Home / Аҳли-Байт / Имом Соҳибаз-Замон (а.ж) / Имом Маҳди – ўн иккинчи имом ва оламнинг буюк ислоҳотчиси (2)

Имом Маҳди – ўн иккинчи имом ва оламнинг буюк ислоҳотчиси (2)

 Қуръон ва ҳазрат Маҳдининг зуҳурлари

  Буюк самовий китоб бўлмиш Қуръони Каримда ўн иккинчи имом Маҳди ҳазратларининг улкан зуҳурлари (келишлари)ни башорат берган кўплаб оятлар мавжуд. Биз бу оятлар орасидан фақат бирини келтириш билангина кифоятланамиз:

 <وَعَدَ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَعَمِلُوا الصَّالِحَاتِ لَيَسْتَخْلِفَنَّهُم فِي الْأَرْضِ كَمَا اسْتَخْلَفَ الَّذِينَ مِن قَبْلِهِمْ وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْناً يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئاً وَمَن كَفَرَ بَعْدَ ذَلِكَ فَأُوْلَئِكَ هُمُ الْفَاسِقُونَ>

  «Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва эзгу амалларни қилган зотларга худди илгари ўтган (имонли) зотларни (ерюзига) халифа (ҳукмрон) қилганидек, уларни ҳам ер юзида халифа қилишни ва уларучун шак-шубҳасиз, ўзи рози бўлган динни (Ислом)ни мустаҳкам қилишни ҳамда уларни хавфхатарларидан сўнг тинчлик-осудалик ҳолатига айлантириб қўйишни ваъда қилди. Улар Менга ибодат қилурлар ва Менга бирор нарсани шерик қилмаслар. Кимки мана шу (ваъда)дан кейин куфр келтирса, демак, ўшаларгина итоатсиз-фосиқлардир.» (Нур сураси; 55-оят.)

  Ояти каримадан кўриниб турганидек ахир-оқибат, ер юзидаги ҳукумат бари – бир бир кун келиб золим – ситамкор, фосиқ ва жабборларнинг қўлидан чиқиб, имонли солиҳ бандаларнинг қўлига ўтажак ва улар бутун ер юзида ҳукмронлик қилажаклар.

  Мазкур оятда юқоридаги ваъдадан ташқари яна учта ваъда берилган; Биринчиси – Дилларнинг Ислом динига мойил бўлиб Ислом динининг мустаҳкамланиши ва Аллоҳ ҳокимиятининг қалбларга маънавий нуфуз қилиши:

<وَلَيُمَكِّنَنَّ لَهُمْ دِينَهُمُ الَّذِي ارْتَضَى لَهُمْ>

  «Шак-шубҳасиз, улар учун ўзи рози бўлган динни (Ислом)ни мустаҳкам қилгай.»

  Иккинчиси – ҳар қандай нотинчлик ва хавотирликнинг ўрнини тинчлик, осудалик ва хотиржамлик эгаллаши:

<وَلَيُبَدِّلَنَّهُم مِّن بَعْدِ خَوْفِهِمْ أَمْناً>

  «Шак-шубҳасиз, уларни хавфхатарларидан сўнг тинчлик-осудалик ҳолатига айлантириб қўяжак.»

  Учинчиси – ширк ва бутпарастликнинг таг-томири билан йўқ қилиниши:

<يَعْبُدُونَنِي لَا يُشْرِكُونَ بِي شَيْئاً>

  «Улар Менга ибодат қилурлар, Менга бирор нарсани шерик қилмаслар.»

  Юқоридаги оятнинг тафсирида ҳазрат имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) шундай буюрганлар:

«هم والله شيعتنا يفعل الله ذلک بهم علی يدي رجل منّا و هو مهديُّ هذه الأمَّة»

  «Аллоҳга қасамёд этиб айтаманки, оятда айтилган солиҳ бандалар бу бизнинг издошларимиз ва шиаларимиз бўлиб, Аллоҳ ўз ваъдасини бизнинг хонадонимиздан бўлган солиҳ банда воситаси билан амалга оширади ва у – бу умматнинг Маҳдийсидир.»[1]

Ҳазрат Маҳди ҳадис манбаларида

  Пайғамбаримиз хонадонлари аҳлидан бўлган «Маҳди» исмли бир одил ва солиҳ шахс орқали бутун ер юзида адолат ва тинч-сулҳга асосланган жаҳоний ҳукумат қурилиши ҳақида кўплаб ҳадислар ҳам аҳли суннатнинг ва ҳам шиаларнинг ҳадис манбаларида нақл қилинган. Ушбу ҳадисларнинг сони зиёдлиги жиҳатидан мутавотир даражасидан ҳам ўтиб кетган.

  Ҳазрат Маҳдининг 12 – имом ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифа ва ворислари эканлиги, ул зот ҳазрат имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг 9 – авлоди ва наслидан бўлганлиги ва имом Ҳасан Аскарий (алайҳис салом) нинг бевосита фарзанди эканлиги ҳақидаги ҳадислар эса шиаларнинг ҳадис манбаларида мутавотир даражасига етган.

  Имом Маҳди зуҳур қилиши (келиши) ҳақидаги ҳадислар аҳли суннатнинг ҳадис манбаларида мутавотир даражасига етганини исботлаш учун аҳли суннат уламолари бу ҳақда ўз китобларида ёрқин тарзда ёзиб қолдирганликлари биз учун кифоядир. Ҳаттоки охирги кунларда Ҳижоздаги энг буюк диний марказ бўлмиш «Робитатул оламил исломий» (Ислом оламининг робитаси) ташкилоти томонидан чоп этилган рисолада имом Маҳди борасида шундай ёзилган:

  «У 12 та хулафои рошидиннинг охиргиси бўлиб, Пайғамбаримиз саҳиҳ ҳадисларида у ҳақда хабар берганлар. Маҳди ҳақидаги ҳадислар Пайғамбаримизнинг кўп саҳобаларидан нақл қилингандир.»

  Сўнгра ушбу рисолада бундай ҳадисларни ривоят қилган «йигирмата саҳоба»нинг номини зикр қилиб шундай деб давом эттирилган:

  «Айтиб ўтилган саҳобалардан ташқари яна кўплаб саҳобалар Маҳди борасидаги ҳадисларни нақл қилганлар… Аҳли суннатнинг баъзи буюк уламолари ҳазрат Маҳдига оид ҳадис ва ривоятлар ҳақида махсус китоблар битганлар. Жумладан; Абу Наим Исфаҳоний, Ибн Ҳажар Ҳайсамий, Шавконий, Идрис Мағрибий ва Абул Аббос ибн Абдул мўминларнинг номларини келтиришимиз мумкин.» Сўнгра қўшимча қилиб айтади: «Ўтмишдаги ва ҳозирги кундаги аҳли суннатнинг буюк уламоларидан айримлари -нинг ошкора айтишларича, Маҳди ҳақидаги ҳадислар мутавотир даражасига етган.»

  Кейин мазкур уламоларнинг номини санаб ўтиб ушбу ибора билан ўз суҳбатига якун ясайди:

  «Бир тоифа ҳофиз ва муҳаддисларнинг ошкора айтишларича, Маҳдига оид ҳадислар ҳам саҳиҳ ҳадислар туридан ва ҳам ҳасан ҳадислар туридан бўлиб, уларнинг мажмуи қатъиян мутавотир даражасидадир. Маҳдининг инқилобига эътиқод қилиш вожибдир ва бу масала аҳли сунна вал жамоанинг қатъий ва инкор этиб бўлмас ақоидидан саналади ва жоҳил ва бидъатчи кишилардан ташқари ҳеч ким буни инкор эта олмайди!»

Имом Маҳди шиа ҳадисларида

  Шу нарсани билишимиз кифоядирки, асримиз эгаси ва соҳиби бўлмиш имом Маҳди ҳазратларига оид шиаларнинг ҳадис манбаларида Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дан ва ҳидоят йўлига бошловчи имомларимиздан турли хил ровийлар томонидан нақл қилинган ҳадисларнинг сони шунчалик кўпки, мутавотирлик ҳаддидан ошиб кетган. Шу боис, имом Маҳдининг зуҳур қилишларига эътиқод қилмоқ шиалар наздида диннинг зарурий масалаларидан саналади. Кимки шиалар орасига кириб улар билан алоқада бўлса, уларнинг имом Маҳдига, ул зотнинг хусусиятларига, зуҳур қилишларининг белги-аломатларига ва ул ҳазрат ҳукуматларининг маъно-моҳияти қандайлигига ҳамда унинг ҳокимият қуришдаги турли дастурларига нисбатан бўлган эътиқодларидан хабардор бўлиши шубҳасиздир.

  Шиаларнинг йирик уламолари даслабки асрлардан бошлаб, бугунги кунгача бу борада жуда кўплаб китоблар битиб, унда ушбу мавзуга оид турли ҳадисларни нақл қилганлар. Бу борада кўпроқ маълумот олишни истовчилар «Маҳди буюк бир инқилоб», «тинчлик ва осудалик башорати» ва «Ал-Маҳдий» (муаллиф: саййид Садриддин Садр) китобларига мурожаат қила оладилар.

  Биз фақат намуна сифатида баъзиларини бу ерда келтирмоқчимиз: Пайғамбаримиз Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бундай деб марҳамат қилдилар:

«لَوْ لَمْ يَبْقَ مِنَ الدَّهْرِ إلَّا يَوْمٌ لَطَوَّلَ الله ذلک الْيَوْمَ حَتَّي يَبْعَثَ رجلاً من أَهْلِ بَيْتِی يَمْلَأُها قِسْطاً و عَدْلاً کَمَا مُلِئَتْ ظُلْماً و جَوْراً»

  «Дунё тугашига фақат бир кун қолган бўлса-да, Аллоҳ ўша кунни узоқ муддатга чўзади. Токи, У ер юзига менинг хонадоним аҳлидан бўлган бир кишини танлайди. У ер юзини зулм ва ситамга тўлганидек адолат ва ҳаққониятга тўлдиражак.»[2]

  Бошқа бир ҳадисда имом Содиқ (алайҳис салом) дан бундай нақл қилинади:

«إذَا قَامَ الْقَائِمُ حَکَمَ بالْعدل وَارْتَفَعَ الْجَوْرُ فِي أَيَّامِهِ وَ أَمِنَتْ بِهِ السُّبُلُ وَ أَخْرَجَتِ الْأَرْضُ بَرَکَاتِهَا، و رُدَّ کُلُّ حَقٍّ إِلَي أَهْلِهِ،…وحَکَمَ بَيْنَ النَّاسِ بِحُکْمِ دَاوُودَA وحُکْمِ مَحَمَّدٍ7 فَحِينَئِذٍ تُظْهِرُ الأَرْضُ کُنُوزَهَا، و تُبْدِي بَرَکَاتِهَا، ولا يَجِدُ الرَّجُلُ مِنْکُمْ يَوْمَئِذٍ مَوْضِعاً لِصَدَقَتِهِ و لِبِرِّهِ، لِشُمُولِ الْغِنَي جَمِيعَ الْمُؤْمِنِينَ…!»

  «Оёққа турувчи инқилоб қилганида (12-имом зуҳур қилганида) адолат асосида ҳукумат қуради. Унинг ҳокимияти даврида зулму-жабр ўртадан кўтарилади, бутун йўллар унинг шарофати билан хотиржам, хатарсиз ва осуда бўлади, ер ўз баракотини чиқариб тўкади, ҳар бир ҳақ-ҳуқуқ ўз эгасига қайтарилади, ул зот одамлар ўртасида ҳазрат Довуд ва ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сингари муҳокама ва қозилик қилади. Ўша даврда ер ўзидаги яширин бойликлар ва хазиналарни ошкор этади ва ўзининг баракотини намоён қилади ва бирор кимса хайр-эҳсон қилиши ва садақа бериши учун садақа оладиган муҳтож шахсни топа олмайди, зеро, ҳамма мўминлар бой-бадавлат яшайдилар.»[3]

  Имом Маҳди (Аллоҳ ул зотнинг зуҳурларини тезлаштирсин) кўздан ғойиб бўлган пайтларида Ислом умматига раҳбарлик ва пешволик қилиш масъулияти ул зотнинг умумий ноиблари бўлмиш фақиҳ ва мужтаҳид олимлар тарафидан амалга оширилиб давом этади.



[1]. Мажмаъул баён тафсири, нур сурасининг 55 – ояти тафсирида келтирилган.

[2]. Ушбу ҳадис шиа ва аҳли суннатнинг кўпгина китобларида нақл қилинган.

[3]. Биҳорул анвор, 13 – жилд, эски нашри.

Share

Check Also

ИНСОНИЯТ НАЖОТКОРИНИНГ ИНТИЗОРИДА (31)

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Нажоткор томон глобал чақириқ Нажоткорнинг солиҳ ва адолатли ҳукуматининг ахлоқий хусусиятлари ДУШМАН БИЛАН …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.