Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг ҳаётлари ҳақида қисқача маълумот

Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг ҳаётлари ҳақида қисқача маълумот

 Фотимия айёми ва ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) аза маросимларининг бошланиши билан, Аҳли-Байт (алайҳимус салом) издошлари ва зокирлари ҳузури билан бутун Ислом оламида ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг аза маросимларини барпо этишади.

  Айтиш керакки, Фотимия айёми ё ўзи ҳазрат Фотимаи Заҳро риҳлатларининг айёми жимодийюл-аввал ва жимодийюс-соний ойларидан бошланиб 20 кундан иборатдир ва шиа мазҳабидаги мусулмонлар азиз Ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг суюкли фарзандлари ҳазрат Фотимаи Заҳро учун азадорлик маросимлари барпо этишади.
  Шиа мазҳабидаги мусулмонлар эътиқодича, ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) риҳлатларининг санаси борасида икки хил ривоятлар келтирилган. Биринчисида ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) азиз Ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларининг 75 кунидан кейин оламдан риҳлат қилган бўлсалар, иккинчисида эса 95 кундан кейин дунёдан кўз юмганлар, деб зикр этилган.
  Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзлари сафар ойининг 28-сида риҳлат қилганлар. Биринчи ривоят асосида жамодийюл-аввал ойининг 13-сидан 15-сигача биринчи Фотимия деб аталади.
Иккинчи ривоят асосида эса жамодийюс-соний ойининг 3-сидан 5-сигача иккинчи Фотимия деб номланган.
  Бу хусусида нақл қилинган иккинчи турдаги ривоятларга кўра, жумодийюс-соний ойининг учинчи куни Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ёдгорликлари, Амирулмўминин (алайҳис салом)нинг фидокор рафиқалари, имом Ҳасан ва имом Ҳусейн (алайҳимас салом)ларнинг меҳрибон оналари ҳазрати Заҳрои Марзия (саломуллоҳи алайҳо)нинг шаҳодат топган саналари ҳисобланади.
  Ул буюк аёл ўзларининг қисқагина умрлари давомида Ислом ва мусулмонлар учун фаровон баракотлар келтирганлар. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) га ўхшаган буюк шахсиятлар ҳаётларини ўрганган кишилар ушбу йўл билан ўзлари учун катта ижобий таъсир ва ибратларни касб этишлари мумкин. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаҳодат кунлари муносабати билан барча мусулмонларга ва хусусан, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Али-Байтлари издошларига чуқур ҳамдардлик изҳор этиб, ул зоти покнинг ҳаётларига таалуқли айрим лавҳаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
Фотима Аллоҳ Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг энг кенжа ва суюкли қизлари эдилар ва фақат ушбу қизларидан Пайғамбаримиздан тоҳир ва мутаҳҳар авлодлар қолган. Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нубувват ва рисолат масканида вояга етиб тарбия топганлар. Ул Ҳазрат Қуръон тиловатини Пайғамбаримиз тилларидан эшитиб ёдлаганлар. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ўзларининг руҳ ва жонларини ушбу илоҳий Китобнинг мафҳумлари билан поклаб, ҳаётларини мазкур таълимотлар асосида қурганлар.
  Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг фазилатлари, фақат Ул ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг қизлари эканликлариклари билан изоҳланмайди. Ул Ҳазратни ҳурмат ва эҳтиромга лойиқ этган нарса, бу- ул зотнинг руҳий ва ахлоқий хусусиятларидир. Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) шахсиятларининг шаклланишида, Қуръони Каримнинг юксак маорифи ва қиблагоҳлари ҳазрати Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг таълимотлари асосий рол ўйнаган. Ушбу ролга батафсилроқ тўхталиб ўтишдан олдин, Қуръони Каримда ушбу оқила аёл ва ул ҳазратнинг хонадонлари тўғрисида оятлар нозил бўлганлигини эслатиб ўтмоқчимиз. Мисол тариқасида, ҳазрат Фотима(саломуллоҳи алайҳо) дунёга келганларида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га нозил бўлган Кавсар сурасининг оятларида Парвардигори карим ушбу таваллудни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) учун, «чексиз хайр» сифатида баҳолаган. Шунингдек, Аҳзоб сурасининг 33-оятида Парвардигор Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли-Байтлари пок эканлигига ишора этади. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ушбу оят нозил бўлганлигидан кейин, анча вақт давомида намоз учун масжид томон йўл олаётганларида, Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг уйлари олдига борардилар ва «Эй Аҳли-Байт намоз вақти бўлди» деб хитоб қилганлар. Шундан сўнг, Аҳзоб сурасининг 33-оятини тиловат қилардилар.
  Қуръонга яқин бўлганликлари, Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг муҳим хусусиятларидан бири эди. Фотима (саломуллоҳи алайҳо) Қуръони Каримнинг маърифат денгизидан бебаҳо дурдоналар олиб, улар билан ўз руҳу жонларини безаганлар. Ул ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) риҳлатларидан сўнг, масжидда ўқиган илк хутбаларида, Қуръони Карим Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг мерослари ва халқ билан Парвардигор ўртасидаги битим эканлигини айтиб шундай буюрдилар: «Парвардигор сизларга ўз аҳдини қолдирган.» Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) яна бир жойда Қуръони Каримда бирор ботил ва ҳақиқатга хилоф нарса йўқлигини таъкидлайдилар. Қуръон нури барча жойга етади ва ёруғлик бағишлайди. Бу китобдаги ҳужжатлар ва далиллардан барча фойдаланиши мумкин. Ҳар инсон ўз тушунчасига яраша ундан озиқа олади. Ул Ҳазрат Қуръони Каримнинг улканлиги тўғрисида шундай буюрганлар:

  «Бу Китоб шу даражада улканки, агар инсон ҳақиқий маънода унга эргашса, унинг кўрсатмаларига амал қилса, бошқалар унга ҳавас қиладиган юксак даражага эришади.»

  Ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) яна бир жойда Қуръони Каримни илоҳий маърифат ва аҳкомларнинг сарчашмаси деб билганлар.
  Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаъну фазилатлари ва камолотлари борасида кўплаб китоблар ёзилган ва ривоятлар нақл қилинган. Саҳобалар ва Ислом донишмандлари назарида ҳазрати Саддиқаи Кубро юксак мартаба ва мавқега молик бўлган шахсият ҳисобланардилар.
  Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Исмоил Бухорий аҳли суннат учун энг муҳим бўлган китоблардан бири бўлмиш «Саҳиҳи Бухорий»да Пайғамбаримиздан иқтибосан шундай нақл қилади: «Фотима танамнинг бир парчасидир. Уни ғазаблантирган ҳар бир киши мени ҳам ғазаблантирган бўлади.» Исмоил Бухорий жумладан, ушбу китобда таъкидлашича: «Фотима жаннатий аёлларнинг сарваридир.»
  Пайғамбаримизнинг аёллари Ойшадан шундай ривоят бор: «Ҳеч кимни сўзга мўлликда Фотимадек кўрмадим. У Пайғамбаримиздек сўзлашарди. Ҳар вақт отасини кўргани келганида, отаси ўринларидан туриб, уни қўлини ўпиб, кутиб олардилар. Отаси уникига борсалар, у ҳам айнан шундай қилар эди.»
  Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо)нинг ҳаётлари тўғрисида бошқа дин, мазҳаб, оқим ва миллатларга тааллуқли донишмандлар, шарқшунослар, ёзувчи ва шоирлар кўплаб китоблар ёзишган. Франциялик машҳур шарқшунос Луий Мосиниюн ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) ҳаётларига оид бир қатор тадқиқотлар ўтказган.
Насроний бўлган ёзувчи, шоир ва татқиқотчи Сулаймон Катони ҳам ул ҳазрат борасида китоб ва мақолалар ёзган.
  У «Фотимаи Заҳро охирги занжир» номли китобида ёзади:

  «Ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) тарихий ҳужжат ва ривоятларда ишора этилган нақллардан ҳам анча юқори мақомга эгадир.»
  Эрон Ислом Жумҳуриятининг асосчиси имом Хумайний (р.ҳ) ҳам ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) нинг юксак шахсиятлари борасида айтадилар: «Муслима аёллари шахсий, ижтимоий ва уйдаги ҳаётлари давомида донолик, ақл ва маърифатни Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)дан ўрганишлари лозим. Азим ижтимоий масалаларда қарор қабул қилиш, уй ишлари, умр йўлдошга ғамхўр бўлиш ва солиҳ фарзандларнинг тарбиясида Заҳрои Атҳар (саломуллоҳи алайҳо) га эргашишлари зарурдир. Зеро, Ислом буюк бекасининг ҳаёти кўрсатмоқдаки, ул ҳазратга эргашган муслима аёллар таҳсил олиш, ибодат қилиш, эрга ёрдам кўрсатиш ва фарзандларни тарбиялаш билан бирга сиёсат саҳнасига кириб, улкан ишларни фаол тарзда жамиятда амалга оширишлари мумкин. Бу соҳада Аллоҳ йўллаган буюк пайғамбарининг суюкли қизлари уларга ёрқин намуна бўлиши даркордир.»
  Қадрли ўқувчилар, Ҳазрати Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаҳодат айёмлари муносабати билан, яна бир маротаба барчангизга чуқур ҳамдардлик билдириб, сўҳбатимизни ул ҳазратнинг қуйдаги сўзлари билан якунламоқчимиз. Ул ҳазрат буюрадилар: «Кимки, Парвардигорга қанчалик холис ибодат қилса, Аллоҳ ҳам унга шунчалик афзал маслаҳатларни насиб этажак.»

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.