Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Расулуллоҳ донишмандлар нигоҳидан (1)

Расулуллоҳ донишмандлар нигоҳидан (1)

   Инглиз олими Улям Монтгомери Уот ёзади:
  «Мен 1953-йили «Муҳаммад Маккада» китобини ёзганимда Қуръон Аллоҳнинг Китоби эканлигига сўзсиз ишонч ҳосил қилдим.

 Ҳазрат Муҳаммад шундай улуғ шахсият эдики, тез орада кишилар ишончини қозонди.

Бунга пайғамбарнинг гўзал аҳлоқ, қатъийлик, саховатмандлик ва бир сўзлилик каби инсоний фазилатлари сабаб бўлди. Ахлоқ- одоби шунчалик дилкаш эдиким, кишилар беихтиёр унга меҳр-муҳаббат кўрсатар, унинг учун ҳар қандай фидокорликка тайёр турардилар.

  Олимлар орасида «Ўша даврнинг сиёсий ва ижтимоий тузумидан норозилик, Эрон ва Рим империяларининг таназзули Исломнинг кенг ёйилишига сабаб бўлди», деган гап бор. Аммо ҳақиқат шулким, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятининг эзгу хусусиятларисиз ва ҳавас қиларли фазилатларисиз бу диннинг дунё бўйлаб кенг қулоч ёйилиши имконсиз эди.»
  Уоттнинг асарлари мусулмонлар томонидан мамнуният билан кутиб олинди. Бир неча китоблари араб ва форс тилларига таржима қилинди. Унинг ижодиёти ҳақида эронлик ва араб олимлари ўз фикр-қарашларини баён этадилар. Олимларнинг умумий хулосаси шулким, Уот ростгўй шарқшунос бўлиб, Ислом ва унинг буюк пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳақларида бошқа шарқшунослар каби истар-истамас эмас, балки содиқона ва очиқ-ойдин фикр билдирган.
  У барча шарқшуносларга шундай мурожаат қилади:
  «Мусулмонлар билан яхши муносабатда бўлишимиз учун Ислом маданияти наздида қарздор эканлигимизни тан олишимиз керак. Бу ҳақиқатни яшириш нотўғри ва ўринсиз кибр-ғурурнинг натижасидир.»
  У «Мусулмонлар башариятга жуда кўп илмий кашфиётларни тортиқ қилган улуғ Ислом маданиятининг ворисидирлар», -деган фикрни илгари суради ва европаликларни бу хусусда Ислом дунёсининг шогирди эканликларини эътироф этишга чақиради.
  Кейинги йиллар давомида янги жоҳилият намояндалари инсониятнинг буюк мураббийси бўлмиш муқаддас Ислом динининг азиз пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни танқид ва таҳқир қилишни ўз мақсадларига айлантиришган. Бундай олдиндан режалаштирилган қабиҳ ишларнинг Европа ва Америкада қайта-қайта такрорланиши ақл ва тафаккур аҳлини хавотирга солмоқда. Улар Ғарб ҳам эндиликда Америка каби катта акасининг ортидан эргашиб, унинг чизган чизиғидан чиқмаётганига ишора қилишаётир.
  Дарҳақиқат, ғарб давлатлари ва оммавий ахборот воситалари энг олий инсоний фазилатларни, аҳлоқ ва қадриятларни номардларча оёқ ости қилишининг сабаби нимада? Уларнинг бунчалик тубанлашиб кетаётганларидан мақсадлари нима? Бунда қандай сир-асрор яширин?
  Немис шарқшуноси профессор Анемарие Шимель- ғарбнинг ҳақ ва ҳақиқатни хурофот ва таассублардан устун қўядиган фидойи мутафаккирларидан биридир. У масиҳийлар ўйламай-нетмай мусулмонларни ранжитишади, деган ақидададир.
  «Негаки»- давом этади олима: «Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) мисл- монандсиз бирдамликни бутун ер куррасида ижод қила олган улуғ пайғамбардир. У бахт-саодат манзилига йўл олган барча йўловчиларнинг энг яхши ҳидоятчисидир. Тарихда жуда кўп улуғ инсонлар Аллоҳга етишиш учун ул зотга тавассул этганлар ва уни энг улуғ фазилатлар билан атаганлар. Бу пайғамбар барча инсоният учун абадий ибрат намунасидир.»
  Башариятнинг энг улуғ шахсиятлари асосан икки йўл билан шуҳрат қозонишади. Биринчиси, улуғ мутафаккирларнинг қолдирган маънавий меросларидир. Худди Қуръони Карим Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) келтирган мислсиз илоҳий муъжиза ва ул ҳазратнинг илоҳий шахсиятларининг ҳаққоният, руҳоният ва маънавиятлари жилваланиши бўлгани каби, иккинчи йўл шоирлар, файласуфлар ва мутафаккирларнинг шу шахс ҳақида билдирган фикрларидир. Ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўзларининг олий мақсад ва ғоялари билан инсоният дунёсига улкан таъсир ўтказган ва уни тубдан ўзгартира олган улуғ мутафаккир ҳисобланадилар.
  Ул ҳазрат башарият тақдирига таъсир эта олиши жиҳатидан инсоният тарихида ўчмас из қолдирган буюк даҳодирлар. Бирор-бир мутафаккир Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг мисл-монандсиз шахсиятларининг бу ноёб қирраларини кўрмасликка ололмайди. Зеро, бу нарса исбот талаб қилмайдиган ҳақиқатдир.
  Профессор Шимель хонум Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) шахсиятларини зиё таратувчи Қуёш таъбири ила тилга олади ва ўзининг Муҳаммад- «Аллоҳнинг Расули» китобида ёзади:
  «Аллоҳ таоло ўзининг махсус замон ва маконга маҳдуд бўлмаган нурини пайғамбар Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) орқали оламга таратди. У ғайб оламидан ошкор бўлиб, борлиқ оламида тажаллий айлаган нурли чироқдир. Бу нур аввало Одам (алайҳис салом), сўнгра Аллоҳнинг бошқа пайғамбарларида намоён бўлди ва ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг пок вужудларида камолотга етишди.»
  Профессор давом этади:
  «Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нуроний комилликка эришганларига қарамай, энг олий мақомда ҳам ўзларини Ҳақнинг бандаси ва Унинг махлуқоти сифатида санардиларди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг инсоний сиймолари- илоҳий маънавият ва руҳоният билан ҳамоҳанг ва уйғундир. Орифлар гўзал адабий ва ирфоний таъбирларни яратишда Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нурларидан илҳомланганлар. Улар бу муборак зотнинг илоҳий – инсоний фазилатларини куйлаганлар.»
Профессор Шимель хонум ўзининг «Муҳаммад- Аллоҳнинг расули» китобида ғарбнинг Аллоҳнинг сўнгги элчисига нисбатан гина-кудурат ва адоватларини дардли воқеа деб номлайди. У Ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг инсоний ва маънавий сиймоларини тасвирлаб, ғарбликларнинг бу улуғ шахсият ҳақидаги ғаразли фикр-қарашларини ўзгартиришга ҳаракат қилади.
  Профессор Аллоҳнинг расулини раҳмат ва меҳр-муҳаббат элчиси деб атайди. Шимель хонум бу арзирли китобида жумладан ёзади:
  «Аллоҳ томонидан халойиқни тўғри йўлга ҳидоят қилиш учун юборилган кишининг ўзи олий аҳлоқий фазилатлар соҳиби бўлиши керак.
Муҳаммад ёшлигидан Маккадаги бутпарастлик удумидан нафратланарди. Ўзи тенги болакайларнинг ўйин-кулги, шовқин-суронларига қўшилмасди. Унинг юриш-туриши бошқаларга намуна эди. Чунки, хато ва камчиликларга, пок бўлмиш жисму жонига гуноҳ ғуборлари қўнишига йўл қўймасди. У ўзининг шаҳвоний ғаризаларини жиловлай олган комил инсон эди. Ҳаётининг ҳар бир лаҳзасида Аллоҳнинг таълимотларини ақл ва тафаккур ила амалга оширди. Шайтонни ўзининг мустаҳкам иродасига бўйсиндирди. Ҳазрат Муҳаммад замондошлари сиғинадиган диндан кўра юксакроқ эътиқодни изларди. Шу сабабли доимо тафаккурга чўмган ҳолда юрарди. Ногаҳон унга илоҳий ваҳий нозил бўлди.
  Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг фазилатлари шунчалик кўп ва нодирким, мутафаккирлар унинг шахсиятига юксак эҳтиром юзасидан ул ҳазратни дунёнинг бошқа сиёсатчилари, шоҳ ва султонлари билан муқояса қилиш ўринсиздир, деган фикрдадирлар.»
  Шимель хонум исломий маданиятнинг турли қирраларини меҳр-муҳаббат ила тасвирлайди. У исломий тамаддун, ирфон ва ислом оламининг машҳур шахсиятлари ҳақида 100 жилддан ортиқ китоб ёзган. Профессор 1961-йили иш фаолиятини Германиянинг Бонн университетида исломшунослик фани таълимидан бошлади. Орадан тўрт йил ўтгач, унга Гарварт университетининг дин ва исломий кафедраси мудири вазифаси таклиф қилинди. 1967-йилдан бошлаб, дунёнинг бу машҳур университетида исломий адабиёт ва ирфон фанидан сабоқ бера бошлади.
  Германиялик машҳур олима, профессор Оне Мариа Шимель ислом тамаддунини чуқур ўрганиб чиққач, ислом динини Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) томонидан башариятга келтирилган бебаҳо совға деб атади ва турли олди-қочдиларга тўлиб-тошган, ҳақиқатдан кўра уйдирмага эътибор қаратадиган ғарбнинг оммавий ахборот фазосида дадил эълон қилди:
  «Мен учун ғарбликларнинг ислом динига нисбатан бадбинлик билан қарашлари жуда-жуда ачинарлидир. Ислом юксак мақом ва мартабага эга. Унга жиддий таважжуҳ қаратмоқ лозим. Муҳаммадий дин миллионлаб инсонларнинг қалбларини ўзига мойил айлаган тинчлик (раҳмат, меҳр-муҳаббат) ва адолат динидир. Бу дин инсонларни ўлдиришни ва терроризмни қоралайди.»
  Профессор Шимель ўзининг бутун фаолияти давомида барча нутқлари, мақола ва китобларида гўзал иборалар билан ўзининг ислом пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нисбатан эҳтиром ва меҳр-муҳаббатини баён қилган. У «Муҳаммад – Аллоҳнинг расули» китобининг муқовасида ёзади:
  «Бу китоб ислом пайғамбарига бўлган 40 йиллик меҳр-муҳаббатимнинг ҳосилидир. Пайғамбарнинг юксак мақом ва мартабаларини ўз ўрнига қўйиш ва ул зотнинг олий мавқеининг адабиётда, хусусан шеърда инъикос этиш юзасидан олиб борган тадқиқотларим кўплаб мақолаларнинг ёзилишига сабаб бўлди. Китобларимни нашр этган германиялик ношир менинг ислом пайғамбари Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни эҳтиром қилиш ҳақидаги меҳр-муҳаббат ила қоғозга туширган битикларимни бир жилдда тўплашга ташвиқ қилди.»

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.