Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.о)нинг Ҳақиқий Халифа ва Ворислари кимлар?

Пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.о)нинг Ҳақиқий Халифа ва Ворислари кимлар?

Жавоб: Ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг сарвари олам Муҳаммад Мустафонинг танлаган барҳақ вориси ва ўринбосари эканини ойдин ва қатъий далиллар билан исботлаганимиздан сўнг бошқа имомларнинг ворислиги ва ислом умматининг йўлбошчиси экани ҳақида сўз юритамиз.

 Аҳли суннат ва аҳли-байт мактаби тарафдорларининг китобларида келтирилган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳадисларида ўн икки имом ёки ўн икки халифа хусусида сўз юритилган. Бундай ҳадислар Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳул Муслим, Сунани Аби Довуд, Муснад Аҳмад ва бошқа машҳур китобларда нақл қилинган. «Мунтахабул асар» китобида икки юз етмиш битта шу мазмундаги ҳадислар келтирилган бўлиб, уларнинг аксарияти аҳли суннат уламолари томонидан нақл қилингандир.

  Мисол тариқасида; Ўн икки халифа ва ворис ҳақидаги ҳадис, аҳли суннатнинг энг машҳур ва таниқли китоби бўлмиш Саҳиҳул Бухорийда қуйидагича келтирилган:

 [ 6796 ] حدثني محمد بن المثنى حدثنا غندر حدثنا شعبة عن عبد الملك سمعت جابر بن سمرة قال سمعت النبي صلى الله عليه وسلم يقول يكون اثنا عشر أميرا فقال كلمة لم أسمعها فقال أبي إنه قال كلهم من قريش

  Жобир бин Самура; Пайғамбардан «Мендан кейин 12 нафар амир ва раҳбар бўлажак», деб марҳамат қилганларини эшитдим, лекин яна бир айтган сўзларини эшита олмадим, деди. Шунда отамдан сўраганимда, ул ҳазрат «Улар (амир ва раҳбар)нинг ҳаммаси Қурайшийлардир», деб марҳамат қилдилар, деди.[1]

  Саҳиҳул Муслимда эса бу ҳадис қуйидагича нақл қилингандир: Жобир айтади: Пайғамбаримиздан шундай марҳамат қилаётганларини эшитдим: «Ўн икки халифа бўлгунига қадар, ислом доимо азиз бўлажак.» Кейин яна бир айтган сўзларини мен англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, Уларнинг барчаси Қурайшдандир –дедилар.

  Муснад Аҳмад китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ бин Масъуддан нақл қилинишича: Пайғамбаримиздан ул зотнинг халифалар ҳақида сўралганда: «Уларнинг сони бани Исроил нақиблари ва раҳбарларининг сони каби ўн икки нафардир», дедилар.

  Мазкур ҳадисларда исломнинг иззатини таъминловчи ва диннинг ҳаётини сақлаб қолувчи ўн икки халифанинг ҳаммаси Қурайшдан ва айрим ҳадиларда эса уларнинг барчаси Бани Ҳошимдан эканлиги уқтирилган бўлиб, Аҳли-байт мактаби тарафдорларининг ўн икки пешво ва раҳнамоларидан бошқа ҳеч бир шахсга татбиқ эта олмаймиз.

  Аҳли суннат уламолари мазкур ҳадислар кимга тегишли эканлиги ҳақида боши берк кўчага кириб қолишган. Зероки, агар дастлабки тўрт халифага Бани Умайя ва Бани Аббос халифаларини қўшиб ҳисоблайдиган бўлсак, уларнинг сони 12 нафардан ошиб кетади, ёхуд агар ёлғиз Бани Аббос халифаларини назарга оладиган бўлсак-да, уларнинг сонига уйғун келмайди.

  Бундан ташқари, Бани Умайя халифалари орасида Язидга ўхшаш ва Бани Аббос халифалари орасида Мансур Давониқий Ҳорун Ар-рашид каби зулму жиноятга муккасидан тушган шахсларни тағин қандайига сарвари олам Муҳаммад Мустафонинг халифалари ва Исломни юксалтирадиганлар деб ҳисоблай оламиз?! Қанчалик халифалик шарт-шароитларини осон ва енгил тутмайлик, бундай шахслар қатъиян халифаликка лойиқ бўлмай, четга чиқишлари муқаррар.

  Шу боис, ўн икки сонни фақат аҳли-байт мактабининг издошлари ёндашадиган ўн икки имомга татбиқ этишдан бошқа тўғри ечимни топа олмаймиз.

 Бу борада аҳли суннатнинг буюк олимлари билдирган фикрларни кўриб чиқамиз.

  Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий (ҳанафий мазҳабининг уламоларидан) «Янобиъул маваддаҳ» номли китобида шундай ёзади:

  Татқиқотчи олимларнинг айтишича, пайғамбардан кейинги халифаларнинг сони ўн икки нафар эканлиги хусусида келтирилган ҳадислар машҳур бўлиб, кўпгина ровийлар томонидан нақл қилинган. Лекин вақт ўтиши, замон ва макон шароитидан келиб чиқадиган тушунча асосидан Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг мазкур ҳадисда кўзлаган ўн икки халифа ва ворислари ул зотнинг аҳли-байтлари ва хонадонлари аҳлидан эканлиги ошкор бўлмоқда. Негаки, ушбу ҳадисдан дастлабки халифалар назарда тутилганлар деб айта олмаймиз, чунки, уларнинг сони тўрт кишидан ортиқ бўлмай, ўн икки нафарга етмайди.

  Шунингдек, мазкур ҳадис Бани Умайя тоифасидаги ҳукмдорларга нисбатан баён қилинган, деб ҳам айтолмаймиз. Зероки, уларнинг сони ўн икки нафардан ортиқ бўлиб, Умар ибн Абдулазиздан ташқари уларнинг ҳаммаси золим ва жинояткор бўлиб ўтганлар. Устига устак, улар Ҳошим фарзандларидан эмасдилар, ҳолбуки, Абдулмалик бин Умарнинг Жобир бин Саҳра орқали пайғамбаримиздан нақл қилган ҳадисга кўра, ўн икки халифа ва вориснинг ҳаммаси Ҳошим зурриётидан эканлиги қатъийдир. Пайғамбаримизнинг бу ўн икки нафар қайси тоифадан эканлигини секин товушда айтганликлари юқоридаги сўзимизнинг тўғрилигини тасдиқлайди, негаки Қурайшнинг аксарияти Бани Ҳошим халифаликни эгаллашини яхши кўрмасдилар. Ва шунингдек, мазкур ҳадисдаги ўн икки халифани Бани Аббос тоифасидаги ҳукмдорларга ҳам татбиқ эта олмаймиз. Зероки, уларнинг сони ўн икки нафардан ортиқ эди, ва бундан ташқари, улар қуйидаги

﴿ قُل لَّا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْراً إِلَّا الْمَوَدَّةَ فِي الْقُرْبَى﴾

 (Эй, Муҳаммад,) айтинг: «Мен сизлардан бу (чеккан заҳматим) эвазига ажр-мукофот эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман, холос» (Шўро сураси, 23-оят). Маваддат ояти ва Касо ҳадисига нибатан бепарво бўлиб, унга амал қилмаганлар.

  Шу боис, ушбу ҳадисни фақат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг аҳли-байтларидан бўлган ўн икки имомгагина татбиқ этишимиз мумкин. Зероки, улар илму маърифатда ўз замоналаридаги шахсларнинг ҳаммасидан кўра доно, зуҳду-тақвода барчадан афзал ва аслу-насабда эса ҳаммадан юқоридадирлар. Уларнинг билимлари Аллоҳ тамонидан ато этилган илми ладунний бўлиб, уни ўз боболари Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан мерос қилиб олганлар.

  Ушбу фикр-мулоҳазамизни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан аҳли-байт борасида нақл қилинган Сақалайн ва шу каби кўплаб ҳадислар тасдиқлайди.»[2]

  Қизиғи шундаки, ҳозирги биз яшаётган замонадаги аҳли суннат уламолари юқоридаги ўн икки имом ва халифа ҳақидаги ҳадисни бошқача тафсир ва таҳлил қилиш чораларини кўриб, «ажойиб» бир ечим топибдилар. Уларнинг қилган тафсиру таҳлиллари асосида топган ечимларидан боши берк кўчага кириб қолганликлари яққол маълум бўлади.

Уларнинг айтишларича, ўн икки халифа ва ворисдан назарда тутилган шахслар Исломнинг илк давридаги дастлабки тўрт халифа бўлиб, қолган саккиз ҳалифа эса ҳалигача вужудга келмаган эмиш.

  Улар ҳадисдаги ўн икки халифа бир-биридан ажралмай туриб, кетма-кет келишларини ҳисобга олмаган ҳолда юзаки ва сатҳий бир ечимни топиб олган кўринадилар. Ушбу ҳадисдан фақат шиаларнинг ўн икки имомигина назарда тутилгани хусусида айтилган аниқ далил ва исботлар бўла туриб, нима учун бошқа ечимлар кетидан изланиб, боши берк кўчага кириб қолган шахс каби ўзимизни қийнаб қўйишимиз керак экан?

  Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, ул ҳазратнинг ворислари ва ўринбосарлари ва бутун мусулмонларнинг пешволари ва бошлиқлари ҳақида қуйидаги ҳадисни «Янобийъул маваддаҳ» номли китобининг 76-боб, 529-бетида келтирган:

 Наъсал исмли бир яҳудийкиши пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳузурларига келиб, ушбу саволларни сўрай бошлади: ҳар бир пайғамбарнинг  вориси ва ўринбосари (халифаси) бўлиб, бизнинг пайғамбаримиз Мусо ибн Имроннинг васий ва вориси Юшаъ ибн Нундир. Шу боис, ўзингиздан сўнг сизнинг ворис ва ўринбосарингиз ким эканлигидан мени хабардор қилинг!

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ушбу саволнинг жавобида шундай марҳамат қилдилар:

إِنَّ وَصِيِّى عَلِىُّ بْنُ أَبِى طَالِبٍ، وَ بَعْدَهُ سِبْطَای الحَسَنِ وَ الحُسَينِ، تَتْلُوهُ تِسْعَةُ أَئِمَّةٍ مِنْ صُلْبِ الحُسَينِ. قَالَ: يَا مُحَمَّدُ فَسَمَّهُمْ لِى. قَالَ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ: إِذَا مَضَى الحُسَينُ فَابْنُهُ عَلِيٌّ، فَإِذَا مَضَى عَلِىٌّ فَابْنُهُ مُحَمَّدٌ، فَإِذَا مَضَى مُحَمَّدٌ فَابْنُهُ جَعْفَرٌ، فَإِذَا مَضَى جَعْفَرٌ فَابْنُهُ مُوسَى، فَإِذَا مَضَى مُوسَى فَابْنُهُ عَلِىٌّ، فَإِذََا مَضَى عَلِىٌّ فَابْنُهُ مُحَمَّدٌ، فَإِذَا مَضَى مُحَمَّدٌ فَابْنُهُ عَلِىٌّ، فَإِذَا مَضَى عَلِىٌّ فَابْنُهُ الْحَسَنُ، فَإِذَا مَضَى الْحَسَنُ فَابْنُهُ الْحُجَّةُ م ح مّ د المَهْدِىُّ فَهَؤُلاءِ إِثْنَى عَشَرَ…

 «Менинг ворисим ва ўринбосарим (халифам) Али ибн Аби Толиб ва ундан сўнг икки набирам Ҳасан ва Ҳусайндир ва (имом) Ҳусайндан сўнг, Ҳусайннинг зурриётидан бўлган тўққиз имом келурлар.

 Яҳудий киши яна деди: ана ўша тўққиз имомнинг номларини менга айтиб беринг! Шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) марҳамат қилдилар:

 Ҳусайннинг (пешво, раҳбар, ва бошлиқлик) замони тугагач, унинг ўғли Али (имом Зайнул обидийн)дир, Али (ибн Ҳусайн, Зайнул обидийн)нинг пешволик ва бошлиқлик замони тугагач, унинг ўғли Муҳаммад (ибн Али, имом Боқир)дир, имом Муҳаммаднинг пешволик замони тугагач, унинг ўғли Жаъфар (ибн Муҳаммад, имом Содиқ)дир, имом Жаъфар Содиқнинг пешволик замони тугагач, унинг ўғли Мусо (имом Козим)дир, имом Мусои Козимнинг пешволик замони тугагач, унинг ўғли Али  (имом  Ризо)дир, имом Али Ризонинг пешволик замони поёнига етгач, унинг ўғли Муҳаммад (имом Жавод)дир, имом Муҳаммаднинг пешволик замони ниҳоясига етгач, унинг ўғли Али (имом Ҳодий ёки имом Нақий)дир, имом Алининг пешволик замони якунига етгач, унинг ўғли Ҳасан (имом Ҳасан Аскарий)дир, имом Ҳасан Аскарийнинг пешволик замони тугагач, унинг ўғли Ҳужжат Маҳдий пешво, раҳбар, бошлиқ ва йўлбошчи бўлур. Булар, ўн икки халифа, мендан сўнг менинг ворисимдирлар».

  Шунда ўша яҳудий шаҳодат келтириб шундай деди: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва сиз Аллоҳнинг расули ва булар эса сиздан сўнг сизнинг васий ва ворисингиз эканига гувоҳлик бераман. Олдинги пайғамбарларнинг китобида ва Мусо ибн Имрон бизга аҳд қилиб қолдирган китоб (Таврот)да келадиган охирги  пайғамбарнинг номи Аҳмад ва Муҳаммад бўлиб, пайғамбарларнинг энг сўнггиси, ундан кейин пайғамбар келмас ва ундан кейинги унинг васий ва ворислари ўн икки нафар эканини ўқиганман. Мазкур ворисларнинг биринчиси пайғамбарнинг амаки ўғли ва куёвидир, унинг иккинчи ва учинчи ворислари эса пайғамбарнинг зурриётидан бўлган икки оғаинидирлар. Пайғамбарнинг уммати у зотнинг биринчи ворисини қилич зарбаси билан, иккинчи ворисини заҳарлаш билан ва учинчи ворисини эса унинг хонадони билан бирга ғарибликда ва сувсиз ҳолда қўй каби сўйиш билан ўлдиришади. Пайғамбарнинг қолган тўққиз ворислари эса унинг учинчи ворисининг наслидан бўлиб, у зотнинг ворисларининг сони яҳудийлар бошлиқларининг сони каби ўн икки нафардир. Буларнинг ҳаммасини олдинги пайғамбарларнинг китобларида ўқиганман.[3]

  Аҳли суннат олимининг ўз китобида нақл қилган ушбу мазкур ҳадисидан Пайғамбаримиздан сўнг, у ҳазратнинг ҳақ халифа (ўринбосар)лари ва ворислари ўн икки пешво, валий ва йўлбошчидан иборат эканлиги ва ҳақ ва тўғри йўлда юришни истаган мусулмонлар, пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)Аллоҳнинг фармони билантайин этган ушбу буюк ва юксак ўн икки имом ҳақ эканлигига эътиқод қилиб, уларга эргашишлари лозим ва зарурий эканлиги асосланган ҳолда маълум бўлади.

 Пайғамбаримиз Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан сўнг, у ҳазратнинг ҳақ ўринбосар, халифалари ва ворислари имом Али(алайҳис салом) ва у зотнинг зурриётидан бўлган ўн бир имом эканлиги очиқ-ойдин ҳолда маълум бўлиши учун назарингизни қуйидаги юз берган воқеага жалб қиламиз:

  Анас ибн Молик деди: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг вафотларидан сўнг, бир яҳудий савол сўраш учун келди, халқ эса уни Абу Бакр томонига йўллашди. Яҳудий Абу Бакр ёнига келиб, шундай деди: Сиздан шундай бир нарсалар ҳақида сўрамоқчиманки, у нарсаларни Пайғамбар ва Пайғамбарнинг вориси, халифаси ва ўринбосаридан бошқа ҳеч ким билмайди; Абу Бакр деди: Ниманики назарингда тутган бўлсанг, ўшани сўрагин.

  Яҳудий деди: Аллоҳ учун йўқ бўлган нарса ва Аллоҳнинг ҳузурида бўлмаган нарса ва Аллоҳ билмайдиган нарса ҳақида менга хабар беринг, яъни: мени шу нарсалардан огоҳ қилинг. Шунда Абу Бакр деди: Эй яҳудий булар зиндиқлар (кофир)ларнинг масалаларидир. Шунда Абу Бакр ва у ердаги мусулмонлар яҳудийга ҳужум қилишди, бу ҳодисани кўрган Ибн Аббос(разияллоҳу анҳу)«бу кишига нисбатан инсофли бўлмадингиз», деди.

  Шунда Абу Бакр деди: Нима тўғрисида сўз юритганини эшитмадингми? Ибн Аббос деди: Агар ушбу саволларнинг жавобини билсаларинг айтингиз, йўқса бу яҳудийни Али(алайҳис салом) томонига йўллангиз. У ушбу саволларга жавоб бера олади. Зероки, мен Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)дан Али ибн Абу Толиб хусусида шундай марҳамат қилганларини эшитдим: «اَللَّهُمَّ اهْدِ قَلْبَهُ وَ ثَبِّتْ لِسَانَهُ» «Эй Аллоҳим! У (Али)нинг қалбини ҳидоят қилгин ва тилини мустаҳкам этгин.»

  Шунда Абу Бакр ва у билан бирга бўлган мусулмонлар ўринларидан туриб, Али ибн Аби Толиб томонга йўл олишди ва ундан изн сўрашди. Шунда Абу Бакр деди: Эй Абул Ҳасан! Дарҳақиқат, бу яҳудий мендан зиндиқларнинг масалаларини сўради.

  Али(алайҳис салом) дедилар: Эй яҳудий! Нима дейсан? Яҳудий деди: Шундай бир нарсалар ҳақида сиздан сўрайманки, у нарсаларни Пайғамбар ва Пайғамбарнинг вориси ва ўринбосаридан бошқа, ҳеч ким билмайди. Шунда Али(алайҳис салом) унга саволларингни сўрагин дедилар. Ўша масалаларни яҳудий қайтадан айтиб берди.

  Али (алайҳис салом) дедилар: Аммо Аллоҳ билмайдиган нарса, сиз яҳудийларнинг ушбу сўзларингиздир: «Узайр Аллоҳнинг ўғлидир» ҳолбуки, Аллоҳ Ўзи учун ҳеч қандай фарзандни билмайди. Ва аммо; «Аллоҳнинг ҳузурида бўлмаган нарсадан мени хабардор қилинг» деган сўзинг, шуни билгинки, бандаларга зулм қилиш Аллоҳнинг ҳузурида бўлмаган нарсадир, аммо «Аллоҳ учун йўқ бўлган нарса» ҳақидаги саволингга жавоб шундан иборатки, Аллоҳ учун шерик йўқдир.

 Шунда яҳудий деди: Гувоҳлик бераманки, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ, ва Муҳаммад(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи) Аллоҳнинг Расули (Элчиси) ва сиз Расулуллоҳнинг вориси (халифаси)дирсиз. Шу пайт, Абу Бакр ва мусулмонлар Али(алайҳис салом)га шундай дедилар: Эй ғам-қайғуларни йўқотгувчи! (оғир кунларимизда мушкулларимизни енгил қилувчи)[4]

  Имом Али (алайҳис салом) ва у ҳазратнинг зурриётларидан бўлган ўн бир имом (алайҳимус салом) Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳақ ворислари ва халифалари эканликлари янада ойдинроқ бўлиши учун қуйидаги рўй берган муҳим воқеани нақл қиламиз:

  Умар бин Хаттоб халифалигининг дастлабки кунларида «Нажрон» минтақасининг масиҳий донишманди унинг ҳузурига келиб, шундай деди: Эй Амирал мўъминийн! Дарҳақиқат, бизнинг еримиз совуқ ва унинг харажати эса оғир-қийин бўлиб, қўшин у ерга бардош бера олмайди ва ҳар йили еримнинг божини тўлиқ ҳолда сизга олиб келиш менинг зиммамдадир.

   Шунда Умар масиҳий донишманднинг кафолатини қабул қилди. Ва у эса ҳар йили молнинг божини олиб келиб, топширар эди ва Умар у учун бож тўлагани борасида мактуб ёзиб берарди. Кунларнинг бирида масиҳий донишманди ўз жамоати билан бирга келди ва масиҳий донишманди гўзал сиймоли ва ҳайбатли кекса чол эди.

   Умар уни Аллоҳга ва Унинг Расули ва Унинг китоби (Қуръон) томонга даъват қилиб, ислом динининг фазилати ва мусулмонга нисбатан бўлган неъматлар ва каромат-юксаклик хусусида айрим нарсаларни айтиб берди.

  Шунда масиҳий донишманди унга шундай деди: Эй Умар! Ўз китобингиз (Қуръон)да бундай ўқийсизлар: «وَ جَنَّةٍ عَرْضُهَا کَعَرْضِ السَّمَاءِ وَالأَرْضِ» «ва жаннатнинг кенглиги осмон ва ернинг кенглигидекдир.» (Оли Имрон сураси133-ояти.) Шундай экан, Жаҳаннам қаерда бўлур?

  Умар билмаганлиги туфайли жим бўлиб қолиб, Али (алайҳис салом)га қараб: Сиз жавоб беринг, деди.

  Али(алайҳис салом) унга дедилар: Мен сенинг саволингга жавоб бергайман, эй масиҳий донишманди! Ушбу Ҳақиқат борасида фикр қилганмисан? Кечқурун келган вақтда кундузи қаерда бўлур? Ва кундузи келган вақтда қоронғу кеча қаерда бўлур?

  Шунда масиҳий донишманди деди: Ушбу масалага бирор кимса жавоб бера олади деб ўйламаган эдим. Эй Умар! Бу йигит ким? деб сўради.

  Умар деди: Али ибн Аби Толиб, Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг куёвлари ва амаки ўғиллари ва Ҳасан ва Ҳусайннинг отасидир.

  Масиҳий донишманди деди: Эй Умар! Ернинг бир қитъасидан мени хабардор қилгинки, фақат бир марта қуёшнинг нури ўша ерга тушган, сўнгра эса ундан олдин ва ундан кейин ўша ерга қуёш нури тушмаган бўлсин. Умар деди: Бу йигитдан сўрагин. У бу саволни Али (алайҳис салом)дан сўради.

  Али (алайҳис салом) дедилар: Мен ушбу саволингга жавоб бераман: Ўша ер Бани   Исроил ўтиши учун ўртасидан иккига бўлинган денгиз бўлиб, ўша вақт қуёш нури у ерга фақат бир марта тушган, ундан олдин ва ундан кейин ҳеч вақт у ерга қуёш нури тушмаган.

  Масиҳий донишманди деди: Инсонларнинг қўлидаги жаннат меваларига ўхшайдиган нарсадан мени хабардор қилинг! Умар деди: Бу йигитдан сўрагин. У ушбу саволни у зотдан сўради.

  Али (алайҳис салом) дедилар: мен ушбу саволингга жавоб бергайман; ўша нарса Қуръондирки, дунё аҳли унга тўпланиб, ундан ўз истак-ҳожатларини оладилар ва у (Қуръон)дан ҳеч нарса озаймайди ва шунингдек, жаннат мевалари ҳам, (инсонлар улардан тановул қилишлари билан ҳеч вақт озаймайди).

  Масиҳий донишманди деди: Рост айтдингиз. «Осмонларнинг қуфли борлиги ҳақида менга хабар беринг», деди.

  Али (алайҳис салом) дедилар: Осмонларнинг қулфи Аллоҳга ширк келтиришдир.

  Масиҳий донишманди деди: Ушбу қулфнинг калити нимадир?

  Али (алайҳис салом) дедилар: Ушбу қулфнинг калити Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ эканлиги борасида гувоҳлик бериш бўлиб, Аршдан бошқа ҳеч бир нарса уни тўса олмайди.

  Масиҳий донишманди деди: Рост дедингиз. Ер юзида биринчи тўкилган қон хусусида менга хабар беринг.

  Али(алайҳис салом) дедилар: Аммо биз улар каби кўршапалак қонидир, демаймиз. Бироқ, ер юзига биринчи тўкилган қон, Одам фарзанди Ҳобил туғилганда Ҳаввонинг бачадони қонидир.

  Масиҳий донишманди деди: Рост айтингиз, сўралмаган бир масала қолди; Аллоҳ қаерда эканлиги тўғрисида мени огоҳ қилинг! Умар бу сўзни эшитиб, дарғазаб бўлди.

  Али (алайҳис салом) дедилар: Мен сенинг саволларингга жавоб берурман ва нимани истасанг сўрагин; Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳузурларида эдик, ногаҳон Фаришта келиб, салом берди, бас Расулуллоҳ(саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)унга марҳамат қилдилар: Қаердан юборилдингиз?

  Деди: Парвардигорим ҳузуридан бўлган еттинчи осмондан юборилдим, сўнгра бошқа Фаришта келди, шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ундан қаердан юборилганлиги борасида сўраганларида, шундай жавоб берди: Парвардигорим наздидан бўлган еттинчи ердан юборилдим, шунда учинчи Фаришта машриқдан ва тўртинчиси эса мағрибдан келганида, у иккисидан қаердан юборилганлиги хусусида сўраганларида, Аллоҳнинг ҳузуридан юборилдик деб, жавоб беришди.

  Шундай экан, Иззатли Буюк Аллоҳ ҳам бу ерда ва ҳам у ерда бордир; «فِی السَّمَاءِ إِلَهٌ وَ فِی الأَرْضِ إِلَهٌ» У осмонда Худодир ва ерда Худодир.

  Ушбу муҳим воқеани аҳли суннат олими Ҳофиз Осимий ўзининг «Зайнул фато» номли китобининг «Ҳал атаа» сурасининг шарҳи-изоҳида зикр қилгандир. (Ал-ғадийр, 6-ж, 341-б.)

  Диққатга сазовор бўлган нарса шундан иборатки, аҳли китоб (яҳудийлар ва масиҳийлар) ўз китоблари бўлмиш Таврот ва Инжилда пайғамбарлар ворислари  ва халифаларининг хусусиятларидан огоҳ бўлиб, улардан ҳар бир нарса ҳақида сўралганда, жавоб беришга қодир эканликларини тушуниб етгач, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)томонидан хилофат ва ворисликни даъво қилган кимсаларни синаш учун уларнинг ҳузурларига келиб, турли хил мураккаб саволларни беришар эди.

  Агар халифалик ва ворисликни даъво қилган кимсалар ушбу саволларга жавоб бера олишса, шунда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг халифа ва вориси эканлигига ишониб, имон келтириб, Ислом динига кирар эдилар. Лекин юқорида зикр қилинган муҳим воқеалардан маълум бўладики, ушбу кимсалар мана шундай мураккаб саволларга жавоб беришга қодир эмасдилар ва ночор бўлиб қолганликлари туфайли пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг ҳақ ворислари ва халифалари бўлмиш имом Али (алайҳис салом)га мурожаат қилиб, аҳли китобнинг мураккаб саволларига жавоб топар эдилар. Имом Али(алайҳис салом) эса мана шундай мураккаб саволларга жавоб бериш билан Ислом ва мусулмонларнинг обрў-эътиборини сақлаб қолиб, кўпгина яҳудий ва масиҳий кишиларни Ислом динига киришларига сабаб бўлардилар. Зероки, яҳудий ва масиҳий кимсаларнинг мана шундай мураккаб саволларига фақатгина Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ва у зотнинг ҳақ ворис ва халифалари жавоб бера олардилар, холос. Бошқалар эса жавоб беришга ожиз эдилар.

   Аллоҳ таоло бизларни пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)ва у зотнинг ворислари бўлмиш ўн икки халифа, валий, пешво ва йўлбошчига эргашиб, ўша зотларнинг кўрсатган йўлларидан борадиган мусулмонлардан қилсин! Зероки, пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг аҳли-байтларидан бўлган ўн икки имом ва пешвога эргашиб, уларнинг изидан бориш тўғри ва ҳақ йўл бўлиб, ушбу зотлардан ўзгаларга эргашиш эса тўғри ва ҳақ йулдан орқада қолиб, нажот йўлидан узоқлашиш демакдир. Бу сўзнинг далили, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)нинг қуйидаги ҳадисларидир:

عَنْ عَلِىٍّ عَلَيْهِ السَّلامُ قالَ: قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَليهِ وَ آلِهِ وَ سَلَّمَ: يَا عَلِىُّ إِذَا كَانَ يَوْمُ القِيَامَةِ يَخْرُجُ قَوْمٌ مِنْ قُبُورِهِمْ لِبَاسُسهُمْ النُّورُ عَلَى نَجَائِبَ مِنْ نُورٍ، أَزِمَّتُهَا يَوَاقِيتُ حُمْرٌ، تَزُفُّهُمُ الْمَلَائِكَةُ إِلَى المَحْشَرِ، فَقالَ عَلِىٌّ: تَبَارَكَ اللهُ مَا أَكْرَمَ قَوْمًا عَلَى اللهِ. قالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّمَ: يَا عَلِىُّ هُمْ أَهْلُ وِلَايَتِكَ وَشِيعَتُكَ وَمُحِبُّوكَ، يُحِبُّونَكَ بِحُبِّى، وَيُحِبُّونَنِى بِحُبِّ اللهِ، هُمُ الْفَائِزُونَ يَوْمَ الْقِيَامَةِ.

  «Имом Али (алайҳис салом) шундай дедилар: Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)марҳамат қилдиларки, эй Али! Қиёмат куни бўлганда, либослари нур бўлган бир гуруҳ ўз қабрларидан чиқурлар ва нурдан бўлган туялар устида бўлурлар, у (туя)ларнинг жиловлари қизил рангли ёқутлардир, ушбу гуруҳни малоикалар маҳшар томонга олиб борурлар, шунда имом Али (алайҳис салом) дедилар: Аллоҳ баракотли Зотдир. Бу тоифа Аллоҳ ҳузурида қандай ҳам улуғдирлар! Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи)марҳамат қилдилар: Эй Али! Улар сизни пешво, валий ва йўлбошчи сифатида қабул қилиб, сизга эргашувчи шиаларингиз ва сизни дўст тутгувчилардирки, мени дўст тутганликлари сабабли сизни яхши кўрурлар ва Аллоҳни севганликлари учун мени дўст тутурлар, улар Қиёмат кунида нажот топувчи-саодатли кишилардир».[5]

 Али мавлом Али мавлом Алижон!

Ўтар кунлар, ўтар йиллар, ҳам аср

Емирилар шоҳлар, тахтлар ҳам қаср

Такрорлайди аммо дилда чин инсон

Такрорлайди аммо дилда мусулмон

Али мавлом, Али мавлом, Алижон!

 Кўпайганда ер юзида бут параст

Яқинлашди каъбага бинти Асад

Деди: Фарзандимга бергин бир паноҳ

Мушрикларнинг бад нигоҳидан Аллоҳ

 Бу сўзлардан Каъба девори ларзон

Бу каломдан ёрилди девор осон

Мева келди, меваи жаннат макон

Каъба айлар Алини уч кун меҳмон

 Пайғамбарга жонишин мартабали

Шаънинггадир Ло фато илло Али

Қахрлисан душманга, дўстга Валий

Исминг бирла ҳамма иш баракалий

 Ишинг бирла ҳамоҳангдир ҳар равиш

Сенинг изнинг бирла юрди ҳар дарвеш

Номинг айтар инсонлар бошларкан иш

Кумайилинг Ноди Алинг кушойиш

 Фотима бинти Муҳаммад сенга гул

Азоблари чексиз унинг дарди мўл

Душман урар ҳамсарингни пойлаб йўл

Хониш қиларсан қанотсиз бир булбул

 Сенсиз қоронғи мана икки дунё

Чироғимсан роҳнамомсан ё мавло

Итратинг бизнинг соҳиб, соҳиб Қуръон

Соҳиб дунё, соҳиб инслар ҳамда жон

 Ман бандаи бир осийман гуноҳкор

Қабрим ичра қанча азоб менга бор

Ҳеч ким келмас, на мол, фарзанд ёки ёр

Нажотимдир у шаб менга хайри кор

Ҳамда мавлом, жон мавлоим мададкор

 Орзуларни қалбдан тарк қилгин мудом

Ҳойу- ҳавас бермас дунёда ором

Мартаба учун ҳеч қилмагин орзу

Билгин ҳойу-ҳавас бу ёлғон обру.

 Шоир: Баҳодир Забиҳзода


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Бухорий, «Саҳиҳул Бухорий», Китобул аҳком, бобул истихлоф, 6796-рақамли ҳадис.

[2]. Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий, «Янобиъул маваддаҳ», 3-ж, 77-боб, 504-бет.

[3]. Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 3-ж, 76-боб, 499 ва 500-бетлар.

[4]. Ушбу муҳим воқеани аҳли суннат олими Ибн Дурайд ўзининг «Ал-мужтано» номли китобининг 22- бетида келтирган.

[5]. Ушбу ҳадисни ўз китобларида нақл қилган аҳли суннат олимлари  қуйидагилардан иборат:

1. Ибн Асокир, «Тариху мадинати Дамашқ», 2-ж, 346 ва 846-бетлар, имом Али(алайҳис салом)нинг таржимаи ҳолларида.

2. Ганжий Шофиий, «Кифааятут-толиб», 86-боб. 313-б.

3. Хатиб Бағдодий, «Тариху Бағдод», 12-ж, 358-б, 6790-ҳ.

4. Ҳайсамий,«Мажмаъуз-завоид ва манбаъул-фавоид»,10-ж,21-б ва 9-ж, 173-б.

5. Балозирий, «Ансобул ашроф», 2-ж, 182-б, 215-ҳ.

6. Шайх Сулаймон Қундузий Ҳанафий, «Янобийъул маваддаҳ», 281-б, 45-ҳ, ва шунингдек, 13-боб, 72 ва306-б.

7. Ҳофиз Шамсиддин Аз-Заҳабий, «Мийзонул-иътидол фий нақдир-рижол», 1-ж, 421-б, 1551-ҳ.

8. Ҳофиз Ҳасконий, «Шавоҳиддут танзийл», 107-ҳадис.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.