсонниг бармоқ учи чизиқлари ҳам маълум бир ҳикмат асосида яратилган.
 Шундай экан, қандайига бутун бошли вужудимиз мақсадсиз ва ҳикматсиз яратилган бўлсин? Олдинги баҳсларимизда шунга амин бўлдикки, мазкур мақсад инсоннинг бутун соҳаларда такомил топишидан ўзга нарса бўла олмайди. Инсон ушбу мақсадга етиши учун чуқур режалаштирилган таълим ва тарбия дастури асосида тарбияланмоғи лозим ва бу таълим-тарбия унинг бутун вужудини қамраб олмоғи даркор. Шунинг учун Аллоҳ инсонга яккахудолликка асосланган пок фитрат, яъни илоҳий табиатни ато этганидан ташқари, инсонларни тўғри йўлга бошлаш учун буюк пайғамбарларни самовий китоблар билан юборган.
 Мақсади сари яшаётган одамзотга гоҳида ўзи йўл қўйган хато ва гуноҳларининг салбий таъсирини кўрсатиб туриш зарур бўлади. Аллоҳ фармонидан бўйин товлаб, четга чиқиш нақадар ёмон оқибатларга, турли хил офат ва балоларга олиб келишини кўрган инсон, ўзининг қилмишидан пушаймон бўлиб,  яратган Тангри тарафга юзланажак. Бундай ҳолатда бошга тушган кулфат бало эмас, балки дарвоқе, Аллоҳнинг неъмати ва раҳмати ҳисобланади.
 Қуръон Карим бу ҳақиқатни очиқ-ойдин тилга олиб шундай марҳамат қилади:

(ظَهَرَ الْفَسَادُ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ بِمَا كَسَبَتْ أَيْدِي النَّاسِ لِيُذِيقَهُم بَعْضَ الَّذِي عَمِلُوا لَعَلَّهُمْ يَرْجِعُونَ)

 Одамларнинг қилмишлари туфайли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик ва фасод пайдо бўлди. Зоя Аллоҳ томон қайтсалар, деб қилган баъзи (ёмон) ишларининг (жазоси)ни уларга тоттирилди. (Рум сураси; 41-оят)
 Юқорида айтилганларни инобатга олиб айтишимиз мумкинки, ҳаётда рўй берадиган нохуш ва дардли ҳодисаларни «ёмонлик», деб билиш, уларни «бало ва офат», деб номлаш ва мазкур ҳодисаларни «Аллоҳнинг адолатига зид» деб ҳисоблаш ақл ва мантиқдан жуда ҳам йироқдир. Негаки, ушбу масалани қанчалик теран ўргансак, унинг ҳикматини ҳам шунчалик чуқурроқ англай оламиз.

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.