Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / «Ва Итратим» деб келтирилган ҳадис тўғрими ёки «Ва суннатим»?

«Ва Итратим» деб келтирилган ҳадис тўғрими ёки «Ва суннатим»?

Жавоб: Ҳадисчи олимлар машҳур «Сақалайн» ҳадисини икки xил нақл қилиб, уни ҳадислар мажмуида келтирганлар. Шунинг учун, бу ривоятларнинг қайси бири саҳиҳ эканлигини аниқлашимиз керак.

А) «Аллоҳнинг китоби ва Аҳли-Байтимитратим»;

Б) «Аллоҳнинг китоби ва суннатим»;

Жавоб: Тўғри ривоят қилинган ҳадис – бу «ва Аҳли-Байтим» ҳадисидир. Зероки, иккинчи ҳадис, яъни «ва суннатим», деб айтилган ҳадис санад жиҳатидан ботил ва рад этилган ҳисобланади. Аммо биринчи ҳадиснинг санади[1] мўътабар ва саҳиҳдир.

«Ва Аҳли-Байтим» деб айтилган саҳиҳ ҳадиснинг санади:

Юқоридаги жумлани икки ҳадисшунос буюк олим нақл қилишган:

1. Муслим ўзининг «Саҳиҳи»да Зайд бин Арқамдан ривоят қилишича, пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир куни Макка ва Мадинанинг ўртасида жойлашган «Xум» деган ҳовузнинг олдида xутба ўқидилар, унда Xудога ҳамду сано айтгандан сўнг одамларга насиҳат қилиб шундай деб марҳамат қилдилар:

«أَلَا أَيُّهَا النَّاسُ، فإنَّمَا أَنَا بَشَرٌ يُوشِكُ أن يَأْتِيَ رَسُولُ رَبِّي فأُجِيبَ، وأَنَا تَارِكٌ فِيكُمْ ثَقَلَيْنِ: أوَّلهُمَا كِتَابُ اللهِ فِيهِ الْهُدَيٰ وَالنُّورُ، فَخُذُوا بِكِتَابِ اللهِ وَاسْتَمْسِكُوا بِهِ – فحثَّ علي كتاب الله و رغَّب فيه – ثُمَّ قَالَ: وأَهْلُ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي، أُذَكِّرُكُمُ اللهَ فِي أَهْلِ بَيْتِي.»

«Эй xалоиқ, мен ҳам сизлар каби бир инсонман, Аллоҳнинг элчиси [жонларни олувчи ўлим фариштасининг] менга етиб келишига оз қолди ва мен унинг даъватини қабул қилгайман. Мен сизларнинг орангизга икки қимматбаҳо нарсани қўйиб кетяпман: Бири унда ҳидоят ва нур бўлмиш Аллоҳнинг китобидир, демак, уни маҳкам тутинглар. Кейин Қуръонга амал қилиш кераклиги ҳақида тарғиб-ташвиқ қилиб, сўнгра суҳбатларини шундай деб давом эттирдилар: «Ва сизларга қўйиб кетаётган иккинчи қимматли меросим эса Аҳли-Байтимдир», Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтим ҳақида эслатаман, Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтим ҳақида эслатаман, Аллоҳни cизларга Аҳли-Байтим ҳақида эслатаман. [Ул ҳазрат ушбу жумлани уч марта такрорлашлари билан Аҳли-Байтларига эргашиш нақадар муҳим ва зарур эканлигини уқтириб, ҳаммани Аҳли-Байтларига эргашишга чақирдилар]»[2]

Дорамий ҳам ўзининг «Сунани[3]»да ушбу ҳадисни худди шундай ривоят қилган. Шуни таъкидлаш лозимки, бу икки санаднинг тўғрилиги кундан ҳам равшанроқ бўлиб, унга ҳеч қандай рахна солиб бўлмайди.

2. Термизий ҳам ўзининг “Сунан” китобида бу ҳадисни «Итратим ва Аҳли-Байтим» деб ривоят қилиб, қуйидагича келтирган:

«إنِّي تاركٌ فِيكُمْ مَا إِنْ تَمَسَّكْتُمْ بِهِ لَنْ تَضِلُّوا بَعْدِي؛ أَحَدُهُمَا أَعْظَمُ مِنَ الْآخَرِ: كِتابُ اللهِ حَبْلٌ مَمْدُودٌ مِنَ السَّمَاءِ إِلَى الْأرْضِ وَعِتْرَتِى أَهْلَ بَيْتِى ولَن يَفْتَرِقَا حَتَّىٰ يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ، فَانْظُرُوا كَيْفَ تُخْلِفُونِي فِيهِمَا».

«Мен сизларнинг орангизда икки нарсани қўйиб кетяпман; агар уларни маҳкам тутсангиз, ҳаргиз мендан сўнг залолатга учрамагайсиз. Бири иккинчисидан буюкроқ бўлиб, осмондан ерга қадар чўзилган арқон – Аллоҳнинг китобидир. Иккинчиси эса xонадоним Аҳли-Байтимдир. Бу иккиси то қиёмат куни Ҳавзи Кавсарда менинг ҳузуримга кириб келмагунича бирбиридан зинҳор ажралмагай. Демак, Менинг қўйиб кетган бу икки омонатим билан қандай муомалада бўлишингизга (диққат билан) қаранг!»[4]

Икки ҳадисшунос олим ҳамда «Сиҳоҳ ва Сунан» китобларининг муаллифи бўлган Муслим ва Термизий ҳам «Аҳли-Байт» лафзини таъкидлайдилар ва бунинг ўзи бизнинг назаримизни исботлашга етарли далилдир. Ва бу иккаласининг санади ниҳоятда мустаҳкам бўлиб, ўзига хос аҳамиятга эгадир. Шунинг учун бу ҳақда баҳслашишга ҳеч қандай эҳтиёжимиз йўқ.

«Ва суннатим» ҳадиси матнининг санади ҳақида;

«Аҳли-Байтим» ўрнига «суннатим», деб айтилган ҳадис санад жиҳатидан асоссиз ҳисобланиб, сиёсий фитналар туфайли умавийлар xилофати даврида тўқилган.

Ҳоким Нишобурий «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн»да қуйидаги санад билан ривоят қилган: Аббос бин Абу Увайс, Савр бин Зайд Дейламийдан ва у Икримадан, Икрима эса Ибн Аббосдан ва у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ривоят қилади:

«عباس بن أَبِي أُوَيس»، عن «ثور بن زيد الديلمي»، عن «عكرمة»، «ابن عباس» قال رسول الله صلَّى الله عليه [وآله] وسلَّم: «يَا أَيُّها النَّاسُ إنِّي قد تركت فيكم، إن اعتصمتم به فلن تضلوا أبدًا کتابَ اللهِ وسُنةَ نَبِيِّهِ!»

«Эй одамлар, мен сизларга икки нарсани қолдирдим. Агар уларни қаттиқ тутсангиз, асло адашмайсизлар, бири Аллоҳнинг китоби ва иккинчиси Унинг пайғамбарининг суннатидир»[5]

Бу ҳадисни ривоят қилганлар орасида ота-бола Исмоил бин Абу Увайс ва Абу Увайс бўлиб, буларнинг иккиси ҳам ҳадис санадига офат етказувчи ҳисобланади. Ота-бола нафақат ростгўй ровийлар қаторида қайд қилинмаган, балки ёлғончи ва ҳадис тўқувчи бўлиб танилганлар.

«Рижол» [ҳадислар санади билан шуғулланувчи] уламоларининг бу ота-бола ҳақидаги фикрлари

«Рижол фани» муҳаққиқларидан бўлган Ҳофиз Миззий «Таҳзибул камол» номли китобида айтади:

Яҳё ибн Муъин [буюк «рижол» олими] айтади: «Абу Увайс ва унинг фарзанди ҳадис ривоят қилишда заифдирлар», бошқа бир ерда «Абу Увайс ва унинг фарзанди ҳадис ўғрисидирлар», ёки яна бир ерда «Абу Увайснинг фарзандига ишонч йўқ» деган.

Насоий Убу Увайснинг фарзанди ҳақида: «У ҳадис ривоят қилишда заифдир ва ростгўй эмас», деган.

Абул Қосим Лоликоий айтишича, «Насоий» Абу Увайснинг ўғли ҳақида шундай нарсаларни айтганки, ҳатто у [яъни Исмоил бин Абу Увайс] ривоят қилган ҳадисларни тарк қилиш кераклиги тушунилади.

Ибн Удай [Рижол олими] айтади: «Ибн Аби Увайс ўз тоғаси Моликдан шундай ҳадислар ривоят қиладики, уларни ҳеч ким қабул қилмайди»[6].

Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий» китобининг муқаддимасида шундай дейди: Ҳеч вақт ибн Увайснинг ҳадисларини [Насоий у ҳақида айтганидан сўнг] ривоят қилиб бўлмайди[7].

Ҳофиз бин Аҳмад бин Сиддиқ «Фатҳул мулукил ъаалий» китобида Салмаҳ бин Шуайбдан нақл қилади: Мен Исмоил ибн Увайсдан қуйидагини эшитдим:

«Мен [яъни ибн Увайс] қачонки Мадина аҳли бирор мавзу хусусида тортишиб қолиб, икки гуруҳга бўлинишганида, ўша захотидаёқ ҳадис тўқийман!»[8]

Шундай экан, Абу Увайснинг ўғли Исмоил ҳадис тўқишда айбланиб, ибн Муъин уни ёлғончиликда айблаган. Бунга қўшимча қилиб айтамизки, у ривоят қилган ҳадислар на Термизийнинг, на Муслимнинг ва на бошқа «Саҳиҳ»ларда келтирилган.

Абу Увайс ҳақида қуйидаги айтилган гапнинг ўзи етарлидир:

Абу Ҳотам Розий ўзининг «Ал-Жарҳ ват-Таъдил» номли китобида айтади:

«Унинг ҳадислари ёзилади, лекин унга ишонилмайди ва уни ҳужжат қилиб олиш мумкин эмас. Ҳадислари заиф ва қатъий эмас».[9]

Абу Ҳотам шунингдек ибн Муъиндан нақл қиладики, Абу Увайс ишончга лойиқ эмас, бу икки нафар [ота-бола] ривоят қилган ҳадислар ҳеч қачон саҳиҳ ҳисобланмайди ва устига устак, агар бу ҳадислар саҳиҳ ҳадисларга зид бўлса, шубҳасиз, саҳиҳ эмасдир.

Шу нарса диққатга сазоворки, ҳадисни «ва суннатим» деб ривоят қилган Ҳоким Нишобурий ҳадиснинг заифлигини эътироф этиб, унинг санади тўғри ё нотўғрилигига тўхталмайди ҳам. Аммо у, ҳадиснинг маъно ва мазмунига бир шоҳид келтиради. Бироқ унинг келтирган шоҳиди ҳам эътиборга лойиқ ва сазовор эмас. Шунинг учун ҳадисни қўллаб-қувватлашдан кўра унинг заифлигига кўмак беради.

Энди эса Ҳоким Нишобурийнинг келтирган суст шоҳидини кўриб чиқамиз:

«Ва суннатим» деб айтилган ҳадиснинг иккинчи санади

Ҳоким Нишобурий қуйидаги келтирилган санад бўйича, Абу Ҳурайрадан «марфуъ»[10] равишда ривоят қилади:

Аз-Зиббий, Солиҳ бин Мусо Атталаҳийдан, у Абдул Азиз бин Рофиъдан, у Абу Солиҳдан, у эса Абу Ҳурайрадан ривоят қилади:

«إنِّي قد تركت فيكم شيئين لن تضلُّوا بعدهما:كتابَ اللهِ و سنَّتِي ولن يفترقا حَتَّي يَرِدَا عَلَيَّ الْحَوْضَ»

«Эй одамлар, мен сизларга икки нарсани қолдирдимки, зинҳор у иккаласидан кейин адашмайсизлар; бири Аллоҳнинг китоби ва иккинчиси менинг суннатимдир. Бу иккиси то қиёмат куни Ҳавзи Кавсарда менинг ҳузуримга кириб келмагунича бирбиридан асло ажралмагай».

Юқорида санаб ўтилган ровийлар орасида Солиҳ бин Мусо Атталҳийнинг номи келтирилган бўлиб, ҳадис санадининг ишончсизлигига далолат қилади. Чунки, у ҳақида буюк рижол олимлари қуйидагиларни айтганлар: Яҳё бин Муъин айтади:

«Солиҳ бин Мусо ҳадис ривоят қилишда ишончга лойиқ эмас.»

Абу Ҳотам Рози айтади:

«Унинг ҳадислари заиф ва инкор қилинган ҳадислар бўлиб, у кўпгина ҳадисларни ишончли ровийлар номидан ривоят қилади».

Насоий айтади:

«У ривоят қилган ҳадислар ёзилмайди», бошқа бир ерда эса бундай дейди: «Унинг ҳадислари тарк қилинур.»[11]

Ибн Ҳажар «Таҳзибут-таҳзиб» китобида шундай ёзади:

Ибн Ҳиббон айтади: «Солиҳ ибн Мусо ишончли одамларнинг гапларига [ривоятларига] баъзи нарсаларни қўшадики, ҳеч уларнинг гапига ўxшамайди, шунинг учун унинг ривоят қилган ҳадислари ҳужжат эмасдир». Абу Наим айтади: «У ҳамиша инкор қилинган ҳадисларни ривоят қилади ва ҳадислари тарк қилингандир».[12]

Яна Ибн Ҳажар «Ат-Тақрийб» китобида айтади: Унинг ҳадиси тарк қилинган, Заҳабий «Кошиф»да ёзади: У суст ҳадисларни ривоят қилади[13], Ибн Ҳажар «Мийзонул иътидол»[14] номли бошқа китобида эса: «У ривоят қилган ҳадисларни таҳлил қилиб, ҳадислари мункардир», деган xулосага келган.

«Ва суннатим» дейилган ҳадиснинг учинчи санади

Ибн Абдул Бар «Ат-Тамҳид»[15] китобида ёзади:

Абду Раҳмон бин Яҳё Аҳмад бин Саиддан, у Муҳаммад бин Иброҳим Дубайлийдан, у Али бин Зайд Ал-Фароизийдан, у Ҳунайнийдан, у Касир ибн Абдуллоҳ бин Амр бин Авфдан, у эса отасидан ва у бобосидан «Ва суннатим» деган ҳадисни ривоят қилади.

Имом Шофеъий, Касир бин Абдуллоҳ ҳақида бундай дейди: «У ёлғончилик устунларининг биридир.»[16]

Абу Довуд айтади: «У каззоб ва ёлғончиларнинг биридир.»[17]

Ибн Ҳиббон айтади: «Абдуллоҳ ибн Касир отаси ва бобосидан ҳадислар ривоят қиладики, уларнинг асоси тўқима ва ёлғондир. Шунинг учун у ривоят қилган ҳадисларни келтириш ҳаромдир. Илло агар танқид қилиш учунгина бўлса, ўринлидир».[18]

Насоий ва Доруқутний айтадилар: Унинг ҳадислари тарк қилингандир. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал айтади: У мункар ҳадисдир [яъни ҳадислари инкор қилингандир] ва ишончли эмасдир. Ибн Муъин ҳам xудди шу фикрни билдирган. Ажабланарлиси шундаки, Ибн Ҳажар «Ат-Тақрийб» китобининг таржимасида уни фақат «заиф» деб атаган. Устига устак, кимда-ким уни ёлғончи деган бўлса, «ҳаддидан ошганлар», деб қўшимча қилади. Ҳолбуки, уни буюк Рижол олимлари «ёлғончи ва ҳадис тўқувчи» деб айтишган. Ҳатто Заҳабий ҳам унинг сўзларини «суст ва асоссиз» деб айтган эди.

Санадсиз ривоят қилинган ҳадислар ҳақида

Молик ибн Анас «Муватто» номли китобида ҳадисни ҳеч қандай санадсиз мурсал ҳолатда ривоят қилган. Лекин бизга маълумки, бу турдаги ҳадислар мўътабар эмасдир.[19]

Юқоридаги таҳлиллардан маълум бўладики, «Ва суннатим» деб ривоят қилинган ҳадислар соxта, ёлғончи ровийлар ва сиёсий ҳукмдорлар, яъни Уммавийлар сулоласига боғлиқ бўлган шахслар тарафидан тўқилган бўлиб, тўғри ва саҳиҳ ҳадис ҳисобланмиш «Ва итратим» сўзи ўрнига қўйилган. Шунинг учун масжид имомлари ва бошқа дин пешволарига лозимки, xалққа ҳадис ривоят қилганда, Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан бўлмаган ҳадисларни тарк этиб, халқни саҳиҳ ва тўғри ҳадислар билан ошно этсинлар.

Шунингдек, улар Муслим ўзининг «Саҳиҳ»идаги «Аҳли-Байтим», Термизий эса «Итратим ва Аҳли-Байтим» деб келтирган ҳадисларни зикр қилиб баён этсинлар. Илм-маърифат изловчиларга шуни таъкидлаш лозимки, ҳадис илмини яхши ўқиб ўргансинлар, тўғри ва нотўғри ҳадисларни қайта кўриб чиқиб, уларни ўз ўрнида татбиқ этсинлар.

Сўзимиз ниҳоясида «Аҳли-Байтим» деганда, Пайғамбаримиз ўз зурриётларини назарда тутганликларини айтиб ўтиш керак. Улар ҳазрати Фотима (алайҳос салом), Али (алайҳис салом), Ҳасан (алайҳис салом) ва Ҳусайн (алайҳис салом)лардир. Зероки, Муслим «Саҳиҳи»да, Термизий «Суннани»да юқорида айтиб ўтилган Пайғамбаримизнинг Аҳли-Байтлари кимлардан иборат эканлиги Пайғамбаримиз завжалари Оишадан қуйидагича ривоят қилинган:

«نزلت هذه الآية علي النبي- صلَّي الله عليه[وآله] وسلَّم ﴿إِنَّمَا يُرِيدُ اللَّهُ لِيُذْهِبَ عَنْكُمُ الرِّجْسَ أَهْلَ الْبَيْتِ وَيُطَهِّرَكُمْ تَطْهِيرًا﴾ في البيت أمّ سلمة، فدعا النَّبِيُّ – صَلَّي الله عليه [وآله] وسلَّم – فاطمة و حسنًا وحسيناً فجعلهم بكساء و عليٌّ خلفَ ظهره فجلَّله بكساء ثم قال: أَللَّهُمَّ هؤلاء أهل بيتي فأَذهِب عَنهُمُ الرِّجسَ وَطَهِّرهُم تَطهِيرًا. قَالَت أمّ سَلَمَة: وأنا معهم يا نَبِيَّ اللهِ؟ قال: أنت على مكانك وأنت إلَى الخير»

«Пайғамбаримизга «Аллоҳ сизларни ҳар қандай гуноҳ ва маъсиятдан покламоқчи, эй Пайғамбар «Аҳли-Байти», ва сизларни пок ва бегуноҳ қилмоқчи» – ояти нозил бўлганда ул зот Умму Саламанинг уйида эдилар. Оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Фотима, Ҳасан ва Ҳусайнларни чақиришни буюрдилар. Улар келгач устларига ямоний аболарини [узун кийим, бичими xалатга ўxшаш] ташлаб қўйдилар, ҳазрат Али ҳам абонинг орқа тарафидан ичкарисида эдилар, шундай деб марҳамат қилдилар: Аллоҳим, булар менинг Аҳли-Байтимдирлар, уларни ўзинг айтганингдек пок ва бегуноҳ қилгин! Умму Салама айтади: шунда мен: ё Расулуллоҳ, мен ҳам уларданманми?-деганимда, ул зот: Сен яхшилик йўлидасан, аммо «Аҳли-Байтим» ҳисобланмассан, – дедилар»[20].

«Сақалайн» ҳадисининг маъноси ҳақида

Сарвари олам Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз «Аҳли-Байт»ларини Қуръони Карим билан бирга маҳкам ушлашга буюрганларидан ва бу иккаласи уммат ўртасида Аллоҳ таолонинг ҳужжати эканлигини таъкидлаганларидан ҳамда бу иккисининг бир-биридан ажралмас эканлигидан қуйидаги хулосага келиш мумкин:

1. Итратнинг сўзи xудди Қуръоннинг ўзи каби ҳужжатдир ва диний масалаларда, хоҳ ақидавий бўлсин ёки фиқҳий, уларга итоат қилиш лозим бўлади. Демак, уларнинг ўзлари далил ва ҳужжат бўлганликларини назарга тутган ҳолда бошқаларга юзланиб бўлмайди.

Мусулмонлар сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг риҳлатларидан кейин ҳукуматни идора қилиш ва умматнинг сиёсий ишларини бошқаришда икки гуруҳга бўлиндилар ва ҳар бир гуруҳ ўзига хос мантиқ ва далил келтирадилар. Агарчи улар ҳар қандай масалада ихтилоф қилсалар-да, бироқ Аҳли-Байтнинг илм-маърифат нуқтаи назаридан пешво ва бошлиқ эканлиги ҳақида ихтилоф қилмасликлари керак эди. Зеро, ҳар иккала гуруҳ «Сақалайн» ҳадиси саҳиҳ ва тўғри эканини бирдамлик билан қабул қилишади ва ушбу ҳадис Қуръон ва Аҳли-Байтни ақидавий ва фиқҳий масалаларда илм-маърифат пешвоси ва йўлбошчиси деб таништиради. Шу боис, агар Ислом уммати ушбу ҳадисга амал қилишганида эди ва ҳар қандай тушунмовчиликлар юзага келганда, «Аҳли-Байт»га мурожаат қилганларида эди, келишмовчиликларнинг доираси торайиб, умматнинг ўртасида якдиллик ва иноқлиқ кенг тарқалган бўлар эди.

2. Қуръони Карим Аллоҳнинг каломи бўлиб, ҳар қандай савҳ-хатодан йироқдир. Унда саҳв-хатонинг борлигига ҳеч қандай эҳтимол тутилмайди ҳам. Негаки, Фуссилат сурасининг 42-оятида бу борада шундай дейилади:

﴿لا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلا مِنْ خَلْفِهِ تَنْزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ

«Ботил ва ноҳақлик бу китобнинг на олд тарафидан ва на орқасидан кира олади. Чунки, уни Ҳикматли ва мақтовга сазовор бўлмиш Аллоҳ нозил қилгандир.»

Шундай экан, саҳв-хатодан йироқ бўлмиш Қуръоннинг маъносини очиб берувчи ва ундан ажралмас бўлган «Аҳли-Байт» қандайига xатокор ва гуноҳкор бўла олади?!

Ва ушбу «Сақалайн» ҳадиси уларнинг ҳар қандай гуноҳдан пок эканликларига гувоҳлик беради. Албатта, диққатга сазовор бўлган жойи шундаки, маъсумлик, яъни бегуноҳ бўлиш фақат пайғамбарларга xос xислат эмас, чунки, Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида:

﴿إِنَّ اللَّهَ اصْطَفَاكِ وَطَهَّرَكِ وَاصْطَفَاكِ عَلَى نِسَآءِ الْعَالَمِينَ

«Эй Марям, албатта, Аллоҳ сени танлади ва поклади ҳамда оламлар аёллари узра сени ихтиёр қилди.» (Оли Имрон сурaси, 42-оят) ҳазрати Марямни гуноҳдан пок ҳамда оламлар аёлларининг сараси, деб сифатланган. Биламизки, ҳазрат Марям пайғамбар бўлмаганлар. Демак, гуноҳлардан пок, яъни маъсум бўлиш фақат пайғамбарларгагина xос эмасдир.

Бундан ташқари, бу ерда ингичка бир масалага тўхталиб ўтмоқ лозим. «Ва суннатим» дейилган ҳадиснинг санади ва ривоят қилиниш нуқтаи назаридан заиф ва рад этилганини ҳисобга олмай, худди Аҳли суннат биродарларимиз каби мазкур ҳадисни тўғри ва саҳиҳ ҳадислардан деб қабул қилган тақдирда ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бизга қолдирган ҳидоят бахш суннатларини ва кўрсатган йўл-йўриқларини ул зотнинг Аҳли-Байтлари бошқалардан кўра, яхшироқ биладилар. Зеро, Пайғамбаримиз хонадонлари аҳли ул зотга энг яқин инсонлар бўлганликлари сабаб, ҳаммадан кўра у ҳазратнинг тутган йўллари ва суннатларидан огоҳ ва хабардордирлар. Араб тилидаги машҳур бир мақолда бу ҳақда шундай дейилади:

إنَّ أَهْلَ الْبَيْتِ أَدْرَىٰ بِمَا فِي الْبَيْتِ

«Албатта, бир уйнинг хонадони аҳли уйдаги нарсани бошқалардан кўра яхшироқ билишади».

Демак, ақл ва мантиқ ҳукмига биноан, ул ҳазратнинг суннатларини саҳобалардан эмас, Аҳли-Байтларидан олмоқлик тўғри йўлдир. Агарчи Аҳли-Байтга эргашган саҳобаларнинг сиёсий ғаразсиз ва бирор тоифанинг манфаатини кўзламай холисона ривоят қилган ҳадисларини қабул қилмоқ ва Сарвари оламнинг суннатларини улардан олмоқни тўғри иш деб биламиз ва бундай холис саҳобаларнинг ривоят қилган ҳадисларини қабул қилиб, уларга амал қиламиз.

Демак, «Ва суннатим» деб айтилган ҳадисни қабул қилган тақдирда ҳам, яна ҳамма мусулмонлар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг у зотнинг Аҳли-Байтларига эргашиб уларни маҳкам тутишга ва Сарвари оламнинг суннатларини Аҳли-Байтдан олишга муҳтождирлар.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ҳадис ривоят қилган ровийлар мажмуига «ҳадис санади» дейилади.

[2]. Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳиҳул Муслим», 2-жилд, 1804-бeт, 2408-рaқaмли ҳадис, «Фазоилу Али ибн Абу Толиб» боби, Aбдулбoқий чопи.

[3] «Сунaни Дoрaмий», 2-жилд, 431 ва 432-бeтлaр.

[4]. Ушбу ҳaдис Аҳли суннатнинг кўп манбаларида зикр этилгaн бўлиб, бу ерда айримлaрини кeлтирaмиз:

  • «Сунaни Тeрмизий», 42/50-Китобул маноқиби ъан Расулиллоҳ (с.а.о), 105/31-Маноқибу Аҳли Байтин-Набий (с.а.о), 3813-рaқaмли ҳадис.
  • Абул Улоъ Ал-Муборакфурий, «Туҳфатул аҳвазий бишарҳи жаамиъит-Тирмизий», 10-жилд, 219-бет, абваабул манаақиб, 32-Маноқибу Аҳли Байтин-Набий (с.а.о), ҳадис рақами: 3797.
  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Фазоилус саҳааба», 2-жилд, 723 ва 724-бетлар, ҳадис рақами: 990 ва 747-бет, ҳадис рақами: 1032.

[5] Ҳoким Нишoбурий, «Ал-Мустадраку алас-соҳиҳайн», 1-жилд, 93-бeт.

[6] Ҳoфиз Миззий «Тaҳзибул кaмoл», 3-жилд, 127-бeт.

[7] Ибн Ҳaжaр Aсқaлoний, «Фaтҳул бoрий» муққaдимaсидa, 391-бeт. Дoрул мaърифaт нaшриёти.

[8] Ҳoфиз Сaййид Aҳмaд «Фaтҳул мулкул Aли» 15-бeт.

[9]. Aбу Ҳoтaм Рoзий, «Ал-Жaрҳ вaт-тaъдил», 5-жилд, 92-бeт.

[10]. «Марфуъ» деганда, ҳадисни ривоят қилганлар силсиласи [тартиби] Пайғамбаргача етиб бормагани тушунилади.

[11] Ҳoфиз Миззий «Тaҳзибул кaмoл», 13-жилд, 96-бeт.

[12] Ибн Ҳaжaр «Ат-Тaқрийб», тaржимa, 2891-рaқaм.

[13]. Зaҳaбий, «Aл-Кoшиф», тaржимa, 2412-рaқaм.

[14]. Зaҳaбий, «Мийзoнул эътидoл», 2-жилд, 302-бeт.

[15]. Инб Aбдул Бар «Ат-Тaмҳид» 24-жилд, 331-бeт.

[16]. Ибн Ҳaжaр, «Тaҳзибут-Тaҳзиб» 8-жилд, 377-бeт, Дoрул фикр, «Тaҳзибул кaмoл», 24-жилд, 138-бeт.

[17]. Юқоридаги манба.

[18]. Ибн Ҳиббoн «aжруҳийн» 2-жилд, 221-бeт.

[19]. Мoлик ибн Анас «увaттo», 3-жилд, 889-бeт.

[20]. Ҳaсaн бин Aли Ас- Сaққoф, «Сифaту сoлaтин нaбий», 289 ва 294-бeтлaр.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.