Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Мутъа никoҳ ўзи нима ва нимага Шиалар уни ҳалoл ва жоиз деб биладилар? (1)

Мутъа никoҳ ўзи нима ва нимага Шиалар уни ҳалoл ва жоиз деб биладилар? (1)

 Жавоб: Никоҳ – бу эркак ва аёл орасидаги унашув ва ўзаро боғлиқлик бўлиб, баъзан бу ҳолат доимий шаклда ва унда ҳеч бир маҳдудлик бўлмай туриб амалга оширилади ва гоҳида эса ўша ҳолатнинг ўзи чекланган, муваққат ва муайян муддат асосида юзага келтирилади. Уларнинг ҳар иккиси шариат ҳукмларига мувофиқ тарзда қонуний никоҳ деб аталади. Уларнинг ўртасидаги ягона тафовут «доим» ва «муваққат» бўлмоқликдадир. Аммо у иккаласи никоҳнинг қолган хусусиятларида тенг ва баробардирлар.

Қуйида «муваққат никоҳ» учун келтирилган шарт-шароитлар айнан «доимий никоҳ» каби мўътабар ва зарурийдир:

1. Никоҳ жорий этилиши учун шаръий моне ва тўсиқлар бўлмаслиги лозим: Масалан; насаб ва сабаб ёки бошқа жиҳатдан шаръий монелар бўлмаслиги керак. Акс ҳолда ўқилган никоҳ ботил бўлади.

2. Никоҳ ўқилаётганда икки тараф рози бўладиган маҳрнинг тайин этилиши зарур.

3. Никоҳ муддати тайин этилиши лозим.

4. Шаръий ақд, яъни никоҳ сийғаси ўқилиши керак.

5. Агар «вақтинчалик никоҳ»дан бола дунёга келиб қолса, уларнинг шаръий ва қонуний фарзанди ҳисобланади. Доимий никоҳдан туғилган фарзандга туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинганлиги каби «муваққат никоҳ» натижасида дунёга келган фарзанд учун ҳам гувоҳнома олиниши зарур ва бу борада ҳам, доимий ва вақтинчалик никоҳ ўртасида ҳеч бир тафовут мавжуд эмас.

6. «Муваққат никоҳ»дан туғилган фарзандларнинг нафақаси ва уларнинг сарф-харажатлари отасининг зиммасидадир ва бундай фарзандлар ҳам ота ва ҳам онанинг меросxўри ҳисобланадилар.

7. «Муваққат никоҳ» муддати тугагач, агар аёл ёисалик ёшига етмай ҳайз кўрадиган ёшда бўлса, шариати исломияда тайин этилган идда сақламоғи вожиб бўлади. Идда сақлаш муддати ҳайздан кейинги поклик ва тозалик уч маротаба такрорланиши керак ва учинчи поклик тугаши билан идданинг муддати ҳам тугайди. Идда сақлаш муддатини осон қилиш учун 3 ой деб айтилади. Агар идда сақлаш асносида ҳомиладорлиги маълум бўлиб қолса, бола туғилганига қадар ҳар қандай турмушга чиқишдан сақланмоғи лозим бўлади.

«Доимий никоҳ»нинг қолган ҳукмлари ҳам «мутъа никоҳ»да риоя қилинмоғи лозим. Фақатгина ягона фарқи шундаки, «муваққат никоҳ» зарурий ҳолларда инсоннинг эҳтиёжи бартараф қилиниши учун шариати исломияда ҳалол қилингани туфайли аёлнинг нафақаси эрининг зиммасида бўлмайди. Ва шунингдек, никоҳ ўқилаётганда аёл ўзининг меросxўр бўлишини шарт қилиб қўймаса, эридан мерос ололмайди. Ҳолбуки, «доимий никоҳ»да аёллар ҳеч бир қайд-шартсиз эрларидан мерос оладилар ва шунингдек, «доимий никоҳ»да аёлларнинг кунлик нафақаси эрларининг бўйинларига бўлади. Маълумки, зикр этилган икки тафовут никоҳнинг асл моҳиятида ҳеч қандай таъсирга эга эмас.

Ҳаммамиз биламизки, Ислом дини бутун замонлар учун йўлланган мангу ва сўнгги дин бўлиб инсонларнинг барча талаб ва эҳтиёжларига жавоб бера олади. Энди узоқ сафарларга чиққан, масалан; ўқиш ёки ишлаш учун олис ўлкалар томон йўл олган кишиларни назарга олсак, улар ўз ўқиш ёки ишларини давом эттириш учун бир неча йил давомида ўша узоқ юртда ёки шаҳарда яшашга мажбур бўладилар. Бундайлар шароит тақозоси ва молиявий танқислик сабабли «доимий никоҳ» билан уйлана олмай, уч йўлдан бирини танлашлари керак бўлади.

  1. Сабр қилиб уйланмай бўйдоқ ҳолда юришни;
  2. Фаҳш ва фасод-бузуқлик йўлига кириб кетишни;
  3. Шариъатда белгиланган мазкур шарт-шароит асосида ҳалол қилинган маълум муддатли никоҳ билан уйланишни.

Албатта, ҳар қандай аёл билан ҳам эмас, балки шаръий нуқтаи назардан уйланишлик жоиз бўлган аёл билан уйланиши керак бўлади.

Биринчи ҳолатни танлаганлар, ростини айтадиган бўлсак камдан-кам топиладилар ва бу йўлни танлаган кўп кишилар мағлубиятга учрайдилар. Айниқса, ҳозирги оммавий аxборот воситалари шаҳватни қўзғовчи саҳналарни тарғиб қилаётган бир даврда балоғат ёшига етганлар орасида сабр қилиб жинсий эҳтиёждан кўз юма олганларнинг сони жуда оздир ва асосан бу йўл ҳамма учун ҳам муяссар эмас.

Иккинчи йўлни танлаганларнинг оқибати бахти қаролик ва бузғунликка учрашдир ва Ислом нуқтаи назаридан ҳаром ишга қўл урган бўладилар. Ушбу иккинчи йўлни ҳаётнинг ночор ҳолдаги тақозосига биноан, мумкин деб билмоқ эса гумроҳлик ва нотўғри ўйлаш саналади.

Бинобарин, ушбу муаммони ҳал қилиш учун фақат учинчи йўлгина тўғри бўлиб чиқади ва муқаддас Ислом дини мана шу йўлни бизга таклиф этади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида вақтинчалик никоҳ бўлмиш мутъа никоҳни саҳобалар ҳалол деб билиб, унга амал қилишар эди.

Шу ўринда муҳим бир масалани айтиб ўтишни зарур деб биламиз: Мутъа никоҳдан қўрқиб уни жоиз ва ҳалол эмас деб ўйлайдиганлар ушбу масалага диққат қилмоқлари лозимки, Ислом оламининг бутун уламолари ва фақиҳлари «доимий никоҳ»нинг маъно жиҳатидан «муваққат никоҳ»га ўхшашини қабул қилганлар. У ҳам бўлса икки ёш «доимий никоҳ» ўқисалар-у, аммо уларнинг ниятлари бир йил, ё кўпроқ ёки озроқдан сўнг талоқ билан ажралиш бўладиган бўлса.

Бундай ўқилган никоҳ ташқи кўринишдан қараганда доимий никоҳ бўлса-да, бироқ ҳақиқатан ва воқелик юзасидан баҳолайдиган бўлсак, бундай ўқилган доимий никоҳ маъно-мазмун жиҳатидан айнан ўша вақтинчалик бўлган «мутъа никоҳ»нинг ўзидир. Фақат бундай «доимий никоҳ» билан «мутъа никоҳ»нинг ўртасидаги битта фарқ шундан иборатки, «мутъа никоҳ» ташқи кўринишидан ҳам, ички ва ботиний томонидан ҳам чекланган ва вақтинчаликдир. Аммо ниятда муайян бир вақтни назарда тутиб ўқиладиган «доимий никоҳ» эса ташқи кўринишдан доимий бўлса-да, бироқ ички ва ботиний томондан эса муддати чекланган ва муваққатдир. Охирги вақтлар мисрлик олим Шайх Юсуф Қарзовий каби Аҳли суннат уламолари бундай «доимий никоҳ»га «мисёр» деб ном берганлар ва Ғарб давлатларида дарс ўқиётган сунний йигитларга маъно-мазмун жиҳатидан айнан «мутъа никоҳ»га ўхшаган «доимий никоҳ» қилишни жоиз деб фатво берганлар ва фақат унинг номини «мисёр» деб атаганлар.

Аҳли суннатнинг фуқаҳо ва уламолари томонидан тўғри ва жоиз деб фатво берилган бу турдаги «доимий никоҳ»ни қабул қилганлар, нега энди «мутъа никоҳ» шариъати исломияда жоиз ва ҳалол эканлигига иқрор бўлишдан қўрқадилар?! Қандайига улар бирисини осонликча қабул қилиб, иккинчисига келганда қўрқувга тушадилар?! Ҳолбуки, юқорида айтганимиздек «мисёр» деб номланган бу турдаги «доимий никоҳ» билан «мутъа никоҳ» маъно-мазмун жиҳатидан битта ҳисобланади. Шу боис, бирини қабул қилиб, иккинчисини рад этиш ақл ва мантиққа зид ишдир.

Шу ергача «мутъа никоҳ» ёхуд «муваққат никоҳ»нинг асл мазмун-моҳияти билан танишдик. Энди эса қатъий ҳужжат ва далилларга таяниб, Ислом динида «мутъа никоҳ» ҳалол ва жоиз эканини ўрганиб чиқамиз. Бу ўринда икки босқичда сўз юритамиз.

  1. Мутъа никоҳ Ислом динининг илк даврида ҳалол ва жоиз бўлганлиги тўғрисида;
  2. Ушбу никоҳнинг ҳукми Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида насx бўлмаганлиги [бекор қилинмаганлиги] ҳақида;

Мутъа никоҳнинг Исломда ҳалол бўлгани ҳақидаги оят:

فَمَا اسْتَمْتَعْتُمْ بِهِ مِنْهُنَّ فَآتُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ فَرِيضَةً

«Ўша аёллардан [никоҳ орқали] ҳузурланишингиз биланоқ, уларга ҳақларини (муайян этилган маҳрларини) берингиз». (Нисo сурaси, 24-oят)

Юқоридаги ояти кариманинг ибораларидан «мутъа никоҳ» ҳақида нозил бўлгани яққол кўриниб турибди. Зероки:

Биринчидан; Ушбу ояти каримада «истимтоъ» калимаси келтирилган бўлиб, афтидан «муваққат никоҳи» хусусида қўлланади. Агар «доимий никоҳ» назарда тутилганида эди, бирор белги ва нишона келтирилиши керак бўларди.

Иккинчидан; Оятдаги «ужуроҳунна» сўзи арабчада «уларнинг ҳақлари» деган маънони англатади ва бу маъно «муваққат никоҳ» эканига очиқ далилдир. Зеро, агар «доимий никоҳ» назарда тутилганида эди, «маҳр» ёки «садоқ» сўзи келтирилган бўлур эди.

Учинчидан; Шиа ва сунний муфассирларининг ҳамжиҳатлик билан билдирган назарлари бўйича, зикр этилган ояти карима «мутъа никоҳ» ҳақида нозил бўлган.

Жалолиддин Суютий ўзининг «Аддурул мансур» номли тафсирида Ибн Жарийр ва Судайдан нақл қилиб айтадики, юқоридаги оят «мутъа никоҳ» ҳақида нозил бўлган эди.[1]

Шунингдек, Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарийр Ат-Табарий ўзининг тафсирида Судай, Мужоҳид ва Ибн Аббосдан ривоят қилиб айтадики, юқоридаги оят «мутъа никоҳ» борасида нозил бўлган.[2]

«Саҳиҳ», «Муснад» китобларида ҳамда «ҳадислар тўплами»да ҳам «мутъа никоҳ» ҳақида ҳадислар келтирилган бўлиб, ушбу ҳақиқат тан олинган. Мисол тариқасида, Муслим ибн Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳи»да Жобир бин Абдуллоҳ ва Салама ибн Акваъдан ривоят қилиб айтади:

«خرج علينا منادي رسول الله (صلى الله عليه آله وسلَّم) فقال إنَّ رسول اللهِ قد أَذن لكم أن تستمتعوا؛ يعني متعةَ النِّساءِ»

«Пайғамбаримиз оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонидан жарчи бизга келиб, «Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сизларга аёлларни мутъа қилишингизга [улардан ҳузурланишингизга] ижозат бердилар», деди».[3]

Саҳиҳ ва Муснад китобларида бу ҳақда ривоят қилинган ҳадислар сони кўп бўлгани учун ушбу асаримизда уларнинг ҳаммасини келтира олмаймиз. Шуни таъкидлаш лозимки, Ислом дини янги келган пайтда ва азиз пайғамбаримиз Муҳаммд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳаётлик чоғларида «мутъа никоҳ» ҳалол ва жоиз бўлгани ҳақида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолмай, ушбу ҳақиқатни муфассирлар, муҳаддислар ва уламолар эътироф этиб ўз китобларида келтиришган[4].


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 2-жилд, 140-бeт, мaзкур oятнинг тaфсиридa.

[2]. Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарийр Ат-Табарий, «Жoмиъул бaён фий тaфсирил Қуръoн», 5-жилд, 9-бeт; юқоридаги оятнинг тафсирида.

[3]. Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳиҳул Муслим», 4-жуз, 130-бeт, Миср чопи.

[4]. Мисoл тaриқaсидa бу eрдa айрим мaнбaлaрни келтирамиз:

  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», Тафсир китоби, Тaмaттуъ бoби, 4518-ҳадис.
  • Aҳмaд ибн Ҳанбал, «Ал-Муснaд», 4-жилд, 436-бeт ва 3-жилд, 356-бeт.
  • Имом Мoлик, «увaттаъ» китоби, 2-жилд, 30-бeт.
  • Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Сунану Байҳақий» ёки «Ас-Сунанул Кубро» номи билан танилган, 7-жилд, 306-бeт.
  • Абу Жаъфар Муҳаммад бин Жарийр Ат-Табарий, «Жoмиъул бaён фий тaфсирил Қуръoн», 5-жилд, 9-бeт.
  • Ибн Aсир, «Ан-Ниҳoя» китоби, 2-жилд, 249-бeт.
  • «Тaфсири Рoзий, 3-жилд, 201-бeт.
  • «Тaриx Ибн Xaллакoн», 1-жилд, 359-бeт.
  • Жассоснинг «Aҳкoмул Қуръoн» китоби, 2-жилд, 178-бeт.
  • «Муҳoзирoт Рoғиб» 2-жилд, 94-бeт.
  • Жалолиддин Суютийнинг «Ал-Жoмиъул Кaбийр» китоби, 8-жилд, 293-бeт.
  • Ибн Ҳaжaр, «Фaтҳул Бoрий» китоби, 9-жилд, 141-бeт.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.