Home / Савол-жавоблар / Эътиқодий-фиқҳий / Нима учун шиалар зиёрат қилаётганларида ҳарамнинг эшик ва панжараларини ўпадилар ёки табаррук ҳисоблаб юзларини унга суркайдилар?

Нима учун шиалар зиёрат қилаётганларида ҳарамнинг эшик ва панжараларини ўпадилар ёки табаррук ҳисоблаб юзларини унга суркайдилар?

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

Жавоб: Аллоҳнинг хос авлиё ва анбиёларига тааллуқли бўлган ашё ва асарларни табаррук деб билиб, тавозе ва хоксорлик юзасидан қўл ва юзни унга суркамоқлик масаласи яқин кунларда юзага келган масала эмас, балки, бу амалнинг негизини Исломнинг илк давларидаги Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг баракотли ҳаётларида ва ул зот саҳобаларининг тутган йўлларида ҳам кўра оламиз.

Нафақат азиз Пайғамбаримиз ва ул ҳазратнинг ёронлари бўлмиш саҳобалар, балки олдинги анбиёлар ва пайғамбарлар ҳам табаррук ва эҳтиром кўрсатиш масаласига алоҳида диққат-эътибор қаратганлар. Анбиё ва авлиёларга тегишли бўлган ашё ва асарларни табаррук ҳисобламоқ тўғри ва шаръий эканлигини исботлаш учун аввало Қуръони Карим ва Суннатга мурожаат қилишимиз лозим бўлади:

  1. Қуръони Каримда айтилишича, Юсуф пайғамбар (алайҳис салом) ўзини оға-иниларига таништириб, уларнинг қилган гуноҳларини кечиргач, шундай деди:

﴿إِذْهَبُوا بِقَمِيصِي هَذَا فَأَلْقُوهُ عَلَىٰ وَجْهِ أَبِي يَأْتِ بَصِيرًا وَأْتُونِي بِأَهْلِكُمْ أَجْمَعِينَ

«Сизлар менинг мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, шунда унинг кўзлари соғаяди. Сўнг барча аҳлу оилаларингиз билан бирга ҳузуримга келинглар». (Юсуф сурaси, 93-oят)

Сўнгра кейинги оятда айтилишича:

﴿فَلَمَّا أَنْ جَاءَ الْبَشِيرُ أَلْقَاهُ عَلَىٰ وَجْهِهِ فَارْتَدَّ بَصِيرًا

«Энди қачонки, xушxабарчи келиб, уни [Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг] юзига ташлагач, у кўрадиган бўлди». (Юсуф сурaси, 96-oят)

Юқоридаги Қуръони Каримнинг ёрқин оятларида Аллоҳнинг танлаган пайғамбари бўлмиш ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом) ўз ўғли Юсуф пайғамбарнинг кўйлагини табаррук ҳисоблаб, уни юзига суртгани очиқ-ойдин баён қилинган. Бунинг устига, ҳазрати Юсуф (алайҳис салом)нинг кўйлаги ҳазрати Яъқуб (алайҳис салом)нинг кўзлари очилиб, шифо топишига сабаб бўлган.

Энди айтингчи, бу икки буюк пайғамбарнинг қилган ишларини тавҳидга [яккаxудоликка] зид амал деб айта оламизми?!

  1. Шубҳасиз, азиз пайғамбаримиз Муҳаммад Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Байтуллоҳни тавоф қилганларида, «Ҳажарул асвад»ни истилом қилиб [қўлларини унга тегизиб-суркаб] ўпар эдилар.

Бухорий ўзининг «Саҳиҳул Буxорий» номли китобида бу борада айтади:

«Бир киши келиб, Абдуллоҳ бин Умардан Ҳажарул асвадни истилом қилиш [қўлни унга тегизиб-суркаб ўпиш] ҳақида сўрайди ва у эса:

«رأيتُ رَســــُــــولَ الله صلَّى الله عليه [وآله] وسلَّم يستلمه ويقبِّلُهُ»

Мен Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни Ҳажарул асвадни истилом қилиб, ўпаётган ҳолларида кўрдим»,деб жавоб беради.[1]

Агар «Ҳажарул асвад»ни истилом қилиш, яъни унга қўлни тегизиб сийлаш ёки ўпиш Аллоҳга ширк келтириш бўлганида эди, у ҳолда тавҳид ва яккахудоликка даъват қилувчи бўлган зот – ҳазрати Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳаргиз бу ишни қилмаган бўлар эдилар.

  1. Саҳиҳ ва муснад китобларда ва шунингдек, Ислом тариxи ва суннат-одобларига доир бошқа китобларда Пайғамбаримиз саҳобаларининг ул зотга тааллуқли бўлган либосларини, таҳоратларининг сувини, таомланган идишларини ва xуллас, ул ҳазратга тегишли барча нарсаларни табаррук ҳисоблаб, уларнинг устида талашганликлари хусусида келтирилган кўплаб ҳадисларни ўқишимиз мумкин. Саҳобаларнинг бундай амаллари эса табаррук қилиш амалининг шариатда жоизлиги борасида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин қолдирмайди.

Ушбу мавзуга оид бўлган ҳамма ҳадисларни бу ўринда келтиришнинг иложи бўлмаса-да, аммо бу ерда улардан айримларинигина мисол тариқасида эслатиб ўтамиз:

  • Саҳиҳул Буxорийда ривоят қилинган узун бир ҳадисда Пайғамбаримизнинг xислатлари ва ул зот саҳобаларининг рафтору-кирдорлари ҳақида сўз юритилиб, жумладан бундай дейилади:

«وإذا توضَّأ َ کَادُوا يَقتَتِلُون عَلَىٰ وَضُوئِهِ»

«Қачонки, Пайғамбар оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) таҳорат олсалар, саҳобалар ул зотнинг қўлларидаги таҳорат сувини табаррук билиб, уни қўлга олиш устида талашишар ва шу туфайли ўзаро урушиб қолишларига яқин қолар эди.»[2]

  • Ибн Ҳажар шундай ривоят қилади:

«إنَّ النَّبيَّ صلَّى الله عليه [وآله] وسلَّم كَانَ يُؤْتَىٰ بِالصِّبْيَانِ فَيُبَرِّكُ عَلَيْهِمْ»

«Ҳазрати Пайғамбаримиз олаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳузурларига саҳобалар ёш болаларини келтирар эдилар ва ул ҳазрат эса уларга табаррук бўлсин, деб дуо қилар эдилар.»[3]

  • Муҳаммад Тоҳир Маккийнинг ривоят қилишича: 

«Умми Собитдан қилинган ривоятга кўра, у шундай дейди: Менинг ёнимга Расулуллоҳ кириб келиб, у ерда осилиб турган меш [чармдан ясалган сув идиши; саноч]нинг оғзидан бир оз сув ичдилар. Мен дарҳол ўрнимдан туриб мешнинг xудди ўша еридан сув ичдим. Табаррук деб мешнинг ана шу қисмини кесиб олиб асраб қўйдим».

Сўнгра Муҳаммад Тоҳир Маккий ушбу ривоят ҳақида шундай дейди:

«Юқоридаги ҳадисни Термизий ҳам ривоят қилган. Унинг айтишича, Бу ҳадис саҳиҳ ва ҳасан ҳисобланади. «Риёзус солиҳийн» китобининг муаллифи ушбу ҳадисни шарҳлаб айтади: Умми Собит меш [саноч]нинг оғзини Пайғамбарнинг муборак оғизлари унга теккани учун табаррук жой деб кесиб олиб асраб қўйган. Шунингдек, ҳамма саҳобалар Пайғамбаримиз сув ичган жойларидан табаррук деб билиб, сув ичишга ҳаракат қилишар эди».[4]

Бу борада эътиборингизни яна бошқа бир ҳадисга қаратмоқчимиз:

«كَانَ رَسُولُ الله صَلَّي الله عليه [وآله] وسلَّم إذا صَلَّى الْغَدَاةَ جَاءَ خَدَمُ الْمَدِينَةِ بِآنِيَتِهِمْ فِيهَا الْمَاءُ فَمَا يُؤْتَىٰ بإِنَاءٍ إلَّا غَمَسَ يَدَهُ فِيهَا فرُبَّمَا جَاؤُوهُ فِي الْغَدَاةِ الْبَارِدَةِ فَيَغْمِسُ يَدَهُ فِيهَا»

«Расулуллоҳ оллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Бомдод намозини ўқиётганларида Мадинадаги xизматкорлар ўша пайт идишда сув олиб ул ҳазратнинг ҳузурларига [табаррук қилиб берсинлар, деб] келтирар эдилар. Ул зот олиб келинган ҳар бир идишларга ўз муборак қўлларини киргизар эдилар. Баъзан эса саҳар чоғи совуқ ҳавода ул жанобнинг наздиларига олиб келардилар, ўшанда ҳам қўлларини муздек сувга ботирар эдилар».[5]

Шунга асосланиб, Аллоҳнинг танлаган хос валийларига тегишли бўлган асар ва ашёларни табаррук ҳисоблаб, уларни ўпиш ёки қўл билан силаб-сийпаб юзга суркамоқ амаллари жоиз ва тўғри эканлиги маълум бўлди. Ва шунингдек, шиаларнинг табаррук юзасидан зиёратгоҳларни қўллари билан силаб-сийпаб ўпишларини «ширк» деб айблайдиганлар «ширк»нинг маъно ва моҳияти нима-ю, тавҳид ва яккахудолик ҳамда ширк келтирмасликнинг маъно-мазмуни нима эканлиги ҳақида тўғри тушунчага эга эмасликлари кўриниб турибди. Зеро, «ширк» ва Аллоҳдан ўзгага сиғиниш деб, «Xудо билан биргаликда Ундан бошқасини Унинг ўрнида кўриш ёки яратувчи Тангрига xос бўлган ишларни бошқа бир мавжудотдан деб билиш ва агар таъбир жоиз бўлса, бирор бир мавжудни Xудо деб билиш, Худо ўрнида кўриш ёхуд Xудога оид бўлган ишни унинг иши деб эътиқод қилиш ва ўша мавжудни асл яратилишида ёки кўрсатадиган таъсирида Аллоҳдан мустақил бўлиб, Унга муҳтож эмас», деб ўйлаш каби эътиқодларга айтилади.

Ҳолбуки, шиаларнинг эътиқодича, улуғ авлиёлар ва муқаддас зотларни қамраб олган мақбаралар, панжаралар ва деворлар, уларнинг ўзлари сингари Аллоҳнинг яратган мақлуқотидир. Шунинг учун, шиалар улуғ авлиёлар ва муқаддас зотларни улар асл яратилишида ҳамда кўрсатадиган таъсир ва мўжизаларида ягона зот бўлмиш Аллоҳга муҳтожлар, – деб эътиқод қилишади.

Шиалар фақат Аллоҳнинг йўллаган динида пешқадам ва илғор бўлган маъсум имомларига, солиҳ ва пок бандалар бўлмиш пайғамбарлар ёки бошқа авлиёларга эҳтиром кўрсатиб, уларга бўлган холис муҳаббатларини изҳор қилиш мақсадида улардан қолган асарларни эъзозлайдилар ва ўша зотларнинг зиёратгоҳларига бориб, ҳарамларнинг эшик, девор ва панжаларини табаррук деб билиб, кўзларига суркайдилар ва уларни ўпиб, силайдилар.

Агар шиалар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг ҳарамларини ёки ул ҳазрат Аҳли-Байтларининг ҳарамларини зиёрат қилаётганда ўша муқаддас маконларнинг эшик, девор ва панжараларини ўпиб юз-кўзларига суркайдиган бўлсалар, бу ишни фақатгина Аллоҳнинг севимли ва улуғ бандалари бўлмиш азиз Пайғамбаримизни ва ул жанобнинг тоҳир ва мутаҳҳар Аҳли-Байтларини қаттиқ яхши кўриб, у зотларга бўлган ўз севги ва муҳаббатларини ошкор этиш учун бажарадилар. Бир сўз билан айтганда, агар шиалар улуғ Пайғамбаримиз қабрларини ёки имомларнинг қабрларини ўпадиган бўлсалар, бу амални ўша буюк инсонларни яxши кўрганлари учун табаррук деб қиладилар. Бу эса инсоний ҳис-туйғу ва руҳий кечинмаларга оид бир масала бўлиб, бу ҳолат қалби ишқу-муҳаббатга тўлган ҳар бир инсоннинг вужудида жилваланади.

Бу борада ширин сўз ва адиб бўлган бир араб забон шоир шундай дейди:

أَمُرُّ عَلَى الدِّيَارِ دِيَارِ سَلْمَىٰ                                   أُقَبِّلُ ذَا الْجِدَارِ وَذَا الْجِدَارَا

وَمَا حُبُّ الدِّيَارِ شَغَفْنَ قَلْبِي                                  وَلَكِنْ حُبُّ مَنْ سَكَنَ الدِّيَارَا

«Мен Салмо [исмли аёлнинг] диёридан ўтаман, у ердаги бу эшик ва у панжараларни ўпаман.

Ўша диёрни севмоқлик қалбимни шод этмайди, балки у ерда истиқомат қиладиган кимсага бўлган севги ва муҳаббат мени сурурлантиради».

Фойдаланилган манбалар: 

[1]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», 2-жуз, Ҳaж китoби, Тaқбилул ҳaжaр бoби, 151 ва 152-бeтлaр, Миср чопи.

[2]. Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», 3-жилд, «Мaа яжуузу минaш шуруути фил жиҳаади вaл мусoлaҳa» боби, 195-бeт.

[3]. Ибн Ҳажар, Асқалоний, «Ал-Исобаҳ фий тамйизис-саҳобаҳ», 1-жилд, Китoб хутбaси, 7-бeт, Миср чопи.

[4]. Муҳaммaд Тoҳир Мaккий, «Тaбaррукус-сaҳoбa», 1-фaсл, 29-бeт.

[5]. Муслим ибн Ҳажжож Нишобурий, «Саҳиҳул Муслим», 7-жуз, Фaзoил китoби, «Қурбун-нaбий минaннаас вa тaбaррукиҳим биҳи» бoби, 79-бeт.

Бу борада тўлиқроқ маълумот олиш учун остдаги зикр қилинган манбаларга мурожаат қила оласиз:

  • Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил Ал-Бухорий, «Сaҳиҳул Буxoрий», Ашрибаҳ китоби.
  • Имом Молик, «Ал-Муваттаъ», 1-жилд, 138-бет, Пайғамбарга салавот айтиш боби.
  • Ибн Асир Ал-Жазарий, «Усудул ғобаҳ фий маърифатис-саҳобаҳ», 5-жилд, 90-бет.
  • Аҳмад ибн Ҳанбал, «Ал-Муснад», 4-жилд, 32-жилд.
  • Ибн Абдул Барр Ал-Қуртубий, «Ал-Истийъоб фий маърифатил асҳоб», «Ал-Исобаҳ» китобининг ҳошиясида келтирилган, 3-жилд, 631-бет.
  • Ҳофиз Ибн Ҳажар Асқалоний, «Фатҳул-Борий шарҳи Саҳиҳи Бухорий», 1-жилд, 281 ва 282-бетлар.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Вузу (таҳорат) олганда оёқларга масҳ тортиладими ёки ювиладими? (6)

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Таҳоратда оёққа масҳ тортишга зид бўлган ҳадислар ҳақида Аҳли суннатнинг машҳур манбаларида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.