Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Беъсат- инсонни янги ва покиза ҳаёт сари етаклайди (2)

Беъсат- инсонни янги ва покиза ҳаёт сари етаклайди (2)

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан

  Азиз пайғамбарамиз Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг беъсатлари ҳижратдан 13 йил олдин, ҳижрий-қамарий йили бўйича, ражаб ойининг 27- кунида юз берди. Ўша кунларда Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ибодат ва тафаккур қилиш учун Ҳиро ғорига боргандилар.

  Шу кунда илоҳий фаришта Жаброил Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)га нозил бўлди. Жаброил Ул Ҳазратни ўқишга чақирди ва ул ҳазратга буюк рисолат ва элчилик башоратини берди. Шу ҳолда ваҳий нури инсоният осмонида порлади ва одамларнинг ширк, жаҳолат ва зулм сиртмоғидан қутулиб, буюк ўзгаришга юз тутишлари учун дебочаси бўлди. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг Маккадаги беъсатлари инсонларни ёруғлик, тавҳид, адолат ва маърифат томон даъват қилган илоҳий пайғамбарлар беъсатларининг давоми эди.

  Қуръони Каримда пайғамбарлар инсониятнинг йўлбошчиcи ва ўқитувчиcи сифатида зуҳур этишлари таъкидланган. Пайғмбарларнинг беъсатларидан кўзланган мақсадлардан бири, турли қавму элатлар ўртасидаги низоларни бартараф этиш бўлган. Бақара сурасининг 213-оятида шундай буюрилган:

كاَنَ النَّاسُ أُمَّةً وَاحِدَةً فَبَعَثَ اللَّهُ النَّبِيِّنَ مُبَشِّرِينَ وَ مُنذِرِينَ وَ أَنزَلَ مَعَهُمُ الْكِتَابَ بِالْحَقّ‏ِ لِيَحْكُمَ بَينْ‏َ النَّاسِ فِيمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ وَ مَا اخْتَلَفَ فِيهِ إِلَّا الَّذِينَ أُوتُوهُ مِن بَعْدِ مَا جَاءَتْهُمُ الْبَيِّنَاتُ بَغْيَا بَيْنَهُمْ  فَهَدَى اللَّهُ الَّذِينَ ءَامَنُواْ لِمَا اخْتَلَفُواْ فِيهِ مِنَ الْحَقّ‏ِ بِإِذْنِهِ وَ اللَّهُ يَهْدِى مَن يَشَاءُ إِلىَ‏ صِرَاطٍ مُّسْتَقِيمٍ

  «Одамлар бир миллат эдилар. Бас, Аллоҳ хушхабар ва огоҳлантириш берувчи Набийларни юборди ва уларга одамлар ўртасида, улар ихтилоф қилган нарсаларда ҳукм қилиш учун ҳақ китоб туширди. У тўғрисида ихтилофни очиқ ҳужжатлар келгандан сўнг, кимга берилган бўлса, ўшаларгина ҳаддан ошиб қилдилар. Имон келтирганларни ҳақ тўғрисида ихтилоф қилган нарсаларида Аллоҳ Ўз изни ила ҳидоятга солади. Аллоҳ кимни хоҳласа, тўғри йўлга бошлайди».

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Мадинага ҳижрат қилганликларидан кейин, биринчи навбатда мусулмонлар ўртасида улфат ва биродарлик алоқасини яратдилар ва икки йирик қабила (Увс ва Хазраж) қабилалари ўртасидаги кина-гудурат илдизини қуритишга бел боғладилар. Қуръони Каримда Ол Имрон сурасининг 103- оятида бу борада қуйдагича буюрилган:

(وَ اعْتَصِمُواْ بِحَبْلِ اللَّهِ جَمِيعًا وَ لَا تَفَرَّقُواْ وَ اذْكُرُواْ نِعْمَتَ اللَّهِ عَلَيْكُمْ إِذْ كُنتُمْ أَعْدَاءً فَأَلَّفَ بَينْ‏َ قُلُوبِكُمْ فَأَصْبَحْتُم بِنِعْمَتِهِ إِخْوَانًا وَ كُنتُمْ عَلىَ‏ شَفَا حُفْرَةٍ مِّنَ النَّارِ فَأَنقَذَكُم مِّنْهَا  كَذَالِكَ يُبَينِ‏ُّ اللَّهُ لَكُمْ ءَايَاتِهِ لَعَلَّكمُ‏ْ تَهْتَدُونَ)

  «Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: Бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз».

  Донишмандлар беъсатнинг ваҳдат ва бирдамлик бағишловчи таъсирини унинг энг муҳим меваси деб билганлар. Бир халқ ўртасида ҳақиқий ҳамжаҳатлик шаклланиши учун, кучли ва мантиқий асос зарур бўлади. Бу тўғрида Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) халқни қавурға суякларига ўхшатганлар ва исломий жамиятда ваҳдат мезонини илоҳий арқонни маҳкам тутиш деб билганлар.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) беъсатларидан кўзланган яна бир мақсад; халқнинг адолат томон бориши учун керакли шароитни яратиш бўлган. Қуръони Каримда Ҳадид сурасининг 25-ояти каримасида шундай буюрилади:

(لَقَدْ أَرْسَلْنَا رُسُلَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَ أَنزَلْنَا مَعَهُمُ الْكِتَابَ وَ الْمِيزَانَ لِيَقُومَ النَّاسُ بِالْقِسْطِ وَ أَنزَلْنَا الْحَدِيدَ فِيهِ بَأْسٌ شَدِيدٌ وَ مَنَفِعُ لِلنَّاسِ وَ لِيَعْلَمَ اللَّهُ مَن يَنصُرُهُ وَ رُسُلَهُ بِالْغَيْبِ إِنَّ اللَّهَ قَوِىٌّ عَزِيزٌ)

  «Дарҳақиқат, Биз Пайғамбарларимизни равшан (нарса)лар ила юбордик ва улар ила китоб, ҳамда одамлар адолатда туришлари учун мезон туширдик. Ва темирни туширдик – унда катта куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бор. Аллоҳ ким Ўзига ва Пайғамбарларига ғойибона ёрдам бераётганини билиши учун. Албатта, Аллоҳ кучли ва азиздир».

  Мўъжизалар ва ақлий далиллар; пайғамбарлар халқ онгини ўстириш учун фойдаланган нарсалар (воситалар)дир. «Мезон»дан мақсад яхшиликлар ва ёмонликларни ўлчайдиган илоҳий қонунлар ва меъёрлардир.

  Ислом пайғамбарига бошқа илоҳий пайғамбарларга ўхшаб юклатилган энг муҳим вазифалардан бири жамиятда адолатни ўрнатиш бўлган. Қуръони Каримда Шўро сурасининг 15-оятида шундай буюрилади:

(فَلِذَالِكَ فَادْعُ وَ اسْتَقِمْ كَمَا أُمِرْتَ وَ لَا تَتَّبِعْ أَهْوَاءَهُمْ وَ قُلْ ءَامَنتُ بِمَا أَنزَلَ اللَّهُ مِن كِتَابٍ وَ أُمِرْتُ لِأَعْدِلَ بَيْنَكُمُ اللَّهُ رَبُّنَا وَ رَبُّكُمْ لَنَا أَعْمَالُنَا وَ لَكُمْ أَعْمَالُكُمْ لَا حُجَّةَ بَيْنَنَا وَ بَيْنَكُمُ اللَّهُ يَجْمَعُ بَيْنَنَا وَ إِلَيْهِ الْمَصِيرُ)

  «Бас, шунинг учун ҳам даъват қил, ўзингга амр қилинганидек, мустақим тур ва уларнинг ҳавои нафсларига эргашма ҳамда: «Мен Аллоҳ нозил қилган ҳар бир китобга имон келтирдим ва орангизда адолат ўрнатишга амр қилиндим. Аллоҳ бизнинг Роббимиз, сизнинг ҳам Роббингиз. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизнинг амалларингиз ўзингиз учун. Биз билан сизнинг орамизда жанжал(га ўрин) йўқ. Аллоҳ бизларни жамлайди ва қайтиш ёлғиз Унинг Ўзигадир», деб айт».

  Адолат инсониятнинг доимий орзуси бўлиб, инсонлар ҳамиша адолатни излаб юрганлар. Агар бугун унга эришмаган эканлар, сабаби уларнинг илоҳий анбиёлар таълимотларидан узоқлашганликларидир.

  Шубҳасиз, пайғамбарларнинг халқ ичидан танланишлари Аллоҳнинг буюк неъматидир. Аллоҳ олий таълимотлар ва гўзал хулқ билан, дунёни поклик ва гўзаллик томон бошлади. Қуръони Каримда Жумъа сурасининг 2 -оятида шундай буюрилади:

(هُوَ الَّذِى بَعَثَ فىِ الْأُمِّيِّنَ رَسُولًا مِّنْهُمْ يَتْلُواْ عَلَيْهِمْ ءَايَاتِهِ وَ يُزَكِّيهِمْ وَ يُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَ الْحِكْمَةَ وَ إِن كاَنُواْ مِن قَبْلُ لَفِى ضَلَالٍ مُّبِينٍ)

  «У зот саводсизлар ичидан, гарчи улар бундан аввал очиқ залолатда бўлсалар ҳам, уларга оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда китобни ва ҳикматни ўргатадиган Пайғамбарни юборди».

  Бинобарин, Қуръони Карим Расулуллоҳ беъсатларидан кўзлаган буюк мақсадлардан бирини халқни поклик йўлида тарбиялаш ва уларни истеъдодларини гуллаб-яшнатиш деб билади. Қуръоннинг илоҳий оятлари тиловати ва нафс тарбиясидан сўнг, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) беъсатларининг муҳим натижаларидан бири халққа ҳикмат ва китобдан таълим бериш санаб ўтилади. Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) илоҳий оятлар тиловати билан йўлдан адашган, бузуқлик ва гуноҳга ботган инсонларни китоб ва ҳикмат ёрдамида қайта тирилтиришлари керак эди.

  Агар борлиқнинг яратилишидан мақсад; Аллоҳга сиғиниш деб билсак, илоҳий пайғамбарлар беъсатларидан якуний мақсад, махсусан Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бесатларидан мақсад; инсониятни поклик чўққисига етказиш ва гуноҳ гирдобидан қутқариш бўлган деб бемалол айтишимиз мумкин. Муборак Наҳл сурасининг 36 – оятида шундай буюрилади:

(وَ لَقَدْ بَعَثْنَا فىِ كُلّ‏ِ أُمَّةٍ رَّسُولاً أَنِ اعْبُدُواْ اللَّهَ وَ اجْتَنِبُواْ الطَّغُوتَ فَمِنْهُم مَّنْ هَدَى اللَّهُ وَ مِنْهُم مَّنْ حَقَّتْ عَلَيْهِ الضَّلَالَةُ فَسِيرُواْ فىِ الْأَرْضِ فَانظُرُواْ كَيْفَ كاَنَ عَاقِبَةُ الْمُكَذِّبِينَ)

  «Батаҳқиқ, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг», деб Пайғамбар юборганмиз. Бас, улардан баъзиларини Аллоҳ ҳидоят қилди. Баъзиларига эса, залолат ҳақ бўлди. Бас, ер юзида сайр қилиб юриб ёлғонга чақирувчиларнинг оқибати қандай бўлганига назар солинг».

  Али (алайҳис салом) буюрадилар:

  «Парвардигор, Муҳамад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)ни халқни Аллоҳ бандаларига сиғинишдан қутқариш ва ўзи билан Аллоҳга сиғиниш йўлига етаклаш учун йўллади.»

  Ислом инқилобнинг буюк раҳбари Оятуллоҳ ал-узмо Хоманайи ҳазратлари беъсатнинг мақсадига ишора этиб шундай буюрадилар: «Беъсат мақсадини Қуръонда ёрқин жиҳатларда излаш мумкин….Улардан бири зулматдан чиқиб нурга киришдир…Беъсат; инсонларни жаҳон зулматидан, ёмон одатлардан ва ёмон ва хурофотга асосланган ахлоқдан ҳамда золимлар зулмидан чиқариб, унга қарама-қарши бўлган нур томон етаклайди. Бу нур аслида ўша тавҳиднинг ҳақиқати ва муваҳҳидлик (яккахудолик) ибодатидир ва барча қадриятлар ва фазилатлар уни остида жой олади ва Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) беъсатларининг буюк меваси, инсоннинг шайтон ва нафс ҳавосидан қутулишининг ягона йўлидир».

  Шу тартибда Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) дунё аҳлига дунё чархпалаги айланадиган замонгача саодат ва бахтни кафолатловчи динни армуғон келтирдилар. Ул ҳазрат инсоннинг ибодатга бўлган эҳтиёжини қондирдилар ва инсонларга Худодан бошқасига сиғинмасликни ўргатдилар. Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўз беъсатлари билан инсоният жамиятидаги қадриятларни тубдан ўзгартириб юбордилар ва жаҳон аҳлини мурувват, инсонийлик, меҳрибонлик, имон ва адолат билан таништирдилар. Дунё ул ҳазратнинг ҳаёт бағишловчи ва ҳамиша тирик таълимотлари нуридан қисқа муддат ичида ёлқинлашди ва қисқа вақт ичида ислом дини бутун дунёда ёйилди.

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.
Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.