Home / Аҳли-Байт / Расулуллоҳ (с.а.о) / Ислом Пайғамбари – Аллоҳ Юборган Пайғамбарларнинг Сўнггиси (1)

Ислом Пайғамбари – Аллоҳ Юборган Пайғамбарларнинг Сўнггиси (1)

Хотамият (сўнгги юборилганлик)нинг аниқ маноси;

  Ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Аллоҳ йўллаган пайғамбарларнинг сўнггиси бўлиб, пайғамбарлик тизмаси ул зот билан якунланади. Ушбу масала Ислом динининг зарурий шартларидан бири ҳисобланади.

  Зарурий шартлардан бири деганимизнинг маъноси ўзини мусулмон, деб билган ҳар бир инсон истисносиз Ислом пайғамбари «пайғамбарларнинг охиргиси» эканига эътиқод қилиб, ушбу ҳақиқатга тўла ишонади ва бу уларнинг назарида ойдин ва қатъий масаладир. Мусулмонлар билан алоқада бўлган ҳар бир шахс уларнинг диний эътиқодига кўра, «тавҳид (яккахудолик)» асл ва асос эканини билганидек, шунингдек, «Ислом пайғамбари Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг сўнггиси» эканлигига барча мусулмонлар якдиллик билан ишонишларини ва мусулмонларнинг ҳеч бир гуруҳи янги пайғамбар келишининг интизорида бўлмаганини яхши билади.

  Дарҳақиқат, башариятнинг такомиллашиши учун ҳидоятчи қилиб йўлланган пайғамбарлар орқали инсоният ўзининг такомил топиш йўлида турли босқичларни босиб ўтиб, ўзини тутиб ололадиган даражада тараққиёт ва камолот поғонасига етишган ва Ислом динининг кенг қамровли таълимоти ва дастурларидан фойдаланиб ўз муаммо ва мушкулларини ҳал эта олади.

  Бошқа сўз билан айтганда: Ҳазрат Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг набийлик даврларига келиб умуман башарият нисбатан ривожланган ва шунинг учун Ислом динининг ўзи охирги марра, яъни камолотгача инсонни етаклаш қудратига эга ва бошқа янги динга эҳтиёж йўқ эди. Зероки, Ислом ҳар тарафлама баркамол ва етук дин бўлиб, унинг қонун-қоида ва дастурлари ҳаётнинг бутун қирраларини назарга олган ва башариятнинг улғайиши ва баркамол бўлиши учун кенг кўламли йўл-йўриқларни баён этган юксак бир диндир. Эътиқодий ва мафкуравий нуқтаи назардан бағоят теран мазмунга эга энг мукаммал таълимотларни ва амал жиҳатидан эса инсониятнинг ҳамма давр ва асрда ҳаёт кечириши учун муносиб келадиган ва унинг барча эҳтиёжини қондира оладиган кўрсатмаларни кўрсатган. Шунинг учун Ислом дини инсон тараққиётининг ҳамма жиҳатларини назарда тутгандир.

Пайғамбаримиз Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари эканлигига далиллар

  Бу мавзуни исботлаш учун кўп далилларимиз мавжуд. Шулар орасидан энг ёрқин бўлган уч далилни келтирамиз:   1. Хотамият, яъни охирги пайғамбарлик ёки сўнгги юборилганлик масаласи Ислом динида зарур ҳисобланган масалалардан биридир. Айтиб ўтганимиздек жаҳондаги ҳамма мусулмонлар бу ақидага ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб ёндашадилар. Шунга биноан, кимки Ислом динини ақл ва мантиққа таянган ҳолда етарли далиллар билан қабул қилган бўлса, хотамиятни ҳам қабул қилишидан ўзга иложи йўқдир. Негаки, ўтган дарсларда Ислом динининг ҳаққонийлигини етарли далиллар билан исботлаган эдик. Шу боис, хотамиятни ҳам Ислом динининг ажралмас зарур бир бўлаги каби қабул қилишимиз шарт.   2. Қуръони Каримнинг оятлари ҳам хотамиятга далолат қиладиган равшан далиллардандир:

(مَا كَانَ مُحَمَّدٌ أَبَا أَحَدٍ مِّن رِّجَالِكُمْ وَلَكِن رَّسُولَ اللَّهِ وَخَاتَمَ النَّبِيِّينَ وَكَانَ اللَّهُ بِكُلِّ شَيْءٍ عَلِيماً)

  «Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасининг отаси эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билгувчидир.» (Аҳзоб сураси; 40-оят.)

  Қуръони Каримнинг ушбу таъбири шундай бир замонда айтилган эдики, араблар орасида ўгай ўғил масаласи кенг ривожланган бўлиб, бировнинг боласини ўзининг ўғли сифатида танлаб уни қабул қилиб олишар эди. Бундай «ўғиллар» оиланинг ҳақиқий фарзанди каби бемалол ўша оилага кириб келар ва оила азоси учун маҳрам ҳисобланар ва ҳатто уларнинг меросхўри ҳам бўлар эдилар. Бироқ Ислом дини келиб бу жоҳилият урф-одатини бекор қилиб деди: «Ўғил қилиб олинганлар ҳаргиз шариат қонунига биноан, ҳақиқий фарзанд ҳуқуқига эга эмасдир.» Жумладан Зайд Пайғамбаримизнинг ўғиллари ўрнида қабул қилинган эди ва ҳамма уни Зайд бин Муҳаммад деб чақирар эди. Аммо нозил бўлган юқоридаги ояти карималар Зайдни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ўғли эмаслигини уқтириб, бизларга икки муҳим хабарни етказди: «Бири- бировнинг боласини ҳақиқий фарзанд ўрнида қабул қилиб олмай, Ислом пайғамбарини ўзингиздан бўлган бирор кишининг отаси, деб билмангиз. Иккинчиси эса ул зотни унга хос бўлган икки ҳақиқий сифат билан тилга олингиз; Бири «Аллоҳнинг элчиси» бўлса, бошқаси «Аллоҳ йўллаган пайғамбарларнинг сўнггиси»дир.

  Қуръоннинг ушбу таъбиридан маълум бўладики, Ислом пайғамбари Аллоҳ юборган пайғамбарларнинг сўнггиси эканликлари ул ҳазратнинг набийлик ва расулликлари каби ҳаммага аён ва сўзсиз бир масала бўлган.   Бу ерда юзага келадиган биргина савол шундан иборатки, «хотам» сўзининг ҳақиқий маъно-мазмуни нимадир?

  Араб тилида «хотам» сўзи «хатм» ўзагидан олинган бўлиб, тугатувчи ёки якунловчи маъносини ифодалайди ва шунинг учун «хотам»ни муҳр, деб ҳам таржима қилиш мумкин. Нега деганда, ёзиб битилган мактуб сўнггида босиладиган асбобга «муҳр», деб айтишган. Қадимда бирор нома ёки муҳим бир ҳужжат ёзиладиган бўлса, унинг охирида ёзган одам имзо ўрнига узугининг кўзига битилган нақшлар билан муҳр босган ва бу билан мактуб тугалланганини билдирган. Шунинг учун араб тилида узукка «хотам» дейилган. Асосан ҳар бир шахс узугининг қошига ўзига хос бўлган нақш ва тасвирлар ёки ўз исмини ўйиб туширган бўлиб, ёзган мактубининг сўнггида узугининг қоши билан муҳр босар эди.

  Ривоятларда келтирилишича, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ўша замон подшоҳлари ва ҳукмдорларига мактуб ёзиб, уларни Исломга чақирмоқчи бўлганларида, саҳобалар ул ҳазратга дедилар: Ажам тоифасидан бўлган подшоҳлар одатда муҳр босилмаган мактубни қабул қилишмайди. Ўша вақтгача ёзган номалари муҳрсиз ва содда бўлган Пайғамбаримиз узукларининг қошига ЛО ИЛОҲА ИЛЛАЛЛОҲ МУҲАММАДУР РАСУЛУЛЛОҲ иборасини ўйиб тушуришга буюрдилар. Шундан сўнг ул жаноб ўз мактубларининг остига ушбу ибора битилган узуклари билан муҳр босар эдилар.

  Ушбу таҳлилга биноан, «хотам» сўзининг асл маъноси ишни поёнига етказувчи ёки тугатувчи деганидир.

  3. Кўпгина нақл қилинган ҳадисларда Пайғамбаримиз Аллоҳнинг сўнгги элчиси ва набийси эканлиги очиқ-ойдин исботланган. Жумладан қуйидаги ҳадисларни эътиборингизга ҳавола этамиз:

  Жобир бин Абдуллоҳ Ансорий пайғамбаримиздан нақл қилган мўътабар ҳадисда ул зот шундай деб марҳамат қилдилар:

  «Мен пайғамбарлар ичида худди қурилаётган бинонинг сўнгги ғишти кабидирман. Ҳар ким бу бинога боққанда «қандай чиройли бино экан, лекин бир дона тирқиши очиқ қолиб бу ернинг кўринишини бузиб тургандек» – дейди. Мен эса ана шу улкан бинони тўлиқ ва комил қилиш учун қўйилган охирги ғишт бўлиб, барча пайғамбарлар менга келиб тугашган.» (Мажмаъул Баён тафсири) Имом Содиқ айтадилар:

«حَلَالُ مُحَمَّدٍ صلّی الله علیه و آله وسلّم حَلَالٌ أَبَداً إِلَي يَوْمِ الْقِيَامَةِ و حَرَامُهُ حَرامٌ أبداً إلَي يَوْمِ الْقِيَامَةِ»

  «Ҳазрат Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳалоли то қиёматгача ҳалол ва унинг ҳароми то қиёматгача ҳаромдир.»

  Шиа ва суннийларнинг мўътабар китобларида ҳазрат Али (алайҳис салом) ҳақларида нақл қилинган машҳур ҳадисда Пайғамбаримиз Алига қараб:

«أنت منِّي بمنزلةِ هَارُونَ مِن مُوسَي إلَّا أَنّه لَا نَبِيَّ بعدِي»

  «Сенинг меним наздимдаги мартабанг Ҳоруннинг Мусо наздидаги манзилати сингаридир, фақат фарқи шундаки, мендан сўнг ҳеч бир пайғамбар келмас», деб марҳамат қиладилар ва бошқа ўнлаб ҳадислар даъвомизга далил бўла олади.

Share

Check Also

Муҳаммад Расулуллоҳ (с.а.о) Сиёсий Раҳбар Сифатида (1-қисм)

Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан КИРИШ «Тарих қаҳрамонлар яратадими, ёки қаҳрамонлар тарихни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.