Home / Ақоид ва Калом / Маод / Руҳнинг боқийлиги охират борлигидан далолатдир (1)

Руҳнинг боқийлиги охират борлигидан далолатдир (1)

Одамзот қачондан бери руҳ ҳақида фикр юритишни бошлаганини ҳеч ким билмайди. Фақат шуни айта оламизки, инсон аввалдан ўзи билан бошқа жонзотлар ва ҳайвонотлар орасида ва шунингдек, ўзи билан тош, ёғоч, тоғ ва саҳро каби жонсиз ашёлар ўртасида фарқ борлигини фаҳмлаган.

   Инсон уйқу ҳолатини ва шунингдек ўлим ҳолатини ҳам кўрган. У ўлимдаги ва уйқудаги ҳолатларни кузатиб, жисм ва модда ҳеч бир ўзгаришга юз тутмай уйқу ва ўлим вақтида унинг вазиятида буюк бир ўзгариш юз берганини кўрарди. Шунга биноан, жисмдан ташқари қандайдир бошқа бир ҳақиқатга ҳам эга эканлигини тушуниб етган.

  Шунингдек, у ҳайвонлар билан ўзи орасида ҳам фарқ борлигини кўрган. Негаки, у ўзининг қиладиган қарорида озодлик ва ихтиёр эгаси эканлигини, ҳолбуки, ҳайвонлар эса қиладиган ҳаракатларида ғаризага таянган ҳолда мажбур эканликларини яққол англаб олган. Айниқса уйқу оламида ва инсон организми сўнган ҳолда бир бурчакда тушиб ётганда турли саҳналарни туш кўриши «руҳ» деб номланган жумбоқли бир куч унинг вужуди устидан ҳукмрон эканлигига очиқ гувоҳлик беради.
  Башариятнинг мутафаккирлари фалсафа фанига асос солганларида «руҳ» борасидаги баҳсларга фалсафанинг муҳим масалалари қаторидан ўрин берганлар. Ундан сўнг ҳар бир файласуф «руҳ» ҳақида ўзининг назариясини илгари сурар эди. Ҳаттоки, баъзи мусулмон донишманд-ларнинг айтишига қараганда «руҳ»нинг ҳақиқати ва нималиги ҳамда унга оид бошқа масалалар хусусида мингга яқин «фикр ва назария» ўртага ташланган эди. Бу борада айтиладиган сўзлар жуда кўпдир, аммо бизнингча билмоқ лозим бўлган энг муҳим масала қуйидаги саволга жавобдир:
  Руҳ моддийми ёки моддий эмасми? Яъни руҳни сезги органлари билан сезиш мумкинми ёки йўқми? Бошқа таъбир билан айтганда; Руҳ мустақилми ёки мия ва асаб тизмасининг физикавий ва кимёвий хусусиятларидан ҳисобланадими?
  Бир тоифа моддий файласуфларнинг фикрича, руҳ ва руҳий феноменлар (ҳолатлар) ҳам бошқа аъзолар каби моддий бўлиб, мия ҳужайраларининг хусусиятларидандир ва шу боис, инсон ўлганида «руҳ» ҳам йўқ бўлади. Бир соатни болға билан майдалаб ташласак, унинг ишлаши ҳам йўқ бўлганидек!
  Улардан фарқли ўлароқ илоҳиёт файласуфларининг эътиқодларича, руҳ мустақил ва асл бўлиб, моддий эмасдир, ҳатто айрим моддий файласуфлар ҳам бу фикрга қўшилганлар. Шунга кўра, инсон танаси ўлиши билан «руҳ» ўлимга дучор бўлмайди, балки «руҳ»нинг бадан билан бўлган алоқаси ва боғлиқлиги узилади ва «руҳ» ўз ҳаётини давом эттираверади.
  Улар ушбу масалани, яъни «руҳ»нинг асл, мустақил ва боқийлигини исботлаш учун турли ва мураккаб далиллар келтирганлар. Бироқ биз бу мухтасар баён этаётганимиз ўринда далиллардан энг равшан ва ойдинларини содда ва осон иборалар билан азиз ўқувчиларнинг диққатига ҳавола этамиз:

1. Буюк бир жаҳонни кичик муҳит ичига сиғдириб бўлмайди

  Фараз қилинг улкан денгиз соҳилида ўтирибсиз. Унинг қирғоғида кўкка қад кўтарган тоғлар ҳам мавжуд. Денгиз шовуллаб ўзининг ҳайқираётган тўлқинларини соҳилнинг харсангтош ва қоятошларига урмоқда ва тўлқинлар шиддат ва ғазаб билан денгизнинг қучоғига қайтмоқда.
  Тоғнинг ёнбағирларидаги улкан харсангтошлар унинг ҳайбатини сақлаган ҳолда тоғнинг чўққисида Аллоҳнинг мўъжизасини кўрсатиб турибдилар, мовий осмон эса мазкур тоғ ва денгизнинг устидан чодир қуриб, кечқурун-лари ўзининг шукуҳ ва улканлигини намойиш этади.
  Мана шу табиатнинг гўзал манзарасига бир лаҳза нигоҳ ташлаб сўнгра кўзларимизни юмсак, кўрган саҳналаримиз кўз ўнгимизда ўша буюклик ва миқёсда гавдаланиб туради.
  Шак-шубҳасиз, бундай буюк тасвир ва саҳналар катталигича макон ва жой талаб қилади, аммо миянинг кичик ҳужайраларида сиғишолмайдилар, акс ҳолда кенг ва катта тасвир ва харита кичик бир нуқтага ўрнашиши керак бўлади. Ҳолбуки, биз бу тасвирни катталигича ўз онгимизда идрок этамиз.
  Ўзингиз ўйлаб кўрингчи қандайига кичкина миянгиз катта бир табиат манзарасини ичига сиғдира олди? Шундан маълум бўладики, вужудимизда биз билган жисм ва мия ҳужайралари каби моддий аъзоларимиздан ташқари бизга номаълум бўлган ғайримоддий бир ҳақиқат ва гавҳар мавжуд бўлиб, у ҳар қандай тасвир ва харитани катталиги ва миқёси қанча бўлишидан қатъий назар ўзида акс эттира олади. Шубҳасиз, бу ҳақиқат ва гавҳар моддий оламдан юқорида бўлиб, биз билган моддий жисмларнинг ҳеч бирига ўхшамайди. Негаки, моддий жаҳонда бундай нарсани кўз билан кўриш ва кузатиш мумкин эмас.

Share

Check Also

Ruhning bоqiyligi охirat bоrligidan dalоlatdir

  Оdamzоt qachоndan beri ruh haqida fikr yuritishni bоshlaganini hech kim bilmaydi. Faqat shuni ayta …

2 comments

  1. Кандай килиб юуклаб олиш мумкин крили китобларни

    • Tahririyat boshqarmasi

      Ҳар бир китобнинг юклаб олиш тугмаси устига босиб қўйсангиз, китоб тўлиқ шаклда очилади. Шунда ўнг томондаги Download деган жойни устига босиб қўйишингиз билан китоб сизнинг компютерингиз ёки уяли телефонингизга кўчиб ўтади.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.