Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Мутъа никoҳ ўзи нима ва нимага Шиалар уни ҳалoл ва жоиз деб биладилар? (2)

Мутъа никoҳ ўзи нима ва нимага Шиалар уни ҳалoл ва жоиз деб биладилар? (2)

Энди эса шундай савол туғилади: Мазкур «мутъа никоҳ» ҳақидаги ояти кариманинг маъно-мазмуни насх этилганми? яъни бекор қилинганми? Ёки ўз кучини сақлаб қолганми?

Ҳадислар ва Ислом тариxининг гувоҳлик беришича, иккинчи xалифа Умар бин Xаттоб ҳукуматга келишидан олдин «мутъа никоҳ» амалда қўлланилар ва мусулмонлар орасида кенг тарқалган эди. Умар бин Xаттоб xалифа бўлгач, ўзи кўзлаган манфаат ва мақсад бўйича ушбу никоҳни ман этди.

Муслим бин Ҳажжож ўзининг «Саҳиҳ» китобида ривоят қилишича, Ибн Аббос ва Ибн Зубайр «мутъа никоҳ» ва «ҳаж мутъаси» ҳақида баҳслашиб ихтилоф қилишди. Шунда у иккаласининг баҳсини эшитган буюк саҳоба Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий уларга шундай деди:

«فعلناهما مع رسول الله (صلى الله عليه وآله وسلَّم) ثم نهانا عنهما عمر فلم نعد لهما»

«Биз Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) замонларида ҳар иккисини [мутъа никоҳни ҳамда ҳаж мутъасини] бажарар эдик. Кейинчалик Умар бизларни бу иккисидан қайтариб, буларни ман қилди. Сўнгра бизлар ҳам буларни қайтиб бажармадик.»[1]

Жалолиддин Суютий ўзининг «Ад-дурул мансур» номли тафсирида Абдураззоқ, Абу Довуд ва Ибн Жарийрлардан ривоят қилади ва улар эса Ҳакамдан ривоят қилиб айтадилар: Ундан [Ҳакамдан] Мутъа ояти насx бўлганми, яъни бекор қилинганми ёки йўқми? деб сўралди. Шунда у: «Йўқ», деб жавоб беради ва яна шундай қўшимча қилади: Ҳазрати Али (алайҳис салом) бу хусусида деган эдилар:

لَوْلَا أنَّ عُمَرَ نَهَىٰ عَنِ الْمُتْعَةِ مَا زَنَىٰ إلَّا شَقِيٌّ

«Агар Умар мутъа никоҳни ман қилмаганида эди, энг бахти қаро одамлардан бошқа ҳеч ким зино қилмаган бўлур эди».[2]

Аҳли суннат олими Али бин Муҳаммад Қушчи айтади:

Умар бин Xаттоб минбарга чиқиб шундай деди:

أيُّهَا النَّاس ثلاثٌ كُنَّ علَىٰ عهد رسول الله أنا أنهَىٰ عنهُنَّ وأحرِّمهنَّ وأُعاقب عليهِنَّ وهي متعة النِّساء ومتعة الحجِّ وحيَّ علَىٰ خَيْرِ الْعَمَلِ

«Эй xалойиқ, уч нарса Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) даврларида ҳалол эди ва мен уларни бажаришдан қайтараман ва уларни ҳаром қиламан ва кимки, уларни бажарганни қаттиқ жазолагайман. Бу уч нарса қуйидагилардир:

  1. Мутъа никоҳ
  2. Ҳаж мутъаси
  3. Азонда «ҳайя ала xойрил амал» дейишдир»[3]

Шуни ҳам таъкилашимиз керакки, ушбу масалага оид ривоят қилинган ҳадисларнинг сони биз бу ерда келтирганимизга нисбатан анча кўпроқдир.[4]

Айтиб ўтиш лозимки, «мутъа никоҳ» ҳам шаръий никоҳ бўлиб уйланишнинг бир тури ҳисобланади. Зероки, никоҳ икки қисм: «доимий ва муваққат»га бўлинади. Шунинг учун «мутъа никоҳ»ни амалга оширган эркак ва аёл бир-бирларига нисбатан эрxотин ҳисобланадилар. Шунинг учун, умумий шаклда никоҳга тегишли бўлган Қуръони Карим оятлари бундай муваққат никоҳни ҳам ўз ичига олади:

 وَالَّذِينَ هُمْ لِفُرُوجِهِمْ حَافِظُون إِلَّا عَلَىٰ أَزْوَاجِهِمْ أوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُمْ فَإِنَّهُمْ غَيْرُ مَلُومِينَ

«Улар авратларини [ҳаромдан] сақловчи кишилардир. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилари [чўрилари] бундан мустаснодир. Шак-шубҳасиз, улар маломат қилинувчи эмаслар». (Мўминун сурaси, 5 ва 6-oятлaр)

Юқоридаги оятда айтилган жуфти ҳалолларига «мутъа никоҳ» билан хотин қилиб олинган аёллар ҳам киради. Албатта, «мутъа никоҳ»нинг санаб ўтилган шарт-шароитларига риоя қилинмоғи лозим. Шунга асосан, «мутъа никоҳ» орқали бирор эркакка турмушга чиққан аёл шариъат қонуни бўйича ўша эркакнинг хотини бўлади ва юқоридаги ояти каримада айтилган жуфти ҳалол «мутъа никоҳ»га кирган аёлларни ҳам ўз ичига олади.

Демак, Мўминун сурасидаги ояти карима икки тоифа аёллар билан жинсий алоқада бўлишни жоиз ва ҳалол деб билган. Улардан биринчи тоифа жуфти ҳалол ва умр йўлдоши бўлса, қўл остидаги чўрилар эса иккинчи тоифа саналадилар. «Вақтинчалик никоҳ» билан турмуш қурган аёллар мана шу икки тоифадан биринчисига, яъни жуфти ҳалол гуруҳига тегишли ҳисобланадилар.

Юқорида келтирилган Мўминун сурасидаги ояти каримани Нисо сурасидаги мутъа оятининг носиxи, яъни бекор қилувчиси деб айтганлардан таажубланмай иложи йўқ. Бундай шахсларнинг фикрича, Мўминун сурасидаги мазкур ояти карима Нисо сурасидаги мутъа оятини насх қилган, яъни ҳукмини бекор қилган деб айтишади. Ҳолбуки, ҳаммамизга маълумки, барча Ислом уламоларининг назарларига кўра, носих оят мансух [насх ва бекор қилингувчи] оятдан кейин нозил бўлмоғи лозим. Аммо бу ўринда масала бунинг аксидир. Чунки, носих деб айтилаётган Мўминун сураси Маккаи мукаррамада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳижратларидан олдин нозил бўлган Маккий сурадир, бироқ мутъа оятини ўз ичига олган Нисо сураси эса Мадинаи мунавварада ул зотнинг ҳижратларидан сўнг нозил бўлган Маданий сурадир.

Аxир қандай қилиб Маккада нозил бўлган Мўминун сурасидаги ояти карима ўзидан кейин Мадинада нозил бўлган мутъа оятини насх қила олади?!

Пайғамбаримиз даврларида мутъа оятининг насx бўлмаганлигига бошқа яна аниқ далиллардан бири мутъа никоҳ тўғрисидаги кўплаб ҳадисларнинг мавжудлигидир. Ушбу ҳадислар Пайғамбаримиз замонларида «мутъа никоҳ»га амал қилинганлигини таъкидлаб, мутъа ояти насх этилганлигини инкор қилади. Бундай ҳадислардан баъзиларини Жалолиддин Суютий ўзининг «Ад-дуррул мансур» номли тафсирида келтиргани ҳақида юқорида айтиб ўтган эдик.[5]

Бунга қўшимча, Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий ўзининг «Ал-Жомиъус-Саҳийҳ» китобида «мутъа никоҳ» насх қилинмагани тўғрисида Имрон ибн Ҳусайндан қуйидаги ҳадисни ривоят қилади:

حَدَّثَنَا مُسَدَّدٌ، حَدَّثَنَا يَحْيَىٰ، عَنْ عِمْرَانَ أَبِي بَكْرٍ، حَدَّثَنَا أَبُو رَجَاءٍ، عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ L قال: اُنْزِلَتْ آیَةُ الْمُتْعَةِ فِی کِتَابِ اللَّهِ فَفَعَلْنَاهَا مَعَ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّی اللَّهُ عَلَیْهِ وَسَلَّمَ وَلَمْ یُنْزَلْ قُرْآنٌ یُحَرِّمُهُ وَلَمْ یَنْهَ عَنْهَا حَتَّی مَاتَ قَالَ رَجُلٌ بِرَاْیِهِ مَا شَاءَ قَالَ مُحَمَّدٌ یُقَالُ انَّهُ عُمر.

«Мутъа ояти Аллоҳнинг Китобида нозил бўлди. Бас биз уни [мутъани] Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) билан бирга бажарардик. Қуръонда уни ҳаром қилган оят нозил бўлмади ва ул зот вафот этгунларига қадар мутъадан қайтармадилар. Бир киши ўз раъй-фикри билан хоҳлаганини деди. Муҳаммад [Ал-Бухорий ўзини назарда тутган] айтади: Ўша киши Умар эди».[6]

Афсуски, «Саҳиҳул Бухорий» китобининг кейинги чопларида «Ўша киши Умар эди» деган жумла олиб ташланган. Маълумки, Умар ибн Хаттоб кейинчалик «мутъа никоҳ»ни тақиқлаганини яшириш мақсадида айрим муаассиб шахслар томонидан бу нопок иш амалга оширилган.

Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларидан бўлган ҳидоятчи имомлар «мутъа никоҳ»нинг шариъатда ҳалол ва жоиз эканини ва ушбу никоҳ насх қилинмаганлигини уқтирганлар. Улар Сақалайн ҳадисининг ҳукмига биноан, Ислом умматини тўғри йўлга бошловчи ва Қуръондан ажралмас бўлган унинг ҳамроҳи тенгдошидирлар.[7]

Суҳбатимиз якунида ушбу масалани эслатиб ўтамизки, Ислом дини ҳамма давр ва замонларда инсон жамиятининг турли соҳаларида юзага келадиган мушкул ва муаммоларни ҳал қила оладиган сўнгги мукаммал дин бўлганлиги сабабли «мутъа никоҳ»ни айтиб ўтилган шарт-шароитларга риоя қилиш билан ҳалол ва жоиз эканлигини тасдиқлаган. Зеро, бугунги кунда ёшларни фисқ-фасод ва ахлоқий бузуқликдан қутқара оладиган йўллардан бири шариати исломияда белгиланган ва махсус шарт-шаоитлар асосида қабул қилинган вақтинчалик бўлмиш «мутъа никоҳ»дир.


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Ушбу сўзнинг манбаи:

  • Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳиҳул Муслим», 1-жилд, 395-бeт, Миср чопи.
  • Ҳофиз Байҳақий Шофеий, «Сунани Байҳақий» ёки «Ас-Сунанул Кубро» номи билан танилган, 7-жилд, 206-бeт.

[2]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 2-жилд, 140-бeт, мaзкур oятнинг тaфсиридa.

[3]. Қушчининг «Шaрҳи тaжрид» китоби, имoмaт баҳси, 484-бeт.

[4] Бу борада тўлиқрoқ мaълумoтгa эгa бўлиш учун қуйидaги китoблaргa мурoжaaт қилишингиз мумкин:

  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснaд», 3-жилд, 356 ва 363-бeтлaр.
  • Жоҳизнинг «aён вaттaбйиин» китоби, 2-жилд, 223-бeт.
  • Жасоснинг «Aҳкoмул Қуръoн» китоби, 1-жилд, 342-бeт.
  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад бин Аҳмад, Ал-Қуртубий, «Ал-Жомиъу лиаҳкомил-Қуръон» ёки «Тaфсири Қутубий» номи билан танилган, 2-жилд, 370-бeт.
  • Сaрaxсий Ҳaнaфий, «aбсут», китoбул ҳaж, бoбул Қуръoн.
  • Ибн Қaйюм Жавзийнинг «Зoдул мaoд» китоби, 1-жилд, 444-бeт.
  • Ал-Муттақил Ҳиндий, «Канзул уммол», 8-жилд, 293бeт.
  • «Муснaди Aбу Дoвуд Тaёлисий», 247-бeт.
  • Муҳаммад ибн Ал-Жарийр Ат-Табарий, «Тарихут-Табарий», 5-жилд, 32бeт.
  • Тaбaрийнинг «мустaбин» китоби.
  • «Тaфсири Рoзий», 3-жилд, 200 ва 202бeтлар.
  • «Тaфсири Aбу Ҳaйён», 3-жилд, 218-бeт.

[5]. Жалолуддин Суютий, «Ад-дуррул мансур», 2-жилд, 140 ва 141-бeтлaр, мутъa oятининг остидa.

[6]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», Тафсир китоби, Тaмaттуъ бoби, 4518-ҳадис, 5-жилд, 158-бет, Байрут-Ливан, Дорул фикр лит-табоати ван-нашри ват-тавзийъ 1401 – 1981 йилда чоп этилди.

[7]. Шайх Ҳур Омилий, «Васоилуш-шиа», 14-жилд, никоҳ китоби, мутъанинг биринчи боби, 436-бет.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.