Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Чиндан ҳам Куфадаги шиалар ўз имоми бўлмиш Ҳусайн ибн Али (а.с)ни ўлдиришганми?

Чиндан ҳам Куфадаги шиалар ўз имоми бўлмиш Ҳусайн ибн Али (а.с)ни ўлдиришганми?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Шубҳа: Куфа аҳли шиа бўлгани сабабли ўз имоми бўлмиш Ҳусайн ибн Али (алайҳис салом)ни Куфа шаҳрига даъват қилиб, уларнинг ўзи ул зотни ўлдиришган ва сўнгра ўз кирдикорларидан пушаймон бўлиб, қилган жиноятларини яшириш мақсадида бутун тарих бўйлаб аза тутиб келмоқдалар! деган шубҳа айримлар томонидан юзага келтирилган.

Ҳатто ушбу шубҳани умумлаштириб: «Шиалар ўз имомини ўлдириб, ўзлари унга мотам тутишади ва бу иш билан қилган жиноятларининг устини ёпиб, ўзларини оқламоқчи бўлишади», деб умумлашма шаклда ҳам айтишади. Албатта, шуни ҳам эслатиб ўтишимиз керакки, шаҳидлар сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Карбало чўлида фожиали тарзда шаҳид қилинганларидан сўнг, ўша даврлардаёқ ул ҳазратнинг ҳаракатлари нурини сўндириш мақсадида бани Уммайя ҳокимияти томонидан юқорида айтилган шубҳа илгари сурилди. Ҳозирги кунда бани Уммайянинг ҳақиқий издошлари бўлмиш ваҳҳобийлар ҳам ушбу шубҳани турли услуб ва баёнлар билан кенг тарғиб қилишмоқда.

Жавоб: Ушбу юзага келтирилган шубҳага жавоб бериш учун тарихда юз берган ҳодисани бирма-бир кўриб чиқиб, кимлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни Куфага чақирган ва ундан сўнг нима ишга қўл уришганини ўрганиб чиқмоғимиз лозим.

Куфа аҳолиси

Куфа шаҳри тижорат ва ҳарбий жиҳатдан назарга олинган шаҳар бўлиб, Умар ибн Хаттоб замонида Саъд ибн Аби Ваққос томонидан фатҳ ва забт этилди ва мусулмонлар Ироқ, Ҳижоз ва Яман минтақаларидан ушбу шаҳарга ҳижрат қилишди. Бироқ шиалик тафаккури у ерда иккинчи ва учинчи асрдан бошлаб, кенг тарқала бошлади ва биринчи асрда мазкур шаҳардаги шиаларнинг сони жуда оз эди.

Тарихнинг гувоҳлик беришича ва шунингдек, Ибн Асокир ўзининг «Дамашқ шаҳри тарихи» номли китобида Мусаййиб ибн Нажбанинг таржумаи ҳолида келтирганидек мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) Куфада ҳукмронлик қилган даврида Умарнинг бидъатларидан бири бўлмиш таровеҳ намозидан мусулмонларни қайтармоқчи бўлганларида, улар фарёд этиб: «Эй Умар ва эй Умарнинг суннати, эй ислом аҳли, Умарнинг суннати ўзгартирилди…»[1] дея қаршилик билдиришган эди.

Шиа ва шиалик иборасининг истилоҳий маънолари ҳақида

Шиа ва шиалик сўзи учун икки истилоҳ мавжуд:

  1. Биринчи истилоҳга кўра, шиа сўзининг маъноси Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини севувчи дегани.
  2. Иккинчи истилоҳга кўра, шиа деб шундай шахсларга айтиладики, улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг бевосита мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) ва ул зотнинг наслларидан бўлган ўн бир имомни Сарвари оламнинг ворислари ва давомчилари деб эътиқод қилишади ва уларни бошқалардан устун қўйиб уларнинг душманидан нафратланишади.

Куфа аҳлидан шиа деб номланган шахслар биринчи истилоҳ бўйича шиа ҳисобланишган. Негаки, улар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини яхши кўришган, аммо Абу Бакр ва Умар халифалигига ҳеч қандай қаршилик кўрсатишмаган.

Куфа аҳолисининг бошқа бир тоифаси хавориж эди

Хавориж тоифаси Куфа шаҳрида яшайдиган катта бир фирқа эди. Сиффийн жангида юзага келган ҳакамият можаросидан сўнг улар мўъминлар амири Али (алайҳис салом)нинг ашаддий душманига айлангандилар. Ашъас ибн Қайс [Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг қотили бўлмиш Жуъданинг отаси], Шабас ибн Рибъий, Амр ибн Ҳарис ва шулар каби шахслар хавориж тоифасининг раҳбарлари эди. Мазкур шахслар ва уларнинг издошлари макр ва ҳийла юзасидан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га даъватнома йўллаб, Куфа шаҳрига чақиришди ва сўнгра улар 61-ҳижрий қамарий йили, Муҳаррам ойининг ўнинчи куни, Карбало заминида ул ҳазратга қарши жанг қилишди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Ошуро куни [Муҳаррам ойининг ўнинчи куни] ушбу шахсларнинг номини бирма-бир тилга олиб, шундай дедилар: «ألم تَکْتُبُوا إِلَيَّ» «Сизлар менга мактуб ёзмагандиларингми?»[2]

Албатта, ушбу ҳақиқатни хотирламоқ лозимки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларнинг макру ҳийласидан олдиндан огоҳ эдилар. Шунинг учун шундай дердилар:

«Фақат макру ҳийла юзасидан менга фириб бериш ва Муовиянинг ўғлига яқинлашиш мақсадидагина менга мактуб ёзишди».[3]

Куфа аҳлидан бўлган бани Умайянинг хизматкорлари

Муовиянинг ҳукмронлик давридан бошлаб унинг ўлимига қадар Аҳли-Байтнинг ашаддий душманларидан бўлган олти киши Куфа шаҳрининг ҳокими бўлишган. Улар қуйидаги шахслардан иборат:

  1. Муғайра ибн Шуъбаҳ [Пайғамбаримиз қизлари ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг қотилларидан бўлган]
  2. Зиёд ибн Абийҳ [Язид томонидан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қарши қўшин тортишга маъмур қилинган Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг отаси]
  3. Абдуллоҳ ибн Холид ибн Асийд [бани Умайя тоифасидан бўлган ва учинчи халифа Усмон ибн Аффоннинг куёви эди]
  4. Заҳҳок ибн Қайс [Муовия қўшинининг қумондони ва Шом миршабларининг раиси]
  5. Абдурраҳмон ибн Умми Ҳакам [Муовия синглисининг ўғли]
  6. Нуъмон ибн Башир [Аҳли-Байт душманларидан бўлиб Шомда Язид тайинлаган қозиларнинг бошлиғи ва Сақифада Абу Бакр халифа бўлишига хизмат қилган Баширнинг ўғли]

Куфанинг ҳақиқий шиаларини сиқувга олмоқ

Муовия Куфада тайинлаган ўз ҳокимлари ёрдамида унинг ҳокимиятига мухолиф бўлганларни таъқиб қилиб, Куфа шаҳрининг ҳақиқий шиаларини йўқ қила бошлади. Муовиянинг Куфадаги ҳокими бўлмиш Зиёд ибн Абиҳ тўғрисида тарихда шундай келтирилган: «کَانَ يَتَّبِعُ شِيعَةَ عَلِيٍّ» «У ҳазрати Алининг шиаларини таъқиб қиларди».

Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг буюк саҳобаларидан ва ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ҳақиқий шиаларидан бўлган Ҳижр ибн Адий, Амр ибн Ҳимқ ва уларнинг тарафдорлари Зиёд ибн Абиҳ томонидан Куфа шаҳрида ўлдирилди ва ҳатто Ҳижр ибн Адийдан ҳазрати Алини ҳақоратлашини талаб қилишганда, у бўйин товлаб бу ишга рози бўлмади. Тарихда ёзиб қолдирилган Куфа аҳлининг бошлиқлари [уларнинг сони ўттиз нафардан ортиқ бўлган] Ҳижр ибн Адий ҳазрати Али (алайҳис салом)ни ҳақоратламай, ул зотдан безор эканини изҳор қилмагани учун ўлимга сазовордир, деб шикоятнома ёзиб унга имзо чекишган эди.

Бизнинг бу ерда берадиган саволимиз шундан иборатки, Куфа аҳлининг бошлиқлари бўлган ушбу шахсларни Куфа аҳлидан бўлишига қарамай, ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг шиаларидан дея оламизми?!!

Зиёд ибн Абиҳ Куфа шаҳрининг ҳақиқий шиаларига ҳужум қилиб уларга тазйиқ ўтказишни давом эттириб, оғир ва катта жиноятларни амалга оширди. У Рашид Ҳажирий, Майсам Таммор ва Кумайл ибн Зиёд каби Куфадаги шиаларнинг буюк зотларини таъқиб остига олиб, уларни овора қилди.

Аҳли суннатнинг таниқли буюк олими бўлмиш Ибн Абил Ҳадид бу хусусида шундай ёзади:

«Шиа эканининг эҳтимоли бўлган шахсларнинг қўл ва оёқларини кесишарди. Расулуллоҳнинг хонадони аҳлини севишда ва уларга кўнгил қўйишда танилган шахсларни ё қамоққа олишарди ёки мол-мулкларини ғорат қилишарди ёхуд уйларини бузиб ташлашарди. Шиаларга нисбатан амалга оширилган сиқув ва босим шу даражага етган эдики, ҳазрати Али (алайҳис салом)ни севишда ва ул зотни яхши кўришда айбланиш кофирлик ва динсизлик билан айбланишдан кўра оғирроқ ва ёмонроқ, деб ҳисобланар эди…

Муовиянинг Куфага тайинлаган ҳокими Зиёд ибн Абиҳ шиаларни таъқиб қилиб, уларни ҳар қандай жойга яширинмасинлар, топиб олиб қатл қилар эди. Уларнинг қўлларини ва оёқларини кесиб, кўзларини кўр қилар ва уларни хурмо дарахтининг шохаларига осиб қўяр эди. Зиёд ибн Абиҳнинг қилган бундай жиноятлари Куфадаги шиаларнинг деярли ҳаммасини тарқатиб юборди. Шиаларнинг таниқли ва машҳур шахсларидан ҳеч ким Куфада қолмади».[4]

Куфа шаҳридаги шиаларга Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг ҳужуми

Муовия ҳалок бўлгач, унинг ўғли Язид отасининг махфий буйруғига биноан, Убайдуллоҳ ибн Зиёд [Зиёб инб Абиҳнинг ўғлини] Куфа шаҳрига ҳоким этиб тайинлади ва Унга мактуб йўллаб, шундай амр қилди:

«قد بلغني أنَّ أهْلَ الْکوفةَ قَدْ کتبُوا إلى الحُسَيْن في القدوم عليهم… إنْ قتلْتَهُ وإلَّا رَجَعْتُ إلى نسبك وإلى أبيك عبيد فاحذر أن يفوتك»

«Куфа аҳли Ҳусайн (алайҳис салом)га мактуб ёзиб, уни ўз шаҳрларига даъват қилишганининг хабари менга етиб келди … Агар уни қатл этсанг, мақсад амалга ошади, акс ҳолда сен ва отангнинг насл-насабини [ҳаромзода эканингни] эълон қиламан. Демак, ҳушёр бўлгин, мабодо Ҳусайн (а.с.)ни қўлдан бериб қўйма [қўлингдан қочиб қутилмасин]»[5]

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Куфага кириб келиши биланоқ, отасининг йўлини тутиб, у ерда қолган шиаларни йўқ қилиш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга оширди:

1. Ўлдириш ва қатл этиш: У Майсам Таммор, Убайдуллоҳ ибн Амр ибн Кендий, Убайдуллоҳ ибн Ҳорис инб Навфал Ҳамдоний, Абдул Аъло ибн Язид Калбий Алимий, Аббос ибн Жуъда Жадалий, Иморат ибн Салхаб Аздий ва Ҳоний ибн Урваҳ каби ҳақиқий шиаларнинг кўпини ҳамманинг кўз ўнгида қатл этиб, шаҳид қилди.

2. Зиндонбанд қилмоқ: У Сулаймон ибн Сурад Хазоий, Мухтор ибн Абу Убайдаи Сақафий, Ҳорис Аъвар Ҳамдоний, Мусаййиб ибн Нажба ва Рафоъа ибн Шаддод каби шиаларнинг буюк шахсларини ҳибс этиб, Куфа зиндонига ташлади.

3. Қочган шиаларни таъқиб этмоқ: У Муслим ибн Авсажа, Ҳабиб ибн Мазоҳир ва Бурайд ибн Озиб каби Муслим ибн Ақил [Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Куфага йўллаган элчилари] билан ҳамроҳ бўлиб, сўнгра Куфадан қочиб қутилган шиаларни ҳазрат Муслим Ибн Зиёд томонидан ўлдирилиб шаҳид бўлганларидан кейин таъқиб қилди, бироқ Убайдуллоҳ ибн Зиёд уларни тута олмади.

4. Қабила бошлиқларини четлаштирмоқ ва ўзи истаганни бошлиқ қилиб қўймоқ: Куфа аҳолисининг аксарияти қабилаларга бўлиниб, улар ўз қабила бошлиғининг фармонига бўйин сўнишарди. Шунинг учун, Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қилган бошқа сиёсий ҳаракати – бу Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва у ҳазратнинг йўллаган элчилари Муслим ибн Ақилга тобе ва итоаткор бўлган қабила бошлиқларини четлаштириб, ўзига тобе ва ҳамфикр бўлган шахсларни қабила бошлиғи этиб тайинлади. Чунончи; бани Асад ва бани Музҳаж қабилаларининг бошлиғи бўлган Муслим ибн Авсажани раисликдан олиб ташлаб, унинг ўрнига Абу Мусо Ашъарийнинг ўғли Абу Бурдани мазкур қабилаларнинг раиси этиб тайинлади. Шунингдек, Амр ибн Ҳарис, Холид ибн Арфатаҳ ва Қайс ибн Валид ибн Абдушшамсларни қолган қабилаларнинг бошлиғи этиб, тайинлади.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд ушбу макру ҳийла билан ва шунингдек, таҳдид қилиш, турли хил фитна ва иғво гапларни уйдириб халойиқ орасида ёйиш, жосус қўйиш ва қаттиқ назорат қилиш билан Куфа шаҳрини тамомила ишғол қилиб у ерга ҳукмрон бўлгач, шундай фармон чиқарди:

«Катта-ю кичикдан, таниқли ва таниқсиздан, савдогар-у ишчидан ва ҳар қандай гуруҳ ва тоифадан қатъий назар, ҳамма халойиқ Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом)га қарши бўлган жангда менинг лашкаримга қўшилиб йўлга тушмоғи лозим ва кимда-ким менинг қўшинимга қўшилишдан бош тортса, мен унинг жонини сақлаб қолишга сўз бера олмайман».[6]

Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг Куфа аҳлидан бўлган лашкарлари

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Куфада бўлган барча халойиқни Умар ибн Саъд [Саъд ибн Абил Ваққоснинг ўғли] саркардалигида шаҳидлар сарвари Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом)га қарши жанг қилиш учун Карбало томон йўллайди. Унинг жангга йўллаган қўшинларини икки тоифага бўлиш мумкин:

Биринчи тоифа: Хавориж ва бани Умайянинг хизматкорлари ва навкарлари каби ўз ирода-истаги ва ихтиёри билан Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қарши бўлган жангда қатнашган шахслар ёки мажбурий ҳолда ушбу жангда ҳозир бўлган кимсалар. [Биринчи тоифанинг ўзи иккига бўлинади].

Иккинчи тоифа: Карбало заминига етиб бориш учун Умар ибн Саъд қўшинига қўшилишдан бошқа илож топа олмаган инсонлар. Негаки, Убайдуллоҳ ибн Зиёд Куфа шаҳрининг ҳамма йўларини тўсиб қўйган эди. Шунинг учун, бу тоифадаги инсонлар Куфа шаҳридан чиқиб Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га етишиб олишлари учун Умар ибн Саъд қўшинига қўшилишган. Ушбу инсонлар Карбалога етиб боргач, туннинг қоронғулигидан фойдаланиб Имом Ҳусайн (алайҳис салом) қўшинлари томон ўтиб олганлар. Шу боис, ушбу инсонлар олдиндан рушду ҳидоятда бўлган кишилар эди. Улар Ошуро кечаси ёки кунида Имом Ҳусайн (алайҳис салом) маърузаларини эшитиш билан зулматдан ҳидоят нури сари чиққанлари йўқ. Балки уларнинг қалбларида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) хонадон аҳлларига бўлган ҳақиқий иймон-ишонч ва муҳаббат уларни Имом Ҳусайн (алайҳис салом) томон етаклаган. Ушбу инсонлар кимлардан иборат экани тарихда ёзиб қолдирилган. Уларнинг номи қуйидагилардан иборат:

Қосим ибн Ҳабиб ибн Аби Башир Аздий, Амр ибн Забияҳ ибн Қайс, Ҳалос бин Амр Аздий ва унинг оғайниси Нуъмон, Масъуд ибн Ҳажжож Тамимий ва унинг ўғли Абдурраҳмон.

Албатта, шуни зикр қилишимиз лозимки, лашкарбошилардан бири бўлмиш Ҳур ибн Язид Риёҳий Ошуро куни ҳидоят топиб, ҳақ ва нур йўлига киради ва оқибат Имом Ҳусайн (алайҳис салом) аскарларига қўшилиб, Карбало воқеаси шаҳидларидан бўлади.

Шунинг учун, зикр қилинган инсонлардан ташқари бошқа шахслар ҳам Имом Ҳусайн (алайҳис салом) аскарларига қўшилиш мақсадида ночор ҳолда Умар бин Саъд қўшини билан бирга Карбалога келиб, Имом Ҳусайн томон ўта олмаганини тахмин қила оламиз.

Куфадан келган қўшин саркардалари ҳақида

Агар Куфадан келган қўшин саркардаларига назар солсак, уларнинг барчаси мўъминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ашаддий душманларидан бўлган хавориж гуруҳи ҳамда бани Умайянинг хизматкор ва навкарлари экани яққол маълум бўлади. Қўшин саркардаларининг бошлиғи Умар бин Саъд эди. У Муовия ибн Абу Суфён ва бани Умайянинг мухлиси экани кеч кимга сир эмас. Умар бин Саъддан кейин турадиган жанг қўмондонлари қуйидагилардан иборат:

Ҳусайн бин Нумайр, Шабас бин Рибъий, Ҳажжор ибн Абжар, Шимр ибн Зил-Жавшан, Қайс ибн Ашъас, Муҳаммад бин Ашъас, Язид бин Ҳорис, Амр бин Ҳарис, Амр бин Ҳажжож ва Азраҳ ибн Қайс. Буларнинг ҳаммаси Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларининг ашаддий душманлари, Муовия ибн Абу Суфён ва бани Умайянинг тарафдорлари бўлишган.

Шаҳидлар сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) қотилларининг эътиқодига бир нигоҳ

Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қўшини жангга чиққанда ўқиган ражазларидан [жангда ўзини таништириш учун айтган эҳтиросли сўзларидан] ва уларнинг ўзи изҳор қилган эътиқодидан маълум бўлишича, уларнинг ҳаммаси ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг ашаддий душманлари бўлишган. Мисол тариқасида; Убайдуллоҳ ибн Зиёд аскарларидан бўлган Язид ибн Маъқал Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларидан бўлган Бурайр ибн Хазийрга эътироз қилиб, шундай деди:

«Ёдингдами бани Лавзон қабиласи орасида бўлганимизда Усмон ва Муовияни ёлғончи, йўлдан озган [гумроҳ] ва йўлдан оздирувчи, аммо Али ибн Аби Толибни ҳақиқат ва ҳидоят пешвоси, деб айтган эдинг?» Бурайр ҳам ушбу сўзни айтганман, деб гувоҳлик берди. Сўнгра улар ким ҳақ эканини исботлаш учун мубоҳала қилиб, жанг қилишга киришдилар. Оқибат, Язид бин Маъқал ҳалокатга учраб жаҳаннамга равона бўлди.[7]

Убайдуллоҳ ибн Зиёд аскарларидан бўлган Музоҳим бин Ҳарис номли бир шахс Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларидан бўлмиш Нофиъ ибн Ҳилолга қарши шундай жавоб қайтарди: «Мен Усмон ибн Аффон динига эътиқод қиламан».[8]

Шуни айтиб ўтмоқ лозимки, Усмон бин Аффон динига эътиқод қилувчилар мўминлар амири ҳазарати Али, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимус салом)ларни Усмоннинг қотили деб билиб, Расулуллоҳ Аҳли-Байтларига қарши душманлик қилган кишилар бўлган.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳам Ошуро куни Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг қўшинларига хитоб қилиб, баланд товуш билан шундай дедилар:

«وَيْحَکُمْ يا شِيعَةَ آلِ أَبي سُفْيانَ! إِنْ لَمْ يَکُنْ لَکُمْ دِينٌ، وَکُنْتُمْ لا تَخافُونَ الْمَعَادَ، فَکُونُوا أَحْرَاراً فِي دُنْياکُمْ هَذِهِ، وَارْجِعُوا إِلَىٰ‏ أَحْسابِکُمْ إِنْ کُنْتُمْ عَرَبَاً کَمَا تَزْعَمُونَ»

«Вой бўлсин сизларга! Эй Абу Суфённинг издошлари, агар динингиз бўлмаса ва маод кунидан [қиёмат кунидаги ҳисоб-китобдан] қўрқмасангиз, ҳеч бўлмаса бу дунёингизда мардона бўлинг! Агар ўзингиз ўйлаганингиздек араб бўлсангиз, ўз насл-насабингизга қайтинг! [арабларга хос бўлган хулқ-атворга содиқ бўлинг!]».[9]

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қарши Карбалода жанг қилиш учун Шомдан келган қўшин ҳақида

Куфа аҳлидан бўлган ҳазрати Алининг душманларидан ташқари шаҳидлар сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қарши Карбалода жанг қилиш учун Шомдан ҳам қўшин келади. Шомдан келган айрим аскарларнинг исми тарихда ёзиб қолдирилган. Ушбу аскарлар Куфада истиқомат қилувчи Шомликлардан ташқари бўлганлар эди.

Олтинчи пешвоимиз Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом) бу борада шундай деганлар:

«تاسُوعَا يومٌ حُوصِرَ فِيهِ الْحُسَين (ع) وأَصْحَابُهُ بِکَرْبلَا وَاجْتَمَعَ عَلَيْهِ خَيْلُ أَهْلِ الشَّامِ»

«Тосуъо куни [Муҳаррам ойининг тўққизинчи куни] шундай кунки, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул ҳазратнинг ёронлари Карбалода муҳосара қилиндилар ва Шом аҳлининг сипоҳлари ул зотни ҳар томондан қамраб олишди».[10]

Шайх Садуқ бу хусусида шундай ривоят қилган: «Шу вақт Санон ибн Анас, Шимр ибн Зил-Жавшан ва Шом заминидан келган айрим сипоҳлар Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га ҳужум қилишди».[11]

Шайх Тусий Имом Жаъфар Содиқ (алайҳис салом)дан шундай ривоят қилган:

«إنَّ آلَ أُمَيَّةَ لَعَنَهُمُ اللهُ وَمَنْ أَعَانَهُمْ عَلَىٰ قَتْلِ الْحُسَيْنِ (ع) مِنْ أَهْلِ الشَّامِ نَذَرُوا نَذْراً… أَن يَتَّخِذُوا ذَلِكَ الْيَوْمَ عِيدًا لَهُمْ»

«Шубҳасиз, Умайя хонадони аҳли ҳамда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни қатл этишда уларга ёрдам берган Шом аҳолисидан бўлганлар Ошуро кунини ўзлари учун ҳайит ва байрам қилиб олишга назр қилдилар».[12]

Убайдуллоҳ ибн Зиёд ва Шом аскарларининг айрим жиноятлари ҳақида

Юқорида келтирган далилларимиздан маълум бўладики, шаҳидлар сарвари ҳазрати Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг қотиллари Куфа аҳлининг шиалари эканини мутлақо гумон қилиб бўлмайди. Негаки, шианинг иккала маъносидан ҳар қайсисини ҳам назарга оладиган бўлсак ва ўша шиа ҳар қанча иймони суст ва бағри тош бўлса ҳам, ўз имомини юракни қон қиладиган, фожиали ва даҳшатли тарзда қатл этишдек бундай оғир жиноятга қўл урмайди.

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг набиралари бўлган Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га қарши Карбало заминида содир этилган айрим жиноятларни шу ерда айтиб ўтмоқчимиз:

1. Шаҳидлар сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни сувсиз ҳолда даҳшатли ва фожиали тарзда муборак бошларини танидан жудо қилиб, сўйиб ўлдиришди.

2. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларини Карбалода Фурот дарёси сувидан маҳрум қилиб, улар билан ташна ва сувсиз ҳолларида жанг қилиб уларни ўлдиришди. Душманларнинг сони ўттиз мингга яқин эди, аммо Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронлари тарихда айтилишича, бир юз йигирма нафардан ортиқ бўлмаган. Шунга қарамай, уларга сувни тўсиб уларни ваҳшийларча шаҳид қилишди.

3. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) шаҳид бўлганларидан сўнг ул ҳазратнинг аҳли оилалари турган чодирларга ҳужум қилиб, чодирларни ёқиб юборишди.

4. Тарих саҳифаларида ёзиб қолдирилишича, чодирларга ҳамла қилишганда, ул зотнинг ҳамда ёронларининг аёлларини ва кичик болаларини кетидан қувиб бориб, уларни қамчилар билан уришарди. Аёллар ва кичик болаларга раҳм қилмай, уларнинг қулоқларидаги зиракларигача тортиб олишди ва айримларини ваҳшийларча ўлдириб ташлашди.

5. Чодирларга ҳамла қилишганда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) невараларининг бор-йўқ мол-мулкини талон-тарож қилишди, ҳатто Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг эгниларидаги куйлакни ҳам ечиб олишди. Ҳолбуки, ўша ғоратчилар ўзларини мусулмон деб билишарди. Аммо юраги ҳақиқат томон интилган ҳар бир ҳақжўй инсон тарихнинг бундай аянчли саҳифаларини варақлар экан, қандайига бундай тубан ва разил кишиларни мусулмон деб айта олади. Ахир Пайғамбаримизнинг нури дийдалари ва хонадон аҳлларига бундай оғир зулму ситамни раво кўрганларни қандайига ҳатто инсон деб аташ мумкин?!

6. Расулуллоҳнинг суюкли невалари Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул зотнинг ёронлари шаҳид бўлганидан сўнг, у буюк зотларнинг муборак ва мутаҳҳар [пок] баданлари устидан отлар чоптириб, уларни отларнинг туёғи остида янчиб эзиб ташлашди.

7. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ва ул зотнинг ёронлари шаҳид бўлганидан кейин, уларнинг аҳли оиласини ғорат қилиб талон-тарож қилишгач, уларни асир олиб, халойиққа кўрсатиш учун шаҳарма-шаҳар олиб юришди. Устига устак, Карбало шаҳидларининг муборак бошларини танларидан жудо қилиб найзалар учига санчиб, асирлар билан биргаликда олиб боришди. Ахир асир қилиб олинган бу аёллар ва кичик болалар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг фарзандлари эди-ку. Ҳолбуки, ўша жиноятчилар ўзларини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг умматидан деб билишар эди ва шунга ўхшаш кўпгина жиноятларни содир этишган эди ва эндигача тарих бундай жиноятлар нимага содир этилганини тушуна олмаяпти.

Маълумки, инсонни бадном қиладиган ва Қиёматгача уятда қолдирадиган бундай оғир жиноятлар шиалар томонидан содир этилиши мумкин эмас. Негаки, шиалар эътиқоди бўйича, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) уларнинг учинчи имоми бўлиб, ул ҳазрат барча гуноҳ ва саҳв-хатолардан йироқ ва пок [маъсум] бўлган зот эдилар. Шиалар эътиқоди бўйича, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг ул ҳазратнинг барҳақ ворислари ва давомчилари бўлмиш ўн икки имом ислом умматининг ҳақиқий валийси ва раҳнамосидирлар. Шу боис, улар юқори ва юксак мартабага эга бўлган зотлардир. Шундай экан, қандайига ўзини шиа деб билган инсон ўзининг маъсум имомини даҳшатли ва фожиали тарзда ўлдира олади?!!

Шаҳидлар сарварининг ёронлари ва Карбало шаҳидлари Куфалик шиалар эди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) Карбалода шаҳид бўлган ёроналари тўғрисида шундай деб марҳамат қилганлар:

«فإنِّي لا أَعْلَمُ أَصْحَابًا أَوْفَىٰ وَلا خَيْرًا مِنْ أَصْحَابِي»

«Мен ўз ёронларимдан вафодорроқ ва яхшироқ инсонларни танимайман».[13]

Бундай буюк ифтихор ва тавфиққа шарафёб бўлиб шаҳидлар сарвари Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни ҳимоя қилиб, ул ҳазратнинг мақтов ва таҳсинига сазовор бўлган ҳолда ул зот ёнларида шаҳид бўлган инсонларнинг деярли ҳаммаси [Бани Ҳошимдан ташқари] Куфанинг ҳақиқий шиалари эди.

Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ёронлари бор кучлари ва бутун вужудлари билан довюрак ва мардона ҳолда ҳақиқат негизи ва асоси бўлмиш ўз маъсум имомларини ҳимоя қилдилар ва шу йўлда ўз жонларини дариғ тутмай, уни фидо қилдилар. Тарих китобларида уларнинг фидокорлиги тўғрисида шундай келтирилган:

«فقَاتَل قِتالَ الْمُشْتَاقِينَ إِلَى الْجَزَاءِ وَبَالَغَ فِي خِدْمَةِ سُلْطَانِ السَّمَاءِ…»

Ажр-мукофотга муштоқ бўлган ҳолда осмон султони ва ҳукмрони бўлмиш Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳузурларида жанг қилиб, фидокорлик қилди. У ҳам жанг қиларди ва ҳам ўз имомини ҳимоя қилиш учун қаттиқ тиришар, Имом Ҳусайн (алайҳис салом) томонларига келаётган ўқлар қаршида ўз қўлини қалқон қилар ва Имом Ҳусайн (алайҳис салом) томонларига йўналтирилган ҳар бир қилич зарбатини ўз жонига қабул қилиб олар эди. У кўксини имоми учун қалқон қиларди. Токи, баданидаги жароҳати чуқурлашиб, кўп қон йўқотгани боис, ҳолдан тойиб ерга йиқилди. Қилган бутун фидокорлигига қарамай, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)га юзланиб, ниҳоят хоксорлик, тавозе ва адаб билан шундай деди: Эй Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг фарзанди, қилган аҳд-паймонимга вафо қилдимми?[14]

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ёронларидан душманларга қарши жанг қилиб шаҳидлик даражасига ноил бўлган Куфа шиаларининг бошлиқларидан айримларини шу ерда келтирамиз:

Ҳабиб ибн Мазоҳир, Муслим ибн Авсажа, Обис ибн Абу Шабиб, Бурайр ибн Хазир, Анас ибн Ҳорис ва ҳоказолар.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», 8-жилд, 50-бет.

[2]. Шайх Муфид, «Ал-Иршод», 2-жилд, 98-бет.

[3]. Ал-Балозирий, Аҳмад ибн Яҳё ибн Жобир [вафот этган санаси: 279-ҳижрий қамарий йили] «Ансобул Ашроф», 3-жилд, 185-бет.

[4]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳу Наҳжил Балоға», 43 ва 45-бетлар.

[5]. Аҳмад ибн Аби Яъқуб «Яъқубий» номи танилган, «Тарихул Яъқубий», 2-жилд, 241-бет.

[6]. Ибн Аъсам, «Ал-Футуҳ», 5-жилд, 89-бет.

[7]. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарийр Ат-Табарий, «Тарихул умами вал-мулук», ёки «Тарихи Табарий», 5-жилд, 432-бет.

[8]. Юқоридаги манба, 5-жилд, 435-бет.

[9]. Ибн Аъсам, «Ал-Футуҳ», 5-жилд, 117-бет.

[10]. Сиқатул Ислом Кулайний, «Ал-Кофий», 4-жилд, 147-бет.

[11]. Шайх Садуқ, «Ал-Амолий», 226-бет.

[12]. Шайх Тусий, «Ал-Амолий», 61-бет.

[13]. Шайх Муфид, «Ал-Иршод», 2-жилд, 231-бет.

[14]. Луҳуф китобидан Амр ибн Қарзаҳ Ансорий Куфийнинг шаҳид бўлишидан олдин қилган фидокорликларини иқтибос келтирдик. Шубҳасиз, Имом Ҳусайннинг қолган ёронлари ҳам мана шундай хусусиятга эга бўлганлар.

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.