Home / Шариат қонунлари / Ҳаж / Муфрада умранинг амаллари ҳақида

Муфрада умранинг амаллари ҳақида

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

  Ҳаж амалларидан ташқари, Муфрада умра қилмоқчи бўлган ҳожилар ёки асосан, ҳаж мавсумидан бошқа пайтларда Муфрада умра қилиш ниятида Маккага сафар қилган шахслар Муфрада умранинг қуйидаги амалларини бажармоқлари зарур:

1. Эҳром боғламоқ;

Эҳром боғлашдан олдин ғусл қилиш мустаҳабдир. Эҳром икки бўлак оқ мато билан боғланади; Бири баданнинг юқори қисмига ташланса, (қамис деб айтилади) иккинчиси эса баданнинг остки қисмига ўралади ва унга лунг деб айтилади.

Эҳром кираётганда ният қилмоқлик вожибдир; Масалан: Аллоҳнинг ризолиги ёки унинг фармони учун муфрада умрани бажараман, қурбатан илаллоҳ.

Ният билан эҳром боғлагач, қуйидаги зикрни:

«لَبَّيکَ اللَّهُمَّ لَبَّيکَ، لَبَّيکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ، إنَّ الْحَمْدَ وَالنِّعْمَةَ لَکَ وَالْمُلْکَ لَا شَرِيکَ لَکَ لَبَّيکَ»

«Лаббайка алллоҳумма лаббайка, лаббайка лаа шарийка лака лаббайка, иннал-ҳамда ванниъмата лака вал-мулка лаа шарийка лака лаббайк».

Таржима: «Фармонингни бажаришга тайёрман эй Аллоҳим, таслим ҳолда тайёрман. Фармонингни бажаришга тайёрман, Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман. Шубҳасиз, ҳамду мақтовлар, неъмат ва подшоҳлик Сеникидир. Сенинг шеригинг йўқдир, фармонингга таслимман».

  Бир марта айтмоқлик вожибдир, лекин кейинги маротаба айтиш мустаҳаб саналади.
Муфрада умра учун ҳам Ҳаж каби белгиланган мийқотларидан бирида иҳром боғламоқ вожибдир. Қайси минтақадан Макка шаҳри томон йўл олишига боғлиқ ҳолда мийқотлардан бирида иҳром боғлайди. Бироқ умра амалларини бажариб бўлгач, яна қайтадан муфрада умрасини қилмоқчи бўлса, Макка шаҳридан ташқарида бўлган аднал ҳил (ёки масжиди Оиша) деган макондан иҳром боғлайди.

  2. Муфрада умранинг тавофи;

Байтуллоҳил ҳаромга етиб келгач, тавоф амалини бажаради. Тавоф амали – Каъбанинг атрофида етта марта айланишдан иборат. Ҳар бир айланишга бир шавт деб айтилади. Ҳар бир шавт Ҳажарул-Асвад муқобилидан бошланиб, ўша ерда тугайди. Тавоф қилаётганда вузу ҳолда бўлмоқлик вожибдир ва агар тавоф асносида вузу бузулса, .қайтадан тавоф қилиш лозим бўлади.

  3. Икки ракъат тавоф намози;

Тавоф амали тугагач, узлуксиз равишда Каъбанинг ёнидаги Мақоми Ироҳим (алайҳис салом)нинг орқасида туриб икки ракъат тавоф намозини ўқиш лозимдир.

  4. Сафо ва Марва тоғи оралиғида саъй қилмоқ;

Тавоф намозидан сўнг тезлик билан Сафо ва Марва тоғи ўртасида саъй қилмоқлик вожиб бўлади. Саъй қилиш деганда тезроқ юриш ҳолатига айтилади. Ушбу саъй қилиш амали Сафо тоғидан бошланиб, Марва тоғида тугайди. Сафодан Марва томон саъй қилганда бир шавт ҳисобланида ва Марвадан Сафога қайтиш эса иккинчи шавт бўлади ва ахирги шавт Марвада тугайди.

  5. Тақсир ёки ҳалқ қилмоқ;

 

  Саъй амали тугагач, инсон тақсир ёки ҳалқ қилиши вожиб бўлади. Тақсир – бу соч, тирноқ ва соқолдан бир оз қирқиб олишга айтилади ва ҳалқ эса бошнинг сочини устара билан қириб олишга айтилади. Ва бу икки амалдан бирини бажарса, кифоядир.

  6. Нисо тавофи;

   Тақсир ёхуд ҳалқ қилганидан сўнг, нисо тавофини бажармоқ лозим ва бу тавоф олдинги тавофдек бажарилади ва фақат нияти билан фарқланади.

  7. Нисо тавофининг икки ракъат намози;

   Бу намоз ҳам олдингидек, Мақоми Иброҳимнинг орқасида ўқилади. Ва шунинг билан муфрада умранинг амаллари тугайди. Шуни таъкидламоқ лозимки, муфрада умраси ибодат ҳисоблангани учун мазкур амалларни бажараётганда Аллоҳнинг фармонини бажараман, қурбатан илаллоҳ, деб ният қилмоқлик зарур.

Эҳром боғлаганда ҳаром бўладиган амаллар

Агар бирор киши хоҳ таматтуъ умра ёки муфрада умра ёхуд таматтуъ ҳаж ё қирон ҳаж ёки ифрод ҳаж учун эҳромга кирса, муҳрим ҳисобланиб эҳромлик ҳолда баъзи амалларни бажариш унга ҳаром ва улардан сақланиш эса вожиб бўлади. Ушбу амалларга «эҳром муҳаррамотлари» дейилади. Эҳром муҳаррамотларининг сони 24 та бўлиб, улардан тўрттаси эркак ҳожиларга хос ва иккитаси эса аёл ҳожиларга тааллуқлидир. Қолган 18 таси эса эркак ва аёллар ўртасида муштаракдир. Уларни бирма-бир бу ерда зикр этамиз:

Эркак ва аёллар ўртасида муштарак бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1.Ойнага қармоқ.

2. Атир истеъмол қилмоқ ва бурнини ёмон ҳидлардан беркитмоқ.

3. Зийнат учун узук тақмоқ.

4. Фусуқ ишлар (ёлғон сўзлаш, сўкиниш ва фахрланиш).

5. Тортишиш (Худо ҳаққи шундай ёки бундай эмас, деган сўзларни ишлатиш).

6. Баданга турли ёғларни суртмоқ.

7. Бадан тукини олмоқ (кесиб олиш, қириб олиш ва юлиб олиш).

8. Бадандан қон чиқармоқ (бадандаги турли яралар, тошма ва доначаларни қисиш билан қон чиқармоқ, ҳаттоки тиш пастаси билан тиш ювганда қон чиқса ҳам, ҳаромдир).

9. Тирноқ олмоқ.

10. Тиш торттирмоқ.

11. Ҳарам ҳудудида ўсган дарахт, гиёҳ ва ўсимликларни қўпармоқ ёки уларни кесмоқ.

12. Қуруқликда яшовчи ҳайвонларни ов қилмоқлик.

13. Ўзига ёки бошқасига бирор аёлнинг никоҳини ўқмоқлик.

14. Жинсий лаззатланиш (яқинлик қилиш, ўпиш ва ўпишиш, шаҳват билан ушлаш ва тегиш ёки шаҳват кўзи билан қараш).

15. Истимно (ҳар қандай услублар билан ўзидан эркаклик сувини чиқариш).

16. Ўзи билан қурол-яроқ олиб юрмоқлик.

17. Сурма қўймоқлик.

18. Бит, бурга ва шуларга ўхшаш инсон баданида пайдо бўладиган ҳашаротларни ўлдириш.

Эркакларга хос бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1.Эркак ҳожилар тикилган кийимни кийишлари, ҳатто ички кийим бўлса ҳам ҳаромдир. 

2. Эркак ҳожилар пайпоқ, чориқ, пойафзал каби оёқнинг бутун устини ёпадиган оёқ кийим кийишлари ҳаромдир, аммо оёқ устининг оз қисмини ёпадиган шиппак ва шунга ўхшашни кийиш эса жоиздир. 

3. Эркак киши бошини ёпиши ёки бош кийим кийиши ҳаромдир. 

4. Эркак киши мийқотларнинг биридан Маккага борганча, бошининг устига соябон қилиб олиши ҳаромдир. Демак, Мийқотдан Маккагача бўлган йўлни усти ёпиқ машина билан босиб ўтиш жоиз эмас, балки машинанинг усти (шифти) очиқ бўлиши зарур. 

Аёлларга хос бўлган эҳром муҳаррамотлари:

1. Эҳром либосини кийган аёл чирой учун бўяниши ва безаниши, зийнатли тақинчоқлар тақиши ҳаромдир.

2. Эҳромга кирган аёл юзини ёпиши ҳаромдир.

Эслатма:  Фақатгина Макка шаҳри ва унинг атрофида яшайдиган кишиларга ҳаж мавсуми пайтида Ифрод ҳажи ёки Қирон ҳажи амалларини бажаргандан сўнг Муфрада умра амалларини бажариш вожиб бўлади. Аммо олис юртлардан Макка шаҳрига келган мўмин-мусулмонлар эса Муфрада умра амалларини бажаришлари мустаҳаб амал бўлиб, ҳозирги кунда ушбу солиҳ ва яхши амал юртимиз мусулмонлари орасида кенг тарқалмоқда.  

NAJOTKEMASI.NET – Xalqaro Islomiy Axborot va Tadqiqot Markazida tayyorlandi.

Share

Check Also

Инсон бирор кимдан қарз олиб Ҳажга борса бўладими?

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.