Home / Ақоид ва Калом / Адл / Офат ва балоларнинг ҳикмати

Офат ва балоларнинг ҳикмати

 

Қадим замонлардан бери худошуносликдан бехабар бўлган шахслар Аллоҳнинг адолатига шубҳа билан қараб, бу хусусида ўзларининг танқидий мулоҳазарини билдирганлар. Улар рўй берадиган табиий офатлар ва нохуш ҳодисаларни Аллоҳнинг адолатига тўғри келмайди ва агар Аллоҳ таоло одил бўлса, нега бундай ҳодисалар юз беради?-дейишади.

  • Улар нафақат бу ҳодисаларни Худонинг адолати йўқлигига балки мутлақо Аллоҳнинг борлигини инкор қилишга очиқ далил деб тушунганлар.

 Зилзила, тўфон, сел ва бошқа нохуш воқеалар шулар жумласидандир. Уларнинг назарида одамлар орасидаги яратилишга оид бўлган тафовутлар ҳамда инсонларга ёки ҳайвонлар ва ўсимликлардан иборат бўлган бошқа мавжудотларга зарар етказадиган табиий офатлар ҳам гўёки, адолатсизликнинг нишонасидек туюлади.
 Ушбу масала гоҳида модиюнчиларга зид ўлароқ худошуносликка тегишли бўлган баҳсларда келтирилади ва баъзан эса бу масала ҳақида Тангрининг адолатига оид бўлган мавзуда сўз юритилади. Биз бу масалани Аллоҳнинг одиллиги хусусидаги баҳсларда кўриб чиқишни лозим топдик.
 Юқорида зикр қилинган фикр-мулоҳазалар чуқур таҳлил қилинганда нақадар асоссиз ва суст экани маълум бўлиши учун қуйидаги масалаларни муфассал кўриб чиқишимиз лозим:

1. Нисбий хулоса чиқариш ва маълумотларнинг чекланганлиги

 Одатда биз бирор нарса устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсак, ўзимизнинг маълум чегарадаги қарашларимизга ва атрофимиздаги нарсалар билан бўлган алоқамизга таянамиз. Масалан; Фалон ер узоқ ёки яқин деймиз. Аслида ана шу узоқ ёки яқинликни ўзимизнинг турган еримизга нисбатан айтамиз. Ёки фалончи кучли ё кучсиз, деб айтганимизда ҳам ўзимизнинг жисмий ёки руҳий вазиятимиз билан таққослаган ҳолда хулоса чиқарамиз.  Инсонларнинг табиий офат ва нохуш ҳодисалар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари кўпинча ўзларининг вазиятлари билан таққослаган ҳолда бўлади.
 Бирор митақага ёмғир ёғса, ўша ёмғирнинг ҳаммага нисбатан бўладиган оммавий таъсирини назарга олмай, фақатгина ўз атроф-муҳитимиз, уйимиз, боғ ва экинзорларимиз ёки кенг қарайдиган бўлсак, ёмғирнинг шаҳримизга бўладиган таъсирини назарга оламиз. Агар ушбу ёмғирнинг қолдирадиган таъсири фойдали ва мусбат бўлса, «бу Аллоҳнинг раҳмати ва неъмати», деб айтамиз, агар унинг таъсири манфий ва зарарли бўлса, «бошимизга бало келди», деб қараймиз.
 Агар бирор эски бинони қайта тиклаш учун бузишаётган бўлса ва биз у ердан ўтиб кетаётган бўлсак, чанг-ғубордан озор чекканимиз учун, гарчи ўша қурилаётган бино кўпчилик манфаатини таъминлайдиган макон, яъни шифохона бўлса-да, «бунча ёмон иш бўлибди», деймиз. Юқорида келтирганимиз ёмғир мисолида ҳам гарчанд мазкур ёмғирнинг қолдирадиган таъсири ўша минтақада яшовчиларнинг аксариятига фоидали ва мусбат бўлса-да, биз ўзимизни назарга олган ҳолда «бошимизга офат ва бало ёғди», деймиз.
 Юзаки қараганда илон заҳарини ёмон бало ва офат, деб ҳисоблаймиз. Ҳолбуки, илоннинг нишли заҳари унинг ўзини ҳимоя қилувчи қуролидир. Унинг устига илон заҳаридан инсон ҳаёти учун муҳим дорилар олиниб, минглаб инсонлар жонини сақлаб қолиш учун қўлланилади.
 Шундай экан, агар ҳукм чиқаришда «хатога йўл қўймайлик» десак, ўзимизнинг озгина маълумотларимизга суянмасдан ҳар томонлама фикр юритишимиз ва масаланинг бутун қирраларини кўришимиз ҳамда ўзимизни ён-атрофимиздаги нарсаларга боғланиб, чеклаб қўймаслигимиз керакдир.
 Асосан жаҳонда рўй берадиган ҳодисаларнинг барчаси занжир ҳалқалари каби бир-бири билан узвий боғлиқдир: Бугун шаҳарни вайронага айлантираётган тўфон ёки осмондан сел каби қўйилаётган ёмғир, бошқа минтақадаги табиий ҳодисалар билан тўлалигича алоқадордир. Шунингдек, бугун юз бераётган ҳодисалар ўтмишда содир бўлган ёки келажакда рўй берадиган ҳодисалар билан узвий боғлиқдир.
 Шунга биноан, бармоқни кичкина бир нуқтага қўйиб, мана бу ҳодиса яхши ёки ёмон, деб қатъий хулоса чиқариш ақл ва матиқдан узоқдир.
 Диққатга сазовор бўлган нарса шундан иборатки, дунёда «мутлақо ёмонлик» борлиги инкор қилинади. Яъни ҳар қандай ёмонликнинг яхши тарафи ҳам бўлиб, юз берадиган табиий ҳодисаларнинг ёмон томони бўлганидек, уларнинг яхши томони ҳам бор ва яхши томони ёмон томонинг устидан ғолиб келади. Шунинг учун «мутлақо ёмонлик» оламда воқе бўлмайди. Жарроҳлик амали бир томондан ачинарли ва дардли бўлса, кўп томонлардан инсон соғлиги учун фоидалидир. Шу боис, дунёдаги хайрлилик ва яхшилик нисбийдир.
 Ушбу масалани чуқурроқ тушунишимиз учун зилзилани мисол қилиб келтирамиз: Тўғрики, ер қимирлаши бирор ерда вайроналарга сабаб бўлса, лекин бошқа тарафдан назар ташлаб зилзиланинг бошқа ҳодисалар билан чамбарчас боғлиқлигини назарга олсак, зилзила ва бало ҳақидаги фикримиз ўзгариши ажаб эмас.
 Зилзила сабаби ҳақида олимлар турли фикр билдирганлар. Баъзилар зилзилани «ер ости ҳарорати ва буғланиши натижасида юз беради» десалар, бошқа донишмандлар эса ойнинг тортиш кучи натижасида ернинг устки қуруқ қатлами тортилиб синиши таъсиридан келиб чиқади, деб айтишади. Айрим олимлар ҳар икки назарни тасдиқлаганлар.
 Нима бўлганда ҳам ернинг остки қатламида жуда кучли ҳароратнинг юзага келиши асримизнинг муҳим энергия манбаи бўлмиш нефт бойлигининг вужудга келиши ва шунингдек, кўмир каби фойдали қазилмалар пайдо бўлиши учун зарурдир. Кўрганингиздек, зилзиланинг ҳам нисбий яхшилиги бордир.
 Ойнинг тортишиш кучи туфайли денгиз сувининг тўлқинланиб юқорига кўтарилиши ундаги жониворлар тирик қолиши учун ҳаётбахш бўлиб, шу билан бирга қуриган соҳилларни суғоришда ширин сувларнинг денгизга оқиб тушишида ҳам хайри бор.
 Мана кўриб турганимиздек, чекланган маълумотларимизга асосланиб, бир ёқлама ва нисбий ҳукм чиқаришимиз тўғри натижага олиб келмай, юз берадиган табиий ҳодисаларни яратилган оламнинг қоронғу томонлари, деб тушунишимизга сабаб бўлади. Оламда воқе бўладиган табиий ҳодисаларнинг бир-бирига боғлиқ ва алоқадор экани хусусида қанчалик фикр юритсак, шунчалик чуқур тушунчага эга бўлиб, масаланинг ингичка томонларини кўра оламиз.
Қуръон Карим бу хусусида бизларга шундай дейди:

(وَمَا أُوتِيتُم مِّن الْعِلْمِ إِلاَّ قَلِيلاً)

 Сизларга жуда оз илм берилгандир. (Исро сураси; 85-оят)
Шундай экан, бу оз илмимиз билан ҳукм чиқаришда шошмаслигимиз даркор.

2. Нохуш ҳодисалар ва огоҳлантирилишлар

  Ҳаммамиз ҳаётда айрим одамлар ноз-неъматларга ғарқ бўлганларида ўзларини йўқотиб қўйиб, такаббур ва худбинлик йўлига кириб қолганларини ва ушбу ҳолда ўзларининг инсоний вазифаларини унутиб қўйганларини учратганмиз.
 Шунингдек, агар инсон ҳаёти ором ҳолдаги уммон каби ҳар қандай тўсиқ ва монеларсиз фароғат ва осойишта кеча бошласа, «ғафлат ва уйқуда ухлаб ётганлик ҳолати» инсонда юз бериб, ҳаётнинг қизиғи қолмай қолади ва бундай ҳолат инсоннинг ёмон оқибатга дучор бўлишига сабаб бўлади.
 Шубҳасиз, ҳаётда юз берадиган нохуш воқеалар, инсондаги ғурур ва такаббур ҳолатини синдиришда ёки ғафлат уйқусидан уйғотишда катта хизмат қилади.
 Шунингдек, шояд тажрибали ҳайдовчиларнинг шикоятларини эшитгандирсиз. Улар йўлнинг теп-текис ва қайрилиш ва ўзгаришсиз, тепа-пастсиз ва довонсиз бўлишини хатарли биладилар. Чунки, бундай бир текисдаги йўллар ҳайдовчиларнинг уйқуга боришига сабаб бўлади ва бундай ҳолда авто ҳалокати юз беради.
 Шунинг учун баъзи давлатларда ана шундай йўлларда ҳайдовчилар ухлаб қолиб хатарга йўлиқмасинлар, деб тепа-пастликлар ва сунъий тўсиқларни яратишади.
Одамнинг ҳаёти ҳам айнан шунга ўхшайди, агар инсон ҳаёти тўсиқ ва тўғонсиз бир текис давом этиб, унда нохуш ҳодисалар рўй бериб турмаса, шундай ҳолда одам ғафлат уйқусига дучор бўлиб, яратган Тангридан узоқлашади ва ўзининг зиммасидаги вазифаларини ва келажакдаги тақдирини унутади.
 Шубҳасиз, баъзи ҳодисалар одамларни ғафлатдан уйғонишлари учундир. Албатта биз одамлар ўз қўллари билан нохуш ҳодисалар ва қийинчиликлар яратишлари лозим, демаймиз. Негаки, бундай ҳодисалар инсон ҳаётида учраб туриши табиий ҳол. Балки биз нохуш воқеалар ортида ҳикмат ётганлигини айтмоқчимиз холос. Ўша ҳикматлардан бири, инсон бахт-саодатининг душмани бўлмиш мағрурлик ва ғафлат уйқусига барҳам бермоқдир. Мазкур ҳикмат нохуш ҳодисалар юз беришининг айрим ҳикматларидан ҳисобланиб, Худо хоҳласа, келгуси дарсларда бу ҳодисаларнинг қолган баъзи ҳикматлари хусусида сўз юратажакмиз.
 Ҳидоят нури бўлмиш Аллоҳнинг ҳикматли китоби бўлмиш Қуръони Каримда бу борада шундай марҳамат қилинган:

(وَلَقَدْ أَرْسَلنَآ إِلَى أُمَمٍ مِّن قَبْلِكَ فَأَخَذْنَاهُمْ بِالْبَأْسَاء وَالضَّرَّاء لَعَلَّهُمْ يَتَضَرَّعُونَ)

 Батаҳқиқ, Биз сендан аввалги умматларга ҳам элчилар юборганмиз. Сўнгра, шояд тавба-тазарруъ қилсалар, деб уларни бало ва офатларга тутганмиз. (Анъом сураси; 42-оят)

 

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.