Home / Аҳли-Байт / Имом Зайнул-обидин (а.с) / Имом Зайнул Обидин (а.с) нинг муборак таваллудлари куни

Имом Зайнул Обидин (а.с) нинг муборак таваллудлари куни

  Ёлғиз ва қодир Парвардигоримизнинг тинчлик ва раҳмат элчиси хотамуланбиё Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га салому салавот йўллаб, имом Сажжод (алайҳис салом) нинг муборак таваллуд айёмларига бағишлаган махсус мақоламизни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Азизлар, муборак шаъбон ойининг 5-кунида ислом оламининг буюк шахсияти ва имомат осмонининг тўртинчи юлдузи имом Сажжод (алайҳис салом) дунёга келганлар. Ул ҳазрат ислом тарихининг ўта нозик ва мураккаб даври, яъни падари бузрукворлари имом Ҳусейн (алайҳис салом) шаҳодатга етган оғир замонда имомат ва раҳбарлик масъулиятини ўз зиммаларига олганлар. Ўз баракотли умрлари ва 34 йиллик имомат даврларида ўта қимматли маънавий-тарбиявий мерос қолдирдилар. Ушбу бебаҳо мероснинг айримлари ул ҳазратнинг «Саҳифаи Сажжодия» номли китобларида келтирилган. «Саҳифаи Сажжодия» илоҳий маориф дурдоналаридан иборат қимматли маънавий хазина ҳисобланади. Илоҳий билим-маърифат нури ила мунаввар бўлган бу ҳикматлар мажмуи Ҳақ таоло даргоҳига қарата битилган дуо ва муножот шаклида ифода этилган. Имом Сажжод (алайҳис салом) барча замонлар ва авлодларга таалуқли бўлган ақидавий, ахлоқий ва ижтимоий масалаларни дуо ва муножот тилида ифода этганлар.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) нинг муборак таваллуд айёмлари муносабати билан сизлар ва барча дунё мусулмонларини чин дилдан табриклаб, ул ҳазратнинг тарбия усулларини ўзида мужассам этган «Саҳифаи Сажжодия» китобининг айрим муҳим жиҳатларини сиз азизларга тақдим этишга баҳоли қудрат ўриниб кўрамиз.

  Инсон руҳий ва маънавий етукликка эришиш учун ҳаракат қилади. Маълумки, бу етукликка етишнинг гарови саҳиҳ, яъни тўғри тарбиядир. Саҳиҳ тарбия усулларини турли замонларда яшаб ижод қилган комил инсонларнинг сийраси ва каломларидан излаш керак. Шак-шубҳасиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи вассаллам) ва ул ҳазратнинг Аҳли-Байтларининг ҳаёт-фаолиятлари, қолдирган бебаҳо маънавий меросларига бир назар солсак, барча замонлар ва авлодларга ибрат намунаси бўла олдадиган саҳиҳ тарбиянинг таъсирчан усуллари ақл-фаросатимиз кўзлари олдида баралла намоён бўлади.

  Имом Зайнул Обидин (алайҳис салом) «Саҳифаи Сажжодия»нинг ҳар бир саҳифасида тарбия қилишнинг асосий мақсади Аллоҳ розилигига эришиш ва Аллоҳга яқинлашиш эканлигини қайта-қайта таъкидлаганлар.   Имом ҳазратлари турли дуолар орқали бизга инсон ҳаётининг асосий негизи ёлғиз Аллоҳ эканлиги ва умримизнинг ҳар бир босқичи ёлғиз Аллоҳ учунгина бахшида этилиши зарурлиги тушунтирадилар. «Саҳифаи Сажжодия»га биноан, инсонни ўз Парвадигори билан алоқа ўрнатиши ёлғиз Аллоҳга нисбатан маърифат касб этишдан бошланади.

  «Саҳифаи Сажжодия»нинг энг муҳим жиҳати шундан иборатки, бу китобда таъкидланган илоҳий ва инсоний қадриятлар инсоннинг фитрати ва руҳоний оламига тўлиқ мувофиқ ва уйғундир. Башариятнинг маънавий ва ички оламининг мангу эҳтиёжларидан бири- бу Аллоҳни излаш ва Ҳақ зотига эътибор қаратиш ҳисобланади. Имом ҳазратлари инсон руҳиятининг мана шу хусусиятига суяниб, одамзот руҳу жонини Аллоҳнинг лутфу-иноятларини қабул қилишга тайёрлайди. Имом Сажжод (алайҳис салом) ҳазратлари қодир Парвардигорга жуда гўзал ва таъсирчан сўзлар билан ҳамду сано айтадилар ва Уни ёдга оладилар.

  «Саҳифаи Сажжодия»да келтирилган биринчи дуони ўқиймиз: «Кўрувчилар кўзлари кўролмайдиган, мақтовчиларнинг тил ва тафаккурлари ожизлик қилган Аллоҳ ҳеч ким ва ҳеч қайердан андоза ва намуна олмасдан Ўзининг чексиз билим, қудрат ва иродаси ила махлуқотни халқ қилди.»

  «Саҳифаи Сажжодия»да келтирган дуоларнинг бирида шундай дейилади: «Худойим, мени фақир, паст ва тубан мақомда бадавлат юқорироқ мақомда деган гумонда тайрилишдан паноҳингда асра. Зеро муҳтарам ва мумтоз шахс Сенга итоат қилиш туфайли шарофатли бўлган кимсадир ва азиз Сенга ибодат ва бандалик қилиш оқибатида азиз бўлган кишидир.»

  Имом Сажжод (алайҳис салом) ҳазратларининг айтишларича: -Мўминнинг қуйидаги хислатлари бор: амал ва мулойилимлиги уйғун, бир жойда ўтирмоғидан мақсад илм олмоқ, соғ –омон қолиш учун сукут, омонат тарзида унга топширилган нарсани дўстлар даврасида ошкор қилмаслик, бегоналар ҳузурида гувоҳликни яширмаслик, ҳеч бир яхши амални риё учун қилмаслик ва уятдан уни тарк этмаслик, агар таъриф қилсалар, таърифчиларнинг сўзидан хавотирда бўлмоқ, ўзгалар билмайдиган гуноҳларидан тавба қилиш ва жоҳилларнинг нодонлиги унга зиён етказмаслиги керак.

  Ул ҳазратнинг таълимотларида илм талабида бўлиш энг яхши инсоний хислат саналади. Мана бу ўта таъсирчан ва ҳикматли сўзларга эътибор беринг:

  «Агар одамлар илм талабида қанчалик порлоқ натижаларга эришиларини билганларида эди, унга эришиш учун қатъий қадам ташлардилар, агарчи бу кўнгилни қон қилиб, дарёлар қаърига чўкиб кетмоқ билан ниҳоясига етса-да… »

  Ҳурматли ўқувчилар, мана бизга ажратилган вақт ўз ниҳоясига етмоқда. Барчангизни яна бир бора имом Сажжод (алайҳис салом) ҳазратларининг муборак таваллуд кунлари муносабати билан сизларни чин юракдан табриклаб, ул ҳазратнинг ушбу маъноли сўзлари билан суҳбатимизга якун яасаймиз: «Кимки ўз нафсини эҳтиром қилса, дунё унинг назарида хор ва арзимас нарсага айланади.»

Share

Check Also

Имом Сажжоднинг ўзлари билан аҳмоқона муомалада бўлганларга муносабатлари

Диний раҳнамоларнинг ҳаётлари  биз учун шараф, эзгулик, олижаноблик ва инсонийлик дарсидир. Уларнинг маънавий сифатлари улар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.