Home / Аҳли-Байт / Имом Али (а.с) / Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (2)

Мавло Али (алайҳис салом) умматнинг ҳидоятчиси (2)

کتب معاوية إلي عماله في جميع الآفاق ألا يجيز لاحدٍ منْ شيعة عليٍّ و أهْلِ بَيْتِه شَهَادةً، و کتب إليهم أن انظروا مَن قِبَلَکُم من شيعة عثمان و محبيه و أهل ولايته، و الَّذين يروون فضائله و مناقبه فادنوا مجالسهم، و قرِّبوهم و أکْرِمُوهم، وَ اکْتُبُوا لِي بِکُلِّ ما يَرْوی کُلِّ رجل منهم و اسمه و اسم أبيه و عشيرته، ففعلوا ذلک حتّي أکثروا من فضائل عثمان و مناقبه، لِما کان يبعثه إليهم معاوية من الصلات… و قال إِنَّه کتب إلي عمَّاله أَن «انْظُرُوا إِلي من قامت عليه الْبيِّنةِ أنه يُحِبُّ عليًّا و أهل بيته فَامْحُوهُ مِنَ الدِّيوان، وَ اسْقطُوا عطاءَهُ و رِزْقَهُ»

  Муовия бутун Ислом мамлакатларига тайинлаган ҳукмдорларига; Али ва унинг хонадони аҳлига эргашган ҳеч бир шиа ва тарафдорлари учун гувоҳлик беришга ижозат берилмасин, деган қарорни чиқариб, Усмоннинг тарафдорлари, уни севувчи, ва уни валий ва пешво деб тан олган ҳамда Усмоннинг фазилатларини ва унинг маноқибини ривоят қилаётган шахсларни кўздан кечириб, уларни ўзингизга яқинлаштирингиз ва уларни улуғлангиз, улар орасидан ривоят қиладиган ҳар бир шахснинг барча ҳадисларини ва шунингдек, унинг исмини ва отасининг ва қавм-қариндошларининг исмини менга ёзиб юборингиз, деб уларга мактуб йўллади. Муовиянинг тайин этган ҳукмдорлари унинг буйруғини бажариб, Усмонинг фазилатлари ва унинг маноқиби хусусида кўплаб ҳадислар тўқиб чиқаришди ва Муовия эса бу иш эвазига уларга инъом бериб турарди. Ва шунингдек, Муовия ўзининг ҳукмдорларига; бирор бир шахснинг Али ва унинг аҳли-байтини севгани ҳақида далил ва ҳужжат келтирилганини кўриб қолсангиз, ўша шахснинг исмини мусулмонлар байтулмолининг рўйхатидан ўчирингиз ва байтулмолдан унга ажратилган ризқи ва улушини бекор қилингиз, деб мактуб йўллади.[1]

  Аҳли суннатнинг йирик олими бўлмиш Ибн Абил Ҳадид Муовия томонидан имом Алини пастга тушириш ва ул зотдан олдинги уч халифани юқорига кўтариш мақсадида пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) номларидан ҳадис тўқиб чиқариш учун айрим саҳоба ва тобиъинлардан ташкил топган бир гуруҳ уюштирилгани ҳақида шундай дейди:

أنَّ معاوية وضع قوماً من الصَّحابة و قوماً مِنَ التَّابعين علي رواية أخْبار قبيحةٍ في عليٍّ علیه السلام، تَقْتَضِي الطَّعن فيه و البراءَةَ منه؛ و جعل لهم علي ذلک جُعْلاً يُرْغَبُ في مثله؛ فاختلفوا ما أرضاه، منهم أبو هُرَيْرَةُ و عَمْرُو بْنُ عاصٍ و المُغَيْرَةُ بْنُ شُعْبَةُ، و من التابعين عُرْوَةُ بْنُ الزُّبَيْر.

   Муовия имом Алига қарши нафрат уйғотадиган ва ул ҳазратни айблаб қоралайдиган нораво-қабиҳ ҳадисларни ривоят қилиш мақсадида саҳобалардан бўлган бир гуруҳни ва тобиъинлардан бўлган бир тоифани уюштирди ва уларни бундай ишга рағбатлантириш учун маош тайин этди. Абу Ҳурайра, Амр бин Ос ва Муғайраҳ бин Шўъбаҳ ҳадис сохталаштирадиган мазкур саҳобалардан бўлиб, Урваҳ ибн Аз-Зубайр эса тобиъинлар гуруҳидан эди.[2]

  Аҳли суннатнинг етукли рижол-ровийшунос олими Ибн Жавзий ҳазратлари ўзнинг »ал-Мавзуот« номли китобида сохталаштирилган ҳадислар борасида шундай дейди:

قَدْ تَعَصَّبَ قوْمٌ لا خَلاقَ لَهُمْ يَدَّعُونَ التَّمَسُّکَ بِالسُّنَّةِ فوَضَعُوا لِأبي بکْرٍ فَضَائِلَ و فيهمْ مَنْ قَصَدَ مُعَارَضَةَ الرَّافِضَةِ…

  Яхшиликдан бебаҳра бўлган мутассиб бир гуруҳ Расулуллоҳ суннатларини маҳкам тутиш даъвосини қилиб, рофизий (шиалар)га қарши туриш мақсадида Абу Бакр фазилати тўғрисида ҳадисларни тўқиб чиқаришди…[3]

  Ва шунингдек, Ибн Жавзий мазкур китобида бу ҳақида шундай ёзади:

و قَدْ تَرَکْتُ أحاديثَ کثيرةً يَرْوُونَهَا فِي فَضْلِ أبي بکرٍ، فَمِنْهَا صَحيحُ الْمَعْنَي لَکنَّهُ لا يَثْبُتُ مَنْقُولاً، وَ مِنْهَا مَا لَيْسَ بِشَيْءٍ وَ مَا أَزَالُ أَسْمَعُ الْعَوَامَ…

  Мен Абу Бакр фазилати хусусида одамлар ривоят қиладиган кўпгина ҳадисларни зикр қилмай тарк эганман; негаки, уларнинг айримлари маъно жиҳатидан тўғри бўлса-да, лекин санад ва нақл қилиниши нуқтаи назаридан исбот қилинмаган ва шу мазмундаги бошқа ҳадислар эса маъносиз бўлиб, мен доимо уларни авом халқдан эшитаман…[4]

  Аллома Ибн Жавзий ҳадис тўқиб чиқарувчи шахсларни бир неча гуруҳга тақсимлайди:

القسم الأول: الزَّنَادِقَةُ الَّذين قصدوا إفسادَ الشَّريعةِ و إيقاعَ الشَّکِ فيها في قُلُوب الْعَوام و التَّلاعُبَ بالدِّين.

القسم الثاني: قومٌ کانوا يقصُدُونَ وضعَ الحَدِيثِ نُصرَةً لِمذهبهم، و سوَّل لهم الشَّيطانُ أَنَّ ذلک جائز.

القسم الثالث: قومٌ وضعوا الأحاديثَ فِي التَّرغيبِ و التَّرهِيبِ لِيَحُثُّوا النَّاسَ بِزَعمِهِم علي الخير و يَزجروهم عن الشَّرِّ و هذا تَعَاط علي الشَّريعةِ و مَضمون فِعْلِهِمْ أنَّ الشَّريعةَ ناقِصَةٌ تحتاج إلي تَتِمَّةٍ فقد أتممناها.

القسم الرابع: قومٌ استجازوا وضع الأسانيد لِکُلِّ کلامٍ حسنٍ.

القسم الخامس: قومٌ کان يَعْرِضُ لهم غرضٌ فيضعون الحديثَ [الوضع لفرض دنيوی]

 Биринчи гуруҳ: Шариатга путур етказишни, шариат борасида умум халқ қалбида шубҳа туғдиришни ва дин билан ўйин қилишни қасд қилиб, Пайғамбар(с.а.о) номларидан ҳадис тўқиб чиқарган зиндиқ ва кофирлар.

 Иккинчи гуруҳ: Ўз мазҳабини қувватлантириш ва унга ёрдам бериш учун Пайғамбар(с.а.о) номларидан ҳадис сохталаштирган шахслар бўлиб, Шайтон уларга қилаётган бу ишингиз жоиз ва тўғридир, деб фириб берган.

 Учунчи гуруҳ: Ўз гумонларига асосланиб умум халқни яхши амалга рағбатлантириш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида Пайғамбар(с.а.о) номларидан ҳадис тўқиб чиқаришган. Уларнинг қилган бу ишининг маъно-мазмуни; шариати исломия нуқсонли бўлиб такомил топишга муҳтождир. Шу боис, биз уни такомиллаштирдик.

 Тўртинчи гуруҳ: Ҳар бир ҳасан ва гўзал калом учун Пайғамбар(с.а.о) номларидан ҳадис тўқиб чиқаришни жоиз деб билганлар.

 Бешинчи гуруҳ: Маълум бир дунёвий ғараз ва ҳадафга кўра ҳадис тўқиб чиқарардилар.[5]

  Имом Ҳасан (алайҳис салом) қўшинларининг орасига тарқоқлик тушгани сабабли жанг юз бермай икки томон ўртаси сулҳ аҳдномаси тузилгач, Муовия бутун мусулмон ўлкаларининг ягона ҳукмдори бўлди. Шунда у сулҳномага қарши ўлароқ, жумъа намозининг хутбаларида имом Али (алайҳис салом)га лаънат айтишни буюрди ва бу бидъат ишни унинг ўзи бошлаб берди.

   Ибн Абил Ҳадид бу ҳақида шундай дейди:

أنَّ مُعَاوِيَةَ لَمَّا عَادَ مِنَ الْعِراقِ إِلَي الشَّامِ بَعْدَ بَيْعَةِ الْحَسَنِ علیه السلام وَ اجْتِمَاعِ النَّاسِ إِلَيْهِ خَطَبَ فَقَالَ: أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّی اللهُ عَلَیْهِ وَ آلِهِ وَسَلَّم قَالَ لِي: «إِنَّکَ سَتَلِي الْخِلافَةَ مِنْ بَعْدِی، فَاخْتَرِ الأَرْضَ الْمُقَدَّسَةَ، فَإِنَّ فِيهَا الأَبْدَالَ، وَ قَدِ اخْتَرْتُکُمْ، فَالْعَنُوا أَبَا تُرَابٍ، فَلَعَنُوهُ…

  Имом Ҳасан байъатларидан кейин Муовия Ироқдан Шомга қайтиб келгач, ўша ерда тўпланган халоиққа хутба ўқиб шундай деди: Эй халоиқ, Расулуллоҳ менга дедилар: «Албатта сен мендан кейин халифаликни эгаллайсан. Шунда мақаддас сарзаминни танлагин, зероки, унда улуғвор инсонлар бор.» Ва мен сизларни танладим. Демак, Абу туробни[6] лаънатлангиз, у ерда тўпланган халоиқ эса у буюк зотни лаънатлашди.[7]

  Бани Умайянинг имом Алига нисбатан бўлган адовати шу даражага етиб борган эдики, кимда ким у зотнинг фазилати хусусида Расулуллоҳдан ҳадис нақл қиладиган бўлса, уни қаттиқ жазолашар эди. У зотнинг фазилати ва афзаллиги тўғрисида Расулуллоҳдан ривоят қилинган ҳадисларнинг сони жуда кўп ва машҳур бўлмаганида эди, Бани Умайя ва Бани Марвон ҳукмдорлигининг истибдоди оқибатида инсонлар орасида пайдо бўлган қўрқув сабабли ва ушбу ҳукмдорларнинг Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аҳли-Байтларига бўлган душманчилиги энг чўққисига чиққанлиги туфайли имом Алининг фазилати ва афзаллиги ҳақидаги ҳадисларнинг мусулмонлар онгидан ўчирилиши муқаррар эди.

  Бироқ, имом Али Аллоҳ таоло томонидан тайинланган Расулуллоҳнинг вориси ва барча мусулмонларнинг валийси ва пешвоси бўлгани сабабли, Аллоҳнинг изну фармони билан ул ҳазратнинг фазилати ва афзаллиги ҳақидаги ҳадислар мўжиза каби сақланиб қолгандир.

  Ибн Абил Ҳадид бу борада шундай ёзади:

فالأحاديث الواردة في فضْلِهِ علیه السلام لو لم تَکُنْ فِي الشُّهْرَةِ وَ الاستِفَاضَةِ و کَثْرةِ النَّقْلِ إلي غايةٍ بعيدةٍ، لَانقَطَعَ نقلُها للخَوْف و التَّقِيَّة مِنْ بني مَرْوَان مع طُولِ المُدَّة، و شِدَّة العداوة؛ و لو لا أنَّ لله تعالي في هذا الرَّجُل سِرًّا يَعْلَمُهُ مَن يعلمه لم يُرْوَ في فَضْلِهِ حَدِيثٌ، و لا عُرِفَتْ له مَنْقَبَةٌ؛ ألا تَرَی أنَّ رَئيسَ قريةٍ لو سَخِطَ عَلَي واحدٍ مِن أهْلِها، و مَنَعَ النَّاسَ أنْ يَذکُرُوهُ بِخَيْرٍ و صَلاَحٍ لَخَمَلَ ذِکْرُهُ، نُسِيَ اسْمُهُ، و صَارَ و هو موجودٌ معدوماً، و هُوَ حَيٌّ ميِّتاً!

   Имом Али фазилати хусусида ворид бўлган ҳадислар машҳурликда ва кўп нақл қилинишда бағоят чўққига етиб бормаганида эди, Бани Марвон ҳукмдорлигининг узоқ муддат давом этгани ва уларнинг Расулуллоҳ аҳли-байтларига бўлган шиддатли адовати сабабли пайдо бўлган қўрқув ва тақия туфайли мазкур ҳадислар нақл қилинмай, йўқ бўлиб кетган бўларди. Агар Аллоҳнинг бу зот ҳақида сирли ҳикмати бўлмагани эди- бу сирли ҳикматни фақат махсус инсонларгина бўлурлар – ул зотнинг фазилати тўғрисида ҳеч қандай ҳадис ривоят қилинмай, ул ҳазратнинг ҳеч бир фазилати танилмаган бўларди. Бирор бир қишлоқ ёки шаҳар бошлиғи ўша ер аҳолисидан бўлган бирор шахсга ғазаб қилиб, инсонларни уни яхшилик билан эслашларидан ман қилганини ва шунинг учун уни ёдга олиш ўртадан кўтарилиб унинг исми унитилганини, шаҳрдаги инсонлар орасида бор бўла туриб йўққа чиқарилганини ва тириклигида ўлган деб ҳисобланганини кўрмаганмисиз?![8]

  Бир неча кунлик ғазотга (Табук ғазотига) борган пайғамбаримиз ҳатто қисқа муддат учун Мадина бошлиқсиз қолмасин, деб раҳбар тайин қилган бўлсалар-у, лекин риҳлатлари яқинлашиб қолганида бутун бошли умматни раҳбарсиз ва йўлбошчисиз ўз ҳолига ташлаб кетишлари мумкинми? Расулуллоҳдек буюк зот ҳақида бундай нарсага қандай қилиб ишониш мумкин? Қандайига Пайғамбаримиз умматларининг дунё ва охиратдаги бахт-саодатини таъминламай туриб, уларни ўз ҳолига қўйиб кетишлари мумкин?! Ахир ул зот умматларининг рушду ҳидоятда бўлишига ҳорис эдилар-ку.

  Шак-шубҳасиз, эндигина оёққа турган уммат учун раҳбар ва йўлбошчи тайин қилмаслик Ислом учун нақадар буюк хатар экани барчага маълумдир. Шунинг учун ўз умматига меҳрибон бўлган Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бундай хатога йўл қўйишлари мумкин эмаслигини ақл ва мантиққа таяниб айта оламиз. Пайғамбаримиз ҳеч кимни тайинламаганлар ва бу масалани умматнинг ўзига ташлаб қўйганлар, дейдиганлар, ҳеч бўлмаса даъволарига далил келтиришлари лозим.

  3. Ижмо ва шўро асосида халифа тайин этиш жоизми ва бу услуб билан тайинланган халифа Ислом умматининг раҳбари ва йўлбошчиси бўла оладими?

  Фараз қилайлик пайғамбаримиз хилофат масаласи хусусида сўз очмай, умматнинг ўзига ҳавола қилдилар ва мусулмонлар ижмо йўли билан халифа танлашлари керак бўлиб қолди. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам биринчи халифанинг сайланишида мусулмонлар ижмосига мувофиқ иш кўрилмади. Фақат Мадинада ҳозир бўлган бир гуруҳ саҳобаларгина бу «сайловда» қатнашишди, холос ва бошқа шаҳардаги мусулмонлар бу ишга қатнашмадилар. Бошқа шаҳарлар у ерда турсин, ҳатто Мадинада бўлган имом Али бошчилигидаги Аммор ибн Ёсир, Абу Зар Ғифорий, Салмони Форсий ва Миқдод ибн Асвад(разияллоҳу анҳум) каби бир гуруҳ буюк саҳобалар ва Ҳошим авлодлари бу сайловга қатнашмай, Абу Бакр халифалигига қаршилик кўрсатганлар.

  Имом Али ва ул зотнинг ёру оғаинилари бўлган саҳобалар иштирок этмаган ижмо ва сайлов Аллоҳнинг лаънатига учраши шубҳасиздир. Аҳли суннатнинг буюк мутафаккири ва донишманд фақиҳи бўлмиш Ибн Ҳазм бу борада шундай дейди:

ولَعْنةُ اللهِ عَلَي کُلِّ اجْماعٍ يَخْرُجُ عَنْه عَلِيُّ بْنُ أبِي طَالبٍ و مَنْ بِحَضْرَتِهِ مِنَ الصَّحَابة.

 Али ибн Аби Толиб ва унинг ёру биродари бўлган саҳобалар унда иштирок этмай, ундан чиқиб кетган ижмога Аллоҳнинг лаънати бўлсин.[9]

  Шундай экан, қандай қилиб бундай сайловни мусулмонлар ижмоси[10] деб айта оламиз? Агар сайлов йўли билан халифа ва раҳбар танлаш тўғри иш бўладиган бўлса, нега биринчи халифа ўзидан кейинги халифани тайинлаш учун бу услубдан фойдаланмай, ўзи хоҳлаган шахсни мусулмонларга халифа ва йўлбошчи этиб тайинлади?! Агар бир шахснинг истак ва хоҳиши халифани тайинлаш учун кифоя қиладиган бўлса, сарвари олам Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг истаклари ҳаммадан кўра юқори ва устун эмасмиди?

  Бундан ташқари, иккинчи халифа Умар бин Хаттоб учинчи халифани танлашда на биринчи халифанинг йўлини тутди ва на ўзи сайланган йўлдан фойдаланди, балки, олти кишилик шўро (кенгаш) тузишни ихтиёр қилди? Агар шўро йўли билан халифа танлаш тўғри бўлса, нима учун бу шўро фақат олти кишидан иборат бўлиши керак? Бу саволлар тарихни ўқийдиган ҳар бир одам учун жумбоқлидир. Бу саволларнинг жавобсиз қолганлиги эса имомни тайинлаш умматнинг қўлидан келмаслигини англатади.


Манбалар ва кўрсаткичлар:

[1]. Аҳмад Амин Мисрий, Фажрул Ислом, 7-боб, 2-фасл, 275-бет, Ал-Мактабатул асрийяҳ нашрида эса 249-бет.  

[2]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 4-жилд, 63-бет.

[3]. Ибн Жавзий, Китобул мавзуот, китобул фазоили вал-масолиб, бобун фий фазли Аби Бакр, 1-ж, 225-б, мактабату азвааис-салаф нашрида эса 2-ж, 40-б.

[4]. Ўша китоб, 1-ж, 237-б, мактабату азвааис-салаф нашрида эса 2-ж, 64-б.

[5]. Ўша китоб, муқаддатул мусанниф, 1-ж, 15дан 18-бетлар, мактабату азвааис-салаф нашрида эса 1-ж, 18-бетдан 25-бетларгача.

[6]. Абу туроб имом Али (алайҳис салом)нинг муборак куняларидир.

[7]. Ибн Абил Ҳадид, «Шарҳи наҳжул балоға», 4-жилд, 72-бет.

[8]. Ўша китоб, 4-жилд, 73-бет.

[9]. Ибн Ҳазм, »Ал-муҳалло шарҳул мужалло«, Миср нашрида 9-ж, китобул васоё, 1767-масала, 345-б, Ливанда чоп этилган янги нашрда эса 10-ж, китобул васоё, 1770-масала, 220-б.

[10]. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Ислом умматининг ижмоси деганда, «уларнинг бирлашган ҳолда якдиллик билан қилган қарорлари», назарда тутилади.

Share

Check Also

Уҳуд урушида ҳазрати Али (а.с)нинг беназир фидокорликлари

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Ҳижратнинг учинчи йили мусулмонлар учун оғир оқибатларга олиб келган катта воқеа юз …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.