Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Шиалар саҳoбаларга нисбатан қандай назарга эгалар?

Шиалар саҳoбаларга нисбатан қандай назарга эгалар?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Шиалар нуқтаи назаридан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўриб, ҳамсуҳбат бўлишга мушарраф бўлганлар бир неча гуруҳга бўлинадилар. Биз юқоридаги саволга жавоб беришдан олдин қисқача бўлса ҳам «саҳоба» сўзига ойдинлик киритиб олишимиз лозим бўлади.

Шуни айтиш керакки, «саҳоба» сўзи ҳақида турли-туман фикр-мулоҳазалар билдирилган. Бу ерда уларнинг баъзилари билан танишиб чиқамиз:

  1. Саид бин Мусаййиб айтади:

«Бир ёки икки йил муддатича Пайғамбаримизнинг ҳузурларида бўлиб, ул зот билан биргаликда бир ёки бир неча жангларда иштирок этганларга «саҳоба», деб айтилади.»[1]

  1. Воқидий айтади:

«Олимларнинг фикрича, кимки, Пайғамбаримизни кўриб Исломга кириб, дин бўйича фикр юритиб, ундан рози бўлган бўлса, бизнинг наздимизда Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг «саҳобаси» ҳисобланади, гарчи куннинг бир соатигина ул зотни кўрган бўлса-да.»[2]

  1. Муҳаммад бин Исмоил Ал-Буxорий айтади:

«Мусулмонлардан ҳар бир шахс Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан суҳбатлашган ёки ул ҳазратни кўрган бўлса, бизнинг наздимизда саҳоба ҳисобланади.»[3]

  1. Аҳмад бин Ҳанбал айтади:

«Кимки, бир ой ёки бир кун ёхуд бир соат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан суҳбатлашган ёки фақат ул ҳазратни кўрган бўлса ҳам, у саҳобалар қаторидадир.»[4]

Аҳли суннат уламолари ўртасида «саҳобалар одилдирлар», деган ғоя сўзсиз қабул қилинган асл ва асосдир. Бунинг маъноси кимда-ким Пайғамбарни кўриб, ул зот билан суҳбатлашган бўлса, демак, у одилдир![5]

Энди эса Қуръони Каримнинг ойдинлик киритувчи оятларига асосланиб юқорида зикр этилган фикрни кўриб чиқамиз ва шиаларнинг ваҳий каломига таянган ҳолда бу ҳақда билдирадиган назарларини ҳам келтирамиз:

Тариxда ўн икки минг нафардан ортиқ инсон «саҳоба» деб таништирилган. Ушбу сонли саҳобалар ичида турли xил хулқ-атворли инсонлар бор эди. Азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бўлиб, ул ҳазратнинг «саҳоба»си бўлиш шарафига ноил бўлишнинг ўзи сўзсиз улкан шараф ва ифтиxордир. Ислом уммати бундай шараф ва ифтиxорга эриша олган инсонларга доим эҳтиром кўзи билан қараб келишган. Зеро, улар Исломни қабул қилишда пешқадам ва илғор бўлиб, Исломнинг дастлабки кунларидан бошлаб Исломнинг иззат ва шавкатли байроғини юксалтириб, фидокорлик билан дин йўлида курашганлар.

Қуръони Карим ҳам дин йўлида пешқадам бўлганларни эъзозлаб бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

﴿لَا يَسْتَوِي مِنْكُمْ مَنْ أَنْفَقَ مِنْ قَبْلِ الْفَتْحِ وَقَاتَلَ أُولَئِكَ أَعْظَمُ دَرَجَةً مِنَ الَّذِينَ أَنْفَقُوا مِنْ بَعْدُ وَقَاتَلُوا

«Сизлардан [Макка] фатҳ бўлишидан илгари инфоқ-эҳсон қилган ва [Расулуллоҳ билан бирга кофирларга қарши] жанг қилган кишилар [Макка фатҳидан кейин инфоқ-эҳсон қилган ва жанг қилганлар билан] баробар бўлмас. Улар кейин инфоқ-эҳсон қилган ва урушган кишилардан улуғроқ мартабададирлар». (Ҳaдид сурaси, 10-oят)

Айни ҳолда ушбу ҳақиқатни эътироф этмоқ лозимки, Пайғамбаримизни кўриб, ул зот билан бирга суҳбатдош бўлиш – бу инсоннинг бутун вужудини ўзгартириб, унда бошқача моҳият яратади ва бундайлар то умрларининг оxиригача ана шундай покланиш билан одил бўлиб қоладилар ва ҳар қандай адашишлардан омонда бўлгайлар, дегани эмас.

Мазкур сўзимизни ёритиш учун бутун жаҳон мусулмонлари қабул қиладиган муборак ва муқаддас Қуръони Каримнинг оятларига юзланиб, ушбу масаланинг ҳал этиш йўлини ундан излашни ўринли деб биламиз.

Саҳоба Қуръон нуқтаи назаридан

Ваҳий каломи бўлмиш Қуръони Карим мантиғи бўйича, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, ул ҳазратни кўриш шарафига муяссар бўлганлар, яъни саҳобалар икки гуруҳга бўлинадилар:

Биринчи гуруҳ саҳобалар:

Қуръони Карим оятларида мақтаб эъзозланган ушбу гуруҳ саҳобалар Исломнинг иззат ва шукуҳли биносини барпо этувчи инсонлар сифатида тилга олинадилар. Биз бу ўринда ушбу гуруҳ саҳобалар ҳақидаги айрим оятларни кўздан кечирамиз:

  1. Дастлабки пешқадам ва илғорлар:

﴿وَالسَّابِقُونَ الأوَّلُونَ مِنَ الْمُهَاجِرِينَ وَالأنْصَارِ وَالَّذِينَ اتَّبَعُوهُمْ بِإِحْسَانٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُمْ وَرَضُوا عَنْهُ وَأَعَدَّ لَهُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي تَحْتَهَا الأنْهَارُ خَالِدِينَ فِيهَا أَبَدًا ذَلِكَ الْفَوْزُ الْعَظِيمُ

«Муҳожирлар ва ансорларнинг дастлабки пешқадамларидан ҳамда улар ортидан эзгулик билан борганлардан Аллоҳ рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна уларга остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Улар унда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир». (Тaвбa сурaси, 100-oят) 

  1. Дараxт остида байъат қилганлар:

﴿لَقَدْ رَضِيَ اللَّهُ عَنِ الْمُؤْمِنِينَ إِذْ يُبَايِعُونَكَ تَحْتَ الشَّجَرَةِ فَعَلِمَ مَا فِي قُلُوبِهِمْ فَأَنْزَلَ السَّكِينَةَ عَلَيْهِمْ وَأَثَابَهُمْ فَتْحًا قَرِيبًا

«Дарҳақиқат, Аллоҳ мўминлардан- улар дараxт остида сенга байъат [қасамёд] қилаётган вақтларида рози бўлди. Демак, У уларнинг дилларидаги нарсани билиб, уларга xотиржамлик туширди ва уларни [Xайбар жангидаги] яқин ғалаба билан мукофотлади.» (Фaтҳ сураси, 18-oят)

  1. Муҳожирлар:

﴿لِلْفُقَرَاءِ الْمُهَاجِرِينَ الَّذِينَ أُخْرِجُوا مِنْ دِيَارِهِمْ وَأَمْوَالِهِمْ يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا وَيَنْصُرُونَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ أُولَئِكَ هُمُ الصَّادِقُونَ

«[У ўлжалар яна] ўз диёрларидан ва мол-мулкларидан ҳайдаб чиқарилган камбағал муҳожирларникидир, [улар] Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг Расулига ёрдам берурлар. Айнан ўшалар [иймонларида] содиқдирлар.» (Ҳaшр сурaси, 8-oят)

  1. Фатҳ қилувчи саҳобалар:

﴿مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللَّهِ وَالَّذِينَ مَعَهُ أَشِدَّاءُ عَلَى الْكُفَّارِ رُحَمَاءُ بَيْنَهُمْ تَرَاهُمْ رُكَّعًا سُجَّدًا يَبْتَغُونَ فَضْلًا مِنَ اللَّهِ وَرِضْوَانًا سِيمَاهُمْ فِي وُجُوهِهِمْ مِنْ أَثَرِ السُّجُودِ

«Муҳаммад Аллоҳнинг Расулидир. У билан бирга бўлган [мўмин]лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида [мўминларга нисбатан] эса раҳм-шафқатлидирлар. Уларни [мудом] Аллоҳдан фазл-марҳамат ва розилик тилаб рукуъ-сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) сиймо-белгилари бордир». (Фaтҳ сурaси, 29-oят)

Иккинчи гуруҳ саҳобалар:

Пайғамбаримизнинг ҳузурларида бўлиб, ул зот билан суҳбатдош бўлган бошқа бир гуруҳ саҳобалар эса қалбларида беморлик бўлган икки юзламачи ва мунофиқ кишилардан иборат. Қуръони Карим уларнинг моҳиятини фош этиб, Пайғамбаримизни уларнинг борлигидан огоҳлантирган. Бу ерда уларнинг бир неча тоифасини кўриб чиқамиз:

  1. Мунофиқликлари маълум бўлган саҳобалар:

﴿إِذَا جَاءَكَ الْمُنَافِقُونَ قَالُوا نَشْهَدُ إِنَّكَ لَرَسُولُ اللَّهِ وَاللَّهُ يَعْلَمُ إِنَّكَ لَرَسُولُهُ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ لَكَاذِبُونَ

«(Эй Муҳаммад,) мунофиқлар ҳузурингга келиб: «Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз», дерлар. Сен Унинг пайғамбари эканлигингни Аллоҳ албатта, билур ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканликларига гувоҳлик берур.» (Мунофиқун сураси, 1-оят)

Ушбу суранинг қолган оятлари ҳам ана шу тоифага мансуб бўлган мунофиқлар ҳақидадир ва биз шу ўринда унинг қолган оятларини ҳам келтиришни лозим топдик:

«Улар ўзларининг [ёлғон] қасамларини қалқон қилиб олиб, [одамларни] Аллоҳ йўлидан тўсдилар. Уларнинг қилиб юрган амаллари нақадар ёмондир! Бунга сабаб уларнинг [тилларида] иймон келтириб, сўнгра [дилларида] кофир бўлганларидир. Бас, уларнинг диллари муҳрлаб қўйилди. Энди улар [ҳақиқатни] англай олмаслар. Уларга қарасанг, уларнинг гавдалари Сени ажаблантирур, сўзлаганларида эса сўзларига беиxтиёр қулоқ солурсан. Улар гўё [деворга] суяб қўйилган [чирик] ёғочларга ўxшайдилар. Улар ҳар бир қичқириқ (овоз)ни устиларига [тушаётган бало ва офат деб) гумон қиладилар. Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлгин! Уларни Аллоҳ урсин! Қаёққа оғиб кетмоқдалар ўзи?! Қачонки, уларга: «Келинглар, Аллоҳнинг пайғамбари сизлар учун мағфират сўрасин!» дейилса, албатта, улар бошларини буриб кетурлар ва уларни кибрли ҳолларида юз ўгиришларини кўрурсан. [Эй Муҳаммад,] Сен улар учун мағфират сўрадингми ёки мағфират сўрамадингми уларга барибир, Аллоҳ уларни сира мағфират қилмас. Албатта, Аллоҳ фосиқлар қавмини ҳидоят этмас. Улар [ўзларининг тобеларига]: «Аллоҳнинг Расули ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар, токи, улар тарқалиб кетсинлар», дейдиган кимсалардир. Ҳолбуки, осмонлар ва ер xазиналари фақат Аллоҳникидир. Лекин, мунофиқлар [буни] англамаслар. Улар: «Қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни ундан [ҳайдаб] чиқарур», дерлар. Ҳолбуки, иззат-юксаклик фақат Аллоҳники, Унинг Расулиники ва мўминларникидир. Лекин, мунофиқлар [буни] билмаслар».[6] 

  1. Танилмаган мунофиқ саҳобалар:

﴿وَمِمَّنْ حَوْلَكُمْ مِنَ الْأَعْرَابِ مُنَافِقُونَ وَمِنْ أَهْلِ الْمَدِينَةِ مَرَدُوا عَلَى النِّفَاقِ لَا تَعْلَمُهُمْ نَحْنُ نَعْلَمُهُمْ سَنُعَذِّبُهُمْ مَرَّتَيْنِ ثُمَّ يُرَدُّونَ إِلَىٰ عَذَابٍ عَظِيمٍ

«Сизларнинг теварагингиздаги аъробийлар орасида ва Мадина аҳолиси орасида [яъни ўзини сенга яқин қилиб юрган саҳобалар ичида] мунофиқлар бор. [Улар] нифоқда бардавомдирлар. Уларни сен билмайсан, уларни Биз биламиз. Албатта, уларни икки бор азоблаймиз. Сўнгра [қиёматда] улкан азоб [дўзаx]га қайтарилурлар.» (Тaвбa сурaси, 101-oят)

  1. Қалбида беморлик бўлган мунофиқ саҳобалар:

﴿وَإِذْ يَقُولُ الْمُنَافِقُونَ وَالَّذِينَ فِي قُلُوبِهِمْ مَرَضٌ مَا وَعَدَنَا اللَّهُ وَرَسُولُهُ إِلَّا غُرُورًا

«Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз-беморлик бўлган кимсалар: «Аллоҳ ва Унинг Расули бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар.» (Aҳзoб сурaси, 12-oят)

  1. Гуноҳкор саҳобалар:

﴿وَآخَرُونَ اعْتَرَفُوا بِذُنُوبِهِمْ خَلَطُوا عَمَلًا صَالِحًا وَآخَرَ سَيِّئًا عَسَى اللَّهُ أَنْ يَتُوبَ عَلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ غَفُورٌ رَحِيمٌ

«Яна бошқалари ҳам борки, гуноҳларини тан олурлар, улар яхши амални бошқа ёмонига аралаштириб бажарганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилар. Албатта, Аллоҳ кечиримли ва раҳмлидир.» (Тaвбa сурaси, 102-oят)

﴿يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِن جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَن تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَىٰ مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ

«Эй иймон келтирганлар, агар сизларга бир фосиқ кимса хабар келтирса, бирор қавмга билмасдан мусибат етказиб қўйиб, қилган ишингизга афсус-надомат чекувчи бўлмаслигингиз учун [у фосиқ кимса олиб келган хабарни] аниқлаб-тешириб кўринглар.» (Ҳужурот сурaси, 6-oят)

Муҳаммад ибн Жарийр Табарий, Шаҳобуддин Саййид Маҳмуд Олусий, Имом Фахри Розий, Жалолиддин Суютий, Ибн Касир каби Аҳли суннатнинг кўпгина тафсирчи олимлари ўзларининг тафсир китобларида Ҳужурот сурaсининг 6-oяти тафсир-изоҳида ушбу ояти карима Валид ибн Уқба ибн Абу Муъийт ҳақида нозил бўлган[7].

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уни Бани ал-Мусталақ қабиласидан закот йиғиш учун қабила бошлиғи Ҳорис ибн Зирор Ал-Хузоъий томон юборадилар. Қабила аҳли Пайғамбарнинг вакили келаётганини эшитиб, қувонч билан уни кутиб олишга шошиладилар. Аммо Валид билан улар ўртасида жаҳилият даврида қаттиқ адоват бўлгани сабабли, улар мени ўлдириш учун келганлар деб ўйлайди-да, тезлик билан Пайғамбарнинг ёнларига қочиб келиб, бу қилган гумони қанчалик тўғри эканини ўрганиб чиқмай туриб Сарвари оламга: «Бани ал-Мусталақ қабиласи закот беришдан бош тортдилар!», деб хабар берди. Закот беришдан бош тортишнинг маъноси Ислом динидан юз ўгириш ва муртад бўлиш эди.

Бу аччиқ хабарни эшитган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) қаттиқ ринжиб, улар билан жанг қилишга қарор қиладилар. Шу пайт юқоридаги ояти карима у зотга нозил бўлиб, Валид ибн Уқба фосиқ эканини маълум қилади ҳамда мусулмонларга: «Қачон бир фосиқ кимса сизларга хабар келтирса, уни тезда қабул қилмай, аввал аниқлаб-текшириб кўринглар», деб буюради.

Фосиқнинг маъноси ошкора гуноҳ қилувчи ва Яратганга итоат қилмайдиган киши дегани. Демак, юқоридаги ояти каримага кўра, саҳоба бўлмиш Валид ибн Уқба фосиқ ва гуноҳкор киши ҳисобланади. Бундай гуноҳкор кишилар Сарвари олам саҳобалари орасида оз бўлмаган. Олдинги ояти карима бу айтганимизни ошкора ифодалайди.

  1. Жиҳоддан бўйин товлаган саҳобалар:

﴿وَمِنْهُم مَّن يَقُولُ ائْذَن لِّي وَلَا تَفْتِنِّي ۚ أَلَا فِي الْفِتْنَةِ سَقَطُوا ۗ وَإِنَّ جَهَنَّمَ لَمُحِيطَةٌ بِالْكَافِرِينَ﴾

«Улар орасида: «Менга [жиҳодга қатнашмаслик учун] изн бергин, мени фитна-гуноҳга солмагин», дейдиган кимсалар ҳам бор. Огоҳ бўлингизким, улар [ҳозирнинг ўзидаёқ] фитна-гуноҳга ботганлар. Шак-шубҳа йўқки, жаҳаннам кофирларни ўраб олгувчидир». (Тавба сураси, 46-оят)

Ушбу ояти карима Бани Салама қабиласидан бўлган Жадд ибн Қайс ҳақида нозил бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир куни Табук жангига ҳозирлик кўраётиб, Жадд ибн Қайсга: «Эй Жадд, Бани Асфарга яъни, румликларга қарши курашга тайёрмисан?» дедилар. У бўлса: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга ушбу жангда қатнашмаслик учун изн бергин, мени фитна-гуноҳга солмагин. Мен Бани Асфар [сариқ рангли румликларнинг] хотинларини кўрсам, чидай олмайман, деб қўрқаман», деди. Шунда юқоридаги ояти карима у ҳақида нозил бўлди.[8]

  1. Зирор масжидини қурган саҳобалар:

Саҳоба номи билан танилган бир гуруҳ ўзлари учун бир масжид қурдилар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бўлмаган вақтларда унда намоз ўқирдилар. Лекин Аллоҳ уларнинг сирларини ошкор этиб, уларнинг ўша масжидда мусулмонларга қарши уюштирган фитна-иғволарини, мўминлар орасига тафриқа ва ихтилоф солиш ишларини фош қилди. Оқибат, уларнинг мунофиқ эканликлари маълум бўлди. Аллоҳ таоло улар ҳақида шундай деб марҳамат қилади:

﴿وَالَّذِينَ اتَّخَذُوا مَسْجِدًا ضِرَارًا وَكُفْرًا وَتَفْرِيقًا بَيْنَ الْمُؤْمِنِينَ وَإِرْصَادًا لِّمَنْ حَارَبَ اللَّهَ وَرَسُولَهُ مِن قَبْلُ ۚ وَلَيَحْلِفُنَّ إِنْ أَرَدْنَا إِلَّا الْحُسْنَىٰ ۖ وَاللَّهُ يَشْهَدُ إِنَّهُمْ لَكَاذِبُونَ

«[Мўминларга] зиён етказиш, куфрни кучайтириш ва мўминлар орасига тафриқа солиш ҳамда илгари Аллоҳ ва Унинг Расулига қарши урушган кимсани кутиш жойи бўлиши учун [фитна юзасидан] масжид қурганлар, албатта, биз яхшиликдан бошқа нарсани истаганимиз йўқ, деб қасам ичарлар. Аллоҳ гувоҳлик берурки, улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар». (Тавба сураси, 107-оят)

Айтиш жоизки, масжид қурганлар ўн икки нафар мунофиқлар бўлиб, улар Хузом ибн Холид ибн Убайд – уйида масжид қурган киши – Муътаб ибн Қушайр, Абу Ҳабиба ибн Абил Азъар ва бошқалардан иборат эди.[9]

  1. Закот тўлашдан бош тортган саҳоба:

Саълаба ибн Ҳотиб ибн Умар ибн Умайя – Бадр ва Уҳуд жангларида қатнашган саҳоба эди. Лекин у молининг закотини беришдан бош тортди ва Аллоҳ таоло у ҳақида шундай деб оят нозил қилди:

وَمِنْهُم مَّنْ عَاهَدَ اللَّهَ لَئِنْ آتَانَا مِن فَضْلِهِ لَنَصَّدَّقَنَّ وَلَنَكُونَنَّ مِنَ الصَّالِحِينَ ﴿٧٥﴾‏ فَلَمَّا آتَاهُم مِّن فَضْلِهِ بَخِلُوا بِهِ وَتَوَلَّوا وَّهُم مُّعْرِضُونَ ﴿٧٦﴾

«Улар орасида: «Агар [Аллоҳ] бизга Ўз фазлу карамидан [мол-давлат] ато қилса, албатта, садақот [закот] берурмиз ва албатта, солиҳ бандалардан бўлурмиз», деб Аллоҳга аҳд-паймон берган кимсалар ҳам бор. Энди [Аллоҳ] уларга Ўз фазлу карамидан [мол-давлат] ато этган вақтда эса, унга бахиллик қилиб, [аҳд-паймонларидан] юз ўгирган ҳолларида орқага қараб кетурлар». (Тавба сураси, 75 ва 76-оятлар)

Саълаба доимо ўз вақтида намозни адо этишга содиқ ва вафодор бўлган саҳобалардан эди. Аммо у камбағал ва фақир бир киши эди, шунинг учун, у бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га: «Аллоҳдан менга мол-давлат беришини сўранг», деди. Шунда Пайғамбар (с.а.о): «Эй Саълаба, вой ҳолингизга! Сен шукр қиладиган озгина молинг шукрини адо қила олмаган кўп молк-мулкдан кўра яхшироқдир», дедилар. Саълаба деди: «Сизни ҳақ-ла пайғамбар этиб танлаган зотга қасамки, агар Аллоҳдан менга мол-давлат беришини сўрасангиз, ҳар бир фақир ва муҳтож кишига унинг ҳаққини бергайман». Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Эй Аллоҳим, Саълабага мол-мулк ато этгин!», деб дуо қилдилар. Оқибат, унинг мол-давлати ошиб кетди. Лекин у закот беришдан бош тортди. Токи, Аллоҳ таоло унинг қалбини бахиллиги ва хунук ишларининг жазосини оладиган кунгача нифоқ ва иккиюзламачиликка тўлдирди. Шак-шубҳасиз, у ёлғончилардан эди.[10]

  1. Зус-Садяҳ исмли шахс саҳобалардан бири эди.

У тақволи ва обид инсон бўлиб, унинг ибодати ва саъй-ҳаракати кўп одамларни ҳайратда қолдирарди. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир куни уни ўлдиришга буюриб: «Унинг юзида шайтоннинг белги-нишони бор», дедилар ва Абу Бакрни уни ўлдириш учун юбордилар. Абу Бакр уни намоз ўқиётган ҳолда топгач, ўлдирмай қайтиб келди. Сарвари олам Умарни бу иш учун юбордилар. У ҳам Зус-Садяҳни ҳам ўлдирмай қайтиб келди. Кейин Пайғамбар ҳазрати Алини уни ўлдиришга юбордилар, аммо ҳазрати Али унга ета олмадилар. Чунки, у аллақачон кетиб қолган эди.[11]

Кейинчалик Зус-Садяҳ хавориж тоифасининг бош қўмондони бўлди ва мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом) хаворижларга қарши бўлган Наҳравон жангида уни ўлдирдилар.

  1. Яна бир гуруҳ саҳобалар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан мулоқот қилиш ҳамда у зотга ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлиш билан танилган кишилар эди.

Улар Сувайлимнинг уйида тўпланиб, одамларни Аллоҳнинг Расули (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан қайтарар эдилар. Шунинг учун у зот бир кишини юбориб, унга Сувайлимнинг уйини уларнинг устига ёқишни буюрдилар.[12]

  1. Қазмон бин Ҳарас исмли саҳоба ҳақида

Қазмон ибн Ҳарас Уҳуд жангида қатнашиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан биргаликда кофирларга қарши қаттиқ жанг қилди. Ул ҳазратнинг саҳобалари: «Фалончи қандай ҳам яхши урушиб, бизга урушни енгил қилди», деб айтишди. Шунда Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Лекин у дўзах аҳлидан!», дедилар. Қазмон ибн Ҳарас жароҳатланиб, ерга йиқилгач, айримлар унга: «Жаннат сизга муборак бўлсин, эй Абул Ғайдоқ!», дейишди. У эса жавобан: «Исириқ буталаридан бўлган жаннатми?! Аллоҳга қасамки, насл-насабдан бошқаси учун уруш қилмадим!», деди.[13]

  1. Ҳакам ибн Абул-Ос ибн Умайя ибн Абдушшамс ҳақида

Саҳоба номини ташийдиган Ҳакам ибн Абул-Ос Марвоннинг отаси ва учинчи халифа Усмоннинг амакиси бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонидан қувилган ва лаънатланган бир шахс эди.

Фокиҳий бир санад билан Зуҳрий ва Атои Хуросонийдан ривоят қилиб айтади:

«Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари у зотнинг ҳузурига Ҳакам ибн Абул-Осни лаънатлаётган ҳолда кириб келишди. Шунда улар: Эй Аллоҳнинг Расули, у нима ишга қўл урди? деб сўрашди. Ул ҳазрат дедилар: Мен оилам билан бирга ўтирган чоғим, у девор ёриғидан ичкарига кирди».

Сарвари олам ўтиб кетаётганларида Ҳакам ибн Абул-Ос у зотни масхара қилиб, бармоғи билан кўрсатарди. Шу пайт Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) уни кўриб: «Эй Аллоҳим, уни қурбақага айлантир!», дедилар. Шунда у судралиб юрадиган бўлди.[14]

Бир ривоятда Ойша Марвон ибн Ҳакамга шундай деди:

«Гувоҳлик бераманки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) отангни сен унинг белида бўлган пайтингда лаънатладилар».[15]

Юқорида келтирилган оятлар ва тарихий маълумотлардан келиб чиқиб шу хулосага келамизки, Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобалари орасида Аллоҳ таоло ҳам, Пайғамбар ҳам маъқул кўрмаган ва тақиқлаган ножўя ишларни қилган кишилар бор бўлган ва ҳатто уларнинг баъзилари Қуръонга ҳам, Суннати Набавияга ҳам қарши чиққанлар. Шундай экан, кимки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни кўрса, ҳатто бир кун бўлса-да, ундай кишини одил ва пок инсон деб билиш Ислом дини таълимотига тўғри келмайди. Зероки, Ислом дини таълимотида пайғамбарларнинг баъзи саҳобалари, ҳатто фарзандлари ва аёллари иймон келтирмаганликлари ошкора баён этилган.

Юқоридаги ояти карималардан ташқари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан айрим саҳобаларни маломат қилганлик борасида кўплаб саҳиҳ ҳадислар ривоят қилинган. Мисол тариқасида улардан иккитасини келтирамиз:

  1. Абу Ҳозим, Саҳл бин Саъддан ривоят қилиб айтади; Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дедилар:

«أنا فَرَطُكم علَى الحوض من ورد شرِب ومن شرِب لم يظمأ أبدًا وليَرِدَنَّ عَلَيَّ أَقوامٌ أَعْرِفُهم وَيَعْرِفُونَنِي ثمَّ يُحَالُ بيني وبينهم»

«Мен сизлардан олдин Ҳавзи Кавсар ёнига етиб борурман, кимки, унга дохил бўлса, ундан сув ичгай ва кимки, ундан сув ичса, то абад ташна бўлмагай. Шунда бир гуруҳ менинг ёнимга кириб келишадики, мен уларни танийман ва улар ҳам мени танийдилар, сўнгра мен билан уларнинг орасига айрилиқ ва тўсиқ тушур».

Абу Ҳозим айтади: «Мен юқоридаги ҳадисни ўқиб турганимда Нуъмон бин Аби Айёш ёнимга келиб: Сен Саҳлдан шундай деб эшитдингми?», деб сўради. Мен: – Ҳа, дедим. Шунда у деди: «Шаҳодат бериб айтаманки, Абу Саид Xудрий ҳам ушбу ҳадисга бундай деб қўшимча қилган эди:»

Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу ҳақда шундай марҳамат қилдилар:

«إِنَّهُمْ مِنِّي فيُقَالُ إِنَّكَ لَا تَدْرِي مَا أَحْدَثُوا بَعْدَكَ، فأَقُولُ: سُحْقًا سُحْقًا لِمَنْ بَدَّلَ بَعْدِي»

«Улар мендандирлар [яъни менинг саҳобаларимдир], шунда нидо келади: – Сендан кейин улар нималар қилганини билмайсан! Шунда Мен: «Мендан сўнг [Ислом дини ҳукмларини] ўзгартирганлар Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлсинлар! йироқ бўлсинлар!», – дейман».[16]

Пайғамбаримизнинг ушбу сўзларидан: «Мен уларни танийман ва улар ҳам мени танийдилар» ва ҳадиснинг охирги қисмидан: «Мендан сўнг [Исломи дини ҳукмларини] ўзгартирганлар» яққол маълум бўладики, мазкур шахслар ул ҳазратнинг саҳобалари бўлиб, бир неча муддат давомида ул жаноб билан бирга бўлиш шарафига ноил бўлганлар. Бу ҳадисни Буxорий ва Муслим ҳам ривоят қилишган.

  1. Буxорий ва Муслим Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан шундай ривоят қилганлар:

«يرِدُ عليَّ يومَ القيامة رهطٌ من أصحابي – أو قال من أمتي – فيحولون عن الحوض فأقولُ ياربِّ أصحابي، فيقول إنَّه لا علمَ لك بما أحدثوا بعدك إِنَّهم ارتدُّوا علَىٰ أدبارهم القهقرىٰ»

«Қиёмат кунида саҳобаларимдан бир гуруҳи – ёки дедилар: Умматимдан бир гуруҳи – Менинг ёнимга кириб келадилар. Шунда уларнинг Ҳавзи Кавсарга яқинлашишларига тўсқинлик қилинади. Ўшанда Мен: «Эй Парвардигорим, улар менинг саҳобаларимдир»,- дейман. Шунда Аллоҳ таоло: Сендан кейин улар нималар қилганликларини билмассан. Улар яна ўтмиш замонга [жоҳилият даврига] қайтдилар».[17]

Демак, барча саҳобаларни адолатли ва покиза инсонлар деб билиш назарияси Қуръони Карим ва Суннати Набавия таълимотларига ҳамда тарихдаги маълумотларга тўғри келмайди.[18]

Бу ерда Ислом тарихида содир бўлган аччиқ воқеа-ҳодисаларга ишора қилиш ўринлидир.

Баъзи саҳобалар Аллоҳ таоло ва Расули Акрам (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг кўрсатмаларидан у зотнинг ҳаётлик чоғларида ҳам, вафотларидан кейин ҳам бўйин товлашгани ва кўплаб гумроҳликларга юз тутишгани ҳақида тарих саҳифаларида битилган. Масалан, Уҳуд жангидан қочган ва Хандақ жангига қатнашмай, уйда қолишни афзал кўрган ҳамда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га қарши чиққан айрим саҳобаларни ҳам тарихий манбаларда учратамиз.

Шунингдек, тарих саҳифаларида муҳожирлар ва ансорларнинг аксарияти Усома бин Зайд қўмондонлиги остида Румларга қарши бўлган урушга бориш хусусида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг буйруғига қарши чиқишганини ҳам кўрамиз. Уларнинг бошида Абу Бакр, Умар, Абу Убайда ва бошқалар турган эди.[19]

Тарихчилар кейинчалик мусулмонларга ҳукмдор бўлган баъзи саҳобалар томонидан содир бўлган нохуш воқеа-ҳодисаларни ёзиб қолдиришган. Ўша воқеа-ҳодиса мусулмонларни калтаклаш, қўрқитиш ва Сарвари оламнинг қизлари ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг уйига ҳужум қилиш билан одамларни Абу Бакрга байъат қилишга мажбурлашдан бошланди ва ниҳоят, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг ҳақ-ҳуқуқлари, мол-мулклари ҳамда мерос ва улушларини ул ҳазратдан тортиб олишгача етиб борди. Шунинг учун, ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) уларга ғазаб қилган ҳолда дунёдан кўз юмдилар.

Бунинг устига, учинчи халифа Усмон ибн Аффон томонидан буюк саҳоба Абу Зар Ғифорийнинг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахарларидан Рабаза чўлига қувилиб сургун қилиниши ҳамда икки улуғ саҳоба Аммор ибн Ёсир ва Абдуллоҳ ибн Масъуднинг суяклари синган даражада калтакланиши, холис саҳобалар ўз мансабларидан четлаштирилиб, уларнинг ўрнига Валид ибн Уқба сингари фосиқ кимсалар иш олиб боришлари, айрим саҳобаларнинг мўминлар амири Али ибн Абу Толиб (алайҳимас салом)ни ҳақорат қилишлари ҳамда у ҳазратга қарши Жамал, Сиффин ва Наҳравон жангларини амалга оширишлари, жаннат аҳли ёшларининг икки саййиди ва сарвари Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн (алайҳимас салом)ларнинг шаҳид қилиб ўлдирилишлари[20] ҳамда Ҳарра воқеасида содир бўлган қонли ва жиноий воқеа-ҳодисалар натижасида ўн минг кишининг ҳалок бўлиши [ҳалок бўлганлардан саксон нафари саҳобалар бўлишган] ва бу оғир мусибатдан кейин аҳли Бадр бўлган саҳобалардан бирортаси қолмай, уларнинг ҳаммаси вафот этиши[21] ва шунга ўхшашлар Ислом тарихида рўй берган ўта аянчли ва дардли воқеа-ҳодисалардир. Буларнинг барчаси «ҳамма саҳобалар адолатли ва пок инсонлар бўлган» деган ақидани савол остида қолдиради.

Саҳобалар адолатли ва пок инсонлар деган назариянинг юзага келиши сабаблари

Умавийлар макру-ҳийла билан тарих ва Пайғамбаримиз суннатларини бузиш ва кўп ҳақиқатларни ўзгартириб юборишда катта рол ўйнашган. Айнан ўшалар «барча саҳобалар адолатли ва пок инсонлар» деган ақидани кўтариб чиқиб, уни доим қўллаб қувватлашган ва саҳобалар томонидан Ислом динига қарши содир бўлган ножўя ва нопок ишлар учун уларни танқид қилиш ва улардан хато-камчилик топишнинг йўли ёпилсин деб саҳобаларни танқид қилмасликка чақиришган ва мусулмонлардан кимки саҳобаларни танқид қилса ва улардан хато-камчилик топса, унга кофир ёки бидъатчи унвонини бериб, уни ўлдиришга фатво беришарди. Агар бани Уммайя ҳукмдорлари ўз мухолифларини ўлдирмоқчи бўлсалар, уларни саҳобаларга ҳақорат қилишда айблашарди. Саҳобаларни ҳақорат қилишнинг маъноси эса аслида уларни танқид қилиш ва улардан хато-камчилик топиш эди.[22]

Бинобарин, ушбу ақиданинг шаклланиши Умавийлар ҳукмронлиги даврига бориб тақалади. Зероки, бу ақида уларнинг ҳукумати учун мустаҳкам қўрғон бўлиб, уларнинг барча ношаръий хатти-ҳаракатларини оқларди. Шунга асосан, Муовия ўзини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халифаси ва вориси деб ҳисоблаган бир вақтда, ўзининг ножўя ва нопок ишларини оқлаш ва ҳокимиятини кучайтириш учун диний бир ғоя яратишга мажбур эди. Унинг ҳокимияти учун энг яхши ва муносиб бўлган ғоя – бу «барча саҳобалар адолатли ва пок инсонлар» деган ақида эди. Чунки, Муовиянинг ўзи ҳам саҳобалардан бири эди. Демак, айрим оятлар ва тўқима ҳадислар саҳобаларнинг адолатли эканига ишора қилар экан, ҳеч бир нарса Муовия Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг халифаси ва мусулмонлар раҳбари бўлишига тўсқинлик қила олмайди.

Барча саҳобалар адолатли ва пок инсонлар деган назария Умавийларнинг барча қилмишларини, жумладан: Имом Ҳасан (алайҳис салом)ни заҳарлаш, Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни Карбалода ўлдириш, Ҳарра воқеасида кўплаб муҳожир ва ансор саҳобаларни ўлдириш ва Муовиянинг буйруғи билан Буср ибн Артот, Убайдуллоҳ ибн Аббоснинг болаларига ҳужум қилиб, уларни қатл этиши каби кўпгина жиноий воқеа-ҳодисаларни оқлар эди. Зероки, агар саҳоба бирор кишини шафқатсизларча ўлдирса-да, бу иш унинг хато ва гуноҳ қилганлигини англатмайди. Чунки, саҳоба номига эга бўлган киши мутлақо адолатли ва солиҳдир ва бошқалар – ҳатто саҳоба бўлсалар-да, унга эътироз билдиришга ҳақлари йўқ.

«Барча саҳобалар адолатли кишилар» деган назарияни қабул қилмай унга қаршилик билдирганлар Аҳли Байт (алайҳимус салом) тарафдорлари бўлган мусулмонлардир.

Шунинг учун, шиаларни бидъатчи ва кофирга чиқаришади. Чунки, улар баъзи саҳобаларни койиб маломат қиладилар ва айримларини эса фосиқ ва ахлоқсиз кишилар бўлишган деб биладилар.

Ибн Зуръадан шундай ривоят қилинади:

Агар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг саҳобаларидан бирини маломат қилаётган кишини кўрсангиз, билингки, у кофирдир. Зероки, Аллоҳнинг Расули ҳақ, Қуръон ҳақ ва у зот келтирган ҳар бир нарса ҳам ҳақдир. Албатта, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган нарсаларнинг ҳаммасини саҳобалар бизга етказишган ва булар [шиалар] Китоб ва Суннатни пучга чиқариш учун бизнинг гувоҳларимизни танқид қилиб, уларни қораламоқчи бўлишади. Аслида улар танқид қилинишга ҳақлироқдирлар ва уларнинг ўзлари худосизлардир.[23]

Унинг бу сўзлари мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг кўрсатган йўлларидан нақадар йироқдир. У ҳазрат бу борада шундай марҳамат қилганлар:

«إِنَّ الحَقَّ وَالْبَاطِلَ لَا يُعْرَفَانِ بِالنَّاسِ، وَلَكِن اعْرِفِ الحَقَّ بِاتِّبَاعِ مَنِ اتَّبَعَهُ، وَالْبَاطِلَ بِاجْتِنَابِ مَنِ اجْتَنَبَهُ»

«Ҳақ ва ботил одамлар орқали танилмайди, лекин ҳақни танигин, токи, унга эргашувчиларни таниб олгайсан ва ботилни танигин, токи, ундан сақланганларни танигайсан»[24]

Ушбу ҳикматли каломдан маълум бўладики, шиалар ҳақ калимасини ўрганиб чиқиб, уни танлашга ва ҳақ қайси саҳобанинг наздида бўлса, унга эргашишга ҳақлидир.

Лекин шиа душманлари томонидан «шиалар ҳамма саҳобаларни ҳақорат қилишади», деб айтилган гап туҳмат бўлиб, ҳеч бир асосга эга эмас.

Балки ҳақиқат шундан иборатки, шиалар саҳобалар ва тобеинлар ҳамда кейингилар ўртасида ҳеч фарқ қўймай, барча мусулмонларга бир кўз билан қарайдилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлиш киши ўз хато-камчиликларидан қочиб, паноҳ топадиган нарса эмас.

Ақл ва мантиқ ҳукм қиладиган ушбу усулга кўра, шиалар пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга ҳамроҳ ва ҳамсуҳбат бўлишга ким содиқ ва вафодор қолганини ва ким жоҳилият даврига қайтганини билиш учун тўлиқ бетарафлик билан саҳобаларни ўрганиб чиқишни ва уларнинг адолатли ёки адолатсиз бўлганларини муҳокама қилишни жоиз ва мумкин иш деб билишади. Ва Аллоҳ таоло ҳам Ўз каломи бўлмиш Қуръони Каримда саҳобалардан ҳам яхшироқ кишиларни танлашни ирода қилганини ошкора айтган:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا مَن يَرْتَدَّ مِنكُمْ عَن دِينِهِ فَسَوْفَ يَأْتِي اللَّهُ بِقَوْمٍ يُحِبُّهُمْ وَيُحِبُّونَهُ أَذِلَّةٍ عَلَى الْمُؤْمِنِينَ أَعِزَّةٍ عَلَى الْكَافِرِينَ يُجَاهِدُونَ فِي سَبِيلِ اللَّهِ وَلَا يَخَافُونَ لَوْمَةَ لَائِمٍ ۚ ذَٰلِكَ فَضْلُ اللَّهِ يُؤْتِيهِ مَن يَشَاءُ ۚ وَاللَّهُ وَاسِعٌ عَلِيمٌ ﴿٥٤﴾

«Эй иймон келтирганлар, сизлардан [саҳобалардан] кимда-ким динидан қайтса, Аллоҳ албатта, Ўзи севадиган ва улар ҳам Аллоҳни севадиган бир қавмни келтиради. Улар мўминларга хокисор, кофирларга қаттиққўл бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилурлар ва маломатчининг маломатидан қўрқмаслар. Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, Ўзи хоҳлаган кишиларга беради. Аллоҳ фазли-карами кенг, билувчи зотдир». (Моида сураси, 54-оят)

وَإِن تَتَوَلَّوْا يَسْتَبْدِلْ قَوْمًا غَيْرَكُمْ ثُمَّ لَا يَكُونُوا أَمْثَالَكُم ﴿٣٨﴾‏

«Ва агар сизлар [яъни саҳобалар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат этишдан] юз ўгириб кетсаларингиз, У зот [Аллоҳ] сиздан бошқа бир қавмни ўрнингизга келтирур, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, [балки улар Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қиладиган бўлурлар]». (Муҳаммад сураси, 38-оят)

Бу изланиш ва баҳслашувларнинг барчаси ҳақиқий саҳобани сохта саҳобадан ажратиб таниб олиш ва уларнинг ривоят қилган ҳадисларини танлаш учунгина амалга оширилган.

Xулоса:

Юқорида келтирилган Қуръони Каримнинг оятлари ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳадисларидан маълум бўлдики, Пайғамбаримизнинг ҳузурларига шарафёб бўлиб, ул зотнинг саҳобаси бўлмоқлик баxтига муяссар бўлган инсонларнинг ҳаммаси бир xил ва бир даражада бўлмаганлар, балки уларнинг баъзилари солиҳ, одил, пок ва собитқадам зотлар бўлиб, Исломнинг ёш ниҳоли униб-ўсиб ҳосил бериши учун фидокорлик билан арзигули хизматлар кўрсатганлар. Уларнинг айримлари эса дастлабки кунларданоқ икки юзламачи, мунофиқ, қалбида ғарази бор ёки фосиқ ва гунокор кишилар бўлганлар.

Аҳли Байт мазҳабининг эътиқодига кўра, саҳобаларнинг адолатли бўлмоқлик аҳволи айнан бошқаларнинг аҳволи каби бўлиб, саҳобалар орасида адолатли ва солиҳ кишилар бўлган ва шунингдек адолатсиз ва золим кимсалар ҳам бўлган. Улар бу борада бошқалар билан баробардирлар. Кимки сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳамроҳи ва суҳбатдоши бўлса, демак, у адолатли ва солиҳ киши дегани эмас. Шунинг учун, сарвари оламга ҳамроҳ ва суҳбатдош бўлиш саҳобаларнинг адолатли бўлишида ҳеч бир ўрин ва таъсирга эга эмас. Магар Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг суннатлари ва сийратлари [юриш-туриш ва хулқ-атворлари] саҳобаларнинг ҳаёт тарзларида ва уларнинг хулқ-атворлари-ю, тутган йўлларида мужассам ва намоён бўлсагина, уларни адолатли ва солиҳ кишилар деб қабул қила оламиз.

Бинобарин, саҳобаларнинг адолатли бўлмоқлик мезони уларнинг ҳаётдаги тутган йўлидир ва кимнинг тутган йўли ва хатта-ҳаракати Ислом дини таълимоти ва кўрсатмаларига мувофиқ бўлса, ундай инсон адолатли ва солиҳ кишидир, аммо кимки Ислом дини таълимоти ва кўрсатмаларига зид равишда ҳаёт кечирса, у адолатсиз ва золимдир. Ушбу ақида Қуръони Карим ва Суннати Набавийяга мувофиқдир.

Юқорида айтиб ўтилганидек, Қуръони Каримда саҳобалар орасида ҳақиқий мўмин кишилар борлиги ва улар мақтовга сазовор экани ва шунингдек, улар орасида Аллоҳ таоло ёлғончи деб атаган мунофиқ кишилар ҳам борлиги зикр қилинган. Ҳатто улар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) жонларига суиқасд қилишни режалаштирганлар ҳам бўлган.

Ушбу баёнга асосланиб шундай хулосага келамизки, Аҳли-Байт мактабининг издошлари бўлган шиалар ҳамма саҳобаларни бир хил ва бир даражада кўрмай, пок, солиҳ ва одил саҳобаларни эъзозлаб уларни юқори даражада кўрадилар ва улар ривоят қилган ҳадисларни қабул қиладилар. Аммо икки юзламачи, мунофиқ, қалбида ғарази бор ёки фосиқ ва гунокор саҳобаларни эса яхши кўрмай, улардан узоқлашадилар ҳамда бу тоифа саҳобаларнинг фазилати ҳақида ривоят қилинган ҳадисларни агарчи санади саҳиҳ ва тўғри ҳадислар деб айтилса-да, қабул қилмайдилар. Зероки, бундай ҳадислар бани Умайя ҳукронлиги даврида сиёсий ғаразлар асосида Пайғамбаримиз Аҳли-Байтларининг фазилатларини, хусусан мўминлар амири ҳазрати Али (алайҳис салом)нинг фазилатларини унуттириб мусулмонлар онгидан буткул чиқариб ташлаш ҳамда Исломнинг илк давридаги нолойиқ халифаларнинг кирдикорларини оқлаб уларни тозза қилиб кўрсатиш мақсадида тўқиб чиқарилган уйдирмалардир. Демак, шиаларнинг саҳобалар тўғрисидаги фикр ва ақидаси Қуръон ва Суннатга мувофиқдир. Бироқ, Аҳли суннатнинг «Барча саҳобалар одил ва солиҳ кишилардир», деб билдирган фикр ва ақидалари эса Қуръон ва Суннатга мутлақо зиддир.

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», 1-жилд, 11 ва 12-бeтлaр, Миср нaшриёти.

[2]. Юқоридаги манба.

[3]. Юқoридaги мaнбa.

[4]. Юқoридaги мaнбa.

[5]. «истиёб фий aсмaаил aсҳааб», 1-жилд, 2-бeт, Ибн Ҳажар, Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», ҳoшиясидa ёзилгaн ва шунингдек, Ибн Асир Ал-Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», 1-жилд, 3-бeт, Ибн Aсир ривоятигa кўрa.

[6]. Мунoфиқун сурaсининг aввaлидaн тo oxиригaчa ушбу гуруҳга тааллуқлидир.

[7]. Ушбу оят Валид ибн Уқба ҳақида нозил бўлганини зикр қилган Аҳли суннатнинг айрим манбаларни келтирамиз:

  • Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир» ёки «Тафсирул Қуръонил Азийм», 7-жилд, 370-бет, Риёз-Саъудия Дорут-таййиба нашриёти.
  • Абул Баракот Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Маҳмуд Ан-Насафий, «Тафсийрун-Насафий», 3-жилд, 350-бет, Байрут-Ливан, Дору Калимут-таййиб нашриёти.
  • Aҳмaд ибн Ҳанбал, «Ал-Муснaд», 14-жилд, 179-бeт, 18371-рақамли ҳадис.
  • Бундан ташқари, юқорида номлари тилга олинган Аҳли суннатнинг тафсирчи олимлари ҳам ушбу муҳим воқеани ўз китобларида келтирганлар.

[8]. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», 2-жилд, 332-бeт.

[9]. Ушбу воқеанинг манбаи:

  • Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», 1-жилд, 341-бeт.
  • Ибн Касир, «Тафсири Ибн Касир» ёки «Тафсирул Қуръонил Азийм», 2-жилд, 388-бет.

[10]. Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-Истийъоб фий маърифатил асҳоб», «Ал-Исобаҳ» китобининг ҳошиясида келтирилган, 1-жилд, 201-бет.

[11]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», 1-жилд, 429-бeт, Миср чопи, 1358-ҳижрий қамарий йили.

[12]. Ибн Ҳишом, «Сирату Ибн Ҳишом ёки Ас-Сийратун-набавийяҳ», 1-жилд, 332-бeт.

[13]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», 3-жилд, 235-бeт.

[14]. Юқоридаги манба, 1-жилд, 346-бет.

[15]. «Ал-Имомус-Содиқ вал мазоҳибул арбаъаҳ» китоби, 1-жилд, 597-бет.

[16]. Маждуддин ибн Асир, «Жаамиъул усул фий аҳаадийсир-Расул», 11-жилд, 120-бeт, 7972-ҳадис.

[17]. Маждуддин ибн Асир, «Жаамиъул усул фий аҳаадийсир-Расул», 11-жилд, 120-бeт, 7973-ҳадис.

[18]. Ушбу мавзу борасида муфассалроқ маълумотга эга бўлиш учун қуйидаги манбаларга мурожаат қилишингиз мумкин:

  • Омилийнинг «Ат-Тарих вал-ислом» китоби,
  • Маҳмуд Абу Райянинг «Азвоъун Алас-Суннатил-Муҳаммадияҳ» китоби,
  • Саййид Шарафуддиннинг «Ан-Нассу вал-ижтиҳод» китоби,
  • Тоҳо Ҳусайннинг «Ал-Фитнатул Кубро» китоби,
  • Рофиъийнинг «Иъзожул Қуръон» китоби,
  • Маҳмуд Абу Райянинг «Абу Ҳурайра» номли китоби,
  • Балозирийнинг «Ансабул-ашроф, асмоъул мунофиқин китоби» китоби,
  • Ибн Қутайбанинг «Таъвилу мухталафил ҳадис» китоби,
  • Тафтозонийнинг «Шарҳул мақосид» китоби.

[19]. Ибн Асир Ал-Жазарий, «Ал-Комилу фит-тарих», 3-жилд, 317-бeт.

[20]. Ибн Абул Ҳадид, «Шaрҳу Нaҳжил Бaлoғaҳ», 6-жилд, 17 ва 45-бeтлар.

[21]. Ибн Қутайбаҳ Ад-Динаварий, «Ал-Имомату вас-сиёсаҳ», 1-жилд, 215 ва 216-бетлар.

[22]. Ал-Хатиб Ал-Бағдодий, «Тарихи мадинатис-салом» ёки «Тариху Бағдод» номи билан танилган, 14-жилд, 7-бет.

[23]. Ибн Ҳажар Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», 1-жилд, 18-бет.

[24]. Ушбу ҳикматли сўзнинг манбаи:

  • Саййид Разий, «Наҳжул Балоға», калимотул қисор, 262-рақам.
  • Аҳмад ибн Аби Яъқуб «Яъқубий» номи танилган, «Тарихул Яъқубий», 2-жилд, 241-бет.
  • Аллома Муҳаммад Боқир Мажлисий, «Биҳорул анвор», 22-жилд, 105-бет ҳамда 32-жилд, 228-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Ҳазрат Али (а.с) барча Бомдод намозларини жанобат ғусли билан ўқиганларми?

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Кўп ўринларда ҳазрат Али (алайҳис салом) Бомдод намозларининг ҳаммасини жанобат ғусли билан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.