Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Имом Али(а.с)нинг Пайғамбар(с.а) ҳузурларидаги ўринлари

Имом Али(а.с)нинг Пайғамбар(с.а) ҳузурларидаги ўринлари

  Ибн Саъд ўзининг «Табақот» номли китобида Буроъ бин Озиб ва Зайд бин Арқамдан нақл қилиб ёзадики, бу икки саҳобанинг айтишича «Табук»  жанги бошланишидан олдин Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)имом Али(алайҳис салом)га марҳамат қилдилар:

  Мадинада иккимиздан биримиз қолишимиз керак. Шунда Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)мушрикларга қарши уришиш учун Али(алайҳис салом)ни ўз ўринларига қўйиб йўлга отландилар.

 Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)йўлга тушгач, бир киши шундай деди: Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Али(алайҳис салом)ни қилган ноўрин иши учун ўзлари билан олиб бормай, Мадинада қолдирдилар. Бу сўз Имом Али(алайҳис салом)нинг қулоқларига етиб кетгач, ўзларини Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га етказдилар. Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Али(алайҳис салом)ни кўрган вақтларида, нима бўлганини сўрадилар, шунда имом Али(алайҳис салом) бундай жавоб бердилар:

  Эй Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)эшитдимки, бир киши «сиз мендан кўрган хато ва камчилик туфайли ғамгин бўлиб, шу учун мени ўз ўрнингизга қўйиб, сиз билан боришимни истамабсиз» дея, уйдирма қилган. Пайғамбар(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)бу сўзни эшитгач, табассум қилиб, шундай марҳамат қилдилар: «Эй Али! менинг наздимдаги ўрнингиз, Ҳоруннинг Мусо наздидаги ўрни каби бўлишини истамайсизми? Фақатгина фарқи шундаки, сиз пайғамбар эмасдирсиз».

 Имом Али(алайҳис салом) жавоб бердилар: «Эй Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) истайман». Шунда Пағамбар.а.о)буюрдилар: Менинг наздимдаги сизнинг мартабангиз, Ҳоруннинг Мусо(алайҳис салом) наздидаги мартабаси кабидир, фарқи шундаки, мендан сўнг пайғамбар келмас.

 Қуръони Каримнинг оятларидан маълум бўладики, Ҳазрати Ҳорун(алайҳис салом) ҳазрати Мусо(алайҳис салом)га нисбатан беш мансаб ва ўринга эга бўлган эди ва улар қуйидагилардан иборат:

  1. 1. Биродар ва оға-ини.
  2. 2. Пайғамбарлик вазифасида шерик.
  3. 3. Вазир ва Ёр-ёвар.
  4. 4. Ҳимоячи ва мудофаа қилгувчи.
  5. 5. Халифа ва Ўринбосар.

 Қуръони Каримнинг қуйидаги оятлари бу даъвога очиқ далилдир:

﴿وَاجْعَلْ لِى وَزِيرًا مِنْ أَهْلِى هَارُونَ أَخِى أُشْدُدْ بِهِ  أَزْرِى وَأَشْرِكْهُ فِى أَمْرِى﴾.

 «Менга ўз аҳлим-хонадонимдан бўлган Ҳорун биродарим ва оғамни вазир қилгин. У билан белимни бақувват қилгин, ва уни ишимда (яъни: пайғамбарлик вазифамни адо этишда) шерик қилгин».[1]

﴿وَقالَ مُوسَى لِأَخِيهِ هَارُونَ اخْلُفْ فِى قَوْمِى وَ أَصْلِحْ وَلا تَتَّبِعْ سَبِيلَ المُفْسِدِينَ﴾.

 «Мусо биродари Ҳорунга деди: Қавмим орасида менинг ўринбосарим бўлгин ва уларни (ёмон амалларидан) тузатгин-ислоҳ қилгин. Ва фасод-бузғунчилик қилувчиларнинг йўлига эргашмагин».[2]

 Юқоридаги ҳадис аҳли суннатнинг энг машҳур китоблари бўлмиш Саҳиҳул Бухорий ва Саҳиҳул Муслимда нақл қилинган бўлиб, Бухорийнинг китобида ушбу ҳадис тўлиқ келтирилган, лекин Саҳиҳул Муслимда эса бир марта тўлиқ ва бошқа бир марта эса бир қисмигина:

أَنْتَ مِنِّى بِمَنْزِلَةِ هارُونَ مِنْ مُوسَى، إِلاّ أَنَّهُ لا نَبِىَّ بَعْدِى

«Менинг наздимдаги сизнинг мартабангиз, Ҳоруннинг Мусо наздидаги мартабаси кабидир, фарқи шундаки, мендан кейин пайғамбар бўлмас», деб айтилган.

 Аҳли суннатнинг бошқа ҳадис китобларида, жумладан, Сунани ибн Можа, Сунани Термазий, Муснади Аҳмад, ва бошқа кўплаб китобларда ушбу «манзилат ҳадиси» нақл қилинган. Бу ҳадисни йигирмадан ортиқ саҳобалар жумладан, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий, Абу Саид Худрий, Абдуллоҳ бин Масъуд, Муовия ва бошқалар нақл қилишган.

 Абу Бакр Бағдодий ўзининг «Бағдод тарихи» номли китобида Умар бин Хаттобдан шундай нақл қилади: Умар Алини ҳақоратлаётган бир шахсни кўриб, унга қараб шунгай деди: Менимча сен мунофиқлардан бўлсанг керак, зероки, Расулуллоҳ Али ҳақида шундай марҳамат қилаётганларини эшитдим:

إنَّمَا عَلِيٌّ مِنِّي بِمَنْزِلَةِ هارُونَ مِنْ مُوسَى، إِلاّ أَنَّهُ لا نَبِىَّ بَعْدِى

 «Менинг наздимдаги Алининг мартабаси, Ҳоруннинг Мусо наздидаги мартабаси кабидир, фарқи шундаки, мендан кейин пайғамбар бўлмас»[3]

 Қизиғи шундаки, пайғамбаримиз манзилат ҳадисини  на фақат Табук ғазотида, балки бошқа турли муносабатларда етти марта баён қилишлари, ушбу ҳадиснинг умумий ва кенг маъно-мазмунга эга эканидан далолат қилади.

 Ушбу ҳадис Расулулллоҳ томонларидан содир бўлган замонларни санаб ўтамиз;

Маккада илк дафъа мусулмонлар ўртасида биродарлик аҳд-паймони тузилганда Пайғамбаримиз Али билан биродарлик аҳд-паймони туздилар ва шу пайт, юқоридаги манзилат ҳадисини айтдилар.

 Иккинчи маротаба ансор ва муҳожирлар ўртасида биродарлик аҳд-паймони тузилганда яна бир бора Пайғамбаримиз Али билан биродарлик аҳд-паймони тузиб мазкур ҳадисни такрорладилар

 Ҳазрат Расулуллоҳ масжидлари томон очиладиган барча эшикларни саҳобаларга ёптириб, фақат Алининг эшиги очиқ қолишини буюрганларида, саҳобаларнинг бу борадаги саволига жавобан, мазкур ҳадисни айтганлар.

 Табук ғазотида ҳамда бошқа уч ўринда ушбу ҳадисни марҳамат қилганлар. Мазкур ҳадис аҳли суннат китобларида зикр қилинган бўлиб, санади жиҳатидан ва ҳам умумий ва кенг маъно-мазмунга эга эканлиги жиҳатидан ҳар қандай шак-шубҳадан холидир.

Манзилат ҳадисидан келиб чиқадиган хулосалар

 Агар ҳадисга шахсий назаримизни аралаштирмай, бетарафона ва холисона уни кўриб чиқадиган бўлсак, ҳазрат Ҳорун Бани Исроил қавми орасида Мусо пайғамбарга нисбатан қандай мансаб ва мартабаларга эга бўлган бўлса, имом Али ҳам пайғамбарлик мартабасидан бошқа ўша мансаб ва мартабаларнинг ҳаммасига эга бўлган зот эканларини тушуниб олишимиз мумкин. Негаки, ҳадисда фақат «пайғамбарлик» мустасно қилинган бўлиб, қолган ҳеч қанақа шарт-шароитлар зикр этилмаган.

 Шу боис, қуйидаги хулосаларни чиқаришимиз мумкин:

 Али- пайғамбардан кейин умматнинг энг афзали эди, зероки, Ҳорун Мусо пайғамбардан сўнг Бани Исроил умматнинг энг афзали эди.

Али- пайғамбаримизнинг вазирлари ва ул зотнинг кўмакчилари ва умматга раҳбарлик қилишда шериклари эди, чунки, юқорида айтиб ўтганимиздек, Қуръон Карим Тоҳо сурасининг 29-оятидан 32гача бўлган оятларда ушбу мартаба ва мансабларнинг барчасини Ҳорун учун зикр қилган эди.

 Али- пайғамбаримизнинг халифа ва ворислари эди. имом Али(алайҳис салом) бўлган вақтларида бошқа ҳеч бир шахс халифалик мансабига сазовор эмас эди. Шунингдек, Ҳорун(алайҳис салом) ҳам Мусо(алайҳис салом)дан кейин шундай мартаба ва даражага эга эди.



Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Тоҳо сураси 29-32-оятлар.

[2]. Аъроф сураси142-ояти.

[3]. Хатиб Бағдодий, «Тариху Бағдод», 7-ж, 452-б, 6790-ҳ.

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.