Home / Ақоид ва Калом / Адл / Яна Офат-Мусибатлар Ҳикмати Ҳақида

Яна Офат-Мусибатлар Ҳикмати Ҳақида

Бало-офатлар,  нохушликлар, мусибатлар, кўнгилсиз ва аянчли ҳодисаларнинг юз бериши худошунослик ва яккахудолик соҳасида татқиқот қилувчи олимлар учун ҳал қилиш қийин бўлган масала бўлгани боис ва кўпчилик бу қийинчиликларни Худонинг адолатига тўғри келмайди,

деб ҳисоблагани учун яна шу мавзуда баҳслашиш ва уни таҳлил қилишни ва ушбу бало-офатлар ва кўнгилсиз ва аянчли ҳодисаларнинг ҳикматини ёритиб беришни лозим топдик.

1. Қийинчилик ва турли паст-баландликлар инсон ҳаётига руҳ бағишлайди

  Шояд сарвлаҳани ўқиганлар: «Қандай қилиб қийинчилик руҳ бағишлаши мумкин?»- деб ҳайрон бўлсалар керак. Негаки, агар Аллоҳнинг ноз-неъматлари бир зайлда давом этса, уларнинг инсонлар наздидаги қадр-қиймати йўқолади.
  Бугунги кунга келиб қизиқ бир нарса кашф этилган. Агар бирор бир айлана шаклдаги жисмни ҳар тарафдан кучли ва бир хил нур тушиб турган шар шаклидаги хонага қўйсак, у ҳолда қўйилган жисм асло кўринмайди, зеро жисмни кўриш учун нур билан бирга соя ҳам керак бўлади. Чунки, нур ёнидаги соя жисмнинг ўлчамини аниқлаб бериб, уни атрофидагилардан ажратади. Шундагина биз ўша жисмни кўра оламиз.
  Худди шунга ўхшаш, агар инсон ҳаёти бир текис давом этадиган бўлиб, унда соялардан иборат қийинчилик ва нохушликлар мавжуд бўлмаса, ҳаётнинг қадр-қиймати маълум бўлмай қолади. Бутун умр давомида бемор бўлмаган инсон асло соғлик лаззатини ҳис қилмайди. Касал бўлган одамгина саломатликнинг қадрига ета олади. Кечаси билан иситмалаб қийналиб тонг оттирган одам эрталаб агар иситмаси тушган бўлса субҳидамда соғлиғининг лаззатини ҳис эта бошлайди ва ҳар вақт ўша дардли кеча ёдига тушса, саломатлик нақадар буюк ва арзирли неъмат эканлигини янгитдан ҳис қилади.
  Бир зайлда давом этадиган ҳаёт, ҳатто энг яхши шароитга эга, бекамукўст ва пасту-баландсиз бўлган ўзига тўқ-бадавлат кишиларнинг ҳаёти жонсиз, зерикарли ва чарчатувчи бўлади. Булардан айримларининг ҳаёти, шу қадар тўла-тўкислиги ва фаровонлиги сабабли ҳеч қандай қизиғи йўқ бўлганлигидан ўзини ўлдиришгача етиб боради ёки ҳаётларидан доим шикоят қилиб нолийдилар.
 Ҳеч вақт яхши меъмор бинонинг эскизини тайёрлаганда унинг деворларини қамоқхонаники каби бир текис қилмайди, балки турли хил шакл ва мутаносиб ранглар билан безайди.
 Нима учун табиат бунчалик гўзалдир? Нимага тоғ ён бағирларида униб ўсган ўрмон манзаралари ва катта-кичик дарахтлар ўртасидан оқадиган ариқлардаги сувлар бунчалик гўзал ва ёқимлидир? Бунинг аниқ сабабларидан бири шуки, табиат бир хилликдан холидир.
 Ёруғлик ва зулмат узра яратилган тузум ва Қуръон оятларида айтилганидек кеча ва кундузнинг алмашиниши инсон ҳаётига ранг ва маъно бағишлаб бир текис кечаётган ҳаётга хотима беради. Чунки, агар қуёш кўкнинг бир четида бўлиб, унинг ҳолати ўзгармай ва туннинг қоронғу пардаси осмонни қопламай ҳамиша бир хилда ер куррасига нур сочиб турганида эди, ҳаёт тўхтаб қолиши каби мушкуллардан ташқари, ҳаёт ўз жозибасини йўқотган бўлур эди ва одамлар тез орада бундай ҳаётдан толиққан ва зериккан бўлар эдилар.
 Шуларни назарга олган ҳолда ҳаётдаги қийинчиликлар, нохушликлар ва кўнгилсиз ҳодисаларнинг ҳеч бўлмаса айрим мусбат томони борлигини эътироф этиб, инсонлар ҳаётига руҳ ва жон бағишлашини, инсонларга ҳаётни ширин ва лаззатли қилишини ҳамда Аллоҳ ато этган ноз-неъматларнинг қадр-қийматини тушуниб етиб, улардан олий даражада фойдаланиш имконини яратишини назарга олайлик.

2. Инсонлар қилмишидан туғиладиган қийинчиликлар

  Баҳсимизнинг охирги қисмида инсон ўз қўли билан яратадиган баъзи мусибатлар ва кўнгилсиз ҳодисалар ҳақида сўз юратмоқчимиз. Баъзи одамлар бошларига келадиган зулму ситамларни ва мусибатларни Аллоҳнинг адолатсизлигига йўйиб, қилган ҳисоб-китобларида хатога йўл қўядилар ва инсонлар томонидан содир бўлган зулму зўравонликни ҳамда башариятнинг ишларидаги тартиб-интизомсизликни Аллоҳ яратган тузумнинг нуқсонидан деб тушунишади. Ваҳоланки, буларнинг барчасини одамлар юзага келтирганлар.
 Масалан; «камбағални от устида ҳам ит қопади» қабилида гапларни айтадилар. Нимага зилзилалар қишлоқларни вайрон қилиб, кўп инсонлар бузилган бино қолдиқлари остида қолиб ҳалок бўлишларига сабаб бўлади-ю, шаҳарларга бунчалик зарар етказмайди. Бу қандай адолат бўлди? Агар офат-балолар инсонлар орасида тақсимланиши керак бўлса, нега баробар тақсим қилинмайди?-деб эътироз қиладилар.
Нима учун кучсиз ва заиф саналган инсонлар бошқаларга қараганда кўпроқ балоларга ва дардли ҳодисаларга дучор бўладилар? Эпидемиялар тарқалганда ҳам кўпинча шундай одамлар мубтало бўладилар.
 Бироқ бу гапларни айтаётганлар мазкур балолар ва аянчли ҳодисаларнинг ҳеч бири Яратганнинг адолатига асло дахли йўқ бўлиб, инсонларнинг бир-бирига қилган зўлму зўравонлигидан ва мустамлакачилик хатти-ҳаракатидан келиб чиққандир.
 Агар қишлоқликлар шаҳарликлар зулмининг таъсирида қашшоқлик ва маҳрумликка дучор бўлмаган бўлсалар ва қишлоқда яшовчилар ҳам шаҳарликлар каби уйларини мустаҳкам қилиб қурсалар, нимага қишлоққа келган зилзила оқибатида улардан бунчалик кўп қурбонлик бўлиши керак, аммо бошқалардан жуда оз?
 Аммо модомики, қишлоқликларнинг уйлари оддий лойдан ёки тош ва чуп-чархлардан ёхуд синчдан омонат қилиб қурилар ва гоҳида ҳамон биноларда қурилиш буюмларидан иборат цимент, оҳак, албастр ва гипслардан қўлламай, содда услубда бир-бирининг устига миндириб суст қилиб ясалар экан ва шамолнинг шиддатли эсиши ёки ернинг оҳиста қимирлаши натижасида қулаб тушадиган бўлса, қандайига мустаҳкамлик ҳақида сўз юритиш мумкин? Аммо бунинг Аллоҳнинг одиллигига нима алоқаси бор?
 Биз ҳам у шоирнинг асоссиз сўзлари каби: «Эй Худо бирини ноз-неъматга ғарқ қилдинг, бирини эса хору залил, бирини бою бадавлат қилдинг ва бирини эса фақиру муҳтож!», деб айтишимиз мутлақо тўғри эмас.
 Бундай эътирозни жамиятдаги адолатсизликдан ва номуносиб ижтимоий тузумдан кўрмоқ лозим ва жамиятдаги адолатсизликка ва ноўрин хатти-ҳаракатларга барҳам бермоқ даркор. Фақирлик ва йўқчиликка қарши курашиб жамиятдаги кучсиз ва заиф, деб ҳисобланган инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқини золимлардан ундириб, уларнинг ўзига қайтариб бериш керак. Шундагина жамиятдаги адолатсизлик ўртадан кўтарилади.
 Агар жамиятнинг ҳамма аъзослари керакли бўлган егуликлар, дори-дармонлар ва гигийеник шароитлар билан таъминланса, касалликларга қарши курашиш қуввати ошади.
 Аммо агар жамиятдаги нуфузли баъзи шахслар учун ҳамма шарт-шароит яратилса, ҳатто ит-мушугининг алоҳида муолажа қилувчи доктори бўлса-ю, бошқаларнинг эса чақалоғини парвариш қилиш учун оддий имконияти ҳам бўлмаса, бу жамиятнинг нақадар адолатсиз эканидан далолат беради. Бундай ачинарли саҳналарнинг шоҳиди бўлганимизда Худога таъна қилиш ўрнига ўзимиздан ўкинишимиз керак.
 Золимга қараб: «Зулм қилмагин» ва мазлумга қарата: «Зулмга қарши кураш» дейишимиз лозим бўлади.
 Жамиятдаги бутун инсонларнинг етарли даражада гигиена қоидалари ва даволаниш услублари билан ҳамда озиқ-овқат, уй-жой, маданият ва таълим-тарбия каби муҳим бўлган шароитлар билан таъминланишига ҳаракат қилишимиз керак.
 Хулоса қилиб айтганда; ҳамма балоларни яратилиш тузумига йўйиб, ўз гуноҳларимизга эътиборсиз бўлишимиз ярамайди.
 Қачон Худо бизни бундай ҳаёт кечиришга мажбур қилган? Ва қайерда бундай ҳаёт тузумини тавсия қилиб буюрган? Худо бизни эркин қилиб яратган, негаки, озодлик такомил топиш ва тараққий этиш рамзидир. Бироқ бизлар озодликни нотўғри йўлда ишлатиб, кучсизларга зулм қилишни раво кўрамиз ёки бошқалар зулмига бош эгамиз. Зулму зўравонликнинг натижаси ижтимоий тартиб-интизомсизлик шаклида намоён бўлади.
 Афсуски, кўплар (жумладан Ашоира гуруҳи) ушбу мавзу ҳақида нотўғри тушунчаларга боришган, ҳатто маъруф шоирлар бу борада шеърлар битишган. Қуръони Карим қисқа ва лўнда қилиб бу борада бундай дейди:

(إِنَّ اللّهَ لاَ يَظْلِمُ النَّاسَ شَيْئًا وَلَكِنَّ النَّاسَ أَنفُسَهُمْ يَظْلِمُونَ)

  Аллоҳ одамларга заррачалик зулм қилмайди, лекин уларнинг ўзлари ўзларига зулм қилурлар (Юнус сураси; 44-оят)
 Шундай қилиб, офат-балолар, мусибатлар ва кўнгилсиз ҳодисаларнинг ҳикмати ҳақидаги баҳсимиз, гарчи ҳали бу ҳақда кўплаб баҳслашиш мумкин бўлса-да, қисқа ва ихчам маълумога эга бўлиш учун шу миқдор етарли, деб ҳисолаймиз.

Share

Check Also

Irоda va iхtiyorga оid aniq dalil

1. Jami insоnlarning vijdоni jabrni inkоr qiladi;   Ilоhiy dоnishmand va faylasuflarning insоn iхtiyoriga оid …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.