Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Аббос бин Али (а.с) – фазилат ва мардоналик соҳиби

Аббос бин Али (а.с) – фазилат ва мардоналик соҳиби

 Бисмиллааҳир Роҳмаанир Роҳиймabbas5

Тарихда ўзининг номини вафодорлик ва фидоийлик рамзи сифатида ўчмас ҳарфлар ила ёзиб қолдирган улуғ бир шахсиятнинг таваллудлари куни муносабати билан сиз азизларга ушбу мақолани тақдим этамиз.  Ҳазрат Абул Фазл Аббос (алайҳис салом)нинг таваллуд кунлари барча мусулмонларга муборак бўлсин!

   Шаъбон ойининг 4-куни башарият тарихида жавонмардлик хислати билан заррин лавҳа каби чарақлаб турган ҳазрат Аббос бин Али (алайҳис салом)нинг таваллуд кунларидир. Ул ҳазрат инсоний фазилатларнинг жуда кўпига эга бўлганлиги сабабли «Абулфазл» яъни, «Фазилатлар соҳиби» унвонига сазовор бўлдилар. Бундай инсонларнинг ҳаёт йўли бошқа кишиларни саодат ва нажот манзилига ундайди. Ислом тарихида 22 ҳижрий-қамарий йили шаъбон ойининг 4-куни Мадина аҳли Али (алайҳис салом) хонадонига ташриф буюриб, янги дунёга келган чақалоқнинг улуғвор ота-оналарини бу муборак мавлуд билан қутлашга шошилишарди.

  Чақалоқнинг онаси Уммул Банин ўз фарзандини Али (алайҳис салом)нинг муборак қўлларига тутқазди. Падари бузрукворлари Али (алайҳис салом) боланинг ўнг қулоғига тавҳид ва нубувватнинг замзамаси бўлган азон ва чап қулоғига иқомат ўқидилар.

   Малакутий басират соҳиби бўлган мўминлар амири Али (алайҳис салом) чақалоқнинг келажакда ориятли ва шижоатли йигит бўлиб вояга етишини билган ҳолда унга Аббос, яъни «Қўрқмас ва жасоратли, жанг майдонининг марди» дея ном қўйдилар.

  Ҳазрат Аббос (алайҳис салом)нинг волидаи муҳтарамалари Фотима бинти Ҳаззом бўлиб, кейинчалик Уммул Банин лақаби билан машҳур бўлдилар. Уммул Банин Али (алайҳис салом) хонадонида ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) фарзандларига муносиб шаклда оналик қилдилар. Уммул Банин доимо ўзларини ҳазрат Али (алайҳис салом) ва ҳазрат Фотима (саломуллоҳи алайҳо) фарзандларининг хизматкори ва чўриси деб билардилар.

  Ҳазрат Аббос оналарининг фазилати ҳақида Шаҳиди Соний лақаби билан танилган раббоний олим Зайниддин шундай ёзади:

  «Уммул Банин маърифатли ва фазилат соҳиби бўлган аёллардан эдилар. Қалбида нубувват хонадонига нисбатан чексиз меҳр-муҳаббат жилваланарди. Бу муборак хонадонга хизмат қилиш учун ўзини бағишлади. Нубувват хонадони ҳам бу фидоий аёлни юксак даражада ҳурмат-эҳтиром қилишарди.»

  Ҳазрат Аббос (алайҳис салом)ни гўзал чеҳралари, малакутий ҳулқ-одоблари, келишган қад-қоматлари сабабли «Қамари бани Ҳошим», яъни «Бани Ҳошим хонадонининг тўлин ойи» дея номлаган эдилар.

  Машҳур муфассир ва муҳаддис Ибн Шаҳрошуб «Маноқиб» китобида ёзади:

  «Ҳазрат Абулфазлнинг муборак чеҳралари тўлин ой мисоли ёғду таратиб тургани сабабли ул ҳазратни «Қамари бани Ҳошим» деб аташарди».

  Ҳазрат Али (алайҳис салом) шаҳодат тўшагида Аббос (алайҳис салом)ни ёнларига чорлаб, бошини бағирларига босган ҳолда бу дилбанд фарзандлари ҳақида шундай марҳамат қилдилар:

   «Зудлик ила қиёмат куни кўзларим сен туфайли равшанлашади».

  Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ҳам Тосуъо куни, яъни 60-ҳижрий қамарий йили, Муҳаррам ойининг тўққизинчи кунининг аср пайтида Абулфазл Аббос (алайҳис салом)га қараб шундай буюрдилар:

  «Жоним сенга фидо бўлсин, биродарим, отга миниб, душманга ҳамла қил!»

  Бу қисқа жумлада имом Ҳусайн (алайҳис салом)нинг ҳазрат Аббос (алайҳис салом)га бўлган теран меҳр-муҳаббати «жоним сенга фидо бўлсин» иборасида мужассамлашган.

  Ҳазрат Аббос (алайҳис салом)га тааллуқли «Зиёратнома»да олтинчи имомимиз ҳазрат Жаъфари Содиқ (алайҳис салом)нинг қуйидаги сўзларини ўқиймиз:

   «Шаҳодат бераманки, сиз таслим мақомида эдингиз. Имом Ҳусайн (алайҳис салом)ни тасдиқладингиз ва Аллоҳнинг бу ҳужжатига вафодор қолдингиз. Ўз имомингизга хайрихоҳ эдингиз. Ушбу фидокорлигингиз сабабли Парвардигори карим сизни шаҳидлар сафига қўшди, руҳингизни саодатли бандалар арвоҳи ила ҳамнишин ва ҳамроҳ айлади».

  Ҳазрат Аббос (алайҳис салом) 14 ёшларигача падари бузрукворлари ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг тарбияларида бўлдилар. Тарих гувоҳлик беришича, ҳазрат Али (алайҳис салом) ўз фарзандларининг тарбиясига жуда катта аҳамият берардилар. Ҳазрат Аббос (алайҳис салом) падари бузрукворларининг чексиз билим ва мустаҳкам иймонларидан баҳра олдилар. Ҳазрат Али (алайҳис салом) бу ҳақда айтадилар:

  «Фарзандим Аббос болалик чоғларида илм ўрганди. Онасидан сув ва дон оладиган кабутар боласи сингари мендан маърифат олди.»

   Ҳазрат Аббос (алайҳис салом) ҳаётининг энг муҳим хусусияти – бу ўз акалари имом Ҳасан ва Ҳусайн (алайҳимас салом)ларга бўлган чексиз меҳр-муҳаббат, унс-улфат ва вафодорликларидир. Ул зот улуғвор акаларидан кўп нарсаларни ўргандилар. Улар билан ҳамфикрлик ва ҳамдиллик ҳазрат Аббоснинг маънавий камолотлари ва инсоний фазилатлари юксак даражада парвариш топишига улкан таъсир кўрсатди. Аббос бин Али (алайҳис салом) улуғвор шахсиятларининг гавдаланиб турган томони ул ҳазратнинг вафодорлик ва фидокорлик хислатларидир. Бу юксак инсоний фазилатлар Карбалонинг ўлмас қаҳрамонлик достонида намоён бўлди.

  Абулфазлил Аббос (алайҳис салом) сўнгги нафасларигача имом Ҳусайн (алайҳис салом)га кўмакдош ва мададкор эдилар. Шу сабабли, Аббос (алайҳис салом)нинг номи имом Ҳусайн (алайҳис салом) номи ила абадий тилга олинади.

  Падари бузрукворлари ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг қуйидаги ҳикматли сўзлари фикримиз далилидир:

  «Мўминларнинг энг яшиси ўз жони, аҳли – аёли ва молини фидо айлашда бошқалардан кўра илдамроғидир».

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.