Home / Ақоид ва Калом / Имомат / Ўн икки имом ҳақидаги ҳадислар (1)

Ўн икки имом ҳақидаги ҳадислар (1)

  Мўъминлар амири Али (алайҳис салом) нинг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан сўнг бевосита халифа, ворис ва раҳнамолигини ҳамда бошқалардан афзаллигини исботлаганимиздан кейин қолган имомларнинг имомати ва вилояти (пешволиги ва раҳнамолиги) хусусида сўз юритишни лозим топдик.

   Бу борада қисқа ва лўнда қилиб, қуйидаги баҳсни тақдим этамиз:

  Биринчидан; Эндиликда аҳли суннат ва шиаларнинг китобларида кўплаб ҳадислар мавжуд бўлиб, уларда Пайғамбаримиздан сўнг «ўн икки имом» ёки «ўн икки халифа» пешволиги ва раҳнамолиги борасида умумий шаклда сўз юритилган.

  Бундай ҳадислар аҳли суннатнинг машҳур ва таниқли манбалари бўлмиш Саҳиҳул Бухорий, Саҳиҳул Муслим, Сунани Термизий, Сунани Аби Довуд, Муснад Аҳмад ва бошқаларда нақл қилинган.

  «Мунтахабул асар» китобида икки юз етмиш бир ҳадис шу мазмунда ривоят қилинган бўлиб, уларнинг аксарияти аҳли суннат уламолари тарафидан ва озгина қисми шиа манбаларидан нақл қилинган.

  Мисол тариқасида аҳли суннатнинг энг машҳур китоби бўлмиш «Саҳиҳул Бухорий»да келтирилган ҳадисни кўздан кечирамиз:

Жобир бин Самура айтади:

«يَکُونُ إِثْنَا عَشَرَ أَمِيراً – فَقَالَ کَلِمَةً لَمْ أَسْمَعْهَا – فَقَالَ أَبِي إِنَّهُ قَالَ کُلُّهُم مِنْ قُرَيْشٍ»

  Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) «Мендан кейин 12 амир бўлажак». Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни эшитолмадим. Шунда отам деди: Ул зот: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[1]», деб марҳамат қилдилар.

  «Саҳиҳул Муслим»да ушбу ҳадис қуйидагича нақл қилинган: Жобир айтади: Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) буюрдилар:

«لَا يَزَالُ الإِسْلَامُ عَزِيزاً إِلَي إِثْنَا عَشَرَ خَلِيفَةً ثُمَّ قَالَ کَلِمَةً لَمْ أَفْهَمْهَا، فَقُلْتُ لِأَبِي مَا قَالَ؟ فَقَالَ کُلُّهُمْ مِنْ قُرَيْشٍ»

  «Модомики, 12 халифа ва ворис бор экан,Ислом азиз ва юксак қолажак.» Сўнгра яна бир сўз дедилар, мен уни англай олмадим. Бу ҳақда отамдан сўраганимда, отам деди: Ул ҳазрат: «Уларнинг ҳаммаси Қурайшдандир[2]», деб марҳамат қилдилар.

  Муснад Аҳмад китобида машҳур саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуддан шундай нақл қилинган: Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан ул зотнинг халифалари ва ворислари ҳақида сўралганда ул ҳазрат:

«إِثْنَا عَشَرَ کِعِدَّةِ نُقَبَاءِ بَنِي إِسْرَائِيلَ»

  «Уларнинг сони бани Исроил нақиблари (бошлиқлари)нинг сони сингари 12 тадир[3]», деб марҳамат қилдилар.

Ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмуни ҳақида

  Исломнинг иззат ва юксаклигини таъминловчи 12 халифа ва йўлбошчи ҳақидаги ҳадислар ва айрим таъбирларда ислом динининг ҳаёти бу 12 халифа ва раҳнамога боғлиқ ҳамда «уларнинг ҳаммаси Қурайшдан» ёки айрим таъбирларда «уларнинг ҳаммаси бани Ҳошимдан» деб келган ҳадислар исломдаги мазҳабларнинг ҳеч бирига уйғун ва муносиб эмас, илло шиа мазҳаби тафаккурига фақат мувофиқдир, холос. Негаки, шиа мазҳаби эътиқодига биноан, ушбу ҳадисларнинг маъно-мазмуни тамомила ошкор ва аёндир. Ҳолбуки, аҳли суннат уламолари мазкур ҳадислар кимга тегишли эканлигини аниқлаб олишда боши берк кўчага кириб қолишган.

  Зеро, агар дастлабки тўрт халифани ва уларга бани Умайя ва бани Аббос халифаларини қўшиб, ҳисоблайдиган бўлсалар, уларнинг сони 12 тадан ошиб кетади. Агар бани Аббос халифаларини назарда тутадиган бўлсалар ҳам уларнинг сони ўн иккига тўғри келмайди.

  Демак, на дастлабки халифаларнинг сони ўн икки нафар бўлган ва на бани Умайя ва бани Аббос халифаларини қўшиб ҳисобласак, ўн икки нафарга тўғри келади ҳамда ҳар қайси алоҳида ҳисобга олинса-да, ўн икки ададга мувофиқ эмасдир ва бу ўн икки адад ҳеч бир ҳисоб-китобга тўғри келмайди.

  Устига устак, бани Умайя халифалари орасида «Язид» каби ва Бани Аббос халифалари орасида «Мансур Давониқий» ва «Ҳорун Ар-рашид» сингари қонхўр ва золим халифалар бўлган. Уларнинг қилган бағоят оғир зулму жиноятлари борасида ҳеч бир шак-шубҳага ўрин йўқдир. Шунинг учун, уларни қандайига Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг халифалари, ворислари ва Исломга иззат ва юксаклик бағишловчи раҳнамолар, деб ҳисоблаш мумкин?! Ҳар қанча халифа, ворис ва йўлбошчи бўлиш меъёрларини оддий ва содда шаклда баён қилсак ҳам бундай шахслар доирадан ташқаридадирлар.

  Шундай қилиб, 12 сонини фақат шиалар эътиқод қиладиган ўн икки имомга татбиқ этишдан бошқа тўғри ечим топиб бўлмайди.

  Бу ҳақда аҳли суннатнинг буюк ва машҳур олими фикрларига қулоқ солсак мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий (ҳанафий мазҳаби уламоларидан) ўзининг «Янобиъул маваддаҳ» номли китобида шундай ёзади:

  «Айрим татқиқотчиларнинг айтишича, Пайғамбардан кейинги халифа ва ворисларнинг сони 12 нафар эканлиги хусусидаги ҳадислар машҳур бўлиб, кўп санадлар билан нақл қилинган. Бироқ вақт ўтиши билан ушбу ҳақиқат аён бўлмоқдаки, Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг бу ҳадислардан кўзлаган мақсадлари ўз хонадонлари ва Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки халифа ва имомлардир. Зеро, мазкур ҳадисларни дастлабки халифаларга тегишли, деб айта олмаймиз, негаки, уларнинг сони тўрт нафардан ортиқ эмас эди. Бани Умайяга ҳам тегишли дея олмаймиз, зеро, уларнинг сони ўн икки нафардан зиёд эди ва Умар бин Абдулазиздан ташқари уларнинг ҳаммаси золим ва ситамкор эдилар. Устига устак, улар бани Ҳошимдан эмас эдилар, ҳолбуки, «Абдулмалик бин Умар»«Жобир бин Саҳара»дан қилган нақлига кўра, Пайғамбаримиз (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам): «Халифаларнинг ҳаммаси бани Ҳошимдан бўлади», деб марҳамат қилганлар. Пайғамбаримизнинг бу 12 нафар қайси тоифаданлигини секин ва оҳиста айтганлари ушбу фикримизнинг далилидир. Зеро, кўпчилик бани Ҳошим халифа бўлишига мувофиқ эмас эди. Ва шунингдек, мазкур ҳадисдаги ўн икки халифани Бани Аббос тоифасидаги ҳукмдорларга ҳам татбиқ эта олмаймиз. Зеро, уларнинг сони ҳам 12 нафардан ортиқ эди ва бундан ташқари, улар қуйидаги

<قُل لَّا أَسْأَلُكُمْ عَلَيْهِ أَجْراً إِلَّا الْمَوَدَّةَ فِي الْقُرْبَى>

  (Эй, Муҳаммад,) айтинг: «Мен сизлардан бу (чеккан заҳматим) эвазига ажр-мукофот эмас, фақат қариндошлик меҳринигина сўрайман, холос» (Шўро сураси, 23-оят). «Маваддат ояти»га ва «Касо» ҳадисига нибатан бепарво бўлиб, унга амал қилмадилар.

Шу боис, ушбу ҳадисни фақат пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг Аҳли-Байтларидан бўлган ўн икки имомгагина татбиқ этишимиз мумкин. Зероки, улар илму маърифатда ўз замоналаридаги шахсларнинг ҳаммасидан кўра доно, зуҳду-тақвода барчадан афзал ва аслу-насабда эса ҳаммадан юқоридадирлар. Уларнинг билимлари Аллоҳ тамонидан ато этилган илми ладунний бўлиб, уни ўз боболари Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан мерос қилиб олганлар.

  Ушбу фикр-мулоҳазамизни Расулуллоҳ (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам)дан Аҳли-Байт борасида нақл қилинган Сақалайн ва шу каби кўплаб ҳадислар тасдиқлайди.»[4]

  Қизиғи шундаки, мен Маккага қилган сафаримда Ҳижозлик аҳли суннат уламолари билан бу ҳадис борасида суҳбатлашганимизда улар «ажойиб» бир ечим топибдилар. Улар юқоридаги ўн икки амир ва халифа ҳақидаги ҳадисни бошқача тафсир ва таҳлил қилиш чораларини кўриб, қуйидаги фикр-мулоҳазани билдиришган:

  «Ўн икки халифа ва ворисдан назарда тутилган шахслар Исломнинг илк давридаги дастлабки тўрт халифа (хулафои рошидин) бўлиб, қолган саккиз халифа эса ҳалигача вужудга келмаган ва келажакда келар эмиш!»

  Уларнинг юқоридаги қилган тафсиру таҳлиллари асосида топган ушбу ечимларидан боши берк кўчага кириб қолганликлари яққол маълум бўлади.

  Улар ҳадисдаги ўн икки халифа ва амир бир-биридан узилмасдан кетма-кет келишларини ҳисобга олмаган ҳолда ўзларига юзаки ва сатҳий бир ечимни топиб олган кўринадилар.

  Аммо бизнинг очиқ-ойдин сўзимиз шундан иборатки, ушбу ҳадисдан фақат шиаларнинг ўн икки имомигина назарда тутилгани хусусидаги ёрқин тафсиру таҳлил ва аниқ далил ва исботлар бўла туриб, нима учун бошқа ечимлар кетидан изланиб, боши берк кўчага кириб қолган шахс каби ўзимизни қийнаб қўйишимиз керак экан?



[1]. Саҳиҳи Бухорий, 9-жуз, китобул мақом, 100-бет.

[2]. Саҳиҳи Муслим, китобул амораҳ, Ан-носу табаун лиҚурайш боби.

[3]. Муснад Аҳмад, 1-жилд, 398-бет.

[4]. Шайх Сулаймон ибн Иброҳим Қундузий Ҳанафий, «Янобиъул маваддаҳ», 3-ж, 77-боб, 504-бет.

Share

Check Also

Qayta tirilishning fitratdagi o`rni

 O`tgan darslarda aytib o`tganimizdek, хudоshunоslik insоnning fitrati va tabiatida jоy оlgan. Agar insоnning ichki dunyosidagi …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.