Home / Аҳли-Байт / Фотимаи Заҳро (с.а) / Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг Ҳақ йўлда курашиб шаҳид бўлган кунлари

Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг Ҳақ йўлда курашиб шаҳид бўлган кунлари

  Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан Қодир ва ёлғиз Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га салому салавот йўллаб, Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаҳодат кунларини сиз азизларга ҳамдардлик билдириб, бу борада ёзган мақоламизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Ҳижрий қамарийнинг 62 – йили, ражаб ойининг 15 – кунида ислом оламининг йирик ва довюрак аёли Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳ алайҳо) Ҳақ таоло дийдорига ноил бўлдилар.   Ул ҳазратнинг исми шарифлари имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг Карбало даштидаги шукуҳли қиёмларида ўзгача нур ва шаҳомат ила гавдаланди.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг фаъол ва таъсирчан ҳозир бўлишлари Карбало тарихининг ҳар бир лаҳзаси, Ошуро кунининг қонли саҳифаларида мангу битилгандир. Ва барча насллару асрлар учун садоқат ва фидокорликнинг олий намунаси сифатида хизмат қилиб келмоқда. Ҳазарати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) барча жабҳаларда ибрат намунаси эдилар. Шарафли нубувват Аҳли-Байтининг покиза этагида вояга етган, Аҳли-Байт мактабида таълим – тарбия олган баркамол бир аёл эдилар. Илм, ибодат, иффат, тақво, фасоҳат ва балоғат, собитқадамлик, сабр-тузим, холисан Аллоҳ учун ҳақни ҳимоя қилиш, иззат-эҳтиром ва вафодорлик каби хислатлар ўта баркамол кўринишда ўл ҳазратнинг шахсиятларида мужассам бўлган эди.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) оталари амирал мўъминин Али (алайҳис салом), оналари ҳазрати Фотима (саломуллоҳи алайҳо) дан покиза ва ҳар доим барқарор ҳамда кучли имонни мерос қилиб олган эдилар. Суҳбатлари самимий, хулқ-атворлари меҳр-муҳаббат, ишонч ва садоқат зеварлари билан безалган эди. Ўзгалар жонини асраш учун ўз ширин жонларини фидо этишга ҳар доим тайёр эдилар. Карбало можароларида ҳатто ўзларига тегишли бўлган сувни, бир болакайга ичириб, ўзлари жазирама саҳрода чанқоқлик азобига мардларча чидагандилар. Ўша замонларнинг даҳшатли воқеалари, азоб – уқубат, кўз кўриб қулоқ эшитмаган ўта оғир мусибатлари мана мен деган инсоннинг ҳам руҳини синдириб, уни кураш майдонидан чиқариб юборарди. Аммо ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг покиза ва қудратли руҳларини, имон – эътиқодларини синдира олмади. Ул ҳазрат ўзларига хос ирода ва мавқешунослик билан курашни давом эттирардилар, турли вазифаларни комил тарзда бажарардилар.

  Ул Ҳазрат гоҳида душманга қахшатгич ва ўта кучли маънавий зарбалар бериб, гоҳида имом Сажжод (алайҳиc салом) нинг жонларини асраб-авайлаб имом Ҳусайн (алайҳис салом) дан кейинги воқеаларга бош-қош бўлдилар. Ва бу ўта хавфли ва даҳшатли йўлда ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидангина мадад сўрардилар.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) асир тушган ҳолда Карбалодан қайтиб келганларидан кейин ҳам Ибн Зиёд ва Язидларга қарши Кўфа ва Шом шаҳрларида хутбалар ўқиб курашни давом эттирдилар. Ул ҳазратнинг жўшқин ва оловли даъватлари Аҳли-Байт (алайҳимус салом) лар учун ўта оғир бўлган бир сиёсий даврда ва душманларнинг қудрати авж олган пайтда янграрди.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) ўзларининг таъсирчан ва комил сўзлари билан душманлар тинчини бузардилар. Бу таъсирли сўзлар эса барча азоб-уқубат ва чидаб бўлмас қийинчиликлар ўл ҳазратнинг руҳларини синдира олмаганидан далолат берарди. Таъкидлаш лозимки, ўша ўта мураккаб замонда бир кўнгли синиқ аёлнинг таъсирчан хутбалар ўқиши шубҳасиз, Аллоҳнинг хос мададисиз амалга ошиши мумкин эмас эди. Ушбу ҳақиқат ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг каромотларидан саналади.   Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) хутбаларида чуқур диний маърифат, ижтимоий ҳаётнинг асл чеҳраси ва золим халифаларнинг ҳақиқий башаралари ва моҳиятлари баралла намоён бўларди. Ваҳий мактабининг йирик шогирди бўлган ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳ алайҳо) ўз сўзларини ҳар доим қодир ва меҳрибон Аллоҳга ҳамду сано айтиш билан бошлардилар.   Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳ алайҳо) имомнинг жамиятдаги мақом-мартабасини яхши билардилар. Шу боис, акаларининг олий мақомларига имом ва исломий жомиятининг раҳбари сифатида ишора этишни ва ул ҳазратни шу мақомда таништиришни лозим топгандилар. Ул ҳазрат куфийларга дакки бериб, шундай дедилар: «Пайғамбар ўғлини ўлдришдек иснодни қандай қилиб ювасизлар?»   Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) имом Хусайн (алайҳис салом) шаҳодатга етганларидан кейин, Карбало воқеасини ва унинг теран таълимотини бутун башариятга ва кейинги авлодларга етказишни ўзларига илоҳий вазифа деб билардирлар ва мислсиз балоғат, фасоҳат ва шижоат билан зулм-ситамга қарши кураша бошладилар. Ул ҳазрат бутун умрлари давомида Аҳли-Байт (алайҳимус салом) лар ҳақ-ҳуқуқларини ва уларнинг шаън – мақомларини ҳимоя қилгандилар. Ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) душманларга Карбало воқеасидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари учун ижозат ва имкон бермадилар.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) каломининг ўта чуқур фасоҳат ва балоғати буюк оталари амирал мўъминин Али (алайҳис салом) ни эслатарди.   Ҳазрати Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг порлоқ хотиралари, эзгу ишлари ва ислом оламидаги юксак мартабалари мангу қолажакдир!  Азизлар, шунинг билан ҳазрат Зайнаб (саломуллоҳи алайҳо) нинг шаҳодат кунларини яна бир бора барчангизга ҳамдардлик изҳор этиб, шу ерда сизлар билан хайрлашамиз. Аллоҳнинг паноҳида бўлиш саодати ҳамамизга насиб этсин!

Share

Check Also

ФОТИМАИ ЗАҲРО (саломуллоҳи алайҳо) ҲАЁТИНИНГ ПОРЛОҚ НУҚТАСИ

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ  Бу буюк шахсият (Фотимаи Заҳро (с.а))нинг оддий ҳаётида муҳим бир нуқта бор; …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.