Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нега имомларингизни маъсум [барча гуноҳлардан йироқ ва пок инсонлар] деб биласизлар?

Нега имомларингизни маъсум [барча гуноҳлардан йироқ ва пок инсонлар] деб биласизлар?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Шиалар наздида пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан бўлган имомларнинг маъсумлигига бир неча қатъий далиллар мавжуд бўлиб, биз бу ерда ушбу далиллардан фақат биттасини келтирамиз:

Шиа ва Аҳли суннат олимларининг қилган ривоятига кўра, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умрларининг оxирги дамларида шундай дедилар:

«إنِّي تارِكٌ فِيکُم الثَّقَلَيْنِ کِتَابَ اللهِ وأَهْلَ بَيْتِي وأَنَّهُمَا لَنْ يَفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Мен сизларга икки қимматбаҳо нарсани қўйиб кетмоқдаман, бири Аллоҳнинг китоби ва иккинчиси эса менинг АҳлиБайтимдир. Бу иккиси Ҳавзи Кавсар бўйида мени учратгунларига қадар ҳаргиз бирбирларидан ажралмаслар».[1]

Бу ерда диққатга сазовор бўлган нарса шундан иборатки, Қуръони Карим ҳар қандай оғиш ва саҳв-хатодан йироқдир. Қандайига Аллоҳнинг юборган ваҳийи оғиш ва саҳв-хатога мубтало бўлиши мумкин, ҳолбуки, уни йўллаган Зот Аллоҳ ва уни туширувчи ваҳий фариштаси ҳазрати Жаброил (алайҳис салом) ва уни қабул қилиб олувчи эса Аллонинг Расулидир? Нега деганда ҳар учовининг [Аллоҳ таоло, ҳазрати Жаброил ва Расулуллоҳнинг] маъсумлиги, яъни барча саҳв-хато ва тойилишлардан йироқлиги кун каби равшандир ва бутун мусулмонлар азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни ваҳийни қабул қилиб олишда ва уни қўриқлаб, тўла-тўкис ҳолда одамларга етказишда ҳар қандай хато ва янглишишга йўл қўйиш хавф-хатаридан йироқ бўлганлар, – деб эътиқод қилишади.

Шундай экан, агар Қуръони Каримнинг ҳар қандай айбу нуқсон, саҳв-хато ва тойилишдан йироқ ва пок эканлигини тан олсак, ундан ажралмас бўлган Аҳли-Байтнинг ҳам поклигини эътироф этмай иложимиз йўқ. Негаки, мазкур «Сақалайн» ҳадисида Расулуллоҳнинг Аҳли-Байтлари Ислом умматига раҳбарлик қилиш ва уларни ҳидоят йўлига чорлаш нуқтаи назаридан Қуръони Каримдан ажралмас бўлган унинг тенгдоши сифатида таъкидланган. Шунинг учун, бир-биридан ажралмаслик ва тенглик қонунига биноан, ҳар иккаласи саҳв-хато ва тойилишдан йироқ ва пок эканликда тенг ва баробардирлар.

Бошқа таъбир билан айтганда, барча саҳв-хато ва гуноҳлардан йироқ ва пок бўлмаган, яъни маъсум бўлмаган шахс ёки шахсларни Аллоҳ таолонинг сўнгги китоби бўлган Қуръоннинг тенгдоши деб бўлмайди.

Имомларнинг маъсум [барча саҳв-хато ва гуноҳлардан йироқ ва пок] эканликларига энг ойдин далил юқорида зикр этилган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳадисларидаги ушбу иборадир:

«وأَنَّهُمَا لَنْ يَفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Бу иккиси [раҳбарлик қилиш ва ҳидоятга чорлашда] Ҳавзи Кавсар ёнида мени учратгунларига қадар ҳаргиз бир-бирларидан ажралмаслар».

Агар Пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтлари ҳар қандай саҳв-хато ва гуноҳлардан йироқ ва пок бўлмай, айрим ҳолларда хато ва гуноҳга йўл қўйганларида эди, саҳв-хато ва тойилиш унинг томон яқинлаша олмайдиган Қуръони Каримдан ажралган бўлардилар. Ҳолбуки, азиз Пайғамбаримиз «Бу иккиси зинҳор бир-биридан ажралмайди», деб таъкидлаганлар.

Албатта, Аҳли-Байт деганда, Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳамма яқинларини айта олмасмиз. Чунки, уларнинг ҳаммаси ҳам саҳв-хато ва гуноҳлардан йироқ ва пок бўлишмаган.

Шундай экан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан фақат хос тоифагина бундай юксак ва буюк мақом ва мартабага, яъни маъсум бўлиш даражасига эришган ва улар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан бўлган ҳамон ўн икки имомлар бўлиб, тарих бўйлаб уммат йўлини ёритувчи, Пайғамбаримиз суннатларини сақловчи ҳамда ул зот шариатининг қўриқловчиси бўлиб келганлар.

Фойдаланилган манбалар:

[1]. Ушбу ҳадиснинг Аҳли суннат наздидаги айрим манбалари қуйидагилардир:

  • Ҳoким Нишoбурий, «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн», 3-жуз, 147 – бeт.
  • Ибн Ҳажар, «Ас-савоиқул муҳриқаҳ», 11-бoб, 1-фaсл, 149-бeт.
  • Шунингдeк, ушбу мaънoдaги ҳaдис Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 1-жилд, Иътисoм бил китoби вaс-суннaҳ бoбидa 44-бeтда келтирилган.
  • Aҳмaд ибн Ҳaнбaл, «Ал-Муснaд», 5-жилд, 182 ва 189-бeтлaр вa бoшқaлaрдa кeлтирилгaн.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.