Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун шиалар азон айтаётганда «Ашҳаду анна Алийян Валиюллоҳ» деб қўшиб айтишади ва Алининг валийлигига шаҳодат беришади?

Нима учун шиалар азон айтаётганда «Ашҳаду анна Алийян Валиюллоҳ» деб қўшиб айтишади ва Алининг валийлигига шаҳодат беришади?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Ушбу саволга жавоб бериш учун бир неча масалаларни кўздан кечирмоқ лозим:

Аввало шуни айтишимиз керакки, барча шиа фақиҳлари ўзларининг фиқҳий китобларида бу шаҳодат [ашҳаду анна Алийян Валиюллоҳ] Азоннинг бир бўлаги ҳисобланмайди, деб таъкидлайдилар. Яъни на азон ва на иқоматнинг таркибий қисми ҳисобланади ва шунингдек, Аҳли-Байт мактабининг фақиҳ ва мужтаҳидлари ушбу шаҳодат ва гувоҳликни азон ва иқоматнинг бир бўлаги сифатида ҳеч бир шахснинг айтишга ҳаққи йўқ, деб уқтирадилар.

Иккинчидан; Қуръони Каримнинг ўзида Али (алайҳис салом)нинг валий эканлигига далолат қилувчи оят мавжуд бўлиб, ўша ояти каримада ул зот мўъминларнинг валийси ва пешвоси эканлиги таъкидланган:

﴿إِنَّمَا وَلِيُّكُمُ اللَّهُ وَرَسُولُهُ وَالَّذِينَ آمَنُوا الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُمْ رَاكِعُونَ﴾

«Сизларнинг валийингиз [раҳбарингиз] фақат Аллоҳ, Унинг Расули ва иймон келтирганлар ҳамда намозни тўкис адо этиб рукуъда турган ҳолларида закоти берадиганлардир». (Моида сурaси, 55-oят)

Аҳли суннатнинг «саҳиҳ ва муснад», деб номланган китобларида келтирилган ҳадисларда айтилишича, бу ояти карима ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақларида бўлиб, ул ҳазрат рукуъ қилаётган ҳолларида тиланчига бармоқларидаги узукни берганларида нозил бўлган[1]. Ушбу ояти карима ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақларида нозил бўлгач, саҳобалардан бўлмиш машҳур шоир Ҳисон ибн Собит бу воқеани шеър назмида баён этади:

فأنتَ الَّذِي أَعطَيْتَ إِذ أنْتَ راکِعٌ                  فَدَتْكَ نُفُوسُ الْقَوْمِ يا خَيْرَ رَاکِعٍ

فَأَنْزَلَ فِيكَ اللهُ خَيْرَ وَلاَيَةٍ                            وَبَيَّنَهَا فِي مُحْکَمَاتِ الشَّرَائِعِ

  • Сиз рукуъ қилган ҳолда [тиланчига узукни] берган зотсиз, жонлар сизга фидо бўлсин, эй энг яхши рукуъ қилувчи бўлган зот.
  • Шунда Аллоҳ сиз ҳақингизда энг яхши валийлик ва пешволикни нозил этди ва уни шариатнинг мустаҳкам ҳукмларида баён қилди.

Учинчидан; пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) айтганларидек: «إنَّما الأَعْمَالُ بِالنِّيَّاتِ» «Ҳар бир амал ниятга боғлиқдир.» Шундай экан, агар биз Қуръонда таъкидлаб келтирилган ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг валий ва пешволигини азоннинг таркибий қисми ҳисобламай, балки фақат ҳақиқатни эълон қилиш мақсадида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пайғамбарликларига шаҳодат бериш билан биргаликда ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг валий ва пешволикларига ҳам гувоҳлик берсак, бунинг ҳеч қандай айби йўқ.

Бу ерда айтилиши лозим бўлган масала шундан иборатки, агар азонга бирор бир иборани қўшиб айтишга ҳақимиз йўқ ва бу иш жоиз эмас, деб шубҳа туғдирадиган бўлсангиз, унда биз қуйида келтирадиган икки масалага қандай қилиб жавоб бера оласиз, деб сиздан сўраймиз:

1. Нима учун азоннинг бир бўлаги бўлмиш «حَيَّ عَلَىٰ خَيْرِ العَمَل ҳайя алаа xойрил амал» жумласини олиб ташлашди. Тариxнинг гувоҳлик беришича: «Ҳайя алаа xойрил амал» маъноси; «энг яxши амалга шошилинг» жумласи азоннинг ичидаги бир бўлаги бўлган.[2] Бироқ Умар бин Xаттобнинг xилофати даврида унинг буйруғи билан юқоридаги азон бўлаги олиб ташланди ва бу ҳақда ундан сўралганда, у шундай деб жавоб берган:

«Агар азонда бу жумла айтилса, одамлар энг яxши амал намоз экан, деб жиҳодни тарк қилишади, шунинг учун азоннинг ичидаги бу бўлакни олиб ташлашни лозим топдим»[3].

Афсуски, Аҳли суннат биродарларимиз томонидан азонни бундай нуқсонли ҳолатда айтиш ҳозиргача давом этиб келмоқда.

2. Аҳли суннат биродарларимиз Бомдод намозининг азонига қўшиб айтадиган أَلصَّلَوةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ «ас-солату xойрум минан навм» жумласини нима учун қўшишган? Аxир пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида бу жумла азоннинг бир бўлаги сифатида айтилмас эди-ку! Бироқ кейинчалик азонга қўшиб қўйилди[4]. Шунинг учун, Аҳли суннат мазҳабларининг раҳбарларидан бўлмиш Имом Шофеий ўзининг «Ал-Умм» номли китобида бу ҳақда шундай дейди:

«أَکْرَهُ فِي الْأَذَانِ الصَّلَوةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ لِأَنَّ أَبَا مَحْذُورَة لَمْ يَذْکُرْهُ»

«Азонга «Ассолату xойрум минан навм» иборасини қўшиб айтишни ёқтирмайман. Чунки, ҳадис [ривоят қилувчи ровийлардан бўлган] Абу Маҳзураҳ бу иборани [ўзи ривоят қилган ҳадисида] келтирмаган».

Моликий мазҳабининг пешвоси бўлган Имом Молик бу борада айтади:

«إنَّ المؤذن جاء إلى عمربن الخطاب يؤذنه لصلاة الصبح فوجده نائمًا فقال: الصَّلاة خيرٌ من النَّوم فأمره أن يجعلها في نداء الصُّبح»

«Муаззин азон айтувчи Умарнинг олдига бомдод намози вақтини эълон қилгани келганида, Умарни ухлаб ётган ҳолда кўриб: «Ассолаату хойрун минаннавм», яъни Намоз уйқудан афзалдир, деди. Шунда Умар унга бундан буён бомдод намозининг азонига ушбу иборани қўшиб айтишни буюрди».[5]

Ибн Ҳазм ҳам бу борада айтади:

«الصلاة خير من النوم، ولا نقول بهذا ايضا لأنه لم يأت عن رسول اللّه – صلى اللَّه عليه و سلّم»

«Биз «Ассолаату хойрун минаннавм», яъни намоз уйқудан афзалдир иборасини ҳам айтмаймиз. Зеро, ушбу ибора Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилинмаган».[6]

Демак, Имом Шофеий, Имом Молик ва Ибн Ҳазм каби Аҳли суннатнинг буюк олимлари ошкора айтган сўзларига кўра, أَلصَّلَوةُ خَيْرٌ مِنَ النَّوْمِ «ас-солату xойрум минан навм» жумласини Бомдод намозининг азонига қўшиб айтиш иккинчи халифа Умар ибн Хаттобнинг бидъатларидан[7] бўлиб, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ушбу жумла азонда бўлмаган.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ушбу oятнинг ҳазрати Али (алайҳис салом) ҳақларида нoзил бўлгани Аҳли суннатнинг жудa кўп манбалaридa зикр этилгaн. Биз улaрдан фақат бaъзилaрини кeлтирaмиз:

  • «Тaфсири Тaбaрий», 6-жилд, 186-бeт.
  • Жасоснинг «Aҳкoмул Қуръoн» номли тафсир китоби, 2-жилд, 542-бeт.
  • «Тaфсири Бaйзoвий», 1-жилд, 345-бeт.
  • Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 2-жилд, 293-бeт.

[2]. Ушбу айтилган сўзнинг манбаи:

  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», Китoбус-сoлaт, 4-жилд, 266-бeт.
  • Бaйҳaқий, «Ас-Суннaн», 1-жилд, 424 ва 425-бeтлaр.
  • Имом Молик, «Ал-Муваттаъ», 1-жилд, 93-бет.

[3]. Умар ибн Хаттоб айтган сўзнинг манбаи:

  • «Кaнзул ирфoн», 2-жилд, 158-бeт.
  • «Ас-Сирoтул мустaқийм вa жaвoҳирул axбoри вaл oсoр» китоби, 2-жилд, 192-бeт.
  • Қушчи, «Шaрҳу тaжридил эътиқод», имомат масаласи, 484-бет:

صعد عمر المنبر و قال: «أيُّهَا النَّاسُ ثَلاثٌ کُنَّ علی عهد رَسُولِ اللهِ أَنَا أنهَي عَنهُنَّ وَ أُحَرِّمُهُنَّ و أُعَاقِبُ عَلَيهِنَّ و هي مُتعةُ النِّساءِ ومُتعَةُ الحَجِّ وحیَّ عَلَي خير العمل».

Умар минбарга чиқиб шундай деди: Эй халоиқ, уч нарса Расулуллоҳ замонларида бор эди, лекин мен [сизларни уларни бажаришдан] қайтараман ва уларни сизларга ҳаром қиламан ва уларни [бажарган] шахсни жазолайман. Ўша уч нарса: «Аёлларни муваққат никоҳ қилиш, Ҳаж мутъаси ва азонда ҳайя алаа xoйрил амал иборасини айтишдир.»

[4]. Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», китобус-солаҳ, 4-жилд, 270-бет.

[5]. Имом Молик, «Ал-Муваттоъ», 1-жилд, 72-бет.

[6]. Ибн Ҳазм, «Ал-Муҳалло шарҳул Мужалло», Миср нашрида 3-жилд, 161-бет.

[7]. Пайғамбаримиз замонларида ислом динида бўлмаган, лекин кейинчалик ислом динига киритилган нарсага «Бидъат» деб айтилади.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.