Home / Аҳли-Байт / Имом Ҳасан (а.с) / Имом Ҳасан Мужтабо (а.с) ҳаётларидан айрим лавҳалар

Имом Ҳасан Мужтабо (а.с) ҳаётларидан айрим лавҳалар

  БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 Бугун Аллоҳнинг Расули ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)нинг илк неваралари, ҳазрат Фотима аломуллоҳу алайҳо) ва ҳазрат Али (алайҳис салом)нинг тўнғич фарзандлари, ўз сабр-қаноат ва мужоҳадалари билан ҳақпарастларнинг яловбардори бўлган Ҳасан бин Али (алайҳис салом)нинг таваллуд топган кунларидир.

   Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) ҳижратнинг учинчи йили, Рамазон ойининг 15 куни дунёга келдилар. Рамазон ойининг яримида ҳижрий-қамарийнинг 3-йили эди. Малоикалар Мадинаи мунаввара шаҳрининг осмонида кўринмоқдалар. Расули Акрам (алайҳис салом) шодлик билан ўзларининг илк навераларининг туғилганини кутмоқдалар. Али ва Фотима ҳаётларининг биринчи меваси дунёга келиш арафасида. Уларнинг кутишлари рўёбга чиқиб, Али (алайҳис салом) ва Фотима (саломуллоҳу алайҳо)нинг кичик уйлари ёс гилининг ҳидига тўлади. Уни яшил матога ўраб, Расули Акрамнинг ҳузурларига олиб борадилар. Сарвари коинот меҳрибонлик билан уни қучоқлаб, кичкинтой қулоғига азон ўқидилар ва исмини Ҳасан деб қўйдилар.

  Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) Аллоҳнинг уч нафар азиз бандаси – Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам), ҳазрати Али (алайҳис салом) ва Фотимаи Заҳро (саломуллоҳи алайҳо)нинг меҳр-муҳаббатли оғушларида тарбия топдилар. Келажакда Ислом умматига раҳбарлик ва йўлбошчилик қилиш учун тадрижий равишда ҳозирлик кўрдилар. 

  Аллоҳнинг ҳабиби Муҳаммад Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) турли ўринларда ва чиройли таъбирлар билан Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг мақом-мартабаларини мусулмонларга тушунтирар эдилар.  

  Ривоят қилинишича, Расули Акрам (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) бир ҳадисда шундай деб марҳамат қилганлар: 

  «Жаннат ёшларининг раҳбари ва сарварини кўрмоқчи бўлган одам Ҳасанга боқсин».

  Бошқа бир ўринда ул ҳазрат: 

  «Ҳасан менинг дунёдаги энг хушбўй гулимдир», дедилар.

  Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Имом Ҳасан (алайҳис салом) ва у зотнинг оғайниси Имом Ҳусейн (алайҳис салом) ҳақида эзгу сўзларни шу даражада кўп айтар эдиларким, айримлар булар оталаридан кўра афзалроқдир, деган гумонга боришди. 

  Аллоҳнинг Ҳабиби ва Расули эса бу масалани ёритиш учун шундай марҳамат қилганлар:

  «Ҳасан ва Ҳусайн дунё ва охиратнинг энг яхшиларидир. Оталари Алининг мартабаси эса улардан кўра юксакроқдир».

  Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) саҳобаларидан бири шундай ривоят қилади:

 Расулуллоҳни Имом Ҳасанни елкаларига кўтариб олган ҳолда кўрдим. Шунда ул ҳазрат шундай деб марҳамат қилардилар:

  «Аллоҳим, мен Ҳасанни яхши кўраман, Сен ҳам уни яхши кўр!»

  Пайғамбаримизнинг буюк саҳобаларидан бўлган Абу Зар Ғифорий (разияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтадилар:

  Расулуллоҳни Ҳасан бин Алини ўпаётган ва ушбу сўзларни такрорлаётган ҳолатда учратдим: 

  «Ҳасан, Ҳусайн ва уларнинг зурриёдларини яхши кўрган кишининг чеҳрасини жаҳаннам олови куйдирмагай!»

  Аллоҳнинг Ҳабиби ва Расули ўз саҳобаларига Имом Ҳасан (алайҳис салом)ни ҳақиқий мўъмин тимсоли сифатида тавсия қилар, саҳобалар эса Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) ҳеч бир сўзни далилсиз айтмасликларини яхши билишарди. 

   Қуръони Каримда айтилганидек: 

<وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى>

  «Пайғамбар ҳеч қачон ҳавои нафс юзасидан сўзламагай» (Нажм сураси, 3-ояти карима)

  Имом Ҳасан (алайҳис салом)нинг буюк хислатларидан бири ақл-заковат ва фаровон илм соҳиби бўлмоқлик эди.

 Сарвари олам Муҳаммад Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) Имом Ҳасан (алайҳис салом) ҳақларида:

«Агар ақл-идрок бирор киши тимсолида намоён бўлганида эди, ўша киши Ҳасан бин Али бўларди», деб марҳамат қилганлар. 

  Ҳасан сўзининг луғатдаги маъноси чиройли ва гўзал дегани.

 Имом Ҳасан (алайҳис салом) ўзларининг баракотли умрлари давомида халойиқни ҳидоят ва тўғри йўлга бошлашга жиддий эътибор қаратдилар. Ул ҳазрат одамлар билан, ҳатто душманлар билан ҳам, шунчалик гўзал ва жозибали бир тарзда муносабат қилардиларки, одамлар у зотнинг бундай хулқ-атворларидан ҳайратланиб қолишарди.

 Тарихий китобларда ёзилишича, бир куни Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) отлиқ кетаётганларида шомлик бир киши олдларидан чиқиб, ул ҳазратни ҳақорат қилди. Имом ҳазратлари унинг одоб-аҳлоқ доирасига сиғмайдиган гаплари тугагунча сукут сақладилар-да, сўнгра унга боқиб, мулойимлик билан салом бердилар ва табассум ила сўз очдилар: 

  «Эй биродар, ўйлашимча, бу ерда ғарибсиз. Бирор-бир кўмак истасангиз, биз тайёрмиз. Оч бўлсангиз тўйғазамиз, яланғоч бўлсангиз, кийинтирамиз, ҳожатингиз бўлса, хожатингизни бартараф этамиз. Бошқа юртдан ҳайдалган бўлсангиз, сизга паноҳ берамиз. Келинг, азиз меҳмонимиз бўлинг».

  Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)дан бунчалик олижаноблик ва меҳр-муҳаббатни кутмаган шомлик киши кўнгли тўлди-да, йиғлашга тушиб деди: 

  «Гувоҳлик бераманки, сиз Аллоҳнинг ер юзидаги халифасисиз. Аллоҳ таоло хилофат ва рисолат мақомини кимга ато этишини яхши билади. Мен шу лаҳзагача сиз ва отангизнинг ашаддий душмани эдим. Энди англаб етдимки, сиз Аллоҳ яратган халойиқнинг энг яхшиси экансиз».

  Аҳли-Байт (алайҳимус салом)нинг карими ва олижаноби бўлмиш учинчи пешвоимиз ва раҳнамомиз Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг таваллуд топган кунлари билан барча мўмин-мусулмонларни табриклаймиз ва Аллоҳ таолодан ушбу нуроний ойда Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом)нинг олижаноб ва юксак хулқларидан бизга ҳам ато этишини сўраймиз! 

  Муборакбод бўлсин Имом Ҳасан Мужтабо (алайҳис салом) Аҳли-Байтнинг карими ва Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) динини қайта тикловчи зотнинг улуғ туғилган куни!

NAJOTKEMASI.NET – Халқаро Исломий Ахборот ва Тадқиқот Марказида тайёрланди.

Share

Check Also

Имом Ҳасан Мужтабо (а.с) шаҳид бўлганликларига бир нигоҳ

 Борлиқ ато этувчи ва Раҳмли Аллоҳ номи билан   Бугун Аллоҳнинг расули ва элчиси ҳазрат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.