Home / Қурони Карим / Қуръон мўъжизалари / Қуръон мўъжизаларидан намуналар

Қуръон мўъжизаларидан намуналар

Японияда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» нинг замзам сувига таъсири ўрганилди.
Токиодаги илмий-тадқиқот марказларидан бири нанатехнология имкониятларидан фойдаланган ҳолда «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» тиловатининг замзам сувига ўтказадиган таъсирини текшириб чиқди.

 

Аниқланишича, бу муборак оят тиловат қилинган чоғи, замзам сувининг юзасида рамзга ўхшаш чиройли пуфакчалар пайдо бўлади.

  Тадқиқот натижаларига кўра, замзам сувининг биргина қатраси минглаб қатра оддий сувга қўшилганда, оддий сувнинг молекулалари ўзгариб, замзамлик хосиятини пайдо қиларкан.
Қуръон ҳарфларининг ажойиб муъжизалари
  Биз мусулмонларнинг илоҳий китобимиз бўлмиш Қуръони карим аслида мўъжизаларга тўлиб тошган китобдир. Унинг мўъжизалари ҳеч қачон ўзгармайди. Йиллар ўтиши билан бу ажойиб-ғаройибларнинг янги-янги ҳайратланарли қирралари кашф этилаверади.
  Ана шундай мўъжизалардан бири- айрим сураларнинг аввалида келувчи муқаттаот ҳарфлардир. Бу муборак ҳарфлар ҳақида муфассирлар турлича фикр-мулоҳазалар билдирганлар.
  Компютер яратилиши билан Қуръони Карим мўъжизаларини аниқлашнинг янги имкониятлари вужудга келди. Бундан бир неча йил аввал Рашод Халифа исмли мисрлик тадқиқотчи ҳайратланарли натижаларга эришди.
  Унинг фикрича, ҳар бир муборак сура маълум бир ҳарфлар билан бошланиб, ўша ҳарфлар шу сурада бошқа ҳарфлардан кўра кўпроқ такрорланаркан. Мисол учун, муборак «Бақара» сураси Алиф, Лом, Мим ҳарфлари билан бошланади ва шу ҳарфлар ёзилиш тартибига кўра, бу сурада бошқа ҳарфлардан кўра кўп ишлатилган.
  1. Мисол тариқасида; Алиф 4592 маротаба
  2. Лом 3204 маротаба
  3. Мим 2195 маротаба
  Муборак «Анкабут» сурасида эса қуйидагича:
 1. Алиф 784 маротаба
2. Лом 554 маротаба
3. Мим 344 маротаба
  Қизиғи шундаки, муборак «Ёсин» сурасида бу ҳолатнинг тескарисига дуч келамиз. Чунки, бу сурада ҳарфларнинг тартиб рақами аксинча ишлатилган. «ё» ҳарфи абжад ҳисоби бўйича «син» ҳарфидан кейин келади. Аммо «Ёсин» сурасида «ё» ҳарфи «син»дан олдин ишлатилган.. Ваҳоланки, барча сураларда келтирилган муқаттаот ҳарфлар абжад тартибига риоя қилинган ҳолда келгандир.
Бу муборак сурада «ё» ва «син» ҳарфларининг бошқа ҳарфларга қараганда озроқ ишлатилишининг сабаби ҳам эҳтимол, шудир.
  Рашод Халифа Қуръонда 19 рақамининг мавқеи ҳақида ҳайратланарли хулосаларни баён этган. Унинг фикрича, Аллоҳ таоло бу рақамни «Қуръонни одам фарзанди ёзган»-, деган кофирларга далил сифатида келтиради.
  «Муддассир» сурасининг 18 дан 31- гача бўлган ояти карималарида ўқиймиз:
  «Албатта, у тафаккур қилди ва чамалаб кўрди. (18) Лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди! (19) Сўнгра яна лаънат бўлсин унга, қандоқ ҳам чамалаб кўрди. (20) Сўнгра назар солди. (21) Сўнгра юзини буриштирди ва қавоғини солди. (22) Сўнгра юз ўгирди ва такаббурлик қилди. (23) Бас, бу асар қолган сеҳрдан ўзга ҳеч нарса эмас. (24) Бу башар сўзидан ўзга ҳеч нарса эмас, деди. (25) Тезда уни сақар (дўзахи)га киритаман. (26) Ва сақар нималигини сенга нима билдирди? (27) У (сақар) боқий қолдирмас ва тарк ҳам қилмас. (28) У терини кўп куйдирувчидир. (29) Унинг устида ўн тўққизта (фаришта) бордир. (30) Дўзах эгаларини фаришталардан қилганимиз ва уларнинг адади ҳам фақат кофирларни санаш учундир. Китоб берилганлар ишонч ҳосил қилишлари учундир. Ва имонлиларнинг имони зиёда бўлиши учундир. Китоб берилганлар ва мўминлар шак-шубҳа қилмасликлари учундир ва қалбларида касали бор (мунофиқ)лар ва кофирлар, Аллоҳ бу билан нима мисолни ирода қилмоқчи, дейишлари учундир. Шундоқ қилиб, Аллоҳ хоҳлаган кимсани адаштирадир ва хоҳлаган кимсани ҳидоятга бошлайдир. Роббингнинг аскарларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдир. Ва у (дўзах) башарият учун эслатмадан ўзга ҳеч нарса эмасдир. (31)»
  Рашод Халифа муаммони қуйидагича шарҳлайди:
  «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» 19 ҳарфдан ташкил топган. Ундаги ҳар бир сўз ҳам Қуръонда 19 маротаба ёки 19 нинг кўпайтмаси миқдорида такрорланган.
Масалан, «исм» сўзи 19 марта, «Аллоҳ» сўзи 142 х 19 = 2698 марта, «Раҳмон» сўзи 3 х 9 =57 марта, «Раҳийм» сўзи 6 х 19 =114 марта ишлатилган.
  Сураларнинг бошида келган муқаттаот ҳарфлар эса бутун Қуръони Каримда 19 нинг кўпайтмаси сифатида ишлатилган.
  Мисол учун, «қоф» ҳарфи «Қоф» сурасида 3 х 19 =57 марта, «Нун» ҳарфи «Қалам» сурасида 7х19=113 марта ёки «Ёсин» сурасида «ё» ва «син» ҳарфлари 15х19=285 марта, «ҳ» ва «мим» ҳарфлари айни шу ҳарфлар билан бошланувчи барча сураларда 114 х 19 =2166 марта, «Раъд» сурасида «алиф», «лом», «мим» ҳарфлари 19х79=1501 марта ишлатилган.
  Шунингдек, «Ҳасбияллоҳу ва ниъмал вакил…» ояти каримаси 19 ҳарфдан ташкил топган. «Ла ҳавла валаа қуввата иллаа биллааҳ» ҳам 19 ҳарфдан иборат.
  Буларнинг барчаси тасодифми? Йўқ, албатта. Чунки, ҳеч бир ёзувчи ўз асаримда фалон ҳарфни фалон миқдорда ишлатаман, деб олдиндан айта олмайди. Ёки у айнан 19 ҳарфдан иборат маъноли иборалар тузишнинг уддасидан ҳам чиқа олмайди. Бу мўъжизалар Қуръони Каримнинг Аллоҳ сўзи эканлигидан яққол далолат беради.
  Тадқиқотларнинг натижасига биноан, Қуръони Каримда бир-бирига зид бўлган сўзларнинг ишлатилишида ҳам тенглик мавжудлиги кўрсатилган.
  Мисол тариқасида; бу улуғ Китобда «ҳаёт» сўзи 145 марта, «мамот» сўзи, яъни «ўлим» ҳам 145 марта, «дунё» 115 марта «охират» ҳам 115 марта, «малойика» 88 марта, «шайтон» ҳам 88 марта, «ҳарр» (иссиқ) 4 марта, бард (совуқ) ҳам 4 марта ишлатилган.
  Бу ҳам тасодифми?!
  Мислсиз юксак маъноларга эга бўлган, ҳатто ҳар бир ҳарфи ўлчовли бўлган ва йиллар ўтган сайин мўъжизалари очила бораётган бу Улуғ Китобни инкор қилиш айни ақлсизлик эмасми?!
Юқорида айтиб ўтилган мўъжизалар Қуръони Карим уммонидан қатралар эди, холос.
Парвардигори карим буюрганидек:
  «Аллоҳ ҳаққу рост бўлган Китобни ва тарози – адолатни нозил қилган Зотдир. Қаердан билурсиз, эҳтимол (қиёмат) соати яқиндир.» (Демак, ғафлатда қолмай, Аллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам тутмоқ лозимдир.) (Шўро сураси, 17-ояти карима.)
  Бу қандай мезон? Бу барча нарсани қамраб оладиган ва ҳатто бир заррани ҳам унутмайдиган илоҳий мезондир.

Share

Check Also

Qur’оn va bugungi ilmiy kashfiyotlar!

Shubhasiz, Qur’оni Karim – bu tabiiyot, tibbiyot, ruhshunоslik yoki riyoziyot (matyematika) kitоbi emas. Qur’оni Karim …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.