Home / Қурони Карим / Қуръон мўъжизалари / Қуръоннинг илмий мўъжизаларидан айрим намуналар

Қуръоннинг илмий мўъжизаларидан айрим намуналар

  Ислом дини пайғамбари ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) нинг пок руҳларига ва ул зотнинг Аҳли Байтларига салому салавот йўллаб, Қуръоннинг илмий мўъжизаларидан айрим намуналарни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Қуръони Карим башариятни саодат манзили томон бошлайдиган ҳақиқатлар ва оятлар мажмуидан иборат. Бу муқаддас китобнинг табиат воқеа-ҳодисалари ҳақидаги илмий мўъжизалари донишмандларни ҳидоятга бошловчи далиллардир.   Муборак «Оли Имрон» сурасининг 190- ояти каримасида ўқиймиз:

(إِنَّ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأرْضِ وَاخْتِلافِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ لأولِي الألْبَابِ)

  «Осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканлигига) оят-белгилар борлиги шубҳасиздир.»

  Қуръон оятларида бу нуктага ҳам ишора қилинганким, Парвадигори карим инсонни яратгач, унинг вужудига ўз сифатидан бир чимдим омонатга жойлаштирган. Инсон ҳилқати заминига экилган бу илоҳий истеъдод уруғлари яхши парвариш этилса, одамизот фарзанди камолотнинг юксак даражаларига эришади.    Денгиз яқинидаги ер ости сув ҳавзаларига денгиз сувининг таъсир этмаслиги ва уни шўр ёки тахир айламаслигининг сабаби ҳақида ўйлаб кўрганмисиз?!

  Бу икки сув ўртасида ер жинсининг фильтр вазифасини ўташини таъкидлашингиз турган гап. Аммо денгизлардаги шўр ва ширин сувларнинг ўзаро бир-бирига қўшилиб кетмаслиги-чи?!

  Бундай сувларни бир-биридан кўз илғамас чегаралар ажратиб туриши ҳақида хабар бериш Қуръони Каримнинг илмий мўъжизаларидан биридир.

  Биласиз, сув инсоният ва тирик мавжудотлар ҳаётининг асосини ташкил этади. Исломий маданиятда сув тириклик рамзи, поклик ва озодаликнинг воситаси, барчага тегишли бебаҳо бойлик ва ичимликлар орасида энг яхшиси сифатида таърифланган.

  Сув сўзи Қуръони Каримда 59 маротаба ишлатилган. Жуда кўп ояти карималарда сув ҳаётнинг асосий манбаи сифатида тилга олинган.   Парвардигори карим муборак «Анбиё» сурасининг 30-ояти каримасида буюради:

(أَوَلَمْ يَرَ الَّذِينَ كَفَرُوا أَنَّ السَّمَاوَاتِ وَالأرْضَ كَانَتَا رَتْقًا فَفَتَقْنَاهُمَا وَجَعَلْنَا مِنَ الْمَاءِ كُلَّ شَيْءٍ حَيٍّ أَفَلا يُؤْمِنُونَ)

  «Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни осмонлардан ёғин ёғмас, ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни осмондан ёғин ёғдириб, ердан гиёҳ ундирганимизни) ва барча жонли мавжудотни сувдан (пайдо қилганимизни) кўрмадиларми?!»

  Аллоҳнинг Расули ҳазрат Муҳаммад Мустафо (саллаллоҳу алайҳи ва олиҳи васаллам) сувни дунё ва охиратдаги энг яхши ичимлик деб атаганлар. Ул ҳазратнинг Аҳли Байтларидан бўлмиш имом Али (алайҳис салом) эса сувнинг таъмини ҳаёт таъми, деб васф айлаганлар.

  Ширин ва шўр сувлар сувшунослик илмининг асосий масалаларидан ҳисобланади. Айни шу мавзуга оид Қуръони Каримнинг ишоралари донишмандларнинг диққатини ўзига жалб айлаган. Қуръони Каримнинг муборак «Фурқон» сураси 53-ояти каримасида ўқиймиз:

(وَهُوَ الَّذِي مَرَجَ الْبَحْرَيْنِ هَذَا عَذْبٌ فُرَاتٌ وَهَذَا مِلْحٌ أُجَاجٌ وَجَعَلَ بَيْنَهُمَا بَرْزَخًا وَحِجْرًا مَحْجُورًا)

  «(Аллоҳ) икки денгиз –дарёни, буниси чучук-ширин, буниси шўр—аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва уларнинг ўртасида тўсиқ-тўғон ва кўринмас парда қилиб қўйган зотдир».

Share

Check Also

Qur’оn va bugungi ilmiy kashfiyotlar!

Shubhasiz, Qur’оni Karim – bu tabiiyot, tibbiyot, ruhshunоslik yoki riyoziyot (matyematika) kitоbi emas. Qur’оni Karim …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.