Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳусайн (а.с) / Ҳусайн бин Али (а.с) ҳидоят нури ва нажот кемаси

Ҳусайн бин Али (а.с) ҳидоят нури ва нажот кемаси

  Ҳижратнинг 4- йили шаъбон ойининг 3 куни ҳазрат Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломулоҳу алайҳо) нинг иккинчи фарзандлари дунёга келди. Бу хушхабар Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) га етиб борганида ҳазрат Али (алайҳис салом) уйларига келиб, чақалоқни келтиришларини буюрдилар.

Оқ чойшабга ўралган чақалоқни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг ҳузурларига олиб келишди. Ул ҳазрат унинг ўнг қулоғига азон ва чап қулоғига эса иқомат ўқидилар. Бола туғилишининг илк кунларидаёқ илоҳий ваҳийнинг омонатдори Жабраил (алайҳис салом) нозил бўлиб дедилар:   «Сизга Худонинг саломи бўлсин, эй Расулуллоҳ! Бу муборак чақалоқнинг номини Ҳусайн деб қўйинг».   Шундай қилиб, Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломулоҳу алайҳо) нинг иккинчи дилбанд фарзандлари Аллоҳ томонидан Ҳусайн деб номланди.   Бу муборак кун барча мусулмонларга муборак бўлсин!   Ҳусайн бин Али (алайҳис салом) олти ёшларигача ислом пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳузурларида яшаб, нубувват этагида тарбия топдилар. Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бу муборак жигаргўшаларига улкан меҳр-муҳаббат билан муносабат қилардилар.   Салмон Форсий ривоят қилади:   Аллоҳнинг Расули (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳусайн (алайҳис салом) ни тиззаларига ўтқазиб, юзларидан ўпганча буюрар эдилар:   «Сен- улуғсан, улуғ инсоннинг ўғли ва улуғларнинг отасидирсан. Сен- имомсан, имомнинг ўғли ва имомларнинг отасидирсан. Сен – Аллоҳнинг ҳужжати, Аллоҳ ҳужжатининг фарзанди ва Аллоҳ ҳужжатининг отасидирсан».   Анас бин Молик ҳам ривоят қилади:   Аллоҳнинг Расулидан; «Аҳли-Байтингиздан қай бирини кўпроқ яхши кўрасиз?» деб сўраганларида ул ҳазрат: «Ҳасан ва Ҳусайнни» деб буюрдилар.   Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Ҳасан ва Ҳусайн (алайҳис салом) ни қайта-қайта бағирларига босиб, уларни ҳидлар ва ўпар эдилар.   Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ва Ҳусайн (алайҳис салом) ўрталаридаги энг олий, энг самимий ва энг гўзал муносабатни ушбу жумлаларидан ҳам пайқаш мумкин:

«حُسَیْنٌ مِنِّی وَ أَنَا مِنْ حُسَیْنٍ»

  «Ҳусайн мендан ва мен Ҳусайндандирман».   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) раҳмат, каромат ва иззат-эҳтиром намунаси бўлиб, ул ҳазрат раҳмат ёмғири каби барча мусулмонлар қалбига ҳаёт, сергаклик ва завқ-шавқ бағишлайдилар. Ул ҳазрат шаҳидлар ва ҳур фикрлилар сарвари бўлиш билан бирга, барча афзалликлар, инсоний ва исломий фазилатларнинг ҳам сарваридирлар.   Имом Ҳусайн асос солган курашиш мактаби фақатгина Бани Умайянинг зулм-ситамига қаршилик кўрсатиш мактаби эмасдир, балки бу курашдан олдин Ҳусайний мактаб шогирдлари жиҳоди акбар жабҳасида, яъни ўз нафслари билан курашиш жараёнида жасорат ва матонат имтиҳонидан ўтган эдилар.   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) орият-шижоат ҳамда Қудратли Аллоҳ наздида камтарлик ва таслим рамзидирлар. Ул зотнинг ибратга лойиқ гўзал аҳлоқ-одоблари эса юксак руҳият ва илоҳий тарбиялари натижасидир. Имом Ҳусайн (алайҳис салом) падари бузруквор ва улуғ боболари каби ҳар бир инсонни имконияти даражасида илоҳий сифатлар билан сифатлаш тарафдори эдилар.   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг зулм ва ситамга қарши курашишлари жараёни аҳлоқий қадриятларни намойиш этиш заминини яратди. Ўша даврларда Умавий ҳукмдорларнинг айрим ножўя фаолиятлари натижасида Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) кўрсатган таълимотлари ҳамда аҳлоқ қадриятилари орадан кўтарилган эди. Жамиятнинг умумий фазосига аҳлоқий таназзул ва тубанлашиш ҳукмрон бўлди. Умавий ҳукмдорлар саройида зулм ва фисқу фасод авж олди.   Имом Ҳусайн (алайҳис салом) ана шу жамиятга ҳоким бўлган аҳлоқсизликни бартараф этиб, унинг ўрнига Муҳаммадий аҳлоқни жорий қилмоқчи бўлдилар. Шу сабабли, ул ҳазрат ўз ҳаракатларини яхшиликка даъват ва ёмонликдан қайтариш сифатида бошладилар. Жамиятни аҳлоқий фазилатларга қайтариб, имомат мақомида мусулмонларнинг таълим-тарбияси билан шуғулланмоқчи эдилар. Бу ҳақда буюрадилар:   «Дарҳақиқат, мен бобом Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) умматини ислоҳ қилмоқчидирман. Бу умматни яхшиликка даъват айлаб, ёмонликдан қайтармоқчиман. Бобом Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳамда падари бузрукворим Али бин Абу Толиб (алайҳис салом) тутган йўллари ва услублари асосида иш юритмоқчиман».   Ҳусайн бин Али (алайҳис салом) ўз ҳидоят нури ила келажак насллар йўлига нур ва зиё бахш этадиган улуғ ва буюк ҳақиқат ҳамда тирикликнинг талотумли уммонида ғарқ бўлаётганларни нажот соҳилига етказувчи нажот кемасидир. Инсоф ва ақл-заковат ила назар ташлаган киши имом Ҳусайн (алайҳис салом) шахсиятида инсониятнинг энг гўзал жилваларини мушоҳада қилади. Шаҳидлар сарвари имом Ҳусайн (алайҳис салом) таваллуд кунларига бағишланган махсус мақоламизни мисрлик мутафаккир Абдуллоҳ Аълоийнинг сўзлари билан якунламоқчимиз. Ушбу олим ёзади:   «Биз инсоният тарихида бирор-бир жабҳада ўзининг буюклигини олам аҳлига намоён этган улуғ инсонларни учратамиз. Бири орият-шижоат, бири зуҳд-парҳизкорлик ва яна бири саховат  ва бахшандалик соҳасида… Аммо имом Ҳусайн (алайҳис салом) нинг буюклиги ва азамати инсоний фазилатларнинг барча соҳаларини қамраб олади. Гўё у барча фазилат, афзаллик ва улуғворликларни ўзида мужассамлаштирган буюк ва улуғ зотдир.»

Share

Check Also

Турли халқларда Ошуро ва Муҳаррам ойида мотам мажлисларининг ўтказилиши

БИСМИЛЛААҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи бўлиб, «Шаҳрул-Ҳаром» ёки «Муҳаррамул-Ҳаром» деб аталади. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.