Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Пайғамбаримизнинг Ҳақ Эканликларига Яна Бир Ҳужжат

Пайғамбаримизнинг Ҳақ Эканликларига Яна Бир Ҳужжат

 

 Пайғамбарликни даъво қиладиган инсоннинг ҳаққонийлигини ёки ёлғончилигини билиб олиш учун мўъжиза келтиришни талаб қилишдан ташқари яна бир йўл мавжуд ва бу йўл бизни мақсадга эришишимиз учун қўл келиб жонли далил ҳисобланади.

Ушбу йўл қуйидаги белги ва нишоналарни кўздан кечириб уларни бир жойда тўплашимиз билан амалга ошади:

  1.  1.Пайғамбарлик даъвосини қилувчи шахснинг ахлоқий хусусиялари ва унинг жамият орасидаги ўрни;
  2. 2. Даъват қиладиган инсоннинг яшаш муҳити;
  3. 3. Даъват қиладиган инсоннинг яшаш замони вазияти;
  4. 4. Қиладиган даъватининг маъноси ва моҳияти;
  5. 5. Мақсадга етиш учун қўллайдиган ижроий дастурлари ва амалий воситалари;
  6. 6. Қилган даъватининг яшаётган муҳитига кўрсатган таъсирининг миқдори;
  7. 7. Даъват қилувчи одамнинг кўзлаган мақсадига нисбатан бўлган имони ва фидокорлиги;
  8. 8. Даъват йўлида ҳақдан оғдирувчи омиллардан таъсирланмай, улар билан муроса қилмаслик;
  9. 9. Даъватининг жамоатчилик фикрига тез таъсир кўрсатиши;
  10. 10. Унга имон келтирган одамларнинг қайси тоифага мансуб эканлигини аниқлаш;

  Агар биз юқорида айтиб ўтилган ўнта масалани алоҳида ва бирма-бир диққат билан ўрганиб чиқсак ва уларни пайғамбарликни иддао қилувчи ҳар бир шахс хусусида кўриб чиқсак ва ушбу ўн масалани ўзимиз учун меъёр қилиб олиб, улар асосида хулоса чиқаридаган бўлсак, ҳар бир даъвогарнинг ростгўй ёки ёлғончи эканлигини осонлик билан англаб олишимиз мумкин.

#  #  #

  Юқоридаги ҳамма масалаларни қисқартирилган ва ихчам шаклда Ислом пайғамбарига нисбатан татбиқ этиб уларни кўздан кечириб чиқамиз. Нега деганда улар борасида муфассал сўз юритадиган бўлсак, кўплаб китобларни таълиф этишга зарурат туғилади.

 1- Ислом пайғамбарининг ахлоқларий хусусиятлари ҳақида ул зотнинг ижтимоий фаолиятлари асносида қўлга киритилган ва дусту душман ёзиб қолдирган аниқ ва қатъий маълумотларга қараганда, ул ҳазрат пок ва тўғри инсон бўлганлар. Шунинг учун, ҳатто жоҳилият даврида ҳам Пайғамбаримизга «Муҳаммад амин»[1] унвонини беришган эди. Тарихда айтилишича, ул зот Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганларида ҳазрат Алига ҳамма омонатларни ўз эгаларига қайтариб беришни буюриб кетган эдилар.

  Ул зотнинг шижоат, довюраклик, гўзал хулқлик, бағри кенглик, мардлик ва кечиримли бўлиш каби олий сифатларини жангда бўладиларми ё тинчликда мушоҳада қилишимиз мумкиндир. Айниқса Маккани фатҳ этганларидан ва қонхўр душманларнинг Ислом баробарида таслим бўлганидан сўнг ул ҳазратнинг Макка аҳолисига нисбатан оммавий афв ва кечирим эълон қилганлари айтганларимизнинг яққол мисолидир.

#  #  #

  2-Ҳаммамизга яхши маълумки, ҳар қандай одам ҳатто жамиятнинг истеъдодли, етук ва даҳо шахслари ҳам яшаётган муҳитидан истар-истамас озми ёки кўпми таъсирланмай иложи йўқ. Албатта таъсирланишда инсонлар ўртасида фарқ бор, айримлар кўпроқ ва баъзилар камроқ таъсирланадилар.

  Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, қирқ йил бутпарастлар орасида жоҳилият зулмати ичра кун кечириб ўша вазиятда униб ўсган ҳазрат пайғамбаримиз қандайига холис тавҳид (яккахудолик)дан сўз очиб, бутпарастликнинг бутун кўринишига қарши оёққа тура олишлари мумкин?! Негаки, ўша замон ширк, бутпарастлик ва хурофотларга ишониш Макка шаҳри халқининг қон-у жонига сингиб уларнинг маданиятига айланган эди.

  Қандай қилиб жоҳиллар орасидан тараққий этган илмий ғоялар оламга таралиши мумкин?! Ахир Яратувчининг ёрдамисиз ва Унинг қўллаб-қувватлаши бўлмай туриб, шундай ғаройиб ҳодиса рўй беришига ишониш мумкинми?

#  #  #

  3-Пайғамбаримиз қайси замон ва маконда юзага келганларини кўриб чиқмоғимиз лозим. Бу асрда жаҳон ўрта аср тарихи даврини бошидан кечираётган эди. Зулму-истибдод, миллатлар ўртасида фарқ қўйиб, уларни бир-биридан ажратиш, баъзи ирқларни бошқалардан устун қўйиб, уларга юқори даражали имтиёзларни белгилаш ва оқибат инсонлар орасида табақаланиш каби кескин жоҳилият зулмати даври эди. Ислом юзага келишидан олдинги ва ундан кейинги даврларнинг шоҳиди бўлган Ҳазрат Алидан ушбу жоҳилият даври ҳақида айтган сўзларини эшитиш жуда муносибдир. Ул ҳазрат ўзларининг Наҳжул Балоға китобларида бу даврни тасвирлаб шундай деганлар:

«أَرْسَلَهُ عَلَي حِينِ فَتْرَة مِنَ الرُّسُلِ، وَطُولِ هَجْعَةٍ مِنَ الْأُمَمِ، وَاعْتِزَامٍ مِنَ الْفِتَنِ، وَانْتَشَار مِنَ الْأُمُورِ، وَتَلَظٍّ مِنَ الْحُرُوبِ، والدُّنْيَا کَاسِفَةُ النُّورِ، ظَاهِرَةُ الْغُرُورِ، عَلَي حِينِ اصْفِرَارٍ مِنْ وَرَقِهَا، وَإِيَاسٍ مِنْ ثَمَرِهَا، وَاغْوِرَارٍ مِنْ مَائِهَا، قَدْ دَرَسَتْ مَنَارُ الْهُدَي، وَظَهَرَتْ أَعْلاَمُ الرِّدَي، فَهِيَ مُتَجَهِّمَةٌ لاِهْلِهَا، عَابِسَةٌ فِي وَجْهِ طَالِبِهَا، ثَمَرُهَا الْفِتْنَةُ، وَطَعَامُهَا الْجِيفَةُ، وَشِعَارُهَا الْخَوْفُ، وَدِثَارُهَا السَّيْفُ»

 «Аллоҳ ул ҳазратни шундай даврда пайғамбарликка танладики, олдинги пайғамбарлардан анча вақт ўтган эди, халойиқ жаҳолат гумроҳлиги водийсида ҳайрон, ақллар шаҳватга таслим бўлган замон эди. Кибрлик ва катталик одамларни ҳалокатга йўлиқтирган эди, жоҳилият зулмати уларни йўлдан оғдирган ва нодонлик ва изтироб орасида саргардон эдилар.» (Наҳжул балоға; 91-Хутба)

  Энди ўйлаб кўринг-чи, шундай аянчли даврда пайғамбаримиз инсонлар тенг ҳуқуқли экани ҳақида сўзлаб, миллатлар ўртасида фарқ қўйишга, уларни бир-биридан ажратишга ва уларнинг табақаланишига барҳам бериб, мўъмин мўъминга биродардир, деган шиорни ўртага келтиришлари ўша замоннинг вазиятига қандай мос кела олади?

  4- Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даъватининг маъно ва моҳияти; инсон ҳаётининг барча тармоқларида тавҳид (яккахудолик)га чақириш, золимона имтиёз ва устунликларни йўқ қилиш, бутун жаҳон инсонларини бирлаштириш, зулм ва истибдодга қарши курашиш, оламда адолатли ҳокимият яратиш, заиф ва кучсиз саналган инсонларни ҳимоя этиш ва тақводорлик, поклик, тўғрилик ва омонатдорлик хусусиятларини инсониятнинг қадр-қийматини белгиловчи энг муҳим меъёр сифатида ёйиш эди.

#  #  #

  5- Ислом пайғамбари ўзлари кўзлаган дастурларни ижро қилиш учун «мақсадга эришиш йўлида ҳар қандай воситадан фойдаланиш мумкин», деган ғояга амал қилишга рухсат бермаганлар. Ул зотнинг таълимоти бўйича, муқаддас мақсадга етиш учун фақат муқаддас воситалардан фойдаланиш кераклигини таъкидлаб, амалда ҳам ўзлари шундай иш тутганлар. Моида сурасининг 8-оятида бу хусусида шундай айтилган:

(وَلا يَجْرِمَنَّكُمْ شَنَآنُ قَوْمٍ عَلَى أَلا تَعْدِلُوا)

  «Бирор қавмни ёмон кўришингиз сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга олиб бормасин».

  Пайғамбаримиз ўз саҳоба ва ёронларига ҳатто жанг майдонида ҳам ахлоқий фазилатларга риоя қилиб, ҳарбийсизларга ҳужум қилмасликка, жанг пайти дарахтларни йўқ қилмаликка, душман сувларини ифлослантирмасликка, қўлга тушган ҳарбий асирлар билан яхши муомалада бўлишга ва шунга ўхшаш ўнлаб дастурларга бўйинсунишни буюрардилар ва ул ҳазратнинг ўзлари биринчи бўлиб ушбу йўл-йўриқларга амал қилар эдилар.

#  #  #

  6- Ҳазратнинг қилган даъватлари муҳитга шу даражада кучли таъсир ўтказган эдики, душманлар инсонларнинг у зотга яқинлашишидан қаттиқ қўрқишар ва бошқаларга ҳам яқинлашманглар, деб айтишар эди. Негаки, у ҳазратнинг жозибалари фавқулодда ва ўта таъсирли эди. Шу боис, ул зот маъруза қилганларида, мабодо одамлар ҳазратнинг сўзларини эшитиб, ундан таъсирланиб қолишмасин ва ул зотнинг жозибадор нутқлари ташна қалбларда таассурот қолдирмасин, деб душманлар атидан бақириб шовқин солишар эди. Шунинг учун, душманлар Ислом пайғамбарининг мўъжизаомуз нуфузининг олдини олиб даъватларига тўғоноқ солиш мақсадида у ҳазратни сеҳргар ва сўзларини сеҳр, деб айтишар эди. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатлари сарвар оламнинг даъватлари ҳайратланарли даражада куч ва таъсирга эга эканини шунчаки эътироф этиш эди.

#  #  #

  7- Ислом пайғамбарининг тутган йўлларида қилган фидокорликларидан маълум бўладики, ул зот ҳаммадан кўра, ўзлари келтирган динга ишонувчан, содиқ ва вафодорроқ эдилар.

  Баъзи жанг майдонларида янгитдан исломга кирган айрим саҳобалар қочиб кетганларида у ҳазрат устивор турардилар, душманлар турли йўллар билан, баъзан тамагир қилмоқ, гоҳида таҳдид этмоқ ва баъзида ҳийла-найранг каби ҳар қандай услублардан фойдаланишмасин, ул зот уларнинг қаршисида асло ортга чекинмай, иккиланмаган ҳолда ўз имон ва этиқодларида мустаҳкам ва устивор бўлдилар ва ҳаргиз заррачалик кучсизланиб қолмадилар.

#  #  #

  8- Бир неча мартаба ул ҳазратни душманлар муроса йўлини тутишга ва ҳақ йўлдан оғдирувчилар билан ўзаро келишувли муносабатда бўлишга ундаб, кўп ҳаракат қилишди, бироқ Пайғамбаримиз уларнинг таклифини рад этиб, таслим бўлмаган ҳолда: «Агар бир қўлимга қуёшни ва бошқа қўлимга ойни қўйсангиз ҳам ҳаргиз бу йўлдан қайтмайман[2]»-деб жавоб бердилар.

#  #  #

  9-Пайғамбаримиз даъватлари нафақат жамоатчилик фикрига таажжубланарли ҳолда таъсир қилган эди, балки ушбу таъсирнинг тезлик билан ёйилиши ҳам фавқулодда ва ғайритабиий эди. Ғарблик шарқшунос олимларнинг бу ҳақда битган асарларини мутолаа қилиб чиқсак, улар Исломнинг пайдо бўлиши ва тезлик билан бутун жаҳонга ёйилишидан ҳайрон қолганликларининг шоҳиди бўламиз. Мисол тариқасида; таниқли бўлган ушбу ғарблик олимлардан уч нафари «Араб дунёси тамаддуни ва унинг шарқдаги асослари» номли китобларида ушбу ҳақиқатни очиқ-ойдин тан олиб, шундай дейдилар:

  «Биз Ислони тезлик билан бутун оламга ёйилганининг сабабини ўрганиш учун қилган барча саъю ҳаракатимизга қарамасдан Ислом қандайига бир асрдан озроқ вақт ичида дунёнинг тамаддун соҳиби бўлган катта қисмига нуфуз қилиб, уларни эгаллаб олганининг сабабини била олмадик. Бу масала биз учун ҳанузгача муаммо бўлиб қолган.»

  Чиндан ҳам қандай қилиб Ислом ўша замондаги алоқа воситалари орқали ҳайратланарли суръатда миллионлаб инсонлар қалбининг тубидан чуқур ўрин эгаллаб, жаҳондаги мавжуд тамаддунларни емириб ўрнига янги тамаддун яратган экан? деган саволга жавоб бериш бугунги кунга қадар муаммо бўлиб келмоқда.

#  #  #

  10-Охири шундай хулосага келамизки, Пайғамбаримиз билан душманлик қилган шахслар кофирлар ва мушрикларнинг бошлиқлари, кибр-ҳавога берилган золим ва мустабидлар, худбин бойлар тоифасидан бўлишган эди. Ҳолбуки, ул зотга имон келтирганлар эса кўпинча қалби пок ёшлар, ҳақиқатни изловчи фақир-муҳтож ва маҳрум инсонлар бўлган, ҳатто улар орасида қуллар ҳам бор эди. Улар қалби поклик, софлик, оқ кўнгиллилик ва ҳақиқатга ташналикдан бошқа сармоялари бўлмаган инсонлар эди.

  Қилинган қисқа таҳлиллардан кўриниб турганидек Пайғамбаримизнинг даъватлари илоҳий даъват бўлган, у ҳазратнинг даъватлари ғайб оламидан келаётган ҳидоят нури эди. Сарвар олам бутун башариятни ширк, фасод, бузғунлик, зулм ва адолатсизлик ҳамда жаҳолат зулматидан чиқариб, ёруғ оламга ва абадий бахт-саодатга етаклаш учун коинотларни яратувчи зот бўлмиш Аллоҳ таоло томонидан юборилган эдилар.


[1]. «Ишончли ва омонатдор» демакдир.

[2]. Ушбу ҳадис шарифнинг маъноси; агар бутун коинот ва борлиқни менга бўйин эгдириб, уларни менинг ихтиёрига топширсангиз ва бунинг эвазига мендан тутган йўлимдан ва кўзлаган мақсадимдан ортга чекинишимни хоҳлайдиган бўлсангиз, шуни билингизким, мен ҳаргиз бу йўлдан қайтмайман.

 

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.