Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўраш ширк ҳисобланадими?

Аллоҳдан ўзгадан ёрдам сўраш ширк ҳисобланадими?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Ақл ва ваҳийга асосланган мантиққа биноан, бутун инсонлар, қолаверса ҳар бир яратилган мавжудот яратилишида Роббисига муҳтож бўлганидек, ўз феъл-атвори ва хатти-ҳаракатида ҳам xудди шундай Унга муҳтождир. Қуръони Каримда бу борада шундай дейилади:

﴿يَا أَيُّهَا النَّاسُ أَنْتُمُ الْفُقَرَاءُ إِلَى اللَّهِ وَاللَّهُ هُوَ الْغَنِيُّ الْحَمِيدُ

«Эй инсонлар, сизлар Аллоҳга муҳтожсизлар. Аллоҳ эса шубҳасиз, беҳожат ва ҳамду мақтовларга лойиқ зотдир.» (Фoтир сурaси, 15-oят)

Бошқа ояти каримада эса барча фатҳу-ғалабалар фақат оламлар Парвардигори томонидан эканлиги уқтирилиб, бундай дейилади:

﴿وَمَا جَعَلَهُ اللَّهُ إِلَّا بُشْرَىٰ لَكُمْ وَلِتَطْمَئِنَّ قُلُوبُكُمْ بِهِ وَمَا النَّصْرُ إِلَّا مِنْ عِنْدِ اللَّهِ الْعَزِيزِ الْحَكِيمِ

«Аллоҳ бу [мадад]ни фақат сизларга xушxабар бўлиши ва дилларингиз таскин топиши учунгина берди. Аслида, нусрат ва мадад фақат қудратли ва ҳикматли Аллоҳ ҳузуридандир». (Oли Имрoн сурaси, 126-oят)

Исломнинг ушбу қатъий таълимотига асосланиб биз мусулмонлар кундалик ўқийдиган ҳар бир намозимизда қуйидаги ояти каримани тиловат қиламиз:

﴿إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

«Сенгагина ибодат қилурмиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз!» (Фoтиҳa сурaси, 5-oят)

Энди эса юқоридаги саволга жавоб беришга киришамиз. Аллоҳдан ўзгадан мадад сўраш икки турда бўлади:

Биринчи ҳолат; мадад сўралаётган мададкорни хоҳ инсон бўлсин ёки бошқа нарса, ўзининг борлиғида ёхуд қиладиган ишида мустақил деб билиб, бераётган ёрдамида Аллоҳга муҳтож эмас, деган эътиқодга эга бўлишдир.

Шубҳасиз, бундай тарзда Аллоҳдан ўзгадан мадад исташ ширкнинг ўзгинаси экани аёндир. Бу борада Қуръони Карим шундай марҳамат қилади:

﴿قُلْ مَنْ ذَا الَّذِي يَعْصِمُكُمْ مِنَ اللَّهِ إِنْ أَرَادَ بِكُمْ سُوءًا أَوْ أَرَادَ بِكُمْ رَحْمَةً وَلا يَجِدُونَ لَهُمْ مِنْ دُونِ اللَّهِ وَلِيًّا وَلا نَصِيرًا

«Айтгин: «Агар сизларга Аллоҳ ёмонликни ирода қилса, ёки сизларга раҳматни ирода қилса, сизларни Ундан тўсадиган ким бор?!» Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга бирор валий [йўлбошчи, раҳнамо] ва бирор ёрдамчи ҳам топа олмаслар.» (Aҳзoб сурaси, 17-oят)

Иккинчи ҳолат; Аллоҳдан ўзга бирор инсондан мадад сўраётганда, уни Аллоҳнинг яратган бандаси ва ўз Яратувчисига муҳтож деб билиб, ушбу шаxс кўрсатадиган таъсирида ҳеч қандай мустақил бўлмай, фақатгина Аллоҳнинг изни билан бандаларнинг мушкулларини осон ва бартараф қилиш учун Аллоҳ таоло томонидан бундай буюк зотларга ушбу куч ато этилган, деб эътиқод қилишимиздир.

Ушбу тафаккур асосида биз Аллоҳнинг буюк авлиёларидан ёрдам сўраган тақдирда уларни Аллоҳнинг даргоҳига восита қилиб, инсонларнинг айрим ҳожатларини раво қилишда ёрдам бера оладилар, деб эътиқод қилишимиз тўғри бўлиб, дарвоқе, бундай мадад сўраш Аллоҳнинг Ўзидан ёрдам исташ ҳисобланади. Зероки, Аллоҳнинг Ўзи ушбу воситаларга борлиқ ато этиб, Ўз бандаларининг ҳожатларини раво қилишда бундай зотларга таъсир қилиш кучини бахшида этган. Асосан, башарият ҳаёти мана шундай воситалардан мадад сўраш асосида қурилган. Шунга биноан, инсоният ҳаёти воситалардан ёрдам олмай давом этадиган бўлса, изтироб ва безовталанишга дучор бўлади.

Аллоҳнинг юқори даражали бандаларидан ёрдам сўраш масаласига ушбу эътиқод ва дунёқараш асосида назар ташласак, у зотлар Аллоҳнинг мададини амалга оширувчи омиллар сифатида уларнинг яратилиши ҳам, борлиқ оламга кўрсатадиган таъсири ҳам яратувчи Тангри таоло томонидандир. Шундай экан, бундай мадад сўраш тавҳид ва яккахудолик ғоясига зид бўлмай, балки тавҳиднинг бир жилвасидир.

Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, Аллоҳни таниган ва яккахудоликка ёндашувчи бир деҳқон одам эккан экини ҳосилга кириши учун сув, ер, ҳаво ва қуёш нуридан фойдаланиб уруғларни ундириб уларни ҳосилга келтирса-да, аслида Xудонинг ёрдамидан фойдаланган бўлади. Чунки, юқоридаги неъматларга яъни сув, тупроқ, нур ва ҳавога Аллоҳнинг Ўзи куч, истеъдод ва таъсир ато этган ва уларни ҳосил етишиши учун восита ва сабабчи қилиб қўйган.

Маълумки, бундай мадад сўраш тавҳид ва яккахудолик таълимотига тамоман монанд ва мувофиқ келади. Қуръони Карим ҳам бизни сабр ва намоз каби омиллар орқали мадад сўрашга буюради. Аллоҳ таоло бу ҳақда Қуръонда шундай марҳамат қилади:

﴿وَاسْتَعِينُواْ بِالصَّبْرِ وَالصَّلاَةِ

«Сабр ва намоз билан ёрдам сўранглар.» (Бақара сурaси, 45-oят)

Демак, биз инсонлар ўз ишимиз бўлмиш сабр ва намоз ўқишдан мадад олишга амр қилинганмиз. Шу билан биргаликда ана шундай мадад сўраш:

﴿إِيَّاكَ نَعْبُدُ وَإِيَّاكَ نَسْتَعِينُ

«Фақат Сенгагина сиғинамиз ва фақат ўзингдангина мадад сўраймиз» (Фoтиҳa сурaси, 5-oят) деб таъкидлаб ва чеклаб келган ояти карима билан ўзаро зиддиятга эга эмас. Бунинг маъноси; Аллоҳдан ўзга мададкорни мустақил билмаган ҳолда ундан мадад сўраш ширк эмасдир.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.