Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳиятига бир нигоҳ (1)

Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатларининг моҳиятига бир нигоҳ (1)

images023   Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Муҳаррам ойи Ислом тарихдаги энг муҳим ва унитилмас воқеалардан бўлмиш Ошуро кунининг хотираларини қалбларда уйғотади. Ҳар йил муҳаррам ойининг кириб келиши билан Пайғамбар ва Аҳли-Байт ошиқларининг дили жонида муҳаббат тўлқини мавжланади. Бу кунларда Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг Карбало заминидаги инқлобларини улуғлаш мақсадида маросим ўтказилади. Пайғамбарнинг ва ул зот Аҳли-Байтларининг муҳаббатига тўлган қалб эгалари бу кунларда мотам тутиб азадор бўладилар.
   Аллоҳнинг барча анбиё ва авлиёларининг буюк рисолатлари фасод ва зўравонликка қарши кураш бўлиб, уларнинг барчалари муштарак орзулари эса Аллоҳ динини инсонлар орасида юзага келтириб, одамларни озодлик ва саодатга етаклаш бўлган. Шубҳасиз, бир ҳаракатга доимо куч-қувват бағишловчи омил – бу пок ва илоҳий мақсаддир. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракати шу каби Аллоҳ йўлида ва Аллоҳ динини қайта тиклаш ва уни жонлантириш учун амалга оширилган ҳаракатлардандир. Шу сабабли, эндиликда мазкур буюк воқеадан 14 асрдан ортиқроқ вақт ўтган бўлса-да, мусулмонлар томонидан унитилгани йўқ ва ҳақ йўлда юришни истаган инсонларга илҳом бағишлаб келмоқда.
   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилоби кенг қамровли таъсирга ва бир неча моҳиятга эга бўлган ҳаракатдир. Тарихий ва ижтимоий масалалар мутахассисларининг фикрича, имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳаракатига кўплаб омиллар таъсир қилган. Умумий бир қарашда, бунинг барча сабаб ва омилларини динни кайта тиклаб, уни жонлантиришга қаратилган олий мақсадларда қидирмоқ лозим. Бизгача етиб келган Исломнинг беназир маърифати Пайғамбарнинг ва ул ҳазрат Аҳли-Байтининг саъй-ҳаракатлари самарасидир. Маърифат асосида бўлган ҳаракатлар туфайли Ислом чеҳрасидан таҳриф (ўзгартиришлар киритиш) ва бидъат ғубори тозаланди ва инсоният кўзи олдида янги ва ёрқин уфқлар очилди. Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг динни қайта тиклаш ва уни жонлантириш ва диннинг чеҳрасидан бидъат доғларини кетказиш вазифаси ул ҳазратнинг Аҳли-Байтлари зиммасига юкланган эди ва уларнинг ҳар бири жамиятнинг шароити ва вазияти тақозоси бўйича ушбу вазифани бажаришди.
   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) инқилобининг асосий мақсади Ислом иззатини ва унинг илоҳий қонун-қоидаларини аввалги ҳолига қайтариш эди. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) динни қайта жонлантириш жараёнида халқнинг донолик ва огоҳлик даражасини ошириш лозимлигини таъкидлардилар. Ул зот исломий уммат раҳбарининг вазифасини халқнинг маърифат ва огоҳлик даражасини ошириш йўлида саъй-ҳаракат қилиб, жамиятни онглилик ва ҳушёрликка етаклашдан иборат, деб билардилар. Ул ҳазрат Мадинадан Куфага келаётган вақтларида таниқли шоир Фараздақ билан учрашганларида вазиятни қуйдагича тасвирлайдилар:

 «Эй Фараздақ, бу жамият Аллоҳнинг итоатини бир четга суриб, шайтонга бўйин эгмоқда. Одамлар фасод ишлар билан машғулдирлар. Аллоҳнинг шаръий қонун-қоидаларига риоя қилмасдан май ичмоқдалар, фақир ва бечораларнинг мол-мулкини ғорат қилмоқдалар. Шу боис, динга ёрдам бериш, унинг иззатини қайта тиклаш ва Худо йўлида жиҳод қилиш учун муносиб фурсат юзага келган.»

   Динни қайта тиклаш учун оёққа турган кишилар тарихда исломий қадриятлар ва жамиятда юз бераётган ҳодисалар ўртасидаги бўшлиқни ҳис қилардилар. Буни идрок этиш бошқалар учун осон эмас эди. Бундай бўшлиқ гоҳида жамиятнинг диний қарашларида, баъзида эса мусулмонларнинг сиёсат ва маишат соҳасида шаклланади. Жамиятнинг диний қарашларида бўшлиқ ҳосил бўлганида жамиятнинг ғоя ва амалида кенг қамровли ўзгаришлар яратиш учун қайта тиклаш мантиғи юзага келади. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг инқилоблари ва сиёсий йўналишларида дастлаб модиюнликка шўнғиган дунё қарашларни ўзгартириш учун ҳақ йўлни ботил (ноҳақлик)дан ажратиш ишларини бошладилар. Аммо бу услубнинг натижа бермаганлигини кўриб, ҳужжатни тамомлаб, қатъият билан зулм ва истибдод эгаларига қарши кураш олиб бордилар.
   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) юзага келган бидъатларга қарши кенг қамровли инқилобга асос солишни ўзлари учун фарз билдилар. Ул ҳазрат узоқни кўзлаган ва замонани яхши билган ислоҳотчи сифатида ғафлат уйқусига чўмган виждонларни уйғотмоқчи эдилар. Ул ҳазратнинг хатти-ҳаракатлари, сўзлари ва қилган қарорлари у зотнинг кучли дунё қараш ва сергак бедорликка эга бўлганларини намоён этарди. Ҳусайн ибн Али (алайҳимас салом)нинг сўзлари шарофат ва иззатни таъкидларди. Ўз инқилобларининг ҳар бир босқичида ул ҳазрат ушбу йўналишларини эслатиб ўтардилар.
   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) зулм ва адолатсизлик инсонлар жамияти устидан ғалаба қилаётган ва эзгулик чироғи ўчаётган замонда диний қадр-қимматларни қайта тиклаш учун ўз жонини фидо қилиш кераклигини ва золимларга қарши оёққа туриш лозимлигини уқтириб, ушбу ҳақиқатни рўёбга чиқардилар. Шу сабабли, ул ҳазрат улкан бир инқилобни юзага келтиришни Ислом умматига нажот беришнинг ягона йўли сифатида танладилар. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) кўзлаган ҳадафларига эришиш йўлида ўша замон халқлари ва ўзларидан кейинги авлодларга Исломнинг асл чеҳрасини ва унинг ҳақиқий моҳиятини кўрсатиш учун барча оила аъзолари, ҳатто кичик болаларини ҳам кураш майдонига элтиб, буларнинг ҳаммасини Аллоҳ йўлида фидо қилдилар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.