Home / Қурони Карим / Қуръон ва Аҳли-Байт / Вилоят (пешволик) ояти

Вилоят (пешволик) ояти

 فَما آمَنَ بِما اَنْزَلَ اللَّهُ فِيْكَ عَلَى نَبِيِّهِ إِلاَّ قَلِيلٌ، وَلا زَادَ اَكْثَرَهُمْ غَيْرَ تَخْسِيرٍ، وَلَقَدْ أَنْزَلَ اللَّهُ تَعَالَى فِيكَ مِنْ قَبْلُ وَهُمْ كارِهُونَ: ﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَنْ يَرْتَدَّ مِنْكُمْ عَنْ دِينِهِ فَسَوْفَ يَأتِى اللَّهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ أَذِلَّةٍ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى الْكافِرِينَ يُجاهِدوُنَ فِى سَبِيلِ اللَّهِ وَلا يَخافُونَ لَوْمَةَ لائِمٍ ذَلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَنْ يَشآءُ وَاللَّهُ واسِعٌ عَلِيمٌ. إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَوةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَوةَ وَهُمْ راكِعُونَ وَمَنْ يَتَوَلَّ اللَّهَ وَرَسُولَهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا فَاِنَّ حِزْبَ اللَّهِ هُمُ الْغالِبُونَ﴾ ﴿رَبَّنا آمَنَّا بِمَا أَنْزَلْتَ وَاتَّبَعْنَا الرَّسُولَ فَاكْتُبْنا مَعَ الشّاهِدِينَ﴾ ﴿رَبَّنَا لا تُزِغْ قُلُوبَنا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الوَهَّابُ﴾

  Сўнра эса фақат оз кишиларгина Аллоҳ таоло сиз ҳақингизда Ўз Пайғамбарига нозил қилган нарсага имон келтиришди ва имон келтирмаган кўп гуруҳга эса зиёнкорлик ва хор-залилликдан бошқа нарса насиб этмади. Ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундан олдин ҳам сиз тўғрингизда оятлар нозил қилган эди, ваҳоланки, улар (кўпчиликни ўз ичига олган гуруҳ) бу оятларни қабул этишни ёқтирмас эдилар. «Эй мўъминлар! Сизларнинг орангиздан кимда ким динидан қайтса, Аллоҳ бошқа бир қавмни келтирурки, Аллоҳ уларни яхши кўрур, улар Аллоҳни яхши кўрурлар, улар мўъминларга хокисор, кофирларга эса қаттиққўл, бирор маломатгўйнинг маломатидан қўрқмай, Аллоҳ йўлида курашадиган кишилардир. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи истаган кишиларига берур. Аллоҳ фазлу карами Кенг, Билгувчи Зотдир.

 «Сизларнинг пешво ва валийларингиз фақатгина Аллоҳ ва Унинг Расули ва имон келтирган кишилардирки, намозни тўла-тўкис адо этиб,  рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган кишилардир. Кимки Аллоҳни, Унинг Расулини ва имон келтирганларни пешво ва валий қилиб олса, (Аллоҳнинг гуруҳидандир). Зероки, чинакам Аллоҳнинг гуруҳигина ғолибдирлар.»[1]

 «Парвардигоро! Биз Сен нозил қилган нарсага имон келтириб, Пайғамбарга эргашдик. Демак, бизни гувоҳлик бергувчилар қаторида ёзгин.»[2] «Парвардигоро! Бизни ҳидоят қилганингдан сўнг, қалбларимизни ҳақ йўлдан оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ато этгин! Албатта, Сенинг Ўзинггина кўп раҳмат ато этувчидирсан!»[3]

 Изоҳ:

 Абдуллоҳ бин Аббосдан ривоят қилинганки, у Замзам қудуғининг ёнида ўтириб, у ерда тўпланган мусулмонлар учун Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан ҳадис айтаётган пайтида, тўсатдан юзини беркитган ҳолда бошида салласи бўлган бир киши яқин келиб, Ибн Аббос ҳар бор Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан ҳадис деса, у ҳам  Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)шундай марҳамат қилдилар, дея у ҳазратдан ҳадис айта бошлади. Шунда ибн Аббос Аллоҳга қасамёд қилиб, ундан ўзининг кимлигини таништиришини истади. У эса юзини очиб: «Эй инсонлар! Ҳар ким мени танимаса, мен Абу Зардирман» деб, ўзини таништирди. Шунда дедики, мана шу икки қулоғим билан Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан эшитдим ва агар нотўғри ва ёлғон десам, икки қулоғим кар бўлсин! Ва мана шу икки кўзим билан воқеани кўрдим. Агар ёлғон десам, икки кўзим кўр бўлсин! Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)шундай буюрдилар:

عَلِىٌّ قائِدُ الْبَرَرَةِ وَ قاتِلُ الْكَفَرَةِ مَنْصُورٌ مَنْ نَصَرَهُ وَ مَخْذُولٌ مَنْ خَذَلَهُ.

«Али(алайҳис салом) яхши инсонларнинг пешво ва раҳбари ва кофирларнинг қотили (уларни нобуд қилгувчи)дир, ҳар ким унга мададкор бўлса, Аллоҳ томонидан у кимсага ёрдам берилгай, ва ҳар ким Алидан ўз ёрдамини дариғ тутса, Худо у кимсадан мададини дариғ тутгай».

  Шундан сўнг, сўзини бундай давом эттирди: Кунларнинг бирида Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)билан зуҳр намозини ўқиётганимда бир фақиру мискин масжидга келиб, мусулмонлардан ёрдам қилишларини истади, лекин ҳеч ким унга бирон нарса бермади.

  Шунда у мискин-муҳтож қўлини юқорига кўтариб, Аллоҳга илтижо қилиб шундай деди: Эй Тангрим! Сен Ўзинг шоҳид бўлгинки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)масжидларида туриб, кўмак истадим, лекин ҳеч ким менга бирор нарса бермади. Шу вақт имом Али(алайҳис салом) рукуъ ҳолатида эдилар, ўнг қўлларидаги узукка ишора қилиб, мискинга уни олишини билдирдилар. Шунда мискин яқинлашиб, у ҳазратнинг бармоқларидан узукни чиқариб олди. Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)намоз ўқиётган ҳолда ушбу ҳодисадан огоҳ бўлдилар. Намозни тугатгач, муборак бошларини самога қаратиб, шундай марҳамат қилдилар:

أَللهُمَّ إِنَّ أَخِى مُوسَى سَأَلَكَ فَقَالَ: ﴿رَبِّ اشْرَحْ لِى صَدْرِى وَ يَسِّرْ لِى أَمْرِى وَ احْلُلْ عُقْدَةً مِنْ لِسَانِى يَفْقَهُوا قَوْلِى وَ اجْعَلْ لِى وَزِيرًا مِنْ أَهْلِى هَارُونَ أَخِى أُشدُدْ بِهِ أَزْرِى وَ أَشْرِكْهُ فِى أَمْرِى﴾ فَاَنْزَلتَ عَلَيْهِ قُرآنًا نَاطِقًا: ﴿سَنَشُدُّ عَضُدَكَ بِأَخِيكَ﴾ أَللَّهُمَّ وَ أَنَا مُحَمَّدٌ نَبِيُّكَ وَ صَفِيُّكَ اللَّهُمَّ فَاشْرَحْ لِى صَدْرِى وَ يَسِّرْ لِى أَمْرِى وَ اجْعَلْ لِى وَزِيرًا مِنْ أَهْلِى عَلِيًّا أَخِى أُشْدُدْ بِهِ أَزْرِى.

 «Эй Аллоҳим! Шубҳасиз, биродарим Мусо(алайҳис салом) Сендан сўраб, шундай деди: «Парвардигорим,  Ўзинг қалбимни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин; Тилимдан тугунни очгин, токи, сўзимни англасинлар. Менга ўз аҳлим-хонадонимдан бўлган Хорун биродаримни вазир қилгин. У билан мени қувватлантиргин. Ва уни ишимда (яъни: пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин». Оқибат унга (ҳазрати Мусо(алайҳис салом)га) «Биз сени биродаринг билан қувватлантирурмиз» деб, ваҳий нозил қилдинг.

  Эй Аллоҳим! Мен Муҳаммад Сенинг Пайғамбаринг ва танлаган бандангдирман; Эй Тангрим! Ўзинг қалбимни кенг қилгин ва ишимни осон қилгин ва менга ўз аҳли-хонадонимдан бўлган Али биродаримни вазир қилгин. У билан мени қувватлантиргин».

  Абу Зар(разияллоҳу анҳу)шундан сўнг бундай дейди: Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг дуолари ниҳоясига етмай туриб, Аллоҳ ҳузуридан ҳазрати Жаброил(алайҳис салом) Пайғамбарга нозил бўлиб, ул ҳазратга шундай деди: Эй Пайғамбар! Аллоҳ биродарингиз борасида сизга ато этган нарса муборак бўлсин! Шунда Пайғамбар.а.о)у нима нарсадир? деб сўрадилар. Ҳазрати Жаброил(алайҳис салом) деди: Аллоҳ Қиёмат кунигача Али(алайҳис салом)нинг пешво, валий ва йўлбошчилигини қабул қилиб, унга эргашишни умматингизга амр қилди ва сизга ушбу ояти каримани нозил қилди:

﴿إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللهُ وَ رَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلاةَ وَ يُؤْتُونَ الزَّكاتَ وَ هُمْ رَاكِعُونَ﴾.

 «Сизларнинг валий ва пешволарингиз фақатгина Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари ва имон келтирган кишилардирки, намозни тўла-тўкис адо этиб, рукуъ қилган ҳолларида закот берадиган кишилардир» (Моида сураси55-оят).

  Ушбу мазкур ояти карима «اِنَّمَا» сўзи билан бошланган бўлиб, араб тилида таъкид ва чекланиш маъносини англатади ва шунинг учун мазкур ояти карима қуйидаги маънодан бошқача эмас:«Сизларнинг валий, пешво, раҳбар ва йўлбошчиларингиз фақатгина Аллоҳ, Унинг Расули ва имон келтириб, намозни тўкис адо этиб ва рукуъ қилган ҳолда закот берганлардир».

  Агарчи имон келтирган кишилар кўплик маъносида келган бўлса-да, лекин юқорида зикр қилинган ҳадис асосида фақатгана имом Али(алайҳис салом) назарда тутилганлар. Зероки, шак-шубҳасиз «وَلِىّ» сўзи ушбу оятда «дўст» ёки  «ёр-биродар» маъносида бўладиган бўлса, намоз ўқийдиган ва рукуъ қилган ҳолда закот берадиган кишиларга фақат чекланибгина қолмай, умумий дастур бўлиб, барча мусулмонларни ўз ичига олади. Чунки, ҳамма мусулмонлар бир-бирларига нисбатан дўст ва ёр-оғайни бўлишлари лозим, ҳатто агар закот беришга қурблари етмаса ёки рукуъ қилган ҳолда закот бера олмасалар-да, бир-бирларига нисбатан дўст, ёр-биродар ва мададкордирлар. 

  Шунинг учун «وَلِىّ» ушбу ояти каримада дўст, ёр-оғайни ва мададкор маъносида бўла олмас, балки «وَلِىّ» сўзи пешво, раҳбар ва бошлиқ маъносида келган бўлиб, ушбу ояти карима бошқа оятлар каби ҳазрати Али(алайҳис салом) пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, барча мусулмонларга пешво, раҳбар ва йўлбошчи эканлигига ёрқин далолат берадиган Қуръоний далилдир.

  Афсуски, кўпгина мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Аллоҳнинг фармони асосида кўрсатган ҳидоят йўлидан бормадилар. Оқибат, мусулмонлар орасида турли-хил оқим ва мазҳаблар вужудга келди.

  Аҳли суннат олимлари ушбу муҳим воқеани ўз китобларида тасдиқлаб келтирганлар ва бу воқеа хусусида кўпгина ҳадислар ривоят қилганлар. Уша ҳадисларнинг баъзиларида ушбу мазкур ояти шарифа имом Али(алайҳис салом) рукуъ қилган ҳолларида узукларини муҳтож-мискинга берганларидан сўнг, Пайғамбаримиз(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)га нозил бўлганлиги таъкидланган ва айримларида эса фақатгина бу ояти карима имом Али(алайҳис салом) тўғриларида нозил бўлгани ривоят қилиниши билан чекланиб қолинган.

  Ушбу муҳим бўлган воқеани Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан қуйидаги саҳобалар ривоят қилганлар:

  1. 1. Абдуллоҳ ибн Аббос.
  2. 2. Аммор ибн Ёсир.
  3. 3. Абдуллоҳ ибн Салом.
  4. 4. Салама ибн Куҳайл.
  5. 5. Анас ибн Молик.
  6. 6. Утба ибн Ҳакам.
  7. 7. Абдуллоҳ ибн Убай.
  8. 8. Абдуллоҳ ибн Ғолиб.
  9. 9. Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий.
  10. 10. Абу Зар Ғифорий.

  Бу ўн кишининг ривоят қилишидан ташқари, имом Али(алайҳис салом)нинг ўзлари ҳам ушбу воқеани ривоят қилганлар ва буларнинг барчаси аҳли суннат алломаларининг китобларида келтирилган.

 Қизиқарлиси шундаки, «Ғоятул маром» китобида 24 ҳадис аҳли суннат алломаларидан ва 19 ҳадис эса аҳли-байт мактабининг олимларидан юқоридаги воқеа хусусида ривоят қилинган.[1]

أَللَّهُمَّ إِنَّا نَعْلَمُ أَنَّ هَذا هُوَ الْحَقُّ مِنْ عِنْدِكَ، فَالْعَنْ مَنْ عَارَضَهُ وَاسْتَكْبَرَ، وَكَذَّبَ بِهِ وَكَفَرَ،﴿وَسَيَعْلَمُ الَّذِينَ ظَلَمُوا أَىَّ مُنْقَلَبٍ يَنْقَلِبُونَ﴾

 Худоё! Имом Али(алайҳис салом)нинг халифа, пешво, валий ва бошлиқ қилиб танлангани Сен томонингдан бўлган ҳақ фармон эканини билурмиз. Демак, бу ҳақ фармонга қаршилик кўрсатган ва Унинг баробарида кибр-ҳаво қилиб, Уни ёлғонга чиқариб, бу ҳақ фармонга кофир бўлган кишиларни Ўз раҳматингдан йироқлаштиргин! «Ва золим кимсалар эса, қай оқибат томон кетаётганликларини билиб қолурлар.»[2]


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Аҳли суннат манбаларида 30дан ортиқ китобда мазкур воқеа келтирилган, жумладан:

  1. 1. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзийл», 1-ж, 173-бетдан 184-бетларгача, 231-ҳадисдан 240- ҳадисгача.
  2. 2. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур» тафсири, 3-ж, 104-105-бетлари.
  3. 3. Байзовий, «Тафсиру Байзовий», 1-ж, 272-б.
  4. 4. Жоруллоҳ, Замахшарий, «Тафсирул Кашшоф»,1-ж, 682-б.
  5. 5. Ганжий Шофиий, «Кифааятут-толиб», 62- боб, 250-б.
  6. 6. Ибн Касир, «Тафсиру Ибн Касир», 2-ж, 67-б.
  7. 7. Ибн Касир, «Албидояту ван-ниҳояҳ», 6-ж, 40-41-б, бобу фазоили Алийин.
  8. 8. Муҳиббуддин Табарий, «Захоирул-уқбо», 88-б.
  9. 9. Аллома Қозий Шавконий, «Фатҳул-қадийр», 2-ж, 50-б ва «Жомиъул-усул», 9-ж, 478-б.
  10. 10. Воҳидий, Нишобурий, «Асбобун-нузул», 148-б ва бошқа китобларда ривоят қилинган.

[2]. Шуаро сураси227-оят.



[1]. Моида сураси54 дан 56-оятларигача

[2]. Оли Имрон сураси53-оят.

[3]. Оли Имрон сураси8-оят.

Share

Check Also

Qur’оn va imоmat

  Qur’оn bu biz musulmоnlarning buyuk samоviy va ilоhiy kitоbimiz bo`lib, har taraflama hidоyatga bоshlоvchi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.