Home / Долзарб мавзулар / Ваҳҳобийлик ёки салафийлик / Ваҳҳобийлик ўзи қачон ва қаердан юзага келган? (1)

Ваҳҳобийлик ўзи қачон ва қаердан юзага келган? (1)

images3671Ягона Парвардигоримизнинг ҳабиби, тинчлик ва раҳмат элчиси бўлмиш ҳазрат Муҳаммад Мустафо (салаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) пок руҳларига ва ул зотнинг барча гуноҳлардан пок бўлган Аҳли-Байтларига салом ва саловот йўллаб, ваҳобийлик ёки бошқача таъбир билан айтганда салафийлик оқими қачон ва қаердан келиб чиққани борасида қисқача маълумот бермоқчимиз.

   Динлар тарихи ва тарихий манбаларга бир назар солсак, замон ўтиши билан барча динлар турли мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетганининг гувоҳи бўламиз. Йирик илоҳий динлар ҳам ушбу ҳақиқатдан мустасно эмас. Замоннинг ўтиши, динларни келтирган пайғамбарлар даврларидан борган сари узоқлашиш билан илоҳий динлар негизида ҳам турли мазҳаб ва фирқалар шаклланган.

  Маълумки, барча илоҳий пайғамбарларнинг маслаклари тавҳид (якка худолик) ва ёлғиз Худога сиғинишга асосланган ва улар башариятни тафриқа ва тарқоқликдан сақланишга чақиришган. Шунингдек, борлиқнинг ягона негизи бўлмиш Аллоҳга имон келтириш, адолатпарварлик ва зулм-итстибдодга қарши курашга чорлаш барча илоҳий пайғамбарларнинг муштарак мақсад ва дастуриламалллари ҳисобланади.  Шу ўринда таъкидлаш жойизким, барча илоҳий динларда пайғамбарларга Парвардигори олам томонидан ҳаётбахш билим-маърифатнинг покиза бўлоғи бўлмиш ваҳий келишига эътиқод қилинади.

  Тарихий воқелик шуни кўрсатмоқдаки, диний таълимотлардан нотўғри фойдаланиш, ижтимоий шароит, тамагирлик ва ўз дунёвий манфаатларини кўзлаш каби омиллар айрим кишиларни илоҳий динлар мазмун-моҳиятини нотўғри тушунишларига ёхуд ўз дунёвий манфаатларидан келиб чиққан оғишишларига боис бўлган. Бу ихтилофли тафаккур ва қарашлар вақт ўтиши билан ўз тарафдорларини пайдо қилиб, натижада турли фирқа ва мазҳаблар пайдо бўлишига замин яратган. Хулоса чиқариб айтиш мумкинки, самовий динларнинг ўзагида бир бирига қарама-қарши турли фирқа ва оқимлар шаклланишининг сабабини илоҳий таълимотларни нотўғри тушунишдан ёки маълум шахс ё гуруҳлар ўз манфааларини кўзлашларидан ёхуд сиёсий ҳийла-найранглардан излашга тўғри келади.

  Бундай йўлдан озган оқим ёхуд фирқалар турли диний хурофотларни келиб чиқишига ижтимоий ва ҳам маънавий замин яратади ва шу билан биргаликда барча илоҳий динлар асосини ташкил қиладиган ваҳдат (бирлик, бирдамлик) ва якдилликка рахна солишади.

  Ваҳҳобийлик ва  бошқа таъбир билан айтганда, салафийлик ана шу фирқалардан бири хисобланади. Ваҳҳобий-салафий жараёни аслида Ибни Таймийянинг тузган қуруқ ва асоссиз таълимотидан келиб чиққан. Шу боис, Ибни Таймиянинг тафаккури ва Ислом динига оид қарашларини кўздан кечиришни зарур, деб биламиз.

  Ибни Таймийя ҳижрий-қамарийнинг 661-йили Ҳаррон шаҳрида дунёга келган. Ўша замонларда Ҳаррон шаҳри ҳанбалий таълимотининг маркази ҳисобланарди. Бугунги кунда ушбу шаҳардан  Туркиянинг жанубида бир вайрона манзил қолган холос.  Ибни Таймийя бир асрдан ортиқ ҳанбалий мазҳабининг яловбардори (йўлбошчиси) бўлган хонадонда униб ўсган. Шайхул-балад номи билан Ҳарронда шўҳрат қозонган Ибни Таймийянинг отаси маҳшур фақиҳ (Исломшунос олимлар)дан эди ва Ҳаррон аҳли уни Ислом илмларининг мударриси сифатида танишарди. Ўша даврларда Ислом ўлкаларига босқинчи муғулларнинг ҳужуми кучайган эди ва улар ҳар куни бирон бир ҳудудни ўз тасарруфига киргизишарди. Ушбу даврда жуда кўп қимматли исломий китоблар муғуллар томонидан ғорат ва ёқиб ташланди.

  Машҳур араб тарихчиси Ибн Касир бу ҳақда шундай ёзади:

  «Ҳижрий -қамарийнинг 667-йили Ибни Таймийя етти яшар эди ва шу даврда Ҳаррон шаҳрига муғулларнинг ҳужуми кучаяди ва шаҳар аҳолиси ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлишади. Шу пайт Ибни Таймийянинг оиласи ҳам Ҳаррондан Дамашққа кучиб кетишади.»

  Ҳаррондан Дамашққа кетгач, Ибн Таймийянинг отаси Дамашқдаги «Дорулҳадис»нинг раиси бўлади. Шунинг билан, Ибни Таймийянинг болалик даври Дамашқда ўтади. У отасидан ва Дамашқнинг бошқа ҳанбалий уламоларидан фиқҳ, ҳадис, усул, калом ва тафсир илмларини ўзлаштириб, фатво бериш ва мударрислик қилиш ҳуқуқини эгаллаб олади. Отасининг ўлимидан сўнг Ибн Таймийя отасининг жойини эгаллаб, дарс бериш ва Қуръоннинг тафсири билан шуғулланади. У шунингдек, бошқа мазҳаблар таълимотини ўрганиб, аҳли суннат ва шиа маҳбаларига зид бўлган фатволарни бера бошлайди. У мусулмонларга жойиз бўлган айрим суннат амаллар ва ақидаларни танқид қилиб, уларни нифоқ (иккиюзламачилик) ва ширк, деб билади. Ибни Таймийянинг ҳаёти, деярли, қарама-қарши фикр ва қарашларни изҳор этиш ва мусулмонларнинг собит қадриятларини шубҳа остига солиш билан бошланади. Дарҳақиқат, ваҳобизмнинг ўтмиши ва бугуни ҳам бузғунчи мафкура ва қарашларга асосланган.

  Ҳижрий-қамарийнинг 278-йилигача Ибн Таймийядан бирон-бир муҳим сўз эшитилмади. Аммо шу даврдан бошлаб унинг бузғунчи мафкуравий фаолияти бошланади. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, у ашъарий мазҳабига қарши қаратилган ва Дамашқда кўп можароларни келтириб чиқарган китобини шу йилда ёзади. Ибн Таймийя ўзини салфий, деб атайди ва кейинчалик унинг асоссиз ақидасига эргашган бузғунчи шахслар ҳам ўзини салафий, деб номлашади. Салафий сўзининг маъноси ўтган салафи солиҳларга эргашувчи, эскипараст ёхуд сўзсиз ва мантиқсиз тақлид қилувчи маъноларини англатади.

  Ибн Таймийя бир қанча мавридларда тавҳид (якка худолик)га оид бўлган эътиқодий масалаларда Парвардигори оламга нисбатан ҳурматсизлик маъносидаги сўзларни ишлатиб ,Аллоҳнинг юксак ўрнини пасайтиришга ҳаракат қилган. У ўзининг китобларида тавҳид ҳақидаги фикрларида югуришни Аллоҳга тегишли бўлган сифатларидан бири, деб билган. Унинг ақидаси бўйича, мўмин кишиларга яқинлашиш учун Аллоҳ таоло уларга қараб югуради.   Ибн Таймийя ўз фикрини исботлаш учун Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг қуйидаги ҳадисларини зикр этади:

  «Аллоҳ таоло буюради: Бандам мен томон бир қарич яқинлашса, мен унга бир зироъ (яъни ярим метр) миқдорича яқинлашажакман. Ва агар мен томонга бир зироъ миқдорича яқинлашса, мен унга бир қулоч миқдорида яқинлашажакман. Агар у менинг томонимга юриб келса, мен эса унга югуриб бораман.»

  Ибн Таймийя «Аллоҳнинг бандаларига қараб югуриши» таъбирини жисмоний югуриш, деб тушунади. У бу муборак ҳадиснинг чуқур мазмунига эътибор қаратмайди. Ҳадиси шарифда Аллоҳнинг бандаларига қалбан, руҳан ва маънан яқинлашуви ҳақида Ва Аллоҳ таоло Ўзига юзланган бандаларининг мададкори эканлиги борасида сўз юритилган. Кимки, Яратувчига кўпроқ таважжуҳ билдирса, Аллоҳ таоло ҳам унга янада марҳамат кўрсатади.

  Ибн Таймийянинг ушбу ҳадиси шарифни юқорида келтирилганидек шарҳлаши; унинг ва салафийларнинг Аллоҳни бир инсон каби тушунишларидан далолат беради. Зеро, югуриш бирор-бир жисмга хос бўлган ҳаракатдир.   Арабистоннинг салафий муфтийларидан бири Абдулазиз бин Боз ҳам бу ҳақда ёзади:

  «Китобларда Аллоҳнинг юзи, кўзи, қўли ва бармоғи ҳақида сўз юритилади. Пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳам Аллоҳга тегишли бу сифатларни ўз ҳадисларида тасдиқлаганлар.»

  Кўриниб турибдики, салафийлар ўз пешволарининг сўзларини Расулуллоҳ (саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадислари ва Қуръон оятларига олиб бориб тақамоқчи бўлишади. Ҳолбуки, Қуръони Каримнинг бирор-бир ояти каримасида ва Расулуллоҳ(саллалоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг бирор-бир мўътабар ҳадисларида Аллоҳнинг югуришига ишора қилинмаган. Балки ушбу азиз манбаларда Аллоҳ таоло инсоний сифатлардан пок, деб уқтирилган.   Қуръони Карим ақл-фаросат эгалари учун Аллоҳни танишга оид бўлган ҳақиқатни бус-бутунлигича баён этиб, «Шўро» сурасининг 11-ояти каримасида шундай буюради:

لَيْسَ كَمِثْلِهِ شَيْءٌ وَهُوَ السَّمِيعُ الْبَصِيرُ

  «Бирор нарса У зотга ўхшаш эмасдир.»

  Қуръони каримнинг муфассирларидан бири Оятуллоҳ Макорими Шерозий бу оят кариманинг тафсирида ёзадилар:

  «Бу иборат дарҳақиқат, Аллоҳнинг барча сифотларини англаб етишнинг асосидир. Бу ояти каримага эътибор қаратмасдан Аллоҳ сифотларидан ҳеч бирини англаб бўлмайди. Зеро, Аллоҳни таниш йўлидаги энг асосий хатар- бу Парвардигори оламни бирор бир маҳлуқотга хос бўлган сифатга муносиб, деб билишдир. Ана шу нарса Аллоҳни таниш йўлидан бораётган кишининг ширк жарига қулаб тушишига сабаб бўлади.»

  Бошқача таъбир билан айтганда; Аллоҳ таоло мисл-монандсиз, ҳад-ҳудудсиз ва чексиз бир мавжуддир. Ундан бошқа барча ҳар бир нарса эса ўхшашликка эга бўлган нокомил, ноқис ва чеклангандир.

  Биз бандалар учун айрим ишлар осон бўлса, айримлари эса қийинчилик келтиради. Баъзи ашёлар биздан узоқда, баъзилари эса яқинда жойлашган. Зеро, бизнинг вужудимиз чеклангандир. Аммо қайси жиҳатдан ўйлаб кўрмайлик; чексиз, ҳад-ҳудудсиз бўлган, азал ва абадни қамраб олган вужуд учун инсонга хос тушунчаларни тегишли, деб билиш ўта беъманилик ҳақиқатдан узоқлашишдир.

  Мўминлар амири Али (алайҳис салом) «Наҳжул балоға» китобларида Аллоҳ таолони васф айлаганлар. Ул ҳазратнинг назарларида Аллоҳнинг чексиз қудрати катта-кичик, оғир ва енгил, қувват ва қувватсиз мавжудодларни қамраб олиб, Аллоҳнинг чексиз қудрати қаршисида бир хил кўринишга эгадирлар.

  Ибн Таймийянинг бузғунчи ва асоссиз фикрлари туфайли Аҳли суннатнинг улуғ донишмандларидан бири ибн Ҳажар Маккий ўз китобларида ибн Таймийя ҳақида шундай ёзади:

  «Аллоҳ уни хор, гумроҳ ва кар қилган! Шофеий, моликий ва ҳанафийлардан иборат бўлган аҳли суннат пешволари ва уларнинг замондошлари ҳам унинг фикрларининг фисқ-фасоддан иборат эканлигини тасдиқлаганлар. Ибн Таймийянинг сўзлари бемани, унинг ўзи эса бидъатчи, гумроҳ ва одамларни йўлдан адаштирувчи кишидир. Парвардигори олам у билан Ўзнинг адолати асосида муносибат айлаб, бизни унинг ақида ва йўл-йўриқларидан узоқлаштирсин».

  Ибн Таймийянинг жамият орасида ихтилоф келтириб чиқарувчи ақидалари унинг билан аҳли суннат уламолари ўртасида зиддиятни келтириб чиқариб, унинг зиндонга ташланишига сабаб бўлади. Ибн Таймийя ўз ақидаларидан қайтмай, ҳақиқатни тўлиқ англамаган ҳолда зиндонда жон беради.

Share

Check Also

Салафийларнинг такфирчилик ақийдалари кенг ёйилишида Саудия Арабистонининг роли

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан Араб баҳорида халқларнинг улкан ҳаракати Ўрта Шарқ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.