Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳди – ўн иккинчи имом ва оламнинг буюк ислоҳотчиси (1)

Имом Маҳди – ўн иккинчи имом ва оламнинг буюк ислоҳотчиси (1)

Қора туннинг якуни

  Ҳозирги кундаги жаҳоннинг вазиятига, жиноят, қонхўрликлар, қирғинлар, ноҳақ қон тўкишлар, халқаро саҳналардаги тортишувлар, келишмовчиликлар ва сиёсий зўравонликларнинг кундан кунга ортиб боришига ҳамда ахлоқсизликлар, фасод ва бузғунликларнинг кўпайишига назар солиб

кузатадиган бўлсак, беихтиёр ўзимиздан: «Қачонгача бу вазият давом этади? Наҳотки бундай жиноят ва бузғунликларнинг чегараси бўлмай, уларнинг доирасининг қамрови кенгайиб боради ва оқибат, бутун инсоният жамияти доимий бир жанг ва урушга шўнғиб кетиб, нобуд бўлишса-я? Ёки мафкуравий ва эътиқодий оғишлар ва ахлоқий бузғунликлар ботқоғи башариятни ўзига тортиб чўктириб юборадами?

  Ва ёхуд ножот топиш ва тузалиб кетишга умид борми?» деб сўраймиз.   Бу каби саволларга икки жавоб мавжуд:   Биринчи жавоб: Бадбин моддиюнчилар томонидан берилган жавоб шундан иборатки, жаҳоннинг келажаги қоронғи бўлиб, ҳар он ва замонда хавфли ҳодиса юз беришининг эҳтимоли бор.   Иккинчи жавоб: Аммо самовий динларнинг таълимотига эътиқод қиладиганлар, айниқса мусулмонлар, махсусан шиаларнинг ушбу саволларга берадиган жавоби ва дунёқараши эса ўзгачадир.

  Уларнинг эътиқодича, бу қоронғи ва буткул фасодга тўла кунларнинг кетидан ёруғ ва умидбахш келажак бордир. Бу қора булутлар, бало ва ўлим келтирувчи туфонлар ва вайрон қилувчи селлар ахир-оқибат барҳам топажак ва унинг ўрнига мусаффо осмон, ёруғ қуёш ва оромбахш кунлар келажак.

  Бу даҳшатли гирдоблар кўз ўнгимизда ниҳоясиз бўлмай, балки олис бўлмаган уфқда нажот соҳилининг белгилари кўзга кўрина бошлаяжак.   Бутун олам буюк бир ислоҳотчининг интизоридадир, у ўзининг улкан инқилоби билан бутун ер юзини ҳақ-ҳақиқат ва адолатга тўлдиражак. Албатта турли динларда бу буюк ислоҳотчини турли-туман номлар билан келтирганлар. Араб шоирининг айтишича;

عباراتنا شَتَّي و حُسنُکَ وَاحِدٌ                  وکلٌّ إلي ذَاک الجمال يُشِير

  «Сўз ва ибораларимиз ҳар хил, аммо сенинг гўзаллигинг бир ва ягонадир. Ва айтадиган барча сўз-ибораларимиз ўша гўзалликка ишора қилади!»

Илоҳий фитрат ва буюк ислоҳотчининг зоҳир бўлиши

  Инсоннинг ички ҳиссиёти ва ботиний илҳомлари гоҳида ақл-идрокнинг муҳокамасидан кўра кучлироқ бўлиб, нафақат Аллоҳни танишда, балки барча эътиқодий масалаларда бизга йўл кўрсатади ва ушбу масалада ҳам бизни етаклаб ўз таъсирига эгадир. Ушбу ички ҳиссиётнинг белгилари:

  Биринчидан; Ҳамма инсонларнинг жаҳон миқёсидаги кенг қамровли адолатга нисбатан муҳаббати бордир. Зеро, бутун халойиқ ҳар қандай хулқ-атвор ва қарашларга эга бўлишидан қатъий назар адолат ва сулҳни севадилар ва бутун вужудлари билан жаҳон миқёсидаги адолат ва сулҳни талаб қиладилар. Бутун инсонларнинг жаҳоний адолат ва сулҳни исташлари буюк ислоҳотчи зоҳир бўлиши фитрий эканлигига энг яхши далилдир. Негаки, қайси масалада ҳамма одамларнинг умумий истак ва муҳаббатлари бор бўлса, ўша масала фитрий эканлигига энг яхши далил бўла олади (диққат қилинг!).

  Ҳар бир ҳақиқий ва фитрий ишқ-муҳаббат ташқи оламда бир маъшуқ ва маҳбуб борлигидан ва унинг жозибасидан дарак беради. Шундай экан, қандайига Аллоҳ инсон қалбида бу ишқ-муҳаббатни яратиб қўйган бўлса-ю, аммо унинг амалга ошишини эса таъминламаса?   Шу ерда адолатни талаб қилувчи инсониятнинг виждони ва фитратига мувофиқ ўлароқ дунё бир куни келиб, адолат ва сулҳ-тинчликка тўлиб, адолат бутун жаҳонни қамраб олажак, зулм-ситам ва зўравонлик таг-томири билан йўқотилажак. Бу ишни амалга оширадиган буюк ислоҳотчи эса бутун башариятни ягона бир ўлка ва ҳокимиятга айлантириб, адолат асосида уларга ҳукмронлик қилажак ва улар бир байроқ ва бир давлатнинг остида бирлашиб, бир-бирларини тушунган ҳолда сулҳ, сафо ва самимият билан ҳаёт кечиражаклар.

  Иккинчидан; Жаҳондаги бутун динлар ва мазҳаблар умумий шаклда буюк ислоҳотчининг келишини интизорлик билан кутмоқдалар. Тақрибан ҳамма динларда бу хусусида эътиқод мавжудлиги кўзга ташланади ва уларнинг ҳаммаси буюк халоскор келиб, башариятни оғир аҳволдан қутқаришига ишонишади. Мавжуд бўлган санад ва ҳужжатларнинг кўрсатишича, ушбу эътиқод умумий ва қадимдан бор бўлиб, шарқ ва ғарбдаги барча миллат-элатлар ва динлар келажакда одил ҳукрон ва подшоҳ келишига эътиқод қиладилар. Аммо Ислом дини комил ўлароқ бу масала унда тўла-тўкис ва муфассалроқ баён этилгандир.

  Зардуштийларнинг машҳур китоби бўлмиш «Занд»да Изадон (яхшилик ва адолат худоси) ва Аҳриманон (зулм ва ёмонлик худоси)нинг ўзаро доимий курашуви баён қилингач, шундай дейилади: «У вақт Изадон Аҳриманон устидан ғалаба қозонади ва уни ер юзидан йўқотади… Бутун олам ҳақиқий саодатга эришажак ва одамизот яхшилик ва саодат тахтига ўтиражак!» Зардуштийларнинг бошқа бир китоби бўлмиш «Жомосб нома»да эса Зардуштнинг тарафидан бундай нақл қилинади: «Арабларнинг сарзаминидан катта бошли, йирик танали ва бақувват бир киши чиқиб, ўзининг бобокалонининг динини қайта жонлантириш учун кўп сонли сипоҳлари билан бутун ер юзини эгаллайди ва унда адолат билан ҳукмронлик қилажак.»

  Ҳиндуларнинг «Вашен жавак» номли китобида шундай ёзилган: «Ахир-оқибат бутун ер юзи Худонинг севикли бандасининг қўлига ўтажакдир ва у Худонинг хос бандалари дандир.»   Ҳиндуларнинг «Босак» номли китобида эса бундай ёзилган:

  «Дунёнинг ҳозирги даври тугаб, охир замонда бир одил подшоҳ ер юзини эгаллайди. Ва У фаришталарнинг, париларнинг ва одамларнинг пешвоси ва раҳбари бўлажакдир. Шубҳасиз, ҳақ унинг тарафида бўлғусидир. У денгизлар, тоғлар ва ер остидаги пинҳон бўлган нарсаларни қўлга киритажак. Кўк ва ердаги барча нарсалардан хабар беражак ва ундан буюкроқ ҳеч ким дунёга келмас!»

  Аҳди қадим (Таврот ва унинг иловалари)дан бўлган ҳазрат Довуд пайғамбарнинг «Мазомир» номли китобида ёзилишича: «Ёмонларнинг илдизи қурийди, аммо Худога таваккул қилувчи солиҳ бандалар эса ернинг вориси бўлажаклар.» Худди шу китобда ёзилишича: «Сиддиқ ва ростгўйлар ер юзини эгаллайдилар ва ҳамиша ер юзида қолажаклар.» Тавротнинг «Ашъиёи набий» номли китобида шунга ўхшаш иборалар битилган. «Матто» Инжилининг 24 – фаслида эса бундай дейилган: «Яшин шарқда пайдо бўлиб, то ғарбга қадар кўринганидек, бир кун келиб инсон боласи ҳам худди шундай ҳайбат билан ҳукуматга келажак…»

  «Луқо» Инжилининг 12 – фаслида бундай ёзилган: «Белларингизни маҳкам боғлаб, ўз чироқларингизни ёндирган ҳолда сақланглар. Ўз сарвари ва певосини интизорлик билан кутаётган кимсадек бўлинглар. Қачонки келиб эшигингизни тақиллатса дарров унинг олдига тайёр ҳолда пешвоз чиқинглар!»

  «Алоим зуҳур» (зуҳурнинг белгилари) номли китобда ёзилишича; «Хитойликларнинг қадимги китобларида, ҳиндуларнинг ақидаларида, Скандинавия ороллари аҳолиси ўртасида, ҳатто қадимги мисрликларнинг орасида ва Мексиканинг маҳаллий қабилалари ичида ҳам бутун ер юзида адолат яратувчи одил ва ислоҳотчи ҳукмдор келишига этиқод қилинганлигини мушоҳада қилиш мумкин.»

Ақлий далиллар

  A. Дунёнинг яратилиши бизга берадиган сабоққа кўра, башарият ўзининг ҳаётининг охирида адлолатли қонунга бўйин эгиб, адолат асосида қурилган тузумга ва устувор сулҳ-тинчликка таслим бўлиши керак.   Батафсилроқ изоҳлайдиган бўлсак, бизга маълум бўлишича, борлиқ оламнинг қурилмаси ва ундаги ҳамма нарсалар муайян қонун-қоидалар асосида яхлит бир назму тартибга эга бўлиши ўзаро боғлиқ ва ягона тузум мавжудлигидан далолат беради.

  Тартиб-интизом, қонун-қоида, ҳисоб-китоб ва дастуриламал асосида иш юритилиши ушбу жаҳоннинг энг асосий ва муҳим хусусиятларидан ҳисобланади.

  Буюк сайёралардан бошлаб, то игнанинг учига бир неча милион сонда сиғдирса бўладиган атом заррачасигача бўлган бутун мавжудот аниқ ва муайян назму тартибга тобедир. Инсон организмидаги турли аъзолар, ажойиб тузилган кичик бир ҳужайрадан бошлаб, то инсон миясини ишлаш тарзи, асаб тизмаси, юрак ва ўпканинг тузилмаси -гача бўлган аъзоларнинг ҳаммаси ўта ингичка, аниқ ва муайян назму тартибга эга. Ушбу соҳа донишмандлари -нинг айтишича, инсон организмидаги аъзоларнинг ҳар бири жуда ҳам аниқ ва тўппа-тўғри ишлайдиган соат сингари инсон баданида ишлайди ва ўта аниқ ва муайян тартибда қурилган компютер тузуми уларнинг қаршисида аҳамиятсиз ва арзимас кўринади. Бундан ташқари, дарёлар ортидаги тирик жонзотлар ва осмонлардаги сайёралар ва хуллас бутун мавжудот ягона бир системани ташкил этиши ва ўзаро тартиб ва боғлиқликка эга эканини кузатишимиз мумкин.

  Шундай экан, қандайига ана шу улкан тизимнинг бир бўлаги ҳисобланган инсон ушбу тузум ва назму тартибга зид ўлароқ тартибсиз равишда жанг олвини ёқиб, зулм-ситам билан қон тўкиб ҳаёт кечираверади?! Тартибсизликнинг бир тури бўлмиш адолатсизликлар, ахлоқсизликлар ва ижтимоий бузғунликлар доим башарият устидан ҳукронлик қила оладими?!

  Суҳбатимиздан қуйидаги хулосага келамиз: Яратилиш тузумини кузатиш бизни ушбу ҳақиқатдан огоҳ этадики, ахир-оқибат башарият ҳам ўзининг асл яратилиш мақсади тарафига қайтиб, зулм-ситам ва адолатсизликларга барҳам бериб, тартиб-интизомли қонун-қоидага ва адолатли тузумга бўйин эгиб тинч-тотув ҳаёт кечиражак.

  B. Жамиятнинг камолот сари ҳаракатланаётганлиги; Башарият равшан ва порлоқ келажак сари бораётганлигига яна бир далил унинг ҳамиша такомил топиш йўлида олдинга силжишидир. Ушбу ҳақиқат ҳаммага аёндирки, инсоният вужудга келиб ўзини таниган кунидан буён ҳеч қачон бир поғона ва босқичда тўхтаб қолмай, доимо олдинга силжиб тараққиёт йўлида қадам ташлаган.   Моддий жиҳатдан олиб қарасак, турар жой, кийим-кечак, озиқланиш тури, нақлиёт воситалари, ишлаб чиқариш саноати бир куни ўта ибтидоий шаклда бўлиб, инсонлар жуда ҳам содда ва оддий яшаганлар. Эндиликда эса ривожланиш жараёни шундай бир босқичга етиб борганки, инсон ақлини ҳайратга солиб, кўзларни қамаштиради ва шубҳасиз, бу тараққиёт сари илгариламоқ ривожи ҳануз ҳам давом этмоқда.

  Илм-фан тараққиёти жиҳатидан қарайдиган бўлсак, башариятнинг бу жиҳатдаги ҳаракати ҳам юқори суръатда олдинга қараб давом этмоқда ва инсонлар ҳар куни янги кашфиёт, янги илмий татқиқот ва аллақандай мавзуларда илмий ихтироларни қўлга киритмоқдалар.   Ушбу «такомиллашиш қонуни» ахир-оқибат маънавий-ахлоқий ва ижтимоий томонларни ҳам қамраб олиб, бу жиҳатдан ҳам рўй бериши табиийдир. Маънавий-ахлоқий ва ижтимоий томонларда такомил топиш инсониятни адолатга асосланган ягона қонунчилик, устувор адолат ва сулҳ ҳамда ахлоқий ва маънавий фазилатлар сари етаклайди. Гарчи бугунги кунда фасод-бузғунлик ва ахлоқсизлик кундан кунга кучайиб бораётган бўлса-да, бироқ бунинг ўзи кучли бир такомиллашиш инқилобининг аста-секинлик билан рўй беришига хизмат қилажак.

  Албатта биз ахлоқсизликларга қизиқтириб, унинг томон тарғибот қилиш керак, демоқчи эмасмиз, аммо бу маънавий инқирозлар ва фасод-бузғунликлар ҳаддидан ошгач, унга зид ва тескари ўлароқ ахлоқий бир инқилоб рўй бергай, демоқчимиз холос. Одамлар гуноҳларга ғарқ бўлиб боши берк кўчага кириб қолиб бошлари тошга тегиб жонлари оғизларига келганда илоҳий бир йўлбошчига муҳтож эканликларини ва унинг кўрсатадиган йўл-йўриқларини қабул қилиш лозимлигини кўпроқ ҳис қила бошлайдилар.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.