Home / Ақоид ва Калом / Нубувват / Пайғамбарларни Танишнинг Энг Яхши Йўли

Пайғамбарларни Танишнинг Энг Яхши Йўли

 Шубҳасиз, ҳар бир даъвогарнинг иддаосини исботламасдан қабул қилиш ақл ва мантиққа зид бўлган ишдир.

«Аллоҳ тарафидан юборилган пайғамбарман», деб даъво қилувчи кимса ростгўй ва тўғри сўз бўлиши мумкин,

аммо ўзини ҳақиқий пайғамбарлардек қилиб кўрсатиб, қулай вазиятдан фойдаланиб, одамлар ишончини суиистеъмол қилувчи, ёлғончи, фирибгар ва сохта бир шахс ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун пайғамбарликни даъво қилувчиларнинг қайси бири рост ва Аллоҳнинг ҳақиқий элчиси эканини ва қайси бири ёлғончи ва фирибгар эканлигини аниқлаш учун қатъий меъёрларга таянмоғимиз зарур.
Ушбу мақсадга эришиш учун бир неча меъёрлар мавжуд бўлиб, ҳаммадан муҳимроқ бўлган икки меъёрни бу ерда келтирамиз:
 1.    Пайғамбарлар даъватининг мазмун-моҳиятини ўрганиб чиқиб, даъватнинг қанчалик вақеликка мувофиқлиги хусусида белги ва нишоналар тўплаш;
 2.    Мўъжизалар ва инсониятнинг қўлидан келмайдиган ғайритабиий ишларни бажара олиш;
  Аввал мўъжиза ҳақида сўз юритишни муҳим деб билганимиз учун мўъжизага доир бир қатор масалаларни кўриб чиқамиз:
  Мўъжиза калимасидан тажжубланиб, уни афсоналар қаторида кўрадиган шахслар ҳам топилади. Ҳолбуки, агар мўъзижанинг мазмун-моҳиятига илмий жиҳатдан ёндашадиган бўлсак, бундай фикр-мулоҳазалар мутлақо нотўғри экани маълум бўлади.
  Мўъжиза сабабсиз вужудга келган ғайримумкин бир иш эмас, балки содда бир сўз билан айтганда; оддий одамларнинг қўлидан келмайдиган одатдан ташқарида бўлган ва табиат оламидан юқори бўлган куч-қудратга таянган ишларга «мўъжиза» дейилади.
 Шунга биноан, «мўъжиза» қуйидаги шартларга эга бўлмоғи лозим:
Бажариш мумкин ва қабул қилинадиган ишлардандир.
 1. Оддий одамлар ҳатто ақл-идрок эгаси бўлган етукли ва даҳо шахслар ҳам инсоний куч-қудратга таяниб, мўъжиза яратишдан ожиздирлар.
 2. Мўъжиза кўрсатаётган шахс ўз амалига шу даражада ишончи комил бўлиши керакки, инкор этувчиларни қўрқмасдан бундай ишда баҳс-мунозарага чақира олсин.
 3. Ҳеч ким мўъжизага ўхшаш амални кўрсата олмаслиги лозим, «мўъжиза» деб аталганинг сабаби ҳам ҳамма инсонлар унинг баробарида ожиз эканликларини англатади.
 4. Мўъжиза келтираётган одам албатта пайғамбарлик ёки имомлик даъвосини қилмоғи зарур. Шунинг учун пайғамбар ва имом бўлмаган шахслар томонидан содир этилган ғайритабиий ишларга «мўъжиза» деб айтилмайди, балки, «каромат» деб номланади.

Бир неча ёрқин намуналар:

  Ҳаммамизга маълумки, ҳазрат Исо(алайҳис салом)нинг қилган мўъжизаларидан бири ўликларни тирилтириш ва даволаш мумкин бўлмаган беморларни муолажа қилиш бўлган.
  Инсон организми ишдан чиқиб, ўлганидан сўнг қайта тирила олиши мумкин эмаслигига илмий ва ақлий далилларимиз борми?!
  Ёки саратон касалини бугунга қадар табиблар ва шифокорлар даволай ололмаганликларига қарамай, уни даволаш йўли йўқлигига илмий ва ақлий далил борми?!
  Бешак ҳозирги шароитда инсон ўзининг бор куч-қудрати билан ўликларни тирилтиришга ёки саратон каби айрим оғир касалликларни даволашга қодир эмас. Ҳарчанд жаҳондаги бутун табиб олимлар бу йўлда бир-бирларига кўмаклашиб, тўплаган тажриба ва маълумотларини ишга солсалар-да, ҳеч бир натижага эришмагайлар.
  Бироқ Аллоҳ танлаган инсон (пайғамбар) Худонинг чексиз илм уммонидан баҳраманд бўлган ҳолда илоҳий куч билан жонсиз жасадга жумбоқли ишора этиб, унга руҳни қайтара олишининг ёки дарди давосиз бўлган беморга шифо беришининг нима айби бор?!
  Башариятнинг қўлга киритган илми «мен бундай ишларни билмайман ва уларни бажаришга қодир эмасман» -деб айтади, аммо «ҳаргиз бу ишлар мумкин эмас ва тасаввур қилиб бўлмайди»- деб айтмайди.
  Бошқа мисол: Ой сайёрасига сафар қилиш космик кемасиз ва ойга қунар қайиқсиз ҳеч бир инсон учун асло мумкин эмас, лекин шунга қарамай, кимдир биз инсонларнинг оддий кучимиздан юқорида турадиган илоҳий куч-қудратдан фойдаланиб, башарият ихтиро қилган учқич ва тайёралардан устун бўлган жумбоқли бир улов ёрдамида ҳеч бир космик кемасиз, ойга қунар қайиқсиз ва ракетасиз ойга ёки юқорироқ сайёраларга борадиган бўлса, бунга нима тўсқинлик қила олади?!
  Агар бирор бир шахс чиндан ҳам юқорида айтиб ўтилган одатдан ташқари бўлган ғайритабиий ишларни бажарса, шунинг билан бирга пайғамбарликни даъво қиладиган бўлса, бошқаларни ҳам қўрқмай шундай ишни бажаришга даъват этиб, уларни беллашишга чақирса ва ҳамма инсонлар унинг қаршисида ожиз бўлиб қолсалар, у ҳолда тўлиқ ва комил ишонч билан: «Бу одам Аллоҳ таоло тарафидан юборилган Пайғамбардир»- деб айта оламиз.
  Зероки, Аллоҳ ҳеч қачон бундай қудратни ёлғончи кимсаларнинг қўлига топшириб, Ўз бандаларининг гумроҳ бўлишига йўл қўймайди. (диққат қилинг!)
Мўъжизаларни хурофот билан қориштирмаслик ҳақида
 Ҳар бир ишда «ҳаддидан ошиб, чегарадан чиқиб кетмоқ» ёки «сустлик қилиш» икки омил сифатида ҳамиша фасод ва бузғунликнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиб, ҳақиқат чеҳрасини қора қилиб кўрсатиб келган.
  Мўъжиза масаласида ҳам худди шундайдир. Айрим «ўзини зиёли қилиб кўрсатадиганлар» очиқ-ойдин ёки ишора билан ҳар қандай мўъжизаларни инкор этсалар, бошқа бировлар эса ҳар нарсани мўъжизага чиқариб, бўрттирадилар. Иккинчи тоифадагилар заиф ҳадислар ва хурофий афсоналарни бўрттириб, ҳақиқий мўъжизалар билан қориштирадилар ва натижада улар пайғамбарлар мўъжизасининг ўзига хос жозибасини йўқ қилиб, ҳақиқий мўъзижаларнинг илмий чеҳрасини сохта афсоналар ва асоссиз хаёллар билан беркитадилар. Албатта бундай ишларда ислом душманларининг ҳам ҳиссаси бордир.
  Модомики, ҳақиқий мўъжизалар ана шундай ёт унсурлар ва тўқима афсоналардан тозаланмас экан, мўъжизаларнинг асл чеҳраси ошкор бўлмайди.
 Шунинг учун ислом оламининг буюк уламолари доимо мўъжиза ҳақидаги ҳадисларнинг саҳиҳ бўлишига ва бундай тўқима афсоналардан йироқлаштиришга алоҳида аҳамият бериб келишган.
  Шунга кўра, саҳиҳ ҳадисларни заифларидан ажратиб, асоссиз, хаёлий масалаларни ҳақиқий таълимотлар билан аралашмаслиги учун ҳадис нақл қилувчи ровийларни яхши ўрганиб чиқиш мақсадида «илми рижол» юзага келган.
  Бугунги кунда мустамлакачилик ва худосизлик сиёсати вакиллари бекор ўтирганлари йўқ, улар диндорларнинг пок қалбларига асоси бўлмаган тушунчаларни ҳақиқий-диний эътиқод билан аралаштириб талқин қилмоқдалар. Улар шу йўл билан «мўъжизаларнинг ҳеч қандай илмий асоси йўқ», деб кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар. Шунинг учун бундай шум режаларнинг олдини олиш учун биз етарли даражада илму-маърифатга молик бўлмоғимиз зарур.

Мўъжиза ва ғайритабиий ишлар ўртасидаги фарқлар

  Қулоғингизга чалинган бўлса керак; Ҳиндистонда яшайдиган риёзатчи шахслар ўз устиларида ишлаб, оғир риёзатлар чекканликлари учун ғайритабиий ишларни қила оладилар ва бундай ғалати ишларни кўрганлар сони оз эмас, бу афсона эмас балки бир ҳақиқатдир.
  Шунинг учун қуйидаги савол туғилиши мумкин: «Пайғамбарлар мўъжизаси билан ана шундай ғайритабиий ишларнинг орасида қандай фарқ бор? Биз қайси меъёр ва мезон билан пайғамбарлар келтирган мўъжизаларни бундай ғайриоддий ишлардан ажрата оламиз?»
  Бу саволга бир неча жавоб бера олиш мумкин, аммо улар орасидан икки ечимни устун деб биламиз:
1. Ғайритабиий ишларни бажарадиган риёзатчилар ҳамиша маълум бир чекланган ишларни амалга ошира оладилар, бошқача айтганда; ҳеч бир риёзатчи шахс сиз таклиф қилган ишни бажаришга рози бўлмайди. Балки улар фақат ўзлари машқ қилиб, мукаммал ўрганган ғаритабиий ишларинигина бажара олишади, холос. Бунинг сабаби маълумдир, нимага деганда ҳар бир инсоннинг қудрати чегаралангандир ва шу боис, маълум бир ишни бажаришга қурби етади.
  Аммо пайғамбарларнинг мўъжизалари бирор бир ишга чекланиб қолмай, ҳеч қандай қайд-шартларга боғлиқ эмас, пайғамбарлар зарур бўлган тақдирда улардан талаб қилинган ҳар қандай мўъжизани кўрсата оладилар. Негаки, пайғамбарлар мўъжизаларининг барчаси Алоҳнинг чексиз ва туганмас куч-қудратига таянган, ҳолбуки, инсон қудрати маълум бир чегарада чеклангандир.
 2. Бир риёзатчининг ғайритабиий ишларини бошқа бир риёзатчи ҳам қила олади. Чунки, уларнинг ишлари инсон қудратининг чегарасидан четга чиқмайди.
  Шунинг учун ғайритабиий ишларни бажарадиган риёзатчи шахс бошқа риёзатчиларни шунга ўхшаш ишни қилишда беллашув ва мусобақага таклиф этмайди. Чунки, у биладики, унинг яшайдиган шаҳрининг бирор ерида ёхуд бошқа шаҳрларда яшовчилар орасидан ўзига ўхшайдиган бирор шахс худди шундай ишни қила олиши мумкин.
  Лекин пайғамбарлар эса комил ишонч ва имон билан ўзлари келтирган мўзижага ўхшаш ишни бажаришда бошқаларни беллашмоққа чақириб: «Агар ер юзидаги жами инсонларни йиғиб, биз қилган ишга ўхшаган бирор ишни бажаришга уринсалар-да, асло уддасидан чиқа олмаслар», деб айта оладилар.
  Биз юқорида қайд этган икки тафовутни «сеҳр» масаласида ҳам айта оламиз. Ушбу икки фарқ асосида Сеҳр-жоду билан мўъжизанинг ўртасидаги чегара маълум бўлади. (диққат қилинг!).

Share

Check Also

Ilоhiy rahbarlarga bo`lgan ehtiyojimiz

Ilmimizning mahdudligi haqida   Ba’zilarga; «asоsan payg`ambarlarning Allоh taоlо tоmоnidan insоnlarga to`g`ri yo`l ko`rsatish uchun …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.